PDF WORD

Ширкдан огоҳлантирув ва ундан қўрқишликнинг вожиблиги

Ширкдан огоҳлантирув ва ундан қўрқишликнинг вожиблиги

Шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мусулмонга Аллоҳ жалла ва аълани ғазаблантириб, аччиғини чиқарадиган ҳар қандай гуноҳга қўл уриб қўймоқликдан қўрққан ҳолатда ҳаёт кечиришлиги вожибдир. Банда ундан қўрқиб, сақланишликка ҳарис бўлишлиги ва ундан ўзини узоқ қилиш учун кўп тиришмоқлиги вожиб бўладиганларнинг энг улкани – Аллоҳ жалла ва аълага ширк келтиришликдир.

Шундай, Аллоҳ жалла ва аълага ширк келтиришлик гуноҳларнинг энг улкани ва энг хатарлисидир. У энг оғир зулм ва энг катта жиноятдир. У мағфират қилинмайдиган гуноҳдир. Аллоҳ жалла ва аълага ширк келтиришлик рубубиятни оёқости қилиш ва улуҳиятга нуқсон етказмоқ, ҳамда борлиқнинг Рабби жалла ва аълага бадгумонликдир. Аллоҳ жалла ва аълага ширк келтиришлик Ундан ўзгасини Унга тенг қилмоқ ва ҳожатманд, нуқсон эгасини Буюк, Беҳожат (Зот) жалла ва аълага тенглаштиришликдир. Аллоҳ жалла ва аълага ширк келтирмоқлик шундай гуноҳки, ундан хавфсирашимиз ундан ўзга ҳар қандай бошқа ишдан хавфсирашимиздан улканроқ бўлмоқлиги вожиб бўлади. Бу ўринда Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида бир қанча ҳужжат ва далиллар мавжудки, агар банда шулар борасида чуқур ўйлаб, назар ташлайдиган бўлса, қалбининг тўрига ширкдан хавфсирашлик, ундан ҳазир бўлишлик ва унга тушиб қолишдан сақланишлик жо бўлади. Ана шулардан Аллоҳ жалла ва аъланинг Нисо сурасининг икки ўрнидаги ушбу қовлидир: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48). Оятда очиқ-ойдин баён қилиняптики, кимда-ким Аллоҳ табарока ва таолога бирор нарсани ширк келтирган ҳолда йўлиқса, бас, у Аллоҳнинг мағфиратига умид қилмасин. Балки унинг охир-оқибат борар жойи абадул-абад жаҳаннам олови бўлиб, на унга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олур ва на ундан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Аллоҳ таоло айтганидек: «Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз. Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз», деб дод-вой қилурлар. Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргурчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас энди азобларингизни тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!» (Фотир: 36-37). Мушрик қиёмат куни нидо қилиб, дунёга иккинчи бор қилган қилмишидан ўзга бир солиҳ амал қилишлик учун қайтарилмоғини сўрайди. Бас, унга ижобат қилинмайди. Унга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилинмоғини сўрайди ўлмоқ истагида. Бунга бирор жавоб топмайди. Унга бир кунга бўлса-да азоб енгиллатилмоғини сўрайди. Бироқ бунга жавоб топмайди. Балки жаҳаннам оловида абадул-абадга қолиб кетади. Дўзах аҳлига энг улкан ва энг шиддатли оятлардан бири Аллоҳ таолонинг Наба сурасидаги ушбу қовлидир: «Бас, (эй кофирлар, Бизнинг азобимизни) тотиб кўринглар! Энди Биз сизларга фақат азобнигина зиёда қилурмиз!» (Наба: 30).

Иймон келтирган қалбларга ширкдан хавфсирашликни жалб қиладиган нарсалардан яна солиҳ зотлар, (Аллоҳга тавҳид ила) қурбат ҳосил қилган пайғамбарларнинг ҳолатлари ва ушбу улкан гуноҳдан хавфсираганликларини чуқур ўйлаб кўрмоқлигимиздир. Ушбу ўринда тўғри йўлдагиларнинг имоми, Аллоҳ ўзига холил тутган, ўз қўли билан санамларни синдирган, Аллоҳни (ибодатда) яккаламоқликка чорлаган ва ушбу ишда улуғ ўрин эгаллаган Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларини ўйлаб кўрмоқлигимиз етарлидир. Дуолари асносида шундай дегандилар: «Мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин. Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан)» (Иброҳим: 35-36). Тўғри йўлдагиларнинг имоми алайҳиссалоту вассалам борасида ўйлаб кўринг, Аллоҳ жалла ва аълага ўзлари ва фарзандларини санамларга ибодат қилишдан узоқ қилишини дуо қиляптилар. Яъни, у кишини улар-(санамлар)дан узоқ бир томонга қилиб, асло яқинлаштирмаслиги, ҳамда унинг восита ва сабабларидан иборат бирор нарсага қўл уриб қўймасликни (сўраяптилар). Иброҳим ат-Таймий роҳимаҳуллоҳ ушбу оятни ўқиб, шундай дедилар: «Ким ҳам Иброҳимдан кейин синовдан ҳотиржам бўларди». Яъни, Иброҳим Холил алайҳиссалом ширкдан қўрқиб, ушбу буюк дуони қилган эканлар, энди у кишидан ўзгаси синовдан қандай ҳотиржам бўлсин?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар куни тонг отганда уч мартта ва кеч кирганда уч мартта шундай дердилар: «Аллоҳумма инний аъувзу бика минал куфри вал фақри ва аъувзу бика мин аъзабил қобр» (Аллоҳим мен Сендан куфр ва фақирликдан паноҳ сўрайман. Ва Сендан қабр азобидан паноҳ сўрайман). Ушбу дуони тонгда уч маротаба ва кеч кирганда уч маротаба қайтарардилар. Яна у киши саҳиҳайн ва бошқаларда ворид бўлганидек ўз дуоларида шундай дердилар: «Аллоҳумма лака асламту ва бика ааманту ва аълайка таваккалту ва илайка анабту ва бика хоосамту. Аъувзу би иззатика ла илаҳа илла анта ан тудилланий. Фа Антал Ҳайюллазий ла ямуту. Вал жиинну вал инсу ямутун» (Аллоҳим Сенга таслим бўлдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккул қилдим, Сенга тавба-тазарру қилдим ва Сен сабаблигина хусуматлашдим. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқки, мени адаштиришингдан Иззатинг ила паноҳ сўрайман. Сен ўлмайдиган тириксан. Жин ва инс эса вафот этади). Бу борадаги ҳадислар кўпдир. Умму Салама розияллоҳу анҳо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг кўп қиладиган дуолари қуйидагича эканини айтадилар: «Аллоҳумма, я мусоррифал қулуб, сорриф қулувбана аъла тоъатик» (Аллоҳим, эй қалбларни ўзгартирувчи, қалбларимизни Ўзингнинг тоатинга буриб қўй). Айтадиларки: «Эй Росулуллоҳ, ахир қалблар ўзгарадими?», дедим. У киши: «Ҳа. Ҳар бир қалб Раҳмоннинг бармоқларидан икки бармоқ орасидадир. Уни хоҳлаганича ўзгартиради. Агар хоҳласа уни тўғирлайди ва агар хоҳласа уни (йўлдан) оздириб қўяди», дедилар.

Ушбу бобда келган далиллардан яна муснад ва бошқаларда ворид бўлганки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар розияллоҳу анҳумга шундай дедилар: «Сизлар ҳақингизда қўрқадиганларимнинг энг хафвлиси кичик ширкдир». У ҳақида сўрашганди: «Риёдир», дедилар.

Уламолар айтишдики: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари борасида – ҳолбуки уларнинг тоат ва тавҳидда қай даражада эканлари маълумдир – кичик ширкдан қўрққан эканлар, энди улардан қуйидагилар ва тавҳиду ибодатда улар адо этган ишнинг ўндан бирига ҳам етолмаганлар ҳоли не кечаркин?! «Адаб ал-Муфрад» китобида «Ҳасан» санад ила ворид бўлган ҳадис бўлиб, уни қўллаб-қувватлайдиган бошқа ҳадислар ҳам мавжудки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ширк сизларнинг орангизда ўрмалаб кетаётган чумолидан-да махфийроқдир». Баъзи саҳобалар айтишдики: «Ахир ширк Аллоҳ яратувчи бўла туриб, Унга тенгдош исбот қилишлик эмасми эй Росулуллоҳ?». У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Унинг Қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта ширк сизларнинг орангизда ўрмалаб кетаётган чумолидан-да махфийроқдир», дедилар. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сизларни бир нарсага йўллаб қўймаймики, агар уни айтсангиз Аллоҳ сизлардан ширкнинг ози ва кўпини кетказади». Улар: «Албатта (йўллаб қўйинг) эй Росулуллоҳ», дедилар. У киши: «Шундай дейсизлар: Аллоҳумма иннаа наувзу бика ан нушрика бика ва наҳну наъламу, ва настағфирука лима ла наъламу (Аллоҳим, биз Сендан Сенга билган ҳолатимизда ширк келтиришликдан паноҳ сўраймиз. Ва Сендан билмаган нарсаларимиздан мағфират сўраймиз)», дедилар. Ушбу дуони ёд олиб, такрор айтиб юрмоқлигимиз лозим бўлади.

Ширкдан хавфсирашликка олиб борадиганлардан яна кўплаб ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан умматлари борасида бутларга ибодат қилишга қайтиб кетадиган кимсалар ҳақида берган хабарлари ворид бўлгандир. Бу борада кўплаб ҳадислар ворид бўлган:

Шулардан: Сунан Абу Довуд ва бошқаларда у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: «То умматимдан бир қанча қабила-(жамоа)лар мушрикларга қўшилиб кетмагунича ва то умматимдан бир қанча қабила-(жамоа)лар бутларга ибодат қилмагунча қиёмат қоим бўлмайди».

Бошқа бир ҳадисда эса у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «То Давс (қабиласи) аёлларининг ёнбоши Зул Холасода бир-бирига урилиб кетмагунича қиёмат бўлмайди». Яъни, санамлардан бир санам атрофида. (Таржимон изоҳи: Ушбу ҳадисда санам атрофидаги тиқилинч ва тафов қилиб ибодат қилишлик киноя қилиняпти).

У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари ривоят қилинади: «Албатта ўзларингиздан олдингиларнинг йўлларига қаричма-қарич, зирома-зиро эргашиб кетасизлар. Ҳатто калтакесакнинг инига кирсалар, албатта сизлар ҳам унга кирасизлар». Шуларнинг барини у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга насиҳат ва уни ушбу улкан гуноҳ ва оғир жиноятдан огоҳ қилайин дея айтиб кетдилар. Аллоҳ таоло барчамизни ундан сақласин.

Яна ширкдан хавфсирашликка диққатни тортадиганлардан бири, мушрик – Аллоҳ сақласин – у билан жаҳаннам ўртасида фақат вафот этишигина бор холос. Бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини чуқур ўйлаб кўринглар, ҳадис «Саҳиҳул Бухорий»да ривоят қилинган: «Кимда-ким Аллоҳдан ўзга тенгдошга дуо қилган ҳолда вафот этса дўзахга киради».

Уламолар роҳимаҳумуллоҳ шундай дедилар: Ушбу ҳадисда дўзах мушрикка яқин экани, яъни, у билан дўзах ўртасида вафот этишигина бор эканига далолат бор.

Ушбу далилларнинг бари мўмин кишини ширкдан ниҳоятда хавфсирашига чорлайди. Сўнг ушбу хавф унинг қалбида ундан ҳазир бўлиб, бутун ҳаёти давомида ундан сақланишлиги учун ушбу оғир гуноҳ нима эканини билмоққа ундайди. Шунинг учун «Саҳиҳул Бухорий»да Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан шундай деганликлари ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари у кишидан яхшилик ҳақида сўрардилар. Мен эса ундан хавфсираганим учун ёмонлик ҳақида сўрардим».

Дарҳақиқат, Китоб ва Суннат далиллари ширк икки турли эканига далолат қилади: катта ва кичик. Ушбу иккиси ҳад-(чегара) ва ҳукмда турлича бўлади. Катта ширкнинг чегарасига келсак, у: Аллоҳдан ўзгасини Аллоҳга тенг қилинишидир. Хоҳ рубубият ёки исм ва сифатлар ёҳуд улуҳиятда бўлсин. Кимда-ким Аллоҳдан ўзгасини Аллоҳнинг хос хусусиятларидан бирор бир нарсада Аллоҳга тенг қилса, батаҳқиқ, у шу сабабли Аллоҳга катта ширк келтирган бўлади. Ушбу ширк ўз соҳибини ислом миллатидан чиқариб юборади.

Кичик ширкнинг чегарасига келсак, у ҳужжатларда ширк васфи ила ворид бўлса-да, катта ширк чегарасига етмайди. Аллоҳдан ўзгаси ила онт ичиш, Аллоҳ ва сен хоҳласанг деб айтишлик, фалон бўлмаганда фалон-пистон юз бермасди деган сўз ва шунга ўхшаш айтувчиси қасд қилмаган ширкий лафзлар каби.

Охиратдаги ҳукмига тўхталадиган бўлсак, иккиси турлича бўлади. Катта ширк соҳиби абадул-абад дўзахда бўлиб, унга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилинмайдики, ўла олса. Ва ундан дўзах азоби ҳам енгиллатилмайди. Кичик ширкка келсак, унинг шаъни бундан қуйироқдир. Гарчи у ҳақиқатда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганларидек гуноҳи кабираларданда каттароқ гуноҳ бўлса-да: «Аллоҳнинг номи ила ёлғон қасам ичишлигим менга Ундан ўзгасининг номи ила рост қасам ичишлигимдан севимлироқдир». Чунки Аллоҳдан ўзгасининг номи ила ростгўй бўлиб қасам ичишлик Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтиришликдир. Унинг номи ила ёлғон қасам ичишлик эса ёлғон сўзлаш гуноҳидир. Катта гуноҳ ширк билан баробар бўлмайди. Бу эса саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг фиқҳларидандир.

Сўнг ушбу масала, ширк ва уни билмоқлик масаласини назарда тутяпман, аҳамият қаратмоғимиз лозим бўлган ишларнинг энг улканидир. Сабаби одамларнинг кўпи ушбу улкан иш борасида билимга эга эмаслар. Ишнинг ҳақиқатидан ғофил қолган ҳолда ширкий амал ва ишларга қўл урадилар. Гоҳида баъзиларига (ушбу ширк амали) турли ном ва шунга ўхшашлар билан чигаллаштириб кўрсатилган. Шулар сабаб бўлиб Аллоҳга холис ибодат қилишликдан турли ҳаром амалларга, балки турли ширкий амалларга буриб юборилганлар. Аллоҳ сақласин.

Биз Аллоҳ табарока ва таолодан барчамизни ўзининг динини онгли равишда биладиганлардан қилмоғини, барчамизни Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашмоқликка муваффақ айламоғини, ҳамда бизни Ўзининг тўғри йўлига йўлламоғини сўраймиз. Охирги тилагимиз, барча мақтовлар оламларнинг Рабби Аллоҳга хосдир. Аллоҳ таоло Ўзининг бандаси ва элчиси пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг аҳли оилалари ва барча саҳобаларига саловату саломлар, барака ва неъматлар ёғдирсин.

Мақоланинг асл манбаси: http://www.al-badr.net/web/index.php?page=article&action=article&article=28

 

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.