PDF WORD

Қазои қадар ва инсон масъулияти

Қазои қадар ва инсон масъулияти

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳамду сано Аллоҳга хосдир. Уни мақтаймиз, Ундан ёрдам сўраймиз, мағфират тилаймиз ва Унга тавба қиламиз. Нафсларимизнинг ёмонлигидан Аллоҳнинг паноҳига қочамиз. У кимни ҳидоят қилса, уни адаштирувчи йўқ ва У кимни адаштирса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳнинг ёлғиз ўзидан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир, Аллоҳ Таоло ул зотни қиёмат олдидан (жаннат ҳақида) хушхабар берувчи, (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи, Аллоҳнинг изни ила унга даъват қилувчи ва нурли чироқ қилиб юборди. У зот рисолатни – пайғамбарликни етказдилар, омонатни адо этдилар ва то ўлим келгунча умматга насиҳат қилиб, Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қилдилар. Ул зотга, оилаларига, асҳобларига ва қиёматга қадар яхшилик ила уларга эргашганларга дуруд ва саломлар бўлсин.

Аммо баъд:

Биз ушбу мақолада барча мусулмонлар учун бирдек муҳим бўлган масала хусусида баҳс юритамиз. У ҳам бўлса Аллоҳнинг қазои-қадар масаласи бўлиб, қадимда ҳам, ҳозирда ҳам у туфайли уммат ўртасида тортишувлар бўлиб келган. Ривоят қилинадики, саҳобалар қазои-қадар борасида талашиб-тортишиб турганларида, устларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қоладилар ва уларни бу нарсадан қайтариб, ана шу тортишув ўтган умматларни ҳалок қилганлигини айтадилар. Аллоҳ Таоло, билган ва айтган сўзида адолат йўлини тутган салафи солиҳлардан бўлмиш мўъмин бандаларига бу борадаги ҳақ сўзни маълум қилди. Унга биноан, қазои-қадар масаласи тавҳиднинг уч қисмидан бири бўлмиш тавҳидур-рубубият маъноси ичига кирур. Аҳли илмлар тавҳидни уч қисмга бўлганлар:

1) Тавҳидул-улуҳият – яъни ибодатда Аллоҳни яккалаш;

2) Тавҳидур-рубубият – яъни яратиш, эгалик қилиш ва бошқариш каби ишларда Аллоҳни яккалаш;

3) Тавҳидул-асмо вас-сифат – яъни Аллоҳни исмлари ва сифатларида яккалаш.

Шундай қилиб, тақдирга иймон келтириш тавҳидур-рубубиятнинг маъносидан келиб чиқади. Шунинг учун имом Аҳмад: «Тақдир – Аллоҳнинг қудратидир», деганлар.

Шунингдек, тақдир Аллоҳнинг яширган сиридирки, уни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Чунки у ҳеч ким била олмайдиган яширин китобдаги Лавҳул Маҳфузга битилгандир. Биз Аллоҳ Таоло бизларга ёки бошқа махлуқларга қандай яхши-ёмон нарсаларни тақдир қилиб қўйганини билмаймиз. Билсак ҳам фақат ўша нарсалар содир бўлгандан кейингина ёки улар ҳақидаги рост хабарлар етгандан кейингина биламиз.

Ислом умматининг фирқалари тақдир борасида уч қисмга бўлинганлар:

Биринчи қисм тақдирни тасдиқ этишда чуқур кетиб, банданинг қудрати ва ихтиёрини йўққа чиқардилар. Уларнинг фикрича, банда ўз феълларида ихтиёрли эмас, балки мажбуран бошқарилувчидир, бу борада банданинг ўз ихтиёри билан қилган иши билан, банданинг ўз ихтиёрисиз содир бўлган феъли ўртасида фарқ йўқдир. Шубҳасиз, бу сўзни айтувчилар адашганлардир. Зеро дин, ақл ва одатга кўра ўз-ўзидан маълумдирки, инсон ихтиёрий амал билан мажбурий амал орасини ажрата олади.

Иккинчи қисмдагилар эса, банданинг қудрати ва ихтиёрини тасдиқ этишда чуқур кетишди ва банда томонидан бажариладиган ишда Аллоҳнинг хоҳиши, ихтиёри ёки яратиши бўлмайди, деб айтишди. Уларнинг гумонича, банда ўз амалида мустақилдир. Ҳатто улардан бир тоифаси: «Аллоҳ Таоло бандаларнинг ишларини, фақат шу ишни бажарганларидан кейингина билади», деган сўзга бориб етишди. Улар банданинг қудрати ва ихтиёрини исбот этишда ғулувга кетиб, кўп тоифаларга бўлиниб кетдилар.

Учинчи қисмдагилар бу борада Аҳли сунна вал жамоа йўлидан юриб, шаръий ва ақлий далилга асосланган ўрта йўлни тутишди. Улар айтдиларки, Аллоҳ Таоло бу борлиқда пайдо қиладиган феъллар (ишлар, амаллар) икки турга бўлинади:

Биринчи тур: Аллоҳ Таолонинг ўз махлуқлари устида юритадиган феъли бўлиб, бирон кимсанинг бунга ҳеч қандай дахли йўқдир. Бунга, ёмғир ёғдириш, экинни ундириш, ҳамда тирилтириш, ўлдириш, касал қилиш, соғайтириш ва шу каби Аллоҳнинг махлуқларида кўринадиган кўпгина ишлар мисол бўла олади. Шаксиз бу ишларда бировнинг ихтиёри ҳам, хоҳиши ҳам йўқдир, булардаги хоҳиш-ихтиёр фақатгина Якка ва Каҳҳор бўлган зот – Аллоҳникидир.

Иккинчи тур: Инсонлар бажарадиган, балки ҳар бир хоҳиш-иродаси бор бўлган халойиқ қиладиган ишлардирким, албатта булар (ишлар, феъллар) бажарувчининг ихтиёри ва иродаси ила содир бўлади. Чунки Аллоҳ табарока ва таоло бу имкониятни уларга бериб кўйган. Аллоҳ Таоло айтади: «(Қуръон) Сизларнинг орангиздаги Тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун (бир эслатмадир)» (Таквир: 28).

«Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бордир» (Оли Имрон: 152).

Инсон ўз ихтиёри билан содир бўладиган ҳамда ночорлик ва мажбурликдан содир бўладиган ишни фарқлай олади. Масалан, инсон ихтиёрий ҳолда томдан нарвон орқали тушади ва бунда ўзининг ихтиёрли эканини билади. Шунингдек, у томдан бехосдан йиқилиб тушади ва бунда ўзининг ихтиёрсиз эканини ҳам билади. Инсон бу икки феълнинг ўртасидаги фарқни билади, иккинчи ҳолат мажбурий, биринчи ҳолат эса ихтиёрий эканини яхши англайди. Масалан, агар чакмазак (қовуқ бўшлиги, бавлни тутолмаслик) касалига чалинса, бавл унинг ихтиёрисиз чиқиб туради, аммо бу касалликдан саломат бўлса, бавл унинг ихтиёри билан чиқади.  Инсон бу билан унинг ўртасидаги фарқни ажрата билади, бирон кимса улар ўртасидаги фарқни инкор қилолмайди. Хуллас, банда ўзидан содир бўладиган амалнинг қай бири ихтиёрий, қай бири чорасиз ва мажбурий суратда содир бўлишини яхши билади. Аллоҳ азза ва жалланинг раҳмат-марҳамати туфайли шундай феъллар ҳам борки, улар банданинг ихтиёри билан содир бўладиган нарсалар жумласидан бўлиб, лекин унинг ихтиёрисиз деб ёзилади, яъни бу иш туфайли у жавобгар (гуноҳкор) бўлмайди. Бу унутган ва уйқудаги кимсанинг феъли кабидир. Аллоҳ Таоло Асҳоби Каҳф қиссасида айтади: «Биз уларни ўнг томон, сўл томонига айлантириб турурмиз» (Каҳф: 18).

Гарчи улар ўнг томон, сўл томонга айланиб турган бўлсалар-да, Аллоҳ Таоло феълни Ўзига нисбат берди. Чунки ухловчида феъл ҳам, ихтиёр ҳам бўлмайди, бас, унинг феъли Аллоҳ азза ва жаллага нисбат берилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки рўзадор ҳолида унутиб еб-ичиб қўйса, рўзасини (бузмай) тўлиқ қилсин. Албатта уни Аллоҳ едириб-ичиргандир» (Муттафақун алайҳ). Ушбу едириш ва ичириш Аллоҳ азза ва жаллага нисбат берилмоқда. Негаки феъл бандадан эслаш-хотирсиз содир бўлди ва гўё унинг ихтиёрисиз амалга ошган бўлди. Инсон ихтиёрсиз равишда ўзида оғриқ сезади, баъзи вақтларда эса унда беихтиёр ланжлик пайдо бўлади ва у бунинг сабабини билолмайди. Бошқа вақтларда эса инсоннинг ўзи қилган бирор иш туфайли оғриқ вужудга келади ёки хурсандчилик пайдо бўлади. Бизларнинг ҳар биримиз буларнинг ўртасидаги фарқни ажрата оламиз. Бу нарса Аллоҳга ҳамду-сано бўлсинким, очиқ-равшандир, унда бирон тушунмовчилик йўқдир.

Агарда биз, тақдир борасида ғулувга кетган биринчи тоифанинг сўзини айтадиган бўлсак, шариатни асли тубидан ботилга чиқарган бўламиз. Негаки, агар биз: «Банданинг ўз феълида ихтиёри йўқдир», – десак, яхши иш мақталмайдиган, ёмон иш маломат қилинмайдиган–ёмонланмайдиган бўлиб қолади. Чунки бу ҳақиқатда ихтиёрсиз ва иродасиз амал бўлиб қоляпти. Шу сўзга биноан, Аллоҳ Таоло агар осийлик қилган бандасини, унинг маъсияти учун азобласа, золим бўлиб қолади. Негаки У ўша бандани ихтиёри ва иродаси бўлмаган нарса учун азоблаган бўлади. Шаксиз, бу нарса Қуръонга очиқ-ойдин зиддир: «Унинг (кофирларнинг) яқини-ҳамроҳи (бўлган, унинг қилиб ўтган гуноҳларини ёзиб гувоҳлик берувчи фаришта) деди: «Мана бу (номаи аъмол) менинг ҳузуримда ҳозиру нозир бўлган нарсадир». (Шундан кейин дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур): «Барча (ҳаққа қаршилик қилувчи) қайсар, яхшиликни манъ қилувчи, зўравон ва (Аллоҳнинг динига шак келтирувчи) кофир-кўрнамакни жаҳаннамга ташланглар! (Қай) бир кимса Аллоҳ билан бирга бошқа бир «илоҳ» қилиб олса (яъни ёлғиз Аллоҳга бирон кимса ёки нарсани) шерик қилиб олса, бас, уни қаттиқ азобга ташланглар!» Унинг яқини (бўлган шайтон): «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (ҳақ йўлдан) йироқ-залолатда бўлди» деди. (Аллоҳ кофир ва унинг шайтонига) айтди: «Менинг даргоҳимда талашиб тортишманглар, аниқки, Мен илгари сизларга (кофир бўлганларингиз сабабли охиратда азобга гирифтор бўлишларингиз тўғрисида) ваъда қилганман. Менинг даргоҳимда (ваъда қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга зулм қилувчи ҳам эмасдирман» (Қоф: 23-29).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло баён қилмоқдаки, Унинг бу уқубати зулм эмас, балки камоли адолатдир. Чунки У уларга, кофир бўлганлар азобга гирифтор бўлишлари ҳақида хабар қилган ва турли хил йўлларни кўрсатиб, ҳак ва ботил йўлларни очиқ-равшан баён қилиб берган. Лекин улар ўзлари учун ботил йўлдан юришни ихтиёр этдилар. Бас, уларнинг Аллоҳга қарши хеч қандай ҳужжатлари ққолмади. Борди-ю, биз ушбу ботил сўзни айтгудек бўлсак, Аллоҳнинг мана бу сўзини ботилга чиқарган бўламиз: «Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамларда Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик» (Нисо: 165).

Аллоҳ таборака ва таоло пайғамбарларни юборгандан кейин инсонларда Унга қарши ҳужжат бўлишини йўққа чиқарди. Чунки бу билан уларнинг зиддига ҳужжат барпо бўлди. Агарда қадар(тақдир) улар учун ҳужжат бўла олганда эди, бу ҳужжат пайғамбарлар юборилганларидан кейин ҳам шундай қолаверарди. Чунки Аллоҳнинг тақдири пайғамбарлар юборилишидан олдин ҳам, кейин ҳам мавжуд бўлган ва шундай бўлиб қолади. Демак, ушбу сўзни юқоридаги насс (оят-ҳадис)лар ботил қилмоқда, ҳамда воқелик ҳам, юқоридаги мисолларда батафсил кўриб ўтганимиздек-бу сўзни ботилга чиқармоқда.

Банданинг феълини исбот этишда ғулувга кетиб, у ўз амалида мустақилдир дейдиганларга ҳам насслар ва воқелик раддия билдиради. Зеро нассларда очиқ-равшан кўрсатиб бериладики, инсон хоҳиши Аллоҳ азза ва жалланинг хоҳишига тобе (бўйсунувчи)дир.

«(Қуръон) сизларнинг орангиздаги тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун бир эслатмадир. Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар» (Таквир: 28-29).

«Парвардигоринг Ўзи хоҳлаган нарсаларни яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур» (Қасас: 68).

«Аллоҳ тинчлик диёри-жаннатга даъват қилур ва Ўзи хоҳлаган зотларни тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Юнус: 25).

Мазкур сўзни айтувчилар, ҳақиқатда рубубиятнинг бир жиҳатини ботил қилаётган бўладилар. Яна улар Аллоҳ таолонинг мулкида, У хоҳламайдиган, яратмайдиган нарса бўлишини даъво қилаётган бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир нарсани хоҳлаган, ҳар бир нарсани яратган ва ҳар бир нарсани тақдирлаб-ўлчаб қўйган Зотдир. Яна улар биргина сўз билан ўз-ўзидан маълум бўлган нарса – махлуқларнинг барча жиҳатлари, зоти-ю сифатлари Аллоҳнинг мулки эканлигига қарши чиқаётган бўладилар. Ваҳоланки, сифат ва зот, маъно ва жасад ўртасида фарқ йўқдир. Шундай экан, барча нарсалар Аллоҳ таолоникидир, Унинг мулкида Ўзи хоҳламайдиган нарса содир бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси ҳақида гап борар экан, ҳамма иш Аллоҳ таолонинг қўлида дейишдан ўзга чорамиз йўқ.

Аллоҳ таоло инсоннинг залолатга кетиши ва ҳидоят топмаслигини тақдир қилиб қўйган бўлса, бандада қандай чора ва тадбир бўлиши мумкин?

Ушбу саволга жавобан айтамизки, Аллоҳ таборака ва таоло ҳидоятга муносиб кишини ҳидоят қилади ва залолатга муносиб кимсани адаштиради. Аллоҳ таборака ва таоло айтади: «Бас, қачонки улар (ҳақ йўлидан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди» (Соф: 5).

«Сўнгра аҳд-паймонларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва тошбағир қилиб қўйдик. Улар (яҳудийлар Тавротдаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлишлари ҳақидаги) сўзларини ўз ўринларидан ўзгартирадилар, ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан эса (кўп) хиссасини унутиб юборганлар» (Моида: 13).

Аллоҳ таборака ва таоло гумроҳ бандани адаштириши, унинг ўзи туфайли, ўзи сабабли содир бўлишини баён қилди. Салгина юқорироқда айтиб ўтганимиздек, банда Аллоҳ унга нисбатан нима тақдир қилганини билмайди, у тақдирдан фақат у воқе бўлгандан кейингина бохабар бўлади. Зеро у илгари билмайдики, Аллоҳ уни адашган бўлади деб ёзганми ёки ҳидоятлик дебми. Киши залолат йўлидан юриб, кейин: «Аллоҳ шуни тақдир қилган экан», деб қадарни ҳужжат қилиши қандай бўлди?! Ахир унга, ҳидоят йўлидан юриб кейин: «Аллоҳ мени тўғри йўлга ҳидоят қилди», демоқлик лойиқроқ эмасмиди?! Унинг залолат борасида жабарий, тоат-ибодатга келганда эса, қадарий бўлиб олиши тўғрими? Албатта йўқ.

Инсон залолат ва маъсият пайтида жабарий бўлиб олиб: «Бу менга ёзиб қўйилган нарса, мен Аллоҳнинг қазои қадаридан чиқиб кета олмайман», – дейиши, Аллоҳ рушду-ҳидоятга муваффақ айлаганда эса уни ўзидан деб даъво қилиб қадарий бўлиши муносиб иш эмас.

Ҳақиқатда, инсонда қудрат ва ихтиёр мавжуд. Ҳидоят масаласи ризқ масаласидан, ҳамда илм излаш масалаларидан махфийроқ эмас. Ҳаммамиз биламизки, инсонга унинг ризқи-насибаси тақдир қилинган (ўлчаб қўйилган) бўлади. Шундай бўлса ҳам, у ризқни ҳосил қилиш сабабларини ушлаб, ўз шаҳрида ва унинг ташқарисида ўнгу-сўлга қараб елиб-югуради. Уйда ўтириб олиб: «Агар менга ризқ тақдир қилинган бўлса, ўзи олдимга келсин», демайди. Сиз уни ризқ ҳосил  қилиш сабабларини ушлаган ҳолда саъй-ҳаракат қилаётганини топасиз. Ризқ амалга боғлангандир. Абдуллоҳ ибн Маъсуд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги сўзлар собит бўлган: «Сизлардан (ҳар) бирингизнинг она қорнида яратилишингиз қирқ кун нутфа ҳолида рўй беради. Кейин худди шунча пайт «алақа» ҳолида бўлади. Сўнгра шунча пайт «музға» ҳолида бўлади. Сўнгра Аллоҳ унга фаришта юборади ва у фаришта тўрт нарсани: унинг ризқини, ажалини, амалини ва бахтли ёки бахтсизлигини ёзишга буюрилади» (Муттафақун алайҳ).

Худди яхши ёки ёмон амал ёзиб-битиб қўйилганидек, ризқ ҳам олдиндан битиб қўйилгандир. Энди сенга нима бўлдики, ризқ излаб ўнгу-сўлга чопасан, ер юзини кезиб, саҳроларда юрасан, лекин роҳат диёри – жаннатдаги охират ризқини излаб солиҳ амаллар қилмайсан?!

Ушбу икки масала бирдир, улар ўртасида фарқ йўқ. Бетоб бўлганингда ҳам худди шундай. Худди ризқинг учун ҳаракат қилганингдек, бунда ҳаётинг учун ва яшаш муддатинг узайиши учун елиб югурасан. Касалингни даволайдиган табибни истаб дунёнинг турли чеккаларига бориб келасан. Ваҳоланки, сенга тақдир қилинган (белгилаб берилган) муддат кўпайиб ё озайиб қолмайди.

«Уйимда касал бўлиб ётавераман. Агар Аллоҳ яшаш муддатим узайишини тақдир қилган бўлса, узайиб қолар», деб жим қараб турмайсан. Биз сени қурбинг етган ҳар қандай йўллар билан саъй-ҳаракат қилаётган ҳолда топамиз, инсонлар ичидаги моҳир табибни излаб юрганигни кўрамиз. Айтчи, нима учун сенинг охират амали ва яхши ишларга нисбатан тутган йўлинг дунё учун тутган йўлинг сингари эмас? Биз айтгандикки, қазои қадар яширилган сир, сен уни билолмайсан деб. Шу ҳолда сен икки йўл ўртасидасан: бири сени ютуқ ва омонлик сари олиб боради. Иккинчиси эса, ҳалокат ва бахтсизликка олиб боради. Сен ҳозир уларнинг ўртасида турибсан ва ихтиёрлисан. Олдингда сени ушбу ўнг йўлдан ҳам, анави чап (сўл) йўлдан ҳам тўсиб қолувчи ҳеч ким йўқ. Хоҳласанг ундан юрасан, хоҳласанг бундан. Нега энди сен чап йўлдан юриб, кейин: «Шу нарса менга тақдир қилинган», дейишинг керак? Аслида ўнг йўлдан юриб: «Мана шу менга тақдир қилинган», дейишинг муносиброқ эмасми? Агарда сен Риёз шаҳрига бормоқчи бўлсанг-у қаршингда иккита: бири текис ва қисқа, иккинчиси нотекис ва узоқ йўл турган бўлса, албатта сени нотекис ва қинғир-қийшиқ йўлни қўйиб, текис, қисқа ва тўғри йўлни ихтиёр қилишингни кўрамиз. Бу хиссий йўлдир. Маънавий йўл ҳам у билан баробар, ундан асло фарқ қилмайди. Лекин нафсу-ҳаволар ақлни мағлуб этиб, унга ўз ҳукмини ўтказади. Аммо мўминнинг ақли нафси ҳавосидан ғолиб бўлмоғи даркор. Агар у ақлини ишлатса, ақли уни зарарли ишлардан тутиб қолади, фойдали ва қувончли ишларга йўллайди. Ушбу сўзбошидан маълум бўладики, инсон ўзининг ихтиёрий амалида мажбурий ёки ноилож эмас, балки ихтиёрий йўл тутади. У дунё ишларида ихтиёрий йўл тутиб хоҳласа манави молни, хоҳласа наригисини ё учинчисини ё тўртинчисини сотгани каби охират ишларида ҳам ихтиёрий тарзда ҳаракат қилади. Айтиш мумкинки, охират йўли кўп жиҳатлари билан дунё йўлидан ойдинроқдир. Чунки охират йўлини баён қилиб берган зот Аллоҳ таолодир. У Зот бу йўлни Ўз китобида ва Расулининг тили билан баён қилиб берди. Охират йўллари дунё йўлларидан равшанроқ ва ойдинроқ бўлмоғи тайиндир. Шунга қарамай инсон натижаси кафолатланмаган дунё йўлларидан юради-ю, натижаси кафолатланган охират йўлини ташлаб қўяди. Ҳолубки унинг кафолати Аллоҳнинг ваъдаси билан собит бўлгандирки, у Зот ваъдага хилоф қилмайдиган Зотдир.

Мана шу сўзбошидан сўнг айтамизки:

Суннат ва жамоат аҳллари ушбу қоидани қабул этганлар ва уни ўз ақидалари, ҳамда йўллари қилиб олганлар. Демак, инсон ўз ихтиёри билан фаолият кўрсатади ва ўзи истагандек йўл тутади. Бироқ унинг иродаси ва ихтиёри Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига тобе (бўйсунган) бўлади. Аҳли сунна вал жамоа яна шунга ҳам иймон келтирадиларки, Аллоҳнинг хоҳиши, Унинг ҳикматига тобе бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳиши беҳикмат ва ноўрин бўлмай, балки Унинг хоҳиши ва ҳикматига боғлиқ ва тобе бўлади. Зеро Аллоҳ таолонинг исмларидан бири ал-Ҳакиймдир. Ал-Ҳакийм – ҳикмат ва пухталик билан ҳукм қилувчи зотдирки, нарсаларни кавний ва шаръий, ҳамда амалий тарзда ҳукм қилур. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўз ҳикматига кўра, қалби билан ҳақ ва ҳидоятни истайдиган, тўғри йўлни хоҳлайдиган кимсага ҳидоятни тақдир қилади. Ва аксинча, бундай бўлмаган, қачон Исломга рўбарў бўлса худди осмонга кўтарилиб бораётгандек юраги сиқиладиган кимсага залолатни тақдир қилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикмати бу кимсанинг ҳидоят аҳлидан бўлишини қабул этмайди. Магар Аллоҳ унинг азму қарорини янгиласа ва унинг хоҳиш-иродасини ўзгартирса, шундагина у ҳидоят аҳлидан бўлиши мумкин. Шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир Зот. Лекин Аллоҳнинг ҳикматига биноан нарсалар ўз сабабларига боғланиб келгусидир (ҳидоят ва залолат ҳам сабабларга боғлиқдир).

Аҳли сунна вал жамоа қазои қадарни тўрт мартабадан иборат деб биладилар:

Биринчи мартаба – илм мартабаси.

У, Аллоҳ таборака ва таоло ҳамма нарсани билувчи доно Зот, У осмонлар ва ердаги барча нарсаларни билади, хоҳ улар Унинг феъли бўлсин, хоҳ махлуқлар феъли бўлсин – умумий ва муфассал тарзда билади, еру осмонлардаги бирор-бир нарса Аллоҳга махфий эмас, деб қатъий ишонишдир.

Иккинчи мартаба – ёзиш мартабаси.

Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳузуридаги Лавҳул Маҳфузда ҳамма нарсаларнинг тақдири-ўлчовлари ёзиб қўйилган деб иймон келтиришдир. Аллоҳ таоло ушбу икки мартабани қуйидаги икки оятда жамлаган: «Сиз Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсани билишини билмадингизми?! Албатта бу Китобда (яъни Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйилгандир). Албатта бу Аллоҳга осондир» (Ҳаж: 70).

Оятда аввал илм, яъни Аллоҳнинг билиши зикр этилди, кейин эса ҳамма нарса Китобда ёзиб қўйилгани айтилди. Ҳамма нарса Лавҳул Маҳфузга ёзилгандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: «Аллоҳ энг аввал яратган нарса қаламдир. Аллоҳ унга: Ёз! – деди. У: Эй Роббим! Нимани ёзай? – деди. Аллоҳ: қиёмат кунигача содир бўладиган нарсаларни ёз, – деди» (Абу Довуд (4/76), Термизий (6/325), Тоялисий (557), Ибн Абу Осим «Сунна» (105), Аҳмад (5/317), Ажуррий (177-178)).

Учинчи мартаба – хоҳиш-ирода мартабаси.

Унинг маъноси Аллоҳ таоло осмонлару ердаги барча мавжуд ва номавжуд нарсаларнинг хоҳловчисидир. Қайси бир нарса мавжуд бўлса, у Аллоҳнинг хоҳиши билан мавжуддир. Қайси бир нарса мавжуд бўлмаса, у ҳам Аллоҳнинг хоҳиши билан мавжуд эмасдир (ёки: номавжуддир). Ушбу маъно Қуръони Каримда акс этган. Аллоҳ таоло Ўзининг феъли-ишида хоҳиш-иродаси борлигини ва бандаларнинг ишларида ҳам Унинг хоҳиш-иродаси мавжудлигини қуйидаги оятлар билан маълум қилган: «(Қуръон) сизларнинг орангиздаги тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун бир эслатмадир. Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар» (Таквир: 28-29).

«Агар Парвардигорингиз хоҳласа, ундай қилмаган бўлур эдилар» (Анъом: 112).

Бошқа бир оятда эса: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда уришмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилади» (Бақара: 253).

Аллоҳ таоло ушбу оятлар билан инсонларнинг феъллари Унинг хоҳиши билан юзага келишини баён қилди. Аллоҳнинг феъли Ўз хоҳишига тааллуқли эканини ифодаловчи оятлар янада кўпроқдир: «Агар биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик» (Сажда: 13).

«Агар Парвардигоринг хоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У зот бундай бўлишини истамади)» (Ҳуд: 118).

Аллоҳ таолонинг Ўз ишидаги хоҳиш-иродаси ҳақида хабар берувчи булардан бошқа оятлар яна кўпдир. Демак, қадарга, Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси ҳар бир мавжуд ва номавжуд нарсаларни ўз ичига қамраб олганига иймон келтирмай туриб иймонимиз мукаммал бўлмайди. Қайси бир нарса йўқ экан, демак Аллоҳ унинг йўқ бўлишини ирода қилган. Қайси бир нарса бор экан, демак Аллоҳ унинг бор бўлишини ирода қилган. Осмонлару ерда Аллоҳнинг хоҳишисиз бирон нарса воқе бўлиши мукин эмас.

Тўртинчи мартаба – яратиш мартабаси.

Яъни Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг яратувчисидир. Осмонлар ва ердаги жамики мавжудотни фақатгина Аллоҳ таоло яратгандир. Ҳаттоки ўлим ҳам, гарчи у ҳаётсизлик ҳолати бўлса-да, Аллоҳ таборака ва таоло уни яратгандир. Аллоҳ таоло айтадики: «(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир» (Мулк: 2).

Осмонлардаги ва ердаги ҳар бир нарсанинг яратувчиси Аллоҳ таолодир. Ундан бошқаси эмас. Ҳаммамиз биламизки, Аллоҳ таолонинг феълидан вужудга келган ҳар бир нарса Унинг махлуқидир. Осмонлар, ер, тоғлар, дарахтлар, қуёш, ой, юлдузлар, шамол – буларнинг бари Аллоҳнинг махлуқларидир. Шунингдек, ушбу махлуқларда содир бўладиган сифатлар, ўзгаришлар ва ҳолатларнинг ҳам ҳаммаси Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқларидир.

Бироқ айримларда: «Бизнинг феълимиз ва сўзимиз Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқи, дейишимиз қандай қилиб тўғри бўлсин, (ахир у бизнинг ҳаракатимиз билан амалга ошади-ку?!)», деган савол пайдо бўлиши мумкин. Биз айтамиз:

Ҳа, шундай дейишимиз тўғри. Чунки: Бизнинг феълимиз ва сўзимиз икки нарсадан ҳосил  бўлади: биринчиси қудрат, иккинчиси эса ирода-хоҳиш. Банданинг феъли унинг иродаси ва қудратидан келиб чиқар экан, шу иродани яратган ва инсон қалбини ушбу иродани қабул этувчи қилиб кўйган зот Аллоҳ азза ва жалладир. Шунингдек, ундаги қудратни ҳам яратган зот Аллоҳ азза ва жалладир. У зот натижани келтириб чиқарувчи тўлиқ сабабни яратяпти. Айтамизки, тўлиқ сабабнинг яратувчиси, мусаббаб (натижа)нинг ҳам яратувчисидир. Яъни таъсир берувчини яратган зот унинг асарининг (таъсирининг) ҳам яратувчиси ҳисобланади. Банданинг феълини яратувчи зот Аллоҳ таоло эканлигини қуйидагича тушунтирамиз: Банданинг феъли ва сўзи икки нарса: ирода ва қудратдан ҳосил  бўлади. Агарда хоҳиш-ирода бўлмаганда, банда иш бажара олмас (ҳаракатга туша олмас) эди. Агарда қудрати бўлмаса – бу ҳолда ҳам у ҳеч нарса қилолмайди. Чунки бирон ишни хоҳласаю, лекин қилишдан ожиз бўлса, уни қилолмайди. Ёки қодир бўлсаю, лекин қилишга хоҳиш бўлмаса ҳам ҳеч нарса бажармайди. Шундай қилиб, феъл-амаллар қатъий ирода ва комил қудратдан юзага келади. Аллоҳ таоло эса, қатъий ирода ва комил қудратнинг яратувчисидир. Мана шу йўл билан қандай қилиб Аллоҳ таолони банданинг феълини яратувчи зот дейилишини билиб олдик. Магар банда ҳақиқатда ўзи иш бажарувчисидир. Унинг ўзи покланувчи, намоз ўқувчи, рўза тутувчи, закот берувчи, ҳаж ва умра қилувчи, итоат қилувчи ёки осийлик қилувчи бўлади. Бироқ бу феъллар Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқлари (яралмишлари, яратилганлари) бўлмиш ирода ва қудрат туфайли вужудга келади. Шу билан инсоннинг ўзи ва унинг феъли қандай қилиб Аллоҳга махлуқ эканлиги маълум бўлди. Аллоҳга ҳамду сано бўлсинким, масала ойдин бўлди.

Агарда саволлар кўпайиши ва аксар одамларда тушунмовчиликлар келиб чиқиши бўлмаганда эди, биз гапни кўпайтирмасдан: «Ушбу мавзуга шўнғишлик шариатда қораланган беҳуда сўзлашнинг бир туридир», деб қўя қолган бўлардик. Лекин ҳойи ҳаваслар тарқалгани ва фосиқ қилаётган гуноҳини ўзича оқлашга интилиши туфайли бу ишга жазм қилдик. Агарда фосиқнинг ўзи чуқур тафаккур юритганида эди, иш у ўйлаганича эмаслигини биларди. Агарда шу мулоҳазалар бўлмаганида, бу борада сўз очмаган бўлардик.

Демак, тақдир ва тақдирга иймон келтиришнинг тўрт мартабаси бўлар экан. Биринчи мартаба: (Азалдан) билиш, иккинчиси: (Лавҳул Маҳфузга) ёзиб қўйиш, учинчиси: хоҳлаш, тўртинчиси: яратиш. Буларнинг барчасини Аллоҳ азза ва жаллага хослашлик вожиб бўлади. Лекин бу, иш-ҳаракатни хоҳиш-ихтиёри бор қилувчисига нисбат беришликка зид келмайди. Масалан, биз: Олов ёндиради, куйдиради деймиз, ҳолубки ундаги ёндириш сифатини яратган зот шубҳасиз Аллоҳдир. У ўзича ёндирувчи бўлолмайди, балки Аллоҳ уни ёндирувчи қилганлиги учун ёндирувчи бўлади. Иброҳим алайҳиссалом ташланган олов ёндирувчи бўлмади (у зотни ёндирмади). Чунки Аллоҳ таоло унга: «Иброҳимга салқин ва саломатлик ери бўл», деб амр этди. У Иброҳимга салқин ва омон жой бўлди. Демак, олов (ўт) ўзича бирон нарсани ёндирмайди, балки Аллоҳ унда ёндириш қувватини яратганлиги учун ёндиради. Бу ерда, ёндириш қуввати банданинг хоҳиш ва қудратидан иборат феълига мос келувчидир. Зеро хоҳиш ва қудрат иш-ҳаракат билан амалга ошса, оловда ёндирувчи модда сабабли ёниш ҳосил бўлади. Бу билан унинг орасида фарқ йўқ. Лекин бандага хоҳиш, хис қилиш, ихтиёр ва ақл берилган экан, иш-ҳаракат, моҳият ва ҳукм жиҳатдан унга нисбат бериладиган бўлди. Унинг ҳаққа тескари иш тутиши жазоланади. Чунки у ўз ихтиёри билан бирон иш-ҳаракатни қилади ва ихтиёри билан бирон иш-ҳаракатни ташлайди. Бунда у ихтиёрли ёки ихтиёрсиз эканини қалбдан сезиб туради. Шунинг учун иш-ҳаракат унга нисбат берилади.

Ва охири, мўмин кишига, Аллоҳни Парвардигор деб рози бўлишлик вожибдир. Уни Парвардигор деб рози бўлишлик эса, унинг қазои қадарига иймон келтиришлик билан мукаммал бўлади. У қилаётган амаллари билан, елиб-югуриб излаётган ризқи ва ҳимоя қилаётган ҳаёти орасида фарқ йўқлигини билсин.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.