Тавҳиднинг уч қисми

Тавҳиднинг уч қисми

 

Фазилатли шайх, аллома

Муҳаммад Ибн Солиҳ ал-Усаймин

роҳимаҳуллоҳ

 

بسم الله الرحمن الرحيم

 

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Уни мақтаймиз, Ундан ёрдам ва мағфират сўраймиз. Нафсларимизнинг ёмонлиги ҳамда амалларимизнинг шумлигидан Аллоҳнинг паноҳига қочамиз. Аллоҳ таоло кимни ҳидоят қилса уни адаштиргувчи ва кимни адаштирса уни ҳидоят қилгувчи йўқдир. Мен шериги йўқ, ягона Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у кишига, аҳли оила ва саҳобаларига ҳамда уларга гўзаллик билан эргашган зотларга кўпдан-кўп саловату саломлар йўлласин.

Сўнг…

Тавҳид луғатда бирор нарсани ёлғиз, ягона қилишнинг масдаридир.

Шариатда эса Аллоҳ таолони Унга хос бўлган рубубият, улуҳият ва исм-сифатларда яккаламоқдир.

Қисмлари:

Тавҳид уч қисмга бўлинади:

1) Рубубият тавҳиди.

2) Улуҳият тавҳиди.

3) Исм ва сифатлар тавҳиди.

Дарҳақиқат, ушбу тавҳид турлари Аллоҳ таолонинг мана бу қовлида жамланган: «У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг ҳожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» (Марям: 65).

 

Биринчи қисм: Рубубият тавҳиди

 

Ушбу тур Аллоҳ азза ва жаллани яратиш, мулк ва бошқарув-(тадбир)да яккаламоқликдир.

Уни яратишда яккаламоқликка келсак: Инсон Ундан ўзга Яратувчи йўқ деб эътиқод қилмоқлиғидир.

Аллоҳ таоло шундай деди: «Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир» (Аъроф: 54). Ушбу жумла, хабар муқаддам қилингани боис чекловни ифодалайди. Зотан, жумладаги асли ҳаққи кейин келишлик лозим бўлган сўзни аввалга келтиришлик чекловни ифодалайди.

Аллоҳ таоло шундай деди: «Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратгувчи борми?!» (Фотир: 3). Ушбу оят яратишлик Аллоҳгагина хос эканини ифодалаяпти. Чунки оят савол тариқасида хитоб қилаётган бўлса-да, унга беллашув маъноси йўғрилган.

Аллоҳдан ўзга яратувчиларни исбот қилиш ила ворид бўлган оятларга келсак, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли каби: «Бас энг гўзал яратгувчи (яъни йўқдан бор қилгувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли — буюкдир» (Мўминун: 14). Ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сураткашларга шундай дейилишлиги ҳақида айтган сўзлари: «Яратган нарсаларингизга ҳаёт бағш этинглар».[1]

Бу ҳақиқий яратишлик ва йўқдан бор қилишлик эмас. Балки бир нарсани бир ҳолатдан бошқа бир ҳолатга ўзгартириб қўйишликдир. Шунингдек, кенгқамровли ҳам эмас. Балки инсон қўлидан келадиган нарсага, тор доирага чеклангандир. Шунингдек, Аллоҳни яратишда яккаламоқлик, деган қовлимизга асло зид келмайди.

Аллоҳ таолони мулкда яккаламоқликка келсак: Махлуқотларга уларни яратган Зотгина эгалик қилади деб эътиқод қилишимиздир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Осмонлар ва ердаги бор мулк Аллоҳникидир» (Оли Имрон: 189). Яна шундай деди: «Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган зот кимдир?»» (Мўминун: 88).

Подшоҳликни Аллоҳдан ўзгасига ҳам исбот қилишлик ила ворид бўлган оятлатрга келсак: «Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас улар маломат қилинмаслар» (Мўминун: 6). Шунингдек ушбу қовли: «Ё сизлар калитларига эга бўлган…» (Нур: 61). Ушбу (оятларда махлуқотларга нисбатан исбот қилинган) эгалик ушбу махлуқотлардан иборат жуда оз нарсани ўз ичига олган бўлиб, чекланган (подшоҳлик-эгалик)дир. Инсон қўл остидаги нарсагагина эгалик қилади ва ўзга бир инсоннинг қўл остидаги нарсасига эгалик қилолмайди. Шунингдек, у васф нуқтаи назаридан ҳам нуқсонли мулкдир. Чунки инсон қўл остидаги нарсаларга тамомий эгалик қилолмайди. Шу сабабли ҳам ушбу нарсаларни шариат изн берган йўлга кўра тасарруф этади.

Мисол учун: агар бир киши мол дунёсини ёқиб юбориш ёки жониворига азоб беришни хоҳласа, айтамизки: бу жоиз эмас. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса буларнинг барига умумий ва кенгқамровли жиҳатлардан эгалик қилади.

Аллоҳни бошқарув-(тадбир)да яккаламоқликка келсак: Инсон Аллоҳдан ўзга бошқарувчи йўқ деб эътиқод қилмоқлигидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур, ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир Ўша зотдан қўрқмайсизларми?!» Бас, мана шу Аллоҳ — ҳақиқий Роббингиздир. Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина йўлдан озиш бор, холос (яъни, ҳақиқий Роббингиз бўлмиш Аллоҳдан ўзгага сиғинар экансиз, албатта йўлдан озган бўлурсиз). Бас, қай тарафга бурилиб кетмоқдасизлар?!» (Юнус: 31-32).

Инсоннинг бошқарувига келсак, у фақат ўз қўл остидаги нарсаларгагина ва шариат изн берган услубгагина чеклангандир.

Тавҳиднинг ушбу қисмига Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар орасидан пайғамбар этиб жўнатилган мушриклар қаршилик қилмадилар. Балки унга иқрор бўлардилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта: «Уларни қудратли ва билувчи (Аллоҳ) яратган», дерлар. (Аммо ўзлари ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У зотга шерик қилиб, уларга сиғинурлар)» (Зухруф: 9).

Улар Аллоҳ таоло ишни бошқарувчи, осмонлар ва ернинг мулки Унинг Қўлида дея иқрор бўлардилар.

Тавҳиднинг ушбу турини одам авлодидан бирор киши инкор қилгани маълум эмас. Махлуқотлардан иборат бирор киши: оламни икки тенг яратувчиси бор, деб айтмаган.

Бирор киши рубубият тавҳидини инкор қилмаган. На таътил-(рад этиш) йўлига кўра ва на шерик исбот қилиш йўлига кўра. Фиръавн томонидан юз бергани бундан мустаснодир. Албатта, у тавҳиднинг ушбу турини рад этиш йўлига кўра кибр қилган ҳолда инкор қилганди. У Аллоҳнинг рубубиятини рад этиб, У Зот бор эканини инкор қилди. Аллоҳ таоло у ҳақда ҳикоя қилиб шундай деди: «Мен сизларнинг энг устун Роббингиздирман, деди» (Назиъат: 24). «Фиръавн: «Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман…», деди» (Қасос: 38).

Ушбу у томондан юз берган кибр сабабли эди. Чунки у Роб ўзга бир Зот эканини биларди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар» (Намл: 14). Яна Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом) ва унинг мунозара қилаётганини ҳикоя қилиб шундай деди: «(Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Роббисигина нозил қилганини аниқ билурсан» (Исро: 102). У ичида, Роб – Аллоҳ азза ва жалла эканига иқрор бўлганди.

Рубубият тавҳидини мажусийлар шерик исбот қилиш йўлига кўра инкор қилдилар. Айтишдики: оламни икки яратувчиси бор, зулмат ва нур. Шу билан бирга ушбу икки яратувчини баробар қилмадилар.

Айтадиларки: нур зулматдан яхшидир. Чунки у яхшиликни яратади. Зулмат эса ёмонликни яратади. Яхшиликни яратадиган ёмонликни яратадигандан яхшидир.

Яна (айтадиларки), зулмат йўқликдир, зиё таратмайди. Нур эса борлиқдир, зиё таратади. Демак, у аслига кўра комилроқдир.

Яна учинчи фарқни санаб айтадиларки, нур қадимийдир, файласуфларнинг истилоҳида шундай. Зулмат борасида у азалийми ёки кейин вужудга келганми, дея икки қовлга бўлиниб ихтилоф қилдилар.

Оламнинг яратувчиси ягона эканига ақлий далил:

Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳнинг боласи йўқдир ва У зот билан бирга бирон ҳақ илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда албатта ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар (яъни ҳар бир «илоҳ» ўз ҳукмини ўтказмоқни истаб, натижада еру осмон бузилиб кетган бўлур эди)» (Мўминун: 91).

Агар оламни икки яратувчиси бор деб исбот қилсак, албатта, ҳар бир яратувчи подшоҳларнинг одати каби ўз яратган нарсалари билан алоҳида, мустақил бўлишни хоҳлайди. Бирор киши унга шерик бўлишига рози бўлмайди.

Мустақил бўлиб олгач эса яна бошқа бир нарсани хоҳлайди. Яъни, бошқарув-(салтанат) унгагина бўлиб, бирор киши бу борада унга шерик бўлмаслигини хоҳлайди.

Ана шу дамда иккиси бошқарувни хоҳлагач, ё иккиси ҳам ўзаро ожиз қолади ёки бири иккинчисига устун келади. Агар биринчиси иккинчисига устун келса унга рубубият собит бўлади. Агар иккиси ҳам бир-биридан ожиз қолса иккисидан ҳам рубубият завол топади. Чунки ожиз Роб бўлишлиги ярамайди.

 

Иккинчи қисм: Улуҳият тавҳиди

 

Унга иккинчи эътиборга кўра ибодат тавҳиди ҳам деб айтилади. Аллоҳга боғлиқлиги эътибори билан улуҳият тавҳиди деб аталади. Махлуқотларга боғлиқлиги эътибори билан эса ибодат тавҳиди деб аталади.

У Аллоҳни ибодатда яккаламоқликдир.

Ибодатга лойиқ Зот – Аллоҳ таолодир. У шундай деди: «Бунинг боиси Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ (илоҳ) экани, улар (яъни мушриклар Аллоҳни) қўйиб илтижо қилаётган бутлари эса ботил нарса экани ва Аллоҳнинг Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир» (Луқмон: 30).

Ибодат икки нарсага нисбатан истеъмол қилинади:

Биринчиси: қуллик бажо қилиш. Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат ва улуғлашлик ила буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан четлашишлик билан хокисор бўлишлик маъносидадир.

Иккинчиси: унинг воситасида қуллик бажо қилинадиган амал. Бунинг маъноси Шайхул Ислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ айтганларидек: Аллоҳ таоло яхши кўриб, рози бўладиган зоҳирий ва ботиний сўз ва амалларнинг барчасини ўзида жо қилган номдир.

Мисол учун: намоз. Буни адо этишлик ибодатдир, яъни, қуллик бажо қилиш.

Намозни ўзи ҳам ибодатдир, яъни, унинг воситасида қуллик бажо қилинадиган амал.

Тавҳидни ушбу тури билан Аллоҳ таолони яккаламоқлик, ёлғиз Аллоҳнинг ўзига қул бўлиб, муҳаббат ва улуғлашлик ила Унинг ёлғиз ўзига хокисор бўлиб, у тузиб берган йўл ила ибодат қилишингиздир.

Аллоҳ таоло шундай деди: «Сиз яна Аллоҳ билан бирга ўзга бирон ҳақ илоҳ ҳам бор деб мазамматлангувчи ва маҳрум бўлиб ўтирманг!» (Исро: 22). Ва яна шундай деди: «Ҳамду сано бутун оламлар Робби Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2). У субҳанаҳу Ўзини оламлар Робби дея васф қилиши улуҳият Унгагина собит эканидаги сабабни баён қилиши кабидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз» (Бақара: 21). Яратишликда ягона бўлган Зотгина ибодатга лойиқдир.

Демак, фонийликка қараб кетаётган, йўқдан бор қилинган махлуқни ибодат қилинадиган илоҳ қилиб олишинг тентакликдандир. Ҳақиқатни олиб қарайдиган бўлсак, у сенга ҳаргиз манфаат беролмайди, на йўқдан бор қилиш билан, на (аъзоларингни расо қилиб,) ҳозирлаб бериш билан ва на мадад бериш билан. Демак, чириб битган инсон қабрига бориб, унга дуо ва ибодат қилишинг тентакликдир. Ҳолбуки у сени дуоинга муҳтож. Сени эса унга дуо қилишга эҳтиёжинг йўқ. У ўзига-да бирор фойда ва зарарга эга эмас. Қандай қилиб ўзгасига фойда ёки зарар етказишга эга бўлсин?!

Тавҳиднинг ушбу турига кўплаб халқлар куфр келтириб, инкор қилди. Шу сабабли ҳам Аллоҳ таоло элчилар юборди, Китоблар нозил қилди. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).

Шундай бўлишига қарамай пайғамбарларнинг издошлари озчиликдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бир пайғамбарни кўрдим, у билан бир неча киши бор эди. (Бошқа) бир пайғамбарни кўрдим, у билан бир ёки икки киши бор эди. (Яна бошқа) бир пайғамбарни кўрдим, У билан бирор киши йўқ эди».[2]

Огоҳлантирув:

Ажабланарлиси шуки, кейингилардан иборат тавҳид борасида қалам тебратаётганларнинг кўпчилиги диққат марказини рубубият тавҳидига қаратяпти. Гўёки улар Роб азза ва жаллани бор эканлигини инкор қилаётган қавмларга хитоб қилаётгандек. Гарчи Роб таолони инкор қилаётганлар йўқ бўлмаса-да, бироқ ибодат ширкига ботган мусулмонлар қанчалар ҳам кўп!!

Шу сабабли ҳам тавҳиднинг ушбу (улуҳият) турига диққат қилишлик лозим бўлади. Тоинки ўзлари билмаган ҳолларида мушрик бўлиб, мусулмонлармиз деяётган анави мусулмонларни ушбу тавҳид сари олиб чиқайлик.

 

Учинчи қисм: Исм ва сифатлар тавҳиди

 

У Аллоҳ азза ва жаллани Ўзининг исм ва сифатлари ила яккаламоқликдир.

Ва бу икки ишни ўз ичига олади:

Биринчиси: Исбот. Яъни, Аллоҳ азза ва жаллага Ўзининг Китобида ёки пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатида Ўзига исбот қилган барча исм ва сифатларни исбот қилишлигимиздир.

Иккинчиси: Бирор махлуқот Унга ўхшаш эканини нафий-(инкор) қилиш. Яъни, Аллоҳ таолога Унинг исм ва сифатларида ўхшаши бор эканини рад этишлигимиздир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шўро: 11).

Ушбу оят Унинг барча сифатларида махлуқотлардан бирортаси У Зотга ўхшаш эмаслигига далолат қиляпти. У маънонинг аслида муштарак бўлса-да, бироқ ҳақиқатда тамоман ўзгачадир. Кимда-ким Аллоҳ Ўзига исбот қилган исм ва сифатларни исбот қилмас экан, бас, у инкор қилувчидир. Унинг ушбу инкор қилишлиги Фиръавннинг инкорига ўхшашдир. Кимда-ким Унинг исм ва сифатларини (махлуқотларига) ўхшатиш ила исбот қилса, Аллоҳ билан бирга Ундан Ўзгасига ибодат қилган мушрикларга ўхшаб қолади. Кимда-ким Унинг исм ва сифатларини бирор тамсилсиз исбот қилса муваҳҳидга айланади.

Тавҳиднинг ушбу қисми борасида ислом умматининг баъзиси залолатга юз тутди. Ва кўплаб фирқаларга бўлиниб кетди. Уларнинг орасида инкор-(таътил) йўлидан юрганлари бўлиб, Аллоҳни (айбу нуқсонлардан) поклайман деган даъво билан ушбу сифатларни рад этди ва залолатга юз тутди. Чунки ҳақиқатда (барча айбу нуқсонлардан) покланадиган Зот, Ундан нуқсон ва айб сифатлари рад этилган Зотдир. Унинг Каломи чалғитиш ва залолатга бошлашдан пок деб эътиқод қилинади. Агар бирор кимса: Аллоҳни эшитиши, кўриши, илми ва қудрати йўқ, деб айтса, албатта, у Аллоҳни (айбу нуқсонлардан) покламади. Балки Уни энг тубан айб билан айблади. Яна Унинг Каломини чалғитиш ва залолатга бошлаш дея айблади. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида буни такрор-такрор айтиб, исбот қилди: «Эшитувчи, Кўрувчидир», «Ғолиб, Ҳикматлидир», «Кечирувчи, Меҳрибондир». Энди, У шулардан холий бўла туриб, Ўзининг Каломида исбот қилишлиги ғоятда чалғитиш ва адаштириш ҳамда Аллоҳ азза ва жалланинг Каломига доғ туширишдир. Яна улар орасида Аллоҳ Ўзини васф қилган сифатлари муҳаққақдир деган даъво билан тамсил-(ўхшаш исбот қилишлик) йўлидан юрганлари бор. Дарҳақиқат, улар залолатга юз тутди. Чунки Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмадилар. Уни айбу нуқсонлар билан булғадилар. Чунки улар барча жиҳатдан комил Зотни барча жиҳатдан ноқис каби қилиб қўйдилар.

Комилни ноқисдан афзалмикин дея яқин олишликни ўзиёқ унинг (комилнинг) қадрини туширади. Айтилганидек:

Кўрмайсанми қилич қадрин тушишин,

Агар қилич асодан ўзди дейилса.

Энди, комилни ноқисга тамсил қилишлик қандай бўларкин?! Бу Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққига бўлган энг улкан жиноятдир. Гарчи, (сифатларни тамоман) инкор қилувчилар улардан-да улкан жиноятга қўл урган бўлсалар-да. Бироқ барчалари Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмадилар.

Бизга Аллоҳ таоло Ўзининг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилида сифатлаган ва номлаганларига ўзгартиришлик-(таҳриф)сиз, инкор қилиш-(таътил)сиз, кайфият бериш-(такйиф)сиз ва тамсилсиз иймон келтиришлигимиз вожибдир. Шайхул Ислом Ибн Таймийя ва у кишидан бошқа илм аҳли шундай дедилар.

Ўзгартиришлик-(таҳриф) ҳужжатда, инкор қилишлик-(таътил) ақидада, кайфият бериш-(такйиф) ва тамсил сифатда юз беради. Тамсил кайфият беришликдан хосроқ эканини билмоқ лозим. Ҳар бир тамсил қилувчи кайфият берувчидир ва ҳар бир кайфият берувчи тамсил қилувчи эмас. Демак, ақидамиз ушбу тўрт нарсадан пок бўлмоғи вожиб бўлади.

Биз бу ўринда ўзгартиришлик-(таҳриф) демоқчи бўлганимиз, сифатлар борасидаги ҳужжатларни ўзгартирувчиларнинг йўли бўлмиш таъвилдир. Чунки улар ўзлари юрган маслакларини нозик дид ила ифодалаш учун аҳли таъвил деб атайдилар. Сабаби қалблар таҳриф деган сўздан нафратланади. Бироқ бу, одамлар нафратланмасинлар дея сўзни ялтироқ ва зийнатли қилиб кўрсатиш бобидандир.

Аслида таъвилларининг ҳақиқати – таҳрифдир. Яъни, лафзни зоҳиридан буришлик. Биз айтамизки: агар ушбу ўзгартиришликка далил далолат қилса, бу тўғри бўлиб, сизлар ирода қилаётган маънодаги таъвил эмас. Балки тафсир-(изоҳ)дир.

Агар бунга далил далолат қилмаса, бас, у таҳриф ва сўзларни ўз ўрнидан ўзгартиришликдир. Анавилар ушбу йўл бўйлаб юриб залолатга юз тутдилар. Натижада сифатларни таҳриф қилган ҳолда исбот қиладиган бўлдилар. Дарҳақиқат, залолатга юз тутиб, аҳли сунна вал жамоа йўлининг аксидаги йўлда бўлиб қолдилар.

Шунга кўра улар аҳли сунна вал жамоа деб сифатланмоқликлари мумкин эмас. Чунки бу нисбат беришликни талаб этади. Аҳли сунна, суннатга нисбат бериладилар. Чунки улар суннатни маҳкам тутганлардир. Анавилар эса қўл урган таҳрифлари ила суннатни маҳкам тутгувчи бўлмадилар.

Яна, жамоат аслида тўпланиш-(йиғилишлик)дир. Улар эса қарашларида ҳам жамул жам эмаслар. Китобларида ўзаро тоқатсизлик, зиддият ва чигаллик мавжуд. Ҳатто бир-бирларини залолатда айблаб, айни вақтни ўзида ўзига зид йўл тутади.

Таҳовийянинг шарҳида калом илмининг чўққисига етган киши бўлмиш Ғаззолийдан шундай бир сўз нақл қилинганки, агар инсон уни ўқиса калом аҳлининг хато, қоқилиш ва беҳуда гаплари ҳамда ўз ишларида бирор ҳужжатга эга эмасликлари намоён бўлади.[3]

Уларнинг раҳнамоларидан бири бўлмиш Розий шундай дейди:

Ақлларнинг илдамлаш ниҳояси кишанлардир,

Оламдаги саъй-ҳаракатларнинг кўпи залолатдир.

Жонимиз жисмимизда жонсаракдир,

Дунёимиз оқибати азият ва балодир.

Умримиз бўйи изланиб фойда топмадик,

Қийлу-қолдан ўзгасин жамлай олмадик.

Сўнг айтадики: «Дарҳақиқат, калом илмига оид тариқатлар ва фалсафий манҳажларни чуқур мулоҳаза қилиб кўриб, касалга малҳам қўйгани ёки чанқаган кишининг чанқоғини босганини кўрмадим. Йўлларнинг энг яқини Қуръон йўли эканини топдим. Ушбу оятларни исбот қилайин дея қироат қиламан: «(У зот) Ўз аршига кўтарилган Раҳмондир» (Тоҳа: 5). «(Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур» (Фотир: 10). Нафий қилайин дея ушбу оятларни ўқийман: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» (Шўро: 11). «Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110). Ким мени тажрибам каби тажриба ўтказиб кўрса, мен билганим каби билиб олади».[4]

Уларни ҳайрон ва каловланишлик, ишларида бирор ҳужжатга эга эмасликларини кўрамиз. Аллоҳ таоло тўғри йўлга ҳидоят қилган кишини эса ҳотиржам, кўнгли тўқ, юраги кенг эканини кўрасиз. Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини ўқиб, Аллоҳ Ўзи учун исбот қилган исм ва сифатларни исбот қилади. Зотан, Аллоҳни Аллоҳдан-да билувчироқ, Аллоҳдан-да хабари ростгўйроқ, Аллоҳдан-да тўғри сўзловчироқ бирор киши йўқ. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ сизларга шариат ҳукмларини баён қилишни истайди» (Нисо: 26).

«Адашиб кетмасликларинг учун Аллоҳ сизларга (Ўз ҳукмларини) баён қилур» (Нисо: 176).

«Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!» (Нисо: 122).

«Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!» (Нисо: 87).

Ушбу ва бундан бошқа оятлар шунга далолат қиладики, Аллоҳ таоло бандаларга Ўзига элтувчи йўлни ғоятда очиқ-ойдин баён қилиб берган. Бандалар ёритиб берилмоғига энг муҳтож бўлган мавзу, Аллоҳ таоло ва Унинг исму сифатларига боғлиқ хабарлардир, тоинки Аллоҳга онгли равишда ибодат қилсинлар. Чунки биз Унинг сифатларини билмайдиган ёки бирор сифатга эга бўлмаган Зотга ибодат қилишлик асло рўёбга чиқмайдиган ишдир. Маъбудинг сифатларини билишинг лозимдирки, бу сени Унга илтижо қилиб, ҳақиқий ибодат қилишинга ундайди.

Инсон ўз чегарасини бузиб, кайфият бериш-(такйиф) ва тамсилга ўтиб кетмаслиги лозим. Чунки у ўз жисмидаги жонини тасаввур қилишликдан ожиз экан, Аллоҳ таоло Ўзини васф этган сифатлар ҳақиқатини тасаввур қилишликдан ожиз экани ҳақлироқдир. Шу сабабли инсонга Аллоҳнинг исм ва сифатларига боғлиқ масалаларда ўзини «Нима учун?», «Қандай?» каби саволлардан тийиши вожиб бўлади. Шунингдек, ўзини (Аллоҳнинг исм ва сифатлари) қандай экан деб фикр юритишдан тўсади.

Иснон ана шу йўл бўйлаб юрар экан, кўп роҳат топади ва бу салафлар роҳимаҳумуллоҳнинг ҳолидир. Бир киши имом Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ ҳузурларига келиб, айтдики: «Эй, Абу Абдуллоҳ! «(У зот) Ўз аршига кўтарилган Раҳмондир». Қандай кўтарилди?». Имом бошларини қуйи солиб: «Кўтарилишлик маълумдир. Кайфиятига ақл бовар қилмайди. Унга иймон келтирмоқ вожибдир. Ва у ҳақда савол бериш бидъатдир. Сени бидъатчи деб биламан», дедилар.

Бизнинг ҳозирги асрда эса бундай деб айтадиганларни учратамиз: Аллоҳ таоло ҳар кечада, кечанинг охирги учинчи қисми қолганида дунё осмонига тушади. Бундан Аллоҳ таоло туннинг барча қисмида дунё осмонида экани келиб чиқади. Чунки тун ер курраси бўйлаб кезиб юради. Охирги учинчи қисми ушбу ўриндан бошқа ўринга кўчиб юради. Ушбу сўзни саҳоба розияллоҳу анҳумлар айтишмаганди. Агар ушбу сўз мўмин кишининг қалбига келганида, батаҳқиқ, Аллоҳ таоло уни ё аввалидаёқ Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилида ёки ушбу сўз ҳақида савол берадиган кишини тақдир қилиб, унга жавоб берилишлик ила баён қилган бўларди. Худди саҳобалар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Аллоҳ осмонлар ва ерни яратишдан олдин қаерда эди?», деб савол берганларида у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга жавоб берганларидек.[5]

Ушбу улкан савол шунга далолат қиладики, Аллоҳ таоло инсоният муҳтож бўлган ҳар бир нарсани ушбу уч йўлдан бирига кўра баён қилиб бергандир.

Нузул-(Аллоҳ таоло кечанинг охирги учинчи қисмида дунё осмонига тушиши) ҳадиси атрофидаги муаммога жавоб бундай дейилмоғидир: модомики, кечанинг охирги учинчи қисми ушбу жиҳатда бўлар экан, ушбу жиҳатда нузул рўёбга чиққандир. Бошқа жиҳатда эса кечанинг охирги учинчи ёки ярим қисмидан олдин нузул-(Аллоҳнинг тушиши) бўлмайди. Аллоҳ азза ва жаллага ўхшаш бирор нарса йўқдир. Ҳадис нузул вақти тонг отиши билан ниҳоя топишига далолат қиляпти.[6]

Бизга таслим бўлиб: эшитдик, бўйинсундик, эргашдик, иймон келтирдик, демоқлигимиз вожиб бўлади. Ана шу бизнинг вазифамиз бўлиб, Қуръон ва ҳадисни четлаб ўтмаймиз.

 

«Қовлул Муфид аъла Китаб ат-Тавҳид» китоби

Манба: Тавҳид форуми

[1] Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят, Бухорий (10/283), Муслим (3/1670).

[2] Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят, Бухорий (10/155), Муслим (1/199).

[3] «Шарҳ ат-Таҳовийя» (1/245), «Даръу Таъарузил ақли ван-нақли» (1/162), «Иҳё» (1/94-97).

[4] «Даръу Таъарузил ақли ван-нақли» (1/159-160), «Фатава» (4/71), «Шарҳ ат-Таҳовийя» (1/244).

[5] Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят. Бухорий (1/418).

[6] Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Бухорий (1145, 3621, 7494), Муслим (1/521).

2 thoughts on “Тавҳиднинг уч қисми

  1. Ассаламу алайкум ва рохматуллох ва бароктух! биродарлар ибодат тушинчаси хакда, ибн Таймия рохимахуллохни ибодат сузига берган таърифинихам кушсанглар!? барокаллоху фийкум

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan