PDF WORD

Аллоҳнинг макони борми?

Аллоҳнинг макони борми?

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

«Аллоҳнинг макони борми?», деб савол беришлик хатодир. Аллоҳ таборака ва таоло замонни ҳам, маконни ҳам яратган Зотдир. Аллоҳ яратган махлуқотларига муҳтож эмас. Аллоҳ таоло Аршнинг устидадир, аммо Аллоҳ Аршга муҳтож эмас.

Ибн Таймия айтадилар: «Имом Шофиъий айтдилар: «Аллоҳ осмонни устидадир, Унинг илми эса ҳамма ёқда. Кимки Аллоҳ осмонни ичида, осмон билан чегараланган, осмон билан ўралган деса, ёки Аллоҳ аршга муҳтож деса, ёки аршдан бошқа бирон махлуқотга муҳтож деса, ёки Аллоҳнинг аршга кўтарилиши яралмишларнинг курсига кўтарилиши каби деб айтса у – адашган, бидъатчи ва жоҳилдир»» (Мажмуъул фатава, 5-том).

Ибн Таймия «Даръут таъарузи аннақли вал ақл» китобларининг 7-томида «томон, макон ва ҳажм» ҳақида баҳс юритиб, Аҳлул-ҳадис ва Аҳлус-салафийлар бу лафзларнинг баъзиларини ишлатишган, бошқаларини рад қилишганини келтириб ўтдилар. Бу лафзлар ҳақни ҳам ифода қилиши мумкин ва ботилни ҳам ифода қилиши мумкин, дедилар.

Макон сўзини икки маънода ишлатса бўлади:

1.    Агар макон дейишдан мақсад бирор махлуқотлар билан ўралган жой, макон кўзда тутилса, масалан биз масжиддамиз, юқоридан шифт билан, ўнг ва чапдан эса деворлар билан ўралган бир жойдамиз. Бу макондир, макон бизни ўраб турибди. Аллоҳнинг макони бор, дейишдан мурод шундай бирор махлуқотлар билан ўралган жойда, маконда дейишлик бўлса, бу – ботил маънодир. Савол берувчи: Аллоҳни ўраб турадиган макон борми, деб савол бераётган бўлса, биз йўқ Аллоҳнинг макони йўқ деймиз.

2.    Агар макон дейишдан мурод – Аллоҳнинг олийлиги, юқоридалиги ҳақида бўлса, ҳа Аллоҳ юқори жойда, маконда деймиз. Чунки баъзи адашган тоифалар Аллоҳнинг макони йўқ, дейишлик билан Аллоҳнинг юқорида эканлигини рад қилмоқчи бўлишади.

Демак, бу калима ҳақни ҳам ифода қилиши мумкин, ботилни ҳам. Савол берувчи одамдан қандай маънода сўраётганини аниқлаштириш керак бўлади. Жавоб берувчи ҳам тафсилоти билан жавоб беришлиги керак бўлади.

Энди бидъат аҳлининг одамларни шубҳага солиш, соф ақидаларида иккилантириш мақсадида тарқатаётган салафларга нисбат берилган баъзи ривоятлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Алий розияллоҳу анҳу айтдилар: «Аллоҳ бор эди, ҳеч қандай макон йўқ эди. Ҳозирда ҳам Аллоҳ ҳудди шундай – маконсиз бордир» (Фарқ байнал фироқ, Абу Мансур ал-Бағдодий, 333-саҳифа).

Абу Мансур ал-Бағдодий муҳаддислардан ҳисобланмайди. У тўртинчи асрнинг охирида бешинчи асрнинг бошида яшаган ашъарий олимларидандир, 429-ҳижрийда вафот топган. У ҳадиснинг саҳиҳлиги учун ақлга мувофиқ келишинигина шарт қилиб қўйгандир. Агар ақлга тўғри келмаса рад қилинади деб ҳисоблаган (Усул ад-Дин, 23-саҳифа. Абу Мансур ал-Бағдодий). Демак табиийки бу каби шахсларнинг ривояти қабул қилинмайди, эътиқод бобида эътиборга олинмайди.

Имом Бухорий Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳурсандчиликни қабул қилинглар, эй Яман аҳли, бани Тамим буни қабул қилмади». «Қабул қилдик, я Росулуллоҳ» – дейишди. «Биз сиздан мана бу нарса ҳақида сўрадгани келдик», – деб айтишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ бор эди, Ундан бошқа бирор нарса бўлмаган. Аллоҳ аршни сувнинг устида (яратди). Зикрга (Лавҳул Маҳфузга) ҳамма нарсани ёзди ва осмонларни ва ерни яратди».

Бошқа ривоятда: «(Аллоҳ бор эди,) Ундан аввал бирор нарса бўлмаган». Ибн Ҳажар айтадилар: Бухорийдан бошқа ривоятда: «(Аллоҳ бор эди,) У билан бирга бирор нарса йўқ эди».

Ибн Таймия айтадилар: «У Мулҳид-худосизлар, аниқлик ва маърифатни даъво қилувчиларнинг таянадиган асосларидан бири Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган: «Аллоҳ бор эди, У билан бирга бирор нарса йўқ эди. У ҳозирда ҳам қандай бўлган бўлса ўшандай». Бу зиёдаси: «У ҳозирда ҳам ўшандай» – Росулуллоҳ соллсаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан тўқилган ёлғондир.

Аҳли ҳадис олимлар бу тўқима эканига иттифоқ қилишган, бундай ривоят ҳадис китобларининг бирортасида ривоят қилинмаган, каттасида ҳам кичигида ҳам. Аҳли имлардан бирортаси буни на саҳиҳ, на заиф ва на мажҳул санад билан ривоят қилишмаган. Бу қўшимчани кейинги замонларда яшаган баъзи жаҳмий мутакаллимлар гапиришди. Буни ундан кейинги жаҳмийликнинг учига чиққанлари ушлаб олишди, таътилга (Аллоҳнинг исм-сифатларини йўққа чиқариш) ва илҳодга (худосизлик) ботишди.

Сўнгра айтдилар: «Бу зиёдаси илҳодийдир (худосизлик). Бу ҳам уларнинг сўзи: «У (Аллоҳ) ҳозир ҳам қандай бўлган бўлса ўшандай». Мутакаллим жаҳмийлар бу билан Аллоҳнинг сифатларини инкор қилишни қасд қилишди. Аллоҳ ўзини сифатлаб аршга кўтарилганлигини айтди, дунё осмонига тушишлигини ва бундан бошқаларни хабарини берди. Улар айтдилар: «Азалда Аллоҳ Аршнинг устига кўтарилган эмасди, У ҳозирда ҳам ўшандай Аршнинг устида эмасдир». (Бу жаҳмийларнинг эътиқоди)» (Мажмуъал Фатава, 2/272).

Ибн Ҳажар айтдилар: «Танбеҳ: Баъзи китобларда бу ҳадис бундай ривоят қилинган: «Аллоҳ бор эди, У билан бирга бирор нарса йўқ еди. У ҳозирда ҳам, қандай бўлган бўлса ўшандай». Бу зиёдаси бирор ҳадис китобларида ривоят қилинмаган. Буни Аллома Тақийюддин Ибн Таймийя айтиб ўтганлар. «У ҳозирда …» қисми ҳақида» (Фатҳул Борий).

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.