“Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ”нинг маъноси

“Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасининг маъноси

Муаллиф: Муҳаммад ибн Жамил Зайну

Дорул Ҳадис Ал-Ҳайрийя, Макка Ал-Мукаррама

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен “Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир” деб гувоҳлик бераман.
“Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!” (Оли Имрон: 102).
“Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир” (Нисо: 1).
“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди” (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг…
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.[1]

“Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг маъноси

“Аллоҳдан бошқа сиғинишга лойиқ ҳеч маъбуд йўқдур”

Бу калимада Аллоҳдан бошқа сиғиниладиган барча илоҳларни инкор қилиш ва фақат Аллоҳнинг Яккалигини исботлаш бордур.
1. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:
(Эй Муҳаммад), Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ эканлигини билинг ва гуноҳингизга истиғфор (мағфират) сўранг!” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Шу оят бизга далилки, унинг (яъни калимаи шаҳодат) маънолари билан билишлик фарздир ва Ислом динининг бошқа фарзларидан (намоз, рўза, ҳаж ва бошқа) устун туради.[2]
2. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
مَنْ قَالَ لاَ إِله إلَّا الله مُخْلِصاً دَخَلَ الْجَنَّةِ      رواه البزّار
“Кимда ким холисона Ла илаҳа иллаллоҳ деса Жаннатга киради” (Баззор ривояти, Шайх Албоний саҳиҳ деганлар, Саҳиҳ ал-Жамиъ).
Ҳақиқатдан ҳам, холис кимса – уни маъноларини тушунган, шартларига амал қилган ва бошқа инсонларни унга чақирган, бошқа ишлардан устун қўйган кимсадур. Чунки у Аллоҳ таоло инсу-жинларнинг яратилишидан мақсад бўлган тавҳиднинг (якка, шериги йўқ бўлган Аллоҳ таолога ибодат қилиш) негизидур.
3. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толибнинг ўлим тўшагида бўлган пайтида, унга қарата:
يَا عَمِّ قُلْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ كَلِمَةً أَشْهَدُ لَكَ بِهَا عِنْدَ اللَّهِ وَأَبَى أَنْ يَقُولَ لَا إِلَهَ إِلَّا الله     رواه البخَاريُّ و مسلم
“Эй амаки, Ла илаҳа иллаллоҳ денг, (у шундай) калимаки мен Аллоҳнинг ҳузурида сизнинг тарафингизни оламан (яъни шу калимани айтсангиз Аллоҳнинг ҳузурида сизни шафоат қила оламан) дедилар. Лекин амакилари Ла илаҳа иллаллоҳ дейишликдан бош тортди (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
4. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада 13 йил бўлдилар ва унинг барча аҳлини мана шу Ла илаҳа иллаллоҳ калимасига чақирдилар, лекин уларнинг жавоблари Қуръони Каримда шундай бўлди:
(Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантиргувчи – Пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: “Бу бир ёлғончи сеҳргардир. (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!”” (Сод сураси, 4-5 оят).
Араблар бунинг маъносини жуда яхши билар эдилар ва мана шу калимани айтган кимса бошқа илоҳларга сиғина олмаслигини яхши билишар эди. Шунинг учун ҳам у калимани айтишдан ўзларини тийдилар ва бош тортдилар. Аллоҳ таоло улар ҳақида Қуръони Каримда шундай деди:
“Ва улар (кофир, мушриклар): “Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб ҳудоларимизни тарк қилар эканмизми?” дер эдилар. Йўқ, (Муҳаммад алайҳиссалом алсо шоир, мажнун эмасдур, балки) у Ҳақ (дин)ни олиб келди ва (ўзидан аввал ўтган) барча пайғамбарларни тасдиқ этди” (Соффат сураси, 36-37 оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَكَفَرَ بِمَا يُعْبَدُ مِنْ دُونِ اللَّهِ حَرُمَ مَالُهُ وَدَمُهُ وَحِسَابُهُ عَلَى اللَّهِ   رواه مسلم
“Кимда ким Ла илаҳа иллаллоҳ деса ва Аллоҳдан бошқа сиғиниладиган илоҳларни инкор қилса, шунда унинг моли ва қони ҳаромдур (яъни молини талон тарож қилиш ва унга қарши курашиш мумкин эмасдур) ва унинг ҳисоби Олий бўлган Зот Аллоҳгадур” (Имом Муслим ривояти).
Ҳадиснинг маъноси шуни билдирадики, калимаи шаҳодатни айтишлик – у (айтган) кимсанинг Аллоҳдан бошқа илоҳларни маъбуд эканлигини инкор қилишликка ва Аллоҳгина ўша ибодатларга лойиқ Зот эканлигини тан олишлигига тақозо қилади. Шу нарса ажабланарлики, баъзи мусулмонлар тиллари билан Ла илаҳа иллаллоҳ дейдилар, лекин улар амаллари ва Аллоҳдан бошқага қилган дуолари билан бу калиманинг маъносига зид келадилар.
5. Дарҳақиқат Ла илаҳа иллаллоҳ тавҳид ва Исломнинг асосидур ва тўлиқ, мукаммал ҳаётнинг манҳажидур (йўлидур). Унинг кўрсатган йўли билан Аллоҳ таоло учун бўлган ҳар бир амалнинг тўғрилигини ифодалаб беради. Бу фақат қачон мусулмон киши ўзини Аллоҳгагина бўйсуниб, таслим бўлгандагина ва бошқа инсонлар ўйлаб чиққан қонунларни қўйиб фақат Аллоҳ таолонинг қонуни билан ҳукм қилгандагина содир бўлур.
6. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: “Илоҳ – бу шундай Зотки, бир кишининг муҳаббат, қўрқув ва умид қилиш билан итоат қилинадиган ва Унга осийлик қилинмайдиган, Унгагина таваккул қилинадиган, Ундангина сўраладиган ва Унгагина дуо қилинадиган Зотдур. Буларнинг барчасига ҳеч ким лойиқ эмасдур, магар Қудратли ва Олий бўлмиш Аллоҳгина лойиқдур.
Шундай экан, Аллоҳгагина хос бўлган юқоридагилардан биронтасини Аллоҳга қўшиб бошқани ҳам шерик қиладиган бўлса, унда ўзининг Ла илаҳа иллаллоҳ нутқига шармандаликдур ва ўз калимасига хилоф қилган кимсадур. Ва мана шуларни Аллоҳдан бошқага қилиб яратилган маҳлуққа ибодат қилибди”.

7. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
“Ўлим тўшагида бўлганларингизга Ла илаҳа иллаллоҳни айтишликни унданглар. Чунки кимнинг охирги сўзи Ла илаҳа иллаллоҳ бўлса, (гуноҳлари сабабли азоб) оладиган жазосини олгандан сўнг ҳам Жаннатга киради” (Ибн Ҳиббон ривоятлари, Шайх Албоний саҳиҳ деганлар, Саҳиҳ ал-Жомиъ).
Бу ҳадисдаги ”унданглар”нинг маъноси, вафот этаётган кимсанинг олдида фақатгина Ла илаҳа иллаллоҳ деб такрорлаб туришлик эмас, балки у кимсани шу калимани айтишликка чақиришликдир. Бунга далил, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, унда: ”Аллоҳнинг Расули Ансорлардан бўлмиш (вафот қилиш арафасида бўлган) бир кимсани зиёрат қилдилар ва айтдиларки: ”Эй амаки, Ла илаҳа иллаллоҳ денг!” Ҳалиги Ансорий: “Сиз мени онам тарафдан жияним бўласизми ёки отам тарафданми?” деб сўради. Пайғабамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам (жавобан): “Онангиз тарафдан” дедилар. У киши эса: “У ҳолда мен Ла илаҳа иллаллоҳни айтишим афзалдир”“Тўғри!” деди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: деб қўйдилар (Имом Аҳмад ривояти, ҳадис ривояти саҳиҳдир).
8. Агар кимса Ла илаҳа иллаллоҳ калимасини ҳаётига татбиқ қилса ва уни Аллоҳ таолога шерик қилишлик билан, айниқса ўлик ва ғойиб бўлган кимсаларга дуо қилишлик билан ботил, бекор қилмаса, ана ўшандагина шу калима у кимсага фойда беради.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
“Кимда ким Ла илаҳа иллаллоҳ деса, ундан аввал нима келишидан қатъий назар (яъни гуноҳлари учун азобланишидан кейин бўлса ҳам) бахт-саодат келтиргувчи бўлади (яъни Жаннатга дохил бўлади) (Имом Байҳақий ривояти, Шайх Албоний саҳиҳ деганлар).

“Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасининг маъноси

“Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидур”

Муҳаммадур Расулуллоҳ – бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳнинг Расули бўлиб (инсонларга Аллоҳнинг Рисолати бўлмиш Қуръони Каримни нозил қилиш учун) Аллоҳ тарафидан юборилганликларига иймон келтиришликдир. Шундай экан, биз уларнинг (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) бизларга хабар берган нарсаларига иймон келтирамиз, бизларни буюрган буйруқларига итоат қиламиз, қайтарган нарсаларидан қайтамиз ва Аллоҳ таолога у (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга кўрсатиб кетгандек ибодат қиламиз.
1. Абул-Ҳасан Али ан-Надави ўзларининг “Нубувват” номли китобларида шундай деган эканлар: “Дарҳақиқат, ҳар бир замон ва ҳолатда, барча пайғамбарларнинг энг аввалги (инсонларга қилган нидоси) ва энг юксак мақсадлар – Аллоҳ таоло хусусида бўлган инсонларнинг ақидасини ва Аллоҳ билан бандалар ўртасидаги ибодатларни тузатишликдан иборат бўлган.
Пайғамбарлар алайҳимуссалом Аллоҳ таолога ихлос қилишликка, Уни ибодатларда яккалашликка (яъни Унинг Ўзигагина ибодат қилишликка), Унинг Ўзигина зарар ва фойда етказувчи эканлигига, ҳамда Ўзигина ибодатларнинг барча турига: (шу жумладан) дуо, Ўзидангина паноҳ излашлик ва Унгагина қурбонлик қилишга чақиришгандур. Уларнинг бутун вужудлари ўзларининг пайтларида бут ва санамларга, тирик ва ўлик бўлган солиҳ кимсаларга
[3] ибодат қилиш шаклида мавжуд бўлган ширк ва бутпарастликка қарши туришлик эди”.
2. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулига хитоб қилиб айтади:
“Айтинг: “Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огохлантиргувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос” (Аъроф сураси, 188-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
“Мени Насронийлар Марямнинг ўғлини (Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳга шерик қилишга олиб борадиган ҳаддан ташқари) мақтагандек мақтаманглар! Дарҳақиқат, мен (Аллоҳнинг) қулидурман. Шунинг учун мени Аллоҳнинг қули ва Расули деб чақиринглар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Бу ҳадисдаги мақташлик – ҳаддан ташқари кўп мақташликка киноядир, шунинг учун бизлар насоролар Аллоҳни қўйиб Марям ўғли Исо алайҳиссаломга ибодат қилиб, ширкка мубтало бўлганлари каби, Аллоҳни қўйиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга дуо қилмаслигимиз шартдур. Аксинча, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни “Муҳаммад, абдуҳу ва расулуҳу (Унинг қули ва расули) деб чақиришлигимизни уқтириб кетдилар.
3. Пайғамбарга бўлган ҳақиқий муҳаббат – бу Аллоҳ таолонинг Ўзигагина дуо қилишлик ва Пайғамбар ёки авлиё бўлишидан қатъий назар Ундан Ўзга бирон бир кимсага дуо қилмаслик билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш орқали муҳаббат изҳор қилишликдир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам (бир саҳобага хитоб қилиб) шундай дедилар:
“Қачон бирон нарса сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина сўрагин. Ва қачон ёрдам сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдангина сўрагин!” (Имом Термизий ривоятлари, саҳиҳ).
Қачонки ғамгин бўлсалар, мана бундай дер эдилар:
“Я Ҳайю Я Қайюм! (Эй абадий тирик бўлган ва абадий бор бўлган Зот!) Сенинг раҳматинг ила ёрдам сўрайман” (Имом Термизий ривоятлари, ҳасан).
Қуйидаги сўзларни айтган шоирга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин:

Агар муҳаббатинг ҳақ бўлганида, сен унга итоат қилган бўлур эдинг,
Дарҳақиқат муҳаббат қилгувчи – итоат қилгувчидур.

Шундай экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳақиқий муҳаббат – (бу) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг муҳим мақсадлари бўлмиш тавҳидни ва тавҳидга чақирганларни яхши кўришликдир ва ширкка қарши жанг қилишликдир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan