Исломни бузувчи амаллар шарҳи

Исломни бузувчи амаллар шарҳи

Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Рожиҳийнинг

«Шарҳ Навақид-ул-Ислам» номли шарҳлари асосида тайёрланди

Мусулмон дўстим, билингки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ислом динига кириш ва уни маҳкам ушлашни  барча одамларга фарз қилиб, унга хилоф бўлган нарсадан огоҳлантирди. Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни шу динга даъват қилиш учун юборди ва унга эргашган киши ҳидоят топган, юз ўгирган киши эса адашган эканидан хабар берди.

Дарҳақиқат, мусулмон баъзида моли ва қонини ҳалол қиладиган кўплаб бузувчи амал турларини қилиш билан Ислом динидан чиқиб, муртад бўлиши мумкин. Бу бузувчиларнинг энг хатарлиси ва энг кўп содир бўладигани 10 тадир. Ушбу қисқа рисолада мана шу 10 та бузувчи амалларнинг шарҳлари билан таништириб чиқамиз.

1. Ширк

Аллоҳ таолога ибодат қилишда шерик қилиш. Бунга далил Аллоҳ таоло айтадики:

«Албатта, Аллоҳ Аллоҳга шерик қилган кишига жаннатни ҳаром қилди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Золимларнинг ёрдамчилари йўқдир» (Моида: 72).

Вафот этган кишилардан эҳтиёж ва ёрдамларни сўраш, уларга қурбонликлар сўйиш ва назрлар қилиш ҳам шулар жумласидандир. Демак, агар инсон Ширк қилган ҳолатда вафот этса у ҳолда Аллоҳ у инсонни кечирмайди. Демак ширк вафот этгандан кейин кечирилмайдиган энг катта гуноҳдир.

«Аллоҳ ўзига шерик қилинишини кечирмайди. Ундан бошқа барча гуноҳларни хоҳлаган бандаси учун кечиради» (Нисо: 48 ва 116).

Ширк инсоннинг барча яхши амалларининг ҳабата бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ айтадики:

«Аллоҳнинг ҳидояти шудир. У билан хоҳлаган бандаларини йўлга солади. Агар мушрик бўлганларида қилган (савобли) амаллари йўққа чиққан бўлур эди» (Анъом: 88).

«»Аллоҳ бу – Масиҳ ибн Марям», – деганлар кофир бўлдилар. Масиҳ уларга деди: «Эй, Исроил авлоди! Раббим ва Раббингиз (бўлмиш) Аллоҳга ибодат қилингиз!» Кимки Аллоҳга ширк келтирса, албатта, унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзахдир. Золимларга (эса) ёрдамчилар бўлмас» (Моида: 72).

Демак, ширк яхши амалларни йўққа чиқаради ва инсонни кофирга айлантиради. Ширк инсонни абадий дўзахда қолишига сабаб бўлади, у инсон учун Жаннат ҳаром бўлади. Аллоҳдан барчамизни ширкдан ва ширкка олиб борувчи амаллардан сақлашини сўраймиз. Кимки ибодатнинг қайси турида бўлмасин, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилса, демак у инсон диндан чиқиб кетганига шак-шубҳа йўқдир.

Масалан, Аллоҳдан ўзгага дуо қилса, қурбонлик қилса, демак ширк амалини қилган бўлади ва кофир ҳисобланади. Яна мисоллар, Аллоҳдан ўзгага сажда қилишлик, Жинларга, қабрларга, фаришталарга қурбонлик қилишлик, Аллоҳдан ўзганинг номига қасам ичишлик, Каъбадан бошқа жойда тавоф қилишлик ва ҳоказолар ширк ҳисобланади. Мана шу ширк Исломни бузувчи амалларнинг биринчисидир.

2. Аллоҳ билан ўзи ўртасида воситачилар қилиб, уларга дуо, таваккул қилишлик ва улардан шафоат сўрашлик. Бу амални қилган кишининг кофир эканлигига шак-шубҳа йўқдир.

Иккинчи Исломни бузувчи амал бу ширкнинг бир формаси. Ширк бу умумий атама, аммо бу амал эса хусусийроқ. Масалан айтайлик, инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзи ва Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб қўйди ва шундай дуо қилди:

«Эй Муҳаммад, Менга ёрдам бер!» ёки «Эй Муҳаммад, Мени Аллоҳга яқинлаштир!» Мана шу каби дуолар қилиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзи ва Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб қуяди.

Ёки фаришта ёки, бирор ғайбий солиҳ кишини, жинни ёки қабрни, ёки қуёш, ойларни ўзи ва Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб қўйишлик бу Исломни бузувчи амаллардандир. Демак, у инсон мана шуларга уни Аллоҳга яқинлаштиришларини умид қилиб уларга дуо қилади.

Аллоҳ булар ҳақида шундай дейди:

«(Эй, инсонлар) огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир. Ундан ўзга «дўстлар»ни («илоҳ») қилиб олган кимсалар: «Биз фақат уларга бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз» (дерлар). Шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Албатта, Аллоҳ ёлғончи ва ношукр кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар: 3).

Аллоҳ таоло бошқа оятда айтадики:

«Аллоҳни қўйиб, уларга зарар ҳам, фойда ҳам келтира олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва «Ана шулар Аллоҳ ҳузурида бизни шафоат қилувчиларимиздир», – дейдилар. Айтинг: «Аллоҳга осмонлар ва Ердаги У билмайдиган нарсаларни билдириб қўймоқчимисизлар?!» Аллоҳ уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир!» (Юнус: 18).

Демак, кимки ўзи ва Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб ўша воситачига дуо қилса, унинг номига қурбонлик қилса, қасам ичса, таваккул қилса у инсоннинг кофир эканлигига шак шубҳа йўқдир.

Биз фақатгина Аллоҳдан ёрдам сўраймиз, Аллоҳгагина таваккул қиламиз, Аллоҳнинг номигагина қурбонлик қиламиз, қасам ичамиз … Бизга ҳеч қандай воситачининг кераги йўқдир.

3. Мушрикларни кофир деб ҳисобламаган, ёки уларнинг кофир эканлигига шубҳа қилган ёки уларнинг йўллари ва оқимларини тўғри деб ҳисоблаган киши кофир бўлади.

Шарҳ: Демак мушрикларни кофир деб ҳисобламаганларнинг ўзи кофир бўлади. Бу ерда «мушрик» сўзи жуда ҳам умумий ва кўпгина кофирларни ўз ичига олади. Демак ҳар бир кофир мушрикдир. Кимки кофирни мана шундай деб ҳисобламаса демак ўзи ҳам кофир ҳисобланади.

Масалан, кимки Насроний, Яҳудий, мажусий (оловга сиғинувчи), бутга сиғинувчилар, катта мунофиқлар, коммунистларни кофир деб ҳисобламас экан унинг ўзи кофир эканлигида шак шубҳа йўқдир.

Бундан ташқари ким булар ҳақида шубҳа қилса, яъни «балки улар кофир эмасдирлар, балки Яҳудийлар тўғри йўлдадир» ёки шу каби шубҳада бўлса кофирдир. Ёки бир инсон «Инсонлар учун яҳудийлик ёки насронийликка ёки Исломга эргашишса бўлаверади. Барчаси тўғри йўлдир» деб айтса кофир бўлади. Ҳозирда баъзилар шундай деб барча динларни ақидаси қандай бўлишидан қатъий назар бирлаштиришга чақиришмоқда. Улар кофирлардир. Шубҳа йўқки, Яҳудий ва Насронийлар кофирдир. Демак мусулмон ўзини улардан, уларнинг йўли ва ақидасидан йироқ қилиши керак бўлади.

Уларнинг йўлини, ақидасини Аллоҳ учун ёмон кўришлик лозим. Чунки уларнинг йўли Аллоҳга ширк келтириш йўлидир.

Аллоҳ таоло улар ҳақида айтадики:

«»Марямнинг ўғли Масиҳ Аллоҳдир» деганлар куфрга кетдилар. Айтинг: «Агар Аллоҳ Марямнинг ўғли Масиҳни, унинг онасини ва Ердаги ҳамма (одамлар)ни ҳалок этишни ирода қилса, ким ҳам бирор нарсага қодир бўлар эди?!» Осмонлар, Ер ва улар ўртасидаги борлиқ устидан ҳукмронлик фақатгина Аллоҳга тегишлидир. Хоҳлаган нарсани яратади, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир» (Моида: 17).

«»Аллоҳ бу – Масиҳ ибн Марям», – деганлар кофир бўлдилар. Масиҳ уларга деди: «Эй, Исроил авлоди! Раббим ва Раббингиз (бўлмиш) Аллоҳга ибодат қилингиз!» Кимки Аллоҳга ширк келтирса, албатта, унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзахдир. Золимларга (эса) ёрдамчилар бўлмас» (Моида: 72).

«»Аллоҳ Учтанинг (Аллоҳ, Марям ва Исонинг ёки Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳнинг) биридир», – деганлар (ҳам) кофир бўлдилар. Ягона Илоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Агар айтаётган (гап)ларидан қайтмасалар, улар орасидан кофир бўлганларига аламли азоб етиши муқаррардир» (Моида: 73)

«Эй, иймон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга
чиқармангизлар ва ҳаддан ошмангизлар! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни севмайди» (Моида: 87).

«Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан иборат кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонидирлар» (Баййина: 6).

Демак, Аллоҳ Қуръонда уларнинг кофир эканлиги ҳақида очиқ ойдин хабар берган. Мусулмон Аллоҳ яхши кўрганларни Аллоҳ учун яхши кўради, Аллоҳ ёмон кўрганларни Аллоҳ учун ёмон кўради. Демак биз ҳар бир кофир-мушрикни Аллоҳ учун ёмон кўрамиз, чунки Аллоҳ куфр, ширк қилувчиларни яхши кўрмайди.

Бир киши «Мен яҳудийларнинг кофир ёки кофир эмаслигини билмайман, балким улар тўғри йўлдадирлар» деб айтса куфр қилган бўлади. Демак, ҳар бир мусулмон уларнинг кофир эканлигига шак шубҳа қилмаслиги лозим. Исломда эмасми демак Кофирдир. Чунки Аллоҳнинг наздида қабул бўлган дин бу Исломдир.

Аллоҳ таоло айтадики:

«Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини)дир» (Оли Имрон: 19).

«Кимки Исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85).

«Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим» (Моида: 3).

Энди савол туғилади, нима учун агар инсон юқоридаги мушрикларни кофир санамаса у ҳолда кофир бўлади? Бунинг сабаби шуки, кимки мушрикларни кофир санамаса демак, бу дегани у Тоғутларга (ёлғон илоҳ, динларга) кофир бўлмаган бўлади, яъни ёлгон илоҳ, динларни тўғри деб ҳисоблаган бўлади ёки уларнинг нотўғрилигига шубҳа қилган бўлади.

Иккита нарсасиз инсоннинг тавҳиди тавҳид бўлмайди:

1. Аллоҳга холис тўғри иймон келтириш;

2. Тоғутга, яъни барча турдаги ёлғон илоҳ, динларга кофир бўлиш.

Демак, кимки мушриклар, насроний ва яҳудийларни кофир санамас экан, у ҳолда ёлғон илоҳ, динларни рад қилмаган бўлади. Бундай тавҳид ботил тавҳиддир ва у инсонда иймон йўқдир.

Шунинг учун ҳам тавҳиднинг шартлари 2 тадир:

1. Тоғутни рад этиш яъни ёлғон илоҳ, динларни рад этиш;

2. Аллоҳга тўғри холисона иймон келтириш.

Мана шу нарса шаҳодатдаги «Лаа илаҳа илла Аллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқ) калимасида кўринади. «Лаа илаҳа» (Ибодатга лойиқ ҳеч қандай илоҳ йўқ) – бу барча Тоғут (ёлғон илоҳлар)ни рад этиш, «илла Аллоҳ» (Аллоҳдан ташқари) – бу эса Аллоҳга иймон келтиришдир. «Лаа илаҳа илла Аллоҳ» калимаси Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсаларни рад этади ва фақатгина Аллоҳга ибодат қилишга чақиради. Тоғутларга кофир бўлишликнинг маъноси шуки, инсон Аллоҳдан ўзгага ибодат қилинган барча нарсаларни рад ва инкор этади, ўзини бу нарсалардан ва уни қилувчилардан (кофирлардан) жуда ҳам йироқ қилади ва уларни Аллоҳ учун ёмон кўради. Шу сабаб кофирларни Аллоҳ учун ёмон кўришлик керак бўлади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақида шундай дейди:

«Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи, сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва нафрат пайдо бўлди», – дедилар» (Мумтаҳана: 4).

Мана шу нарса тўғри диндир, яъни Аллоҳгагина холисона ибодат қилишлик, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилувчилардан йироқ булишлик, ҳамда ёлғон илоҳлардан йироқ бўлишлик, уларни инкор-рад этишлик, Аллоҳ учун ёмон кўришлик.

4. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа кимсанинг йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидан кўра мукаммалроқ, ҳукми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмидан кўра гўзалроқ» – деб эътиқод қилган киши кофирдир.

Тоғут (ёлғон илоҳ, дин) ларнинг ҳукмларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларидан афзал кўрган кишилар шу бузувчи амал остига кирадилар.

Кимки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўли, ҳидоятидан ҳам яхшироқ йўл, ҳидоят борлигига иймон келтирса, масалан, «Файласуфларнинг, ва бошқа адашган гуруҳ ёки кишиларнинг йўли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлидан афзалроқ!», «Уларнинг йўли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўли билан тенгдир» деб ишонса у ҳолда кофир бўлади.

Чунки Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳидояти, йўлидан афзалроқ йўл йўқдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз хоҳишлари билан гапирмаганлар, балки барча айтганлари, кўрсатма, йўл-йўриқлари Аллоҳдан ваҳий қилинган.

Шунинг учун ҳам кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлидан яхшироқ ёки унга тенг йўл бор ва мен Аллоҳга ўша йўллар билан яқинлаша оламан деб айтса, у инсоннинг кофир эканлигида шак шубҳа йўқдир.

Худди шу каби кимки «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукмидан афзалроқ ҳукм бор» деб иймон келтирса, масалан «инсонлар ўзлари тўқиб чиқарган қонунлар ҳукми шариат ҳукмидан яхшироқ» деб иймон келтирса кофир ҳисобланади.

Инсонлар тўқиб чиқарган қонун шариат қонунига тенг деб ишонганлар ҳам кофир ҳисобланади.

Бундан ташқари кимки «Инсонлар тўқиб чиқарган қонун билан ҳам, шариат қонуни билан ҳам ҳукм чиқарса бўлади, қайси бири фарқи йўқ» деб иймон келтирса кофир ҳисобланади (ҳаттоки шариат қонунини яхшироқ деб ҳисобласа ҳам). Чунки биз Аллоҳ берган қонун билангина ҳукм чиқаришимиз лозим.

Аммо агар бир мусулмон инсонлар тўқиб чиқарган қонунлар билан ҳукм чиқариш мумкин эмаслигига иймон келтирса ҳамда шариат қонуни билангина ҳукм чиқариш  кераклигига ишонса, лекин ўзи инсонлар тўқиб чиқарган қонун билан ҳукм чиқарса ҳамда нотўғри қилганини билса у ҳолда бу инсон Исломдан ташқарига чиқмаган ҳисобланади.

Демак 3 та ҳолатда кофир ҳисобланади ва 1 ҳолатда эса кофир ҳисобланмас экан. Аммо ўша бир ҳолатда ҳам эҳтиёт бўлиш ва тавбага шошилиш зарур.

Яна шуни айтиш керакки бу айтилган нарсалар умумий қоида. Биз маълум бир шахслар устидан буларни ишлатиб ҳукм чиқаришимиз тўғри эмас. У нарсаларни катта уламоларга олиб бориб ҳал қилиш керак.

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотларнинг баъзисини, гарчи ўзи унга амал қилса-да, ёмон кўрган киши кофир бўлади.

Шарҳ: Кимки намозни ёмон кўрса кофир ҳисобланади, ҳаттоки намоз ўқиса ҳам.

Бунга далил Аллоҳ таоло айтадики:

«Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсаларни (Қуръон ва ундаги ҳукмларни) ёмон кўрганларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг амалларини беҳуда кетказур» (Муҳаммад: 9).

Демак, кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган бирор нарсани ёмон кўрса, масалан вожиб амалларни, савоб, шариат қонунлари бўйича фоҳиша, ўғри ва шу кабиларни жазолашларни ёмон кўрса, ёқтирмаса кофир ҳисобланади. Чунки Аллоҳ ваҳий қилган нарсани ёмон кўрган, ёқтирмаган ҳисобланади.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган дин ва шу диндаги савоб ва жазолар устидан масхара қилган киши кофир бўлади.

Аллоҳнинг қуйидаги оятига кўра:

«Айтинг: «Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингизми?!» Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз» (Тавба: 65-66).

Шарҳ: Бунга мисоллар, масалан агар намозни, закотни, намоз ўқувчиларни мазхара қилса, намоз ўқиганлари учунгина устиларидан кулса, ҳаж қилувчиларни масхара қилса кофир ҳисобланади. Бундан ташқари Жаннатдаги савоблар, мукофотларни, хурсандчиликларини ёки Дўзахни масхара қилса кофир ҳисобланади.

Аллоҳнинг қуйидаги оятига кўра бу ишни қилган инсон куфр қилган ҳисобланади:

«Айтинг: «Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингизми?!» Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз» (Тавба: 65-66).

Мана шу оят Исломни масхара қилувчиларнинг кофир эканлигига далилдир.

7. Сеҳр. Эрнинг хотинига байлантириш, одамни ёқтирмаган нарсасига шайтоний йўллар билан яхши кўрадиган қилиш учун қилинган ишлар. Бу ишларни қилган ёки бу ишларнинг бўлишига рози бўлган ҳар бир киши кофир бўлади.

Аллоҳ таоло деди:

«У (икки фаришта) кимга таълим берсалар: «Биз бир имтиҳонмиз, сен кофир бўлма» – дер эдилар» (Бақара: 102).

Шарҳ: Бунинг сабаби шуки сеҳр қилувчилар Жинлар орқали сеҳр қиладилар. Шубҳасиз бунда улар шайтон-жинлар томон баъзи ширк амалларини қилишади. Шуни қилганидан кейин жин уларга ёрдам беради. Шайтон-жин сеҳр қилувчига у ширк амали қилсагина ёрдам беради, унинг хизматини қилади.

Демак, сеҳр қилувчи масалан, Аллоҳни ўрнига жинга дуо қилади, жиннинг номига қурбонлик қилади, шайтон-жин сеҳр қилувчига Қуръон мусҳафини оёқ остига қилишни, ёки Қуръонни устига ахлат ташлашни ва шу каби нарсаларни буюради.

Сеҳр қилувчи шу ширк-куфр амалини қилганидан кейин шайтон-жин унга баъзи ғайбий нарсалар ҳақида хабар беради ёки баъзи нарсаларни у учун ўғирлайди. Шу сабаб сеҳр қилувчилар ва сеҳр қилишга рози бўлувчилар кофирдир. Рози бўлганлар худди уни қилган кабилардир.

Баъзи сеҳргарлар борки улар шайтон-жинлар билан алоқа қилишмайди балки улар баъзи зарарли бўлган дорилар орқали иш қилишади, шу ишларни қилган сеҳргар уларни ҳалол деб билса кофир бўлади. Бундан ташқари одамларнинг молини олишни ҳамда уларга зарар қилишли ҳалол санаса куфр амали қилган бўлади. Агар у инсон буларни ҳаром деб билсаю барибир қилса у ҳолда кофир эмас осий ҳисобланади (албатта мусулмон бўлса), катта гуноҳни қилган ҳисобланади. Кофир эмаслигига сабаб у ширк амали қилмади. Аммо шайтон-жинлар билан алоқа қилувчи сеҳргарлар ва буларга рози бўлувчилар кофирдирлар.

8. Мусулмонларга қарши мушрикларга, кофирларга ёрдам беришлик куфрдир.

Бунга далил Аллоҳ таоло деди:

«Сизлардан у (яҳуд ва насоро) ларни дўст тутган одам – улардан биридир. Шубҳасиз, Аллоҳ золим  халқларни ҳидоят қилмайди» (Моида: 51).

Шарҳ: Агар кимки мушрикларга мусулмонларга қарши ёрдам берса бу унинг улар (мушриклар) билан дўст тутингани ва уларни севгани бўлади. Демак, уларни бундай дўст тутишлик Исломдан чиқаради. Чунки бу уларга бўлган муҳаббатни билдиради.

Масалан, мушрикларга пул, қурол ёки ўз фикри билан мусулмонларга қарши ёрдам берса бу мушрикларга бўлган муҳаббатни билдиради. Уларга бўлган муҳаббат дўстлашишликнинг асосидир. Бундан ташқари мушрикларга мусулмонларга қарши ёрдам бергани унинг мушрикларни мусулмонлардан устун қўйгани ҳам бўлади. Аммо агар бир мушрикка бошқа мушрикка қарши ёрдам берса, унда бу нарса биз кўраётган масалага кирмайди.

9. «Баъзи одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан чиқиш ҳуқуқлари бор» – деб эътиқод қилган киши кофирдир.

Шарҳ: Яъни, агар «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатга амал қилмаслиги мумкин ва Аллоҳга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан бошқа нарса билан ҳам ибодат қилиши мумкин» деб эътиқод қилса кофир ҳисобланади. Бундан ташқари «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатига амал қилмасдан ҳам Жаннат аҳлидан бўла оламан» деб иймон келтирса ҳам кофир ҳисобланади.

Масалан, «Аллоҳга файласуфлар йўли орқали, мажусийлар, насронийлар ва бошқа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлига зид бўлган йўллар орқали ибодат қилса» ёки «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўли билан бу йўлларнинг ҳаммаси бир» деб эътиқод қилса кофир ҳисобланади. Xунки Аллоҳга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлидан бошқа йўл йўқдир.

Ҳар бир мусулмон бўламан деган инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатга амал қилмоқлиги даркордир.

Аллоҳ таоло деди:

«Исломдан бошқа динни талаб қилган одамдан қилган амаллари қабул қилинмайди ва у охиратда зиёнкорлардан бўлади» (Оли Имрон: 85).

10. Аллоҳнинг динидан юз ўгириш, уни ўрганмаслик ва унга амал қилмаслик.

Аллоҳ таоло айтадики:

«Роббисининг оятлари билан эслатилгандан сўнг, улардан юз ўгирган кишидан кўра золимроқ одам борми? Биз жиноятчи кимсалардан интиқом олгувчидирмиз» (Сажда: 22).

Бу бузувчилар амалларда жиддий, ҳазиллашиб ёки қўрқиб айтган кишилар ўртасида фарқ йўқдир. Фақат бундан мажбурланган кишиларгина мустаснодир. Шунинг учун ҳам мусулмон бу амаллардан жуда ҳам ўзини эҳтиёт қилиб, сақламоқлиги зарур.

Шарҳ: Бу 10 та Исломни бузувчи амалларни ҳазил қилиб қилган киши билан қўрқиб қилиб қилган киши бир хилдир, яъни кофир ҳисобланади.

Масалан бир мусулмон бу амаллардан биттасини қилиб «Мен ҳазиллашдим» деса, шу ҳолда ҳам у куфр амалини қилган бўлади.

Бундан мустасно бўлган киши бу агар, масалан, бир киши бўйнига қилич қўйиб «мана шу (Исломни бузувчи) амални қил акс ҳолда ўлдираман», деса бу ҳолда ўша амални қилиши мумкин ва у нарса куфр ҳисобланмайди.

Чунки у мажбурланган ва қалбида мустаҳкам Иймони мавжуд, иншааллаҳ. Аммо шу ҳолатда ҳам қалби ўша Исломни бузувчи амалга мойил келса у ҳолда куфр амалини қилган яъни кофир ҳисобланади.

Демак бу ерда 4 та ҳолат мавжуд:

а) Агар холислик билан қилса, яъни ният билан қилса;

б) Агар ҳазиллашиб ёки бошқаларни кулдириш учун қилса;

c) Қўрққанидан қилса;

д) Мажбурланган ҳолатда қалби ўша мажбурланганда қилган Исломни бузувчи амалга таскин топса яъни қалби ўшанга мойил бўлса, қарши чиқмаса.

Мана шу 4 ҳолатда инсон кофир ҳисобланади.

Бешинчи ҳолат яъни қалбида тўлиқ, мустаҳкам иймон бўла туриб ва қалби у (Исломни бузувчи амални) инкор қилиб турган вақтда мажбурланган киши кофир ҳисобланмайди.

Бунга далил Аллоҳ таоло айтадики:

«Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнглини куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир!» (Наҳл: 106).

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan