PDF WORD

Исми Аъзам ҳақида

Исми Аъзам ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Биринчидан: Исми Аъзам ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ушбу ҳадисларнинг энг машҳурлари:

1. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳнинг Аъзам исми Қуръоннинг уч сурасидадир: «Бақара», «Оли Имрон» ва «Тоҳа»» (Ибн Можжа (3856), Албоний «Соҳиҳ Ибн Можжа»да ҳасан даражасида дедилар).

2. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят, у киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирганларида бир киши намоз ўқиб сўнг шундай дуо қилди:

“اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِأَنَّ لَكَ الْحَمْدُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ الْمَنَّانُ بَدِيعُ السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضِ يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ”.

Маъноси: «Аллоҳим мен Сендан, барча мақтовлар Сенга хос экани ила сўрайманки Саҳоватли, осмонлару ерни пайдо қилгувчи Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Эй, улуғлик ва мукаррамлик Соҳиби. Эй, тирик. Эй, абадий тургувчи». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳга Унинг ал-Азим исми ила дуо қилдики, агар у (ал-Азим исми) ила дуо қилинса ижобат қилади, у ила сўралса беради» (Термизий (3544), Абу Довуд (1495), Насоий (1300), Ибн Можжа (3858) ва Албоний «Саҳиҳ Аби Дауд»да саҳиҳ санадилар).

3. Бурайда ибн Хусойб розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини шундай деяётганини эшитдилар:

“اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ أَنِّي أَشْهَدُ أَنَّكَ أَنْتَ اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ الْأَحَدُ الصَّمَدُ الَّذِي لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ ”

Маъноси: «Аллоҳим, Сендан шуни сўрайманки, батаҳқиқ мен Сен Аллоҳ, Ягона, (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчи, туғмаган ва туғилмаган ҳамда ҳеч ким У Зотга тенг эмас дея гувоҳлик бераман». Шунда у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Дарҳақиқат, Аллоҳдан у ила сўралса ато қиладиган ва у ила дуо қилинса ижобат қиладиган исми билан сўрадинг» (Термизий (3475), Абу Довуд (1493), Ибн Можжа (3857) ва Албоний «Саҳиҳ Аби Дауд»да саҳиҳ санадилар).

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ушбу (ҳадис) бу борада ворид бўлган барча (ҳадислар) ичида санад жиҳатидан энг рожиҳидир» («Фатҳул Борий» (11/225)).

4. Асмо бинти Язиддан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳнинг ал-Аъзом (энг улуғ) исми ушбу икки оятдадир: «Илоҳингиз ягона илоҳдир. У Раҳмон ва Раҳим илоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқдир» (Бақара: 163). Ҳамда Оли Имрон сурасининг аввали: «Алиф, Лом, Мим. Аллоҳ (ягона) ҳеч бир ҳақ тангри йўқ. Фақат Унинг ўзи бор. У тирик ва абадий тургувчидир» (Оли Имрон: 1-2)» (Термизий (3478), Абу Довуд (1469) ва Ибн Можжа (3855)).

Ушбу ҳадис заифдир: унда Убайдуллоҳ ибн Зиёд ва Шаҳр ибн Ҳавшаблар бор. У иккиси заифдир.

Иккинчидан: Дарҳақиқат, илм аҳли Аллоҳнинг «ал-Аъзом» исми борасида у аслида борми ёки йўқми деган масалада бир неча сўзга ихтилоф қилдилар:

Биринчи қовл: Унинг аслида бор эканлигини инкор қилдилар! Аллоҳнинг исмларидан бўлган бир исмни бошқасидан афзал деб бўлмайди деган эътиқод асосида. Ушбу уламолар юқорида ворид бўлган ҳадисларни таъвил қилиб, бир неча важҳга йўйдилар:

Биринчи важҳ: «Ал-Аъзом» (энг улуғ)нинг маъноси «ал-Азим» (улуғ)дир дейдиганлар. Ана шунда Аллоҳ таолонинг исмлари ўртасида ўзаро афзаллик бўлмайди.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Дарҳақиқат, буни Абу Жаъфар ат-Тобарий, Абул Ҳасан ал-Ашъарий кабилар ва у иккиларидан кейин Абу Ҳатим ибн Ҳиббон ва қози Абу Бакр Баққилоний каби бир жамоа инкор қилиб, айтишдики: «(Аллоҳнинг) исмларини баъзиси баъзисидан афзал дейишлик жоиз эмас». Ушбу (қовл)ни баъзилари Моликка нисбат бердилар. У киши (Молик) бирор сурани бошқа суралар қолиб қайта-қайта такрорланишини кариҳ кўрардиларки, Қуръоннинг баъзиси баъзисидан афзал деган гумонга бориб қолинмаслиги учун. Натижада ушбу (иш) мафзул (афзалдан қуйидаги)ни афзалдан нуқсонли эканда деган ақидага йўл очиб беради. Бу борада ворид бўлган (ҳадис)ларни шунга йўйишдики, «ал-Аъзом»дан мурод «ал-Азим»дир. Аллоҳ исмларининг бари Азим-(Буюк)дир. Абу Жаъфар ат-Тобарийнинг иборалари шундай бўлди: ««Ал-Аъзом» исмини таъйин қилишлик борасида турли асарлар (ворид бўлди). Менинг наздимда: Агар улардан бирор хабарда, у исми Аъзом экан дея ворид бўлмаган бўлса, қовлларнинг бари саҳиҳдир. Ундан кўра Аъзом-(Буюкроқ) бирор нарса йўқ». У киши роҳимаҳуллоҳ гўёки шундай деяптилар: Аллоҳ таолонинг исмларини ҳар бирига у Аъзомдир дея васф бериш мумкин. Шунда, юқорида ўтганидек Азим маъносига қайтади».

Иккинчи важҳ: Юқорида ўтган ҳадислардан мурод, ушбу исм билан дуо қилган кишига зиёда савоб бўлишини баён қилишлик эди.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ибн Ҳиббон айтдиларки: Хабарларда ворид бўлган «ал-Аъзом» исмига келсак, ундан ирода қилингани ушбу (исм) ила дуо қилган кишига зиёда савоб бўлишидир. Худди ушбу (хабар) Қуръонда ҳам айтиб ўтилганидек. Ундан ирода қилингани: қорига зиёда савоб бўлишлигидир».

Учинчи важҳ: Исми Аъзамдан мурод қорида кечмиш ҳолатдир. У Аллоҳ таолога Унинг қай бир исми билан бўлса-да дуо қилган ҳар бир кишини ўз ичига олади. Агар ушбу ҳолатда бўлса.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Айтилдики: Исми Аъзамдан мурод: банданинг фикрида Аллоҳ таолодан ўзгаси бўлмаслиги ила (қалби дуога) чўмган ҳолда дуо қилаётган Унинг барча исмидир. Кимда ушбу нарса рўй берса, унга ижобат қилинади. Ушбу маъно Жаъфар Содиқ, Жунайд ва бошқалардан нақл қилинди».

Иккинчи қовл: Аллоҳ таоло исми Аъзамни белгилаш илмини яширган. Ва У ушбуни халқларидан бирор кишига хабар қилмаган, дейдиганларнинг қовлидир.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Бошқалар айтишдики: Аллоҳ таоло исми Аъзамни яширди. Ва у ҳақида халқларидан бирор кишига хабар қилмади» (Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий» (11/224)).

Учинчи қовл: Исми Аъзамни бор эканлигини исбот қилган ва уни таъйин қилганларнинг қовли. Дарҳақиқат, исми Аъзамни таъйин қилувчиларнинг қовли ўн тўрт хил сўзга бўлинди. Ушбу қовлларни Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Фатҳул Борий» (11/224-225) китобларида келтирадилар:

«1) هو (У).

2) Аллоҳ.

3) Аллоҳ, ар-Роҳман, ар-Роҳим.

4) ар-Роҳман, ар-Роҳим, ал-Ҳайй, ал-Қойюм.

5) ал-Ҳайй, ал-Қойюм.

6)

الحنان المنان بديع السماوات والأرض ذو الجلال والاكرام الحي القيوم

ал-Ҳаннан, ал-Маннан, Бадиъус Самавати вал Арди, Зул Жалали вал Икром, ал-Ҳайюл Қойюм.

7) Бадиъус Самавати вал Арди, Зул Жалали вал Икром.

8) Зул Жалали вал Икром.

9)

الله لا إله إلا هو الأحد الصمد الذي لم يلد ولم يولد ولم يكن له كفوا أحد

10) Робби, Робби.

11) Зиннуннинг балиқ қорнидаги дуоси:

لا إله إلا أنت سبحانك إني كنت من الظالمين

Маъноси: «Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сен барча айбу нуқсонлардан поксан. Дарҳақиқат, мен золимлардам бўлдим».

12)

هو الله الله الله الذي لا إله إلا هو رب العرش العظيم

Маъноси: У Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳки У буюк арш Раббисидан ўзга ҳақ илоҳ йўқ.

13) У асмоил ҳуснага яширингандир.

14) Тавҳид калимаси бўлмиш: «Ла илаҳа иллаллоҳ»».

Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Маълуминг бўлсинким, уламолар Аллоҳнинг исми Аъзамини тайин қилишликда ўн тўрт хил сўзга ихтилофлашдилар. Ҳофиз уларни «Фатҳ»да келтириб ўтиб, ҳар бир сўзнинг далилини зикр қилган. Далилларнинг кўпи ҳадислардандир. Баъзилари эса қуруқ рай бўлиб, уларга аҳамият қаратилмайди. Мисол учун ўн иккинчи қовл. Унинг далили: фалончи Аллоҳ таолодан унга исми Аъзамни ўргатишини сўради. Шунда тушида кўрсаки: У Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳки У буюк арш Раббисидан ўзга ҳақ илоҳ йўқ!

Ушбу ҳадислар орасида саҳиҳи ҳам бўлиб, бироқ у (нимага) далолат қилишлиги очиқ эмас. Яна улардан мавқуф (хоҳ санад боғланган ёки узилган бўлсин саҳобийга нисбат берилган ҳадис). Улар орасида далолати сариҳ-(очиқ) бўлганлари ҳам бор бўлиб, у икки қисмдир: саҳиҳ, (далолати) очиқ қисм бўлиб, у Бурайданинг ҳадисидир: «Сен Аллоҳ, Ягона, (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчи, туғмаган…». Ҳофиз шундай дедилар: «Ушбу (ҳадис) бу борада ворид бўлган барча (ҳадислар) ичида санад жиҳатидан энг рожиҳидир». У (ҳақиқатда) роҳимаҳуллоҳ айтганларидекдир. Шавконий буни «Туҳфатуз Закирин» (52)да қайд этиб ўтди ва у «Саҳиҳ Аби Дауд» (1341)да ривоят қилинган.

Бошқа қисмига келсак: (Далолати) очиқ-ку, бироқ саҳиҳ эмас. Баъзиларини Ҳофиз заиф эканини очиқ айтдилар. Ибн Можжа (3859) Оишадан ривоят қилган учинчи қовл ҳадиси. У «Заиф Ибн Можжа» (841)да мавжуд. Баъзилари ҳақида сукут сақлаб, ҳасан даражасида ҳам демадилар! Термизийдаги Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинган саккизинчи қовл ҳадиси каби. У «Заифа» (4520)да мавжуд.

Бу ўринда бошқа очиқ ҳадислар ҳам бўлиб, Ҳофиз уларни зикр қилмадилар. Бироқ улар ноаниқдир. Улар (2772, 2773, 2775) рақам остида ривоят қилинган» («Силсила ал-Аҳадис ад-Доифа вал Мавдуъа» (13/279)).

Учинчидан: Шояд ушбу қовллар ичидаги энг (ҳаққа) яқини, исми Аъзам – «Аллоҳ» бўлса. У Аллоҳ таолонинг жамийки исм ва сифатларига далолат қиладиган Аллоҳ таолонинг жомеъ исмидир. У шундай исмки, Аллоҳ таолодан ўзгасига айтилмайди. Аксар илм аҳли ушбу қовлдадир.

1) Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: ««Аллоҳ» исми барча гўзал исмлар ва олий сифатларга уч йўл ила далолат қилади…» («Мадариж ас-Саликин» (1/32)).

Далолатнинг уч тури: мувофиқ келишлик, ўз ичига қамраб олишлик ва лозим тутишлик далолатларидир.

2) Ибн Амир Ҳож ал-Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Муҳаммад ибн Ҳасандан ривоят, айтдики: Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шундай деяётганларини эшитдим: Аллоҳнинг исми Аъзами – «Аллоҳ»дир. Буни Таҳовий ва кўплаб уламо ҳамда орифлар айтишди» («ат-Тақрир ва Ат-Таҳбир» (1/5)).

3) Абул Бақо ал-Футуҳий ал-Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Икки фойдага тўхталсак: Биринчиси, «Аллоҳ» исми Зотга белги, Унгагина хос ва барча асмоил ҳуснани ўз ичига олади.

Иккинчиси, аксар аҳли илмнинг наздида у Аллоҳнинг исми Аъзамидирки, У барча мақтовлар билан сифатлангандир» («Шарҳ ал-Кавкаб ал-Мунир» (4)).

4) Ширбиний Шофеъий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Тадқиқотчи (уламо)лар наздида у Аллоҳнинг исми Аъзамидир. Дарҳақиқат, Қуръони Азизда 2360 ўринда зикр қилинди» («Муғнил Муҳтаж ила Маърифати Алфаз ал-Минҳаж» (1/88-89)).

5) Шайх Умар ал-Ашқор роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Аллоҳнинг Аъзам исми ворид бўлган ҳужжатлар орасини солиштириб кўрилганда зоҳир бўлгани шуки, у – «Аллоҳ»дир. Ушбу исм Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳнинг Аъзам исми ворид бўлган барча ҳужжатларда келган ягона исмдир.

«Аллоҳ» исми Аъзам эканини рожиҳ қиладиганлардан яна бири, у Қуръони Каримда 2697 ўринда такрор келди. Аллоҳумма лафзи билан беш мартта. Аллоҳ таолога хос бўлган исмлардан бошқа бири бўлмиш «ар-Роҳман» 57 мартагина ворид бўлди. Яна буни рожиҳ қиладиганлардан: ушбу исм кўплаб улкан маъноларни ўз ичига олганлигидир» («ал-Ақида филлаҳ» (213)).

Қувватли экани жиҳатидан иккинчи даражда бўлган қовл – Аллоҳнинг исми Аъзами «Ал-Ҳайюл Қойюм»дир. Ва у бир тоифа уламоларнинг қовлидир. Улардан: Нававий ва шайх Усаймин роҳимаҳуллоҳ ушбуни рожиҳ деб билдилар. Валлоҳу Аълам.

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

1 та мулоҳаза

  1. Алишер → 26.12.2012 йил

    Аллох хаммамизни тугри йулидан адаштирмасин

Фикр билдиринг