PDF WORD

Ла илаҳа иллаллоҳ маъноси, шарти, бузувчилари ва фазилати

«Ла илаҳа иллаллоҳ» ва уни зикр қилишнинг фазилатлари ҳақида

Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг якка эканига бўлган гувоҳлик, энг буюк Зотга бўлган энг олий гувоҳликдир. «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик беришнинг фазилати борасида шунинг ўзи кифояки, Аллоҳ жалла ва ала ушбу шаҳодат билан ўзига гувоҳлик бериб, ушбу шаҳодатга халқларидан энг адолатлиларини гувоҳликка олиб келди.

Аллоҳ таоло шундай деди:

«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ (маъбуд) йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи – Ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ (маъбуд) йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикматлидир» (Оли Имрон: 18).

(Ушбу оятда) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи гувоҳликка ўтди. Зеро У энг олий Шоҳиддир. Кейин эса ушбу энг олий, энг буюк ва энг катта гувоҳликка махлуқотлари ичидаги энг яхшилари бўлмиш малоика ва бандалари ичидаги уламоларини гувоҳликка олиб келди. У ҳам бўлса Ундан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ дея гувоҳлик беришдир.

Ушбу пок калима бўлмиш тавҳид калимаси, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумонинг ҳадисларида келганидек пайғамбарлар айтган сўзларининг энг яхшисидир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган (сўзларининг) энг яхшиси: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодир» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Мулк ва мақтов-олқишнинг бари Унга хосдир. Ва У барча нарсага Қодирдир)» (Термизий (3585), Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (3274)да ҳасан даражасидаги ҳадис деб айтдилар).

«Ла илаҳа иллаллоҳ» осмонлар ва ердан ҳам оғирроқдир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят, айтадиларки: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. Шунда эгнида кимхоб билан тугмаланган-қадалган яшил ридо (кийган) саҳроийлардан бўлган бир киши келиб: «Огоҳ бўлинг, мана бу соҳибларингиз, дарҳақиқат, ҳар бир чавандоз-оқсуякни ерга урди. (Ровий): Ҳар бир чавандоз-оқсуякни ерга уриб, ҳар бир қўйчивон-ялангоёқни кўтар-кўтар қилишни истайди, (демоқчи бўлди), деди. (Ровий) деди: «Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёқасидан олиб: «Эгнингда ақл юргизмайдиганларнинг кийимини кўрмаганимдамиди», дедилар. Сўнг айтдиларки: «Аллоҳнинг пайғамбари Нуҳга ўлим ҳозир бўлганида ўғлига шундай деди: «Мен сенга васият қилиб:

Икки ишга буюраман ва икки ишдан қайтараман:

Сени: «Ла илаҳа иллаллоҳ»га буюраман. Етти осмон ва етти ер тарозининг бир палласига ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» яна бир палласига қўйилса, «Ла илаҳа иллаллоҳ» уларни босади (оғир келади). Агар етти осмон ва етти ер мустаҳкам бир ҳалқа бўлса, «Ла илаҳа иллаллоҳ» уларни бўлиб-синдириб ташлайди.

(Сени яна) «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ» (Аллоҳга мақтов айтиб, Уни барча айбу-нуқсонлардан поклайман, деб айтиш)га (буюраман). Чунки у ҳар бир нарсанинг дуоси бўлиб, у сабабли махлуқотлар ризқланади.

Сени ширк ва кибрдан қайтараман».

«Эй Росулуллоҳ! Ширкни ҳоп билдик. Кибр нима у? Биронтамизни чиройли пояфзали ва ушбу пояфзални икки чиройли боғичи бўлишими?», дейилди.

«Йўқ», дедилар.

«У (кибр) биронтамизни тақиб юрадиган зеб-зийнати бўлишими?», деди.

«Йўқ», дедилар.

«Кибр унда биронтамизни минадиган ҳайвони бўлишими?», деди.

«Йўқ», дедилар.

«Унда (кибр) биронтамизни дўстлари бўлиб, улар унинг ҳузурида ўтиришларими?», деди.

«Йўқ», дедилар.

«Эй Росулуллоҳ! Унда кибр нима у?», дейилди.

«Ҳақни назар-писанд қилмаслик ва одамларни ҳақоратлаш», дедилар» (Имом Аҳмад «Муснад» (6583), Бухорий «Адаб ал-Муфрад» (548), Баззор (2998-3069), «Силсила ас-Соҳиҳа» (134)га қаранг).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло айтдики: «Эй одам боласи, модомики Менга дуо қилиб, (раҳматимни) умид қилар экансан, Мен (сен томондан қанчалик кўп гуноҳ содир этилганига) қарамай мағфират қилиб, (у гуноҳларнинг кўплигига) эътибор бермайман. Эй одам боласи, агар гуноҳларинг осмон булутларигача етса-да, сўнгра мендан мағфират сўрасанг, сени кечириб юбораман. (Гуноҳларингнинг кўплигига) эътибор бермайман. Эй одам боласи, агар Мени олдимга ер тўла хатолар билан келсанг, сўнгра Менга бирор нарсани ширк келтирмай йўлиқсанг, Мен ҳам сени олдинга унинг (ернинг) миқдоричалик мағфират билан келаман» (Термизий (3540), Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (4338)да ҳасан даражасидаги ҳадис дедилар).

Дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб ҳадисларда «Ла илаҳа иллаллоҳ» ва уни зикр қилишни, сидқ, ихлос, муҳаббат ва «Ла илаҳа иллаллоҳ»га аҳл-лойиқ бўлганларни дўст тутиш каби шартларни рўй-рост амалга оширилгандаги фазилатларини баён қилиб бердилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ла илаҳа иллаллоҳ» аввалги вожибот эканини айтиб ўтдилар:

Икки шайх (имом Бухорий ва имом Муслим роҳимаҳумаллоҳ) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз (розияллоҳу анҳу)ни Яманга жўната туриб, шундай дедилар: «Сиз аҳли китобдан иборат бир қавм олдига кетяпсиз. Уларга қиладиган аввалги даъватингиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш бўлсин» (Бухорий (1458), Муслим (19)).

Яна бир ривоятда эса: «(Уларга қиладиган аввалги даъватингиз) Аллоҳни яккалашликларига (бўлган чақириқ бўлсин)» (Бухорий (7372)).

Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Дарҳақиқат Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларидан заруратан маълум бўлган ва уммат иттифоқ қилган (иш) шуки: Исломнинг асоси ва халқлар биринчи буюриладиган буйруқ Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси, деб гувоҳлик беришдир.

Ушбу иш сабабли кофир мусулмонга, душман дўстга, қони ва моли ҳалол бўлганлар эса қон-у моли сақловда бўлганларга айланади.

Сўнг ушбу (гувоҳлик) қалбидан чиққан бўлса, дарҳақиқат иймонга кирибди. Агар уни қалбида эмас фақат тилида айтган бўлса, ичида иймон бўлмай, фақат зоҳири мусулмондир».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Муоз розияллоҳу анҳуга айтган сўзлари(га бир эътибор қаратинг): «Уларга қиладиган аввалги даъватингиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш бўлсин». Бундан шу хулоса чиқадики, даъват – Аллоҳга иймон келтириш, Уни яккалашлик, Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқлаб, у киши олиб келган йўлга эргашиш, Аллоҳ таолога ширк келтириш ва Унинг буйруқларига хилоф чиқишни тарк этишга қаратилмоқлиги вожиб бўлади. Булар «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик бериш талаб қилганларининг энг улканларидир.

Даъват «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик беришга қаратилмоқлиги лозим, деганининг маъноси шуки, ушбу калима далолат қилган тавҳид ҳамда рубубият, улуҳият ва исм-у сифатларда (Аллоҳни) шериги бор эканлигини инкор қилишга бўлган чақириқдир.

Аҳли сунна вал жамоа бандага вожиб бўладиган аввалги вазифа Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик бериш ва Аллоҳ таолони ибодатда яккалаш эканига иттифоқ қилган. Уларнинг бу борада ҳужжатлари кўпдир. Энг муҳимларидан Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга, у кишини Яманга жўната туриб айтган ушбу сўзларидир: «Сиз аҳли китобдан иборат бир қавм олдига кетяпсиз. Уларга қиладиган аввалги даъватингиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик бериш бўлсин» (Бухорий (1331), Муслим (19)).

Аллоҳни тавҳид асосида яккалашлик ва ширкдан пок-безор бўлишлик, вожибот ва фарзларнинг энг аввалгисидир.

Аллома Ибн Абул Изз роҳимаҳуллоҳ «Шарҳ Таҳовия» (1/59)да шундай дедилар: «Шуни яхши билгилки, тавҳид – элчиларнинг аввалги даъвати, йўлнинг аввалги тушиш ўрни, ҳамда Аллоҳ азза ва жалла сари юрувчи кишининг аввалги турар мақомидир… Шу сабабли ҳам мукаллафга вожиб бўладиган вазифаларнинг энг аввалгиси мазамматланган калом уламоларининг сўзи каби (борлиқ ҳақида) изланиш олиб бориш ёки изланиш олиб боришни мақсад қилиб қўйиш ёки шак-шубҳа қилиш эмас, балки Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш бўлмоқлиги тўғри бўлади».

«Аввалги вазифа, у – изланишдир», деб айтадиганлар, улар ашъарийлардир. Бақиллоний буни «Инсоф» (22)да зикр қилган.

«Аввалги вазифа, у – изланиш олиб боришни қасд қилишдир», деб айтадиганлар, улар Жувайний ва унинг сўзини олганлардир. «Иршод» (3)да айтиб ўтилганидек.

«Аввалги вазифа, у – шак-шубҳа қилишдир», деб айтадиганлар эса мўтазилалардир. Қози Абдулжаббор «Усул ал-Хомса»да қайд этиб ўтганидек.

Аҳли сунна бандага буюриладиган аввалги вазифа икки шаҳодат калимасидир, деган фикрга иттифоқ қилган.

Ибн Абул Изз роҳимаҳуллоҳ «Шарҳ Таҳовия» (1/60)да шундай деди: «Салаф имомларининг барчалари бандага буюриладиган аввалги вазифа икки шаҳодат калимаси эканига (иттифоқ қилишди)».

Демак инсонга энг биринчи вожиб бўладигани, ушбу калиманинг маъносини билишдир. Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата шундай деди:

«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ (маъбуд) йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг» (Муҳаммад: 19). Яъни: Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳдан Ўзга сиғинишликка ҳақли маъбуд йўқ эканини билинг.

Аллоҳ таоло шундай деди:

«(Мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлари (қиёмат кунида бирон кишини) шафоат қилишга эга бўла олмас, магар ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик бераман», деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар)» (Зухруф: 86). «Магар ўзлари билган ҳолларида», яъни, тиллари билан гувоҳлик бериб турганларини қалблари билан англаб етган ҳолларида.

Демак фарзларнинг ичидаги энг аввалгиси, ушбу калиманинг маъносини билиш, уни тилда нутқ қилиб, талаб қилган амалларига амал қилишдир. Илоҳ – маъбуддир. Ўзига илоҳ деб билди, дегани эса Унга сиғинди-қулликни адо этди, деган маънодадир. «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси: Аллоҳдан Ўзга ҳақиқий маъбуд йўқдир. Аллоҳдан Ўзгасидан улуҳиятни инкор этиб, уни ёлғиз Аллоҳ таоло учун исбот этмоқдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ибодатда яккалаб, уни Ундан Ўзгасидан инкор этиш, тавҳиднинг ҳақиқати ва «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни сидқидилдан айтишнинг фазилатини баён қилдилар:

Икки шайх Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб сидқидилдан гувоҳлик берган ҳар бир кишини Аллоҳ дўзахга ҳаром қилди» (Бухорий (128)).

Ушбу ҳадис ёлғонни батамом рад этадиган сидқ (рўтгўйлик) «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартларидан бири эканини ўз ичига оляпти. Бу эса, киши «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни сидқидилдан, қалби тилига мувофиқ келган ҳолда айтишлигидир.

Аллоҳ азза ва жалла шундай деди:

«Алиф, Лом, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 1-3).

Аллоҳ таоло уни («Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) ёлғондан айтадиган мунофиқлар ҳақида шундай деди:

«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз – иймонсизлик бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир» (Бақара: 8-10).

Улуҳиятни Аллоҳдан ўзгасидан инкор этиб, уни шериксиз ёлғиз Ўзи учун исбот қилмоқ «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни сидқидилдан айтиш лозим тутган маъноларидандир. Бу эса ёлғиз У Зотни ибодат қилинишга ҳақли илоҳ, деб билишни талаб этади. Улуҳият маъноси остига шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳга муҳаббат қўйиб, бўйинсуниб, итоат қилиш каби қалб ила Аллоҳга сиғинишдан иборат барча ибодат турлари дохил бўлади. Шунингдек дуо, қўрқув, муҳаббат, таваккал қилиш, (гуноҳларни тарк этиб, тоат-ибодат сари) қайтиш, тавба қилиш, жонлиқ сўйиш, назр аташ, сажда қилиш ва булардан бошқа барча ибодат турлари билан Аллоҳ таолони яккалаш вожиб бўлади. Ушбу ибодат турларининг барчасини шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳ таоло учун адо этмоқ вожиб бўлади. Ана шу «Ла илаҳа иллаллоҳ»даги сидқ (ростгўйлик) лозим тутган маънолардандир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтган кишининг қони (тўкилмай), моли (тортиб олинмай) сақлов-ҳимояда бўлишини очиқ баён қилиб бердилар.

Ториқ ибн Ашям розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинаётган нарсаларга кофир бўлса, моли ва жони ҳаромдир. Ҳисоб(-китоби) эса Аллоҳга (ҳавола)» (Муслим (23)).

Дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мол ва жонни сақлов-ҳимояда эканлигини икки ишга қайдлаб қўйдилар:

Биринчиси: «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтиш.

Икинчиси: Аллоҳдан ўзга ибодат қилинаётган нарсаларга кофир бўлиш. Маъносини англаб етмай, қуруқ тилда талаффуз қилишнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки уни (тилда) айтиш билан бирга амал қилиш шартдир.

Ушбу (юқоридаги) ҳадис «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни атрофлича баён қилиб берадики, (Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни тилда талаффуз қилишни ўзиёқ мол ва жонни сақлов-ҳимояда бўлишига сабаб деб тайин қилмадилар. Балки тилда нутқ қилиб, маъносини англаб етишни ўзи ҳам етарли эмас. Балки (буларга қўшиб) яна иқрор бўлиши ҳам етарли эмас. Балки шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳга дуо-илтижо қилишининг ўзи ҳам етарли эмас. Ва ниҳоят буларга Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсага кофир эканини боғлагандагина қони ва моли ҳаром бўлади(ганлар сафидан ўрин эгаллайди). Шак-шубҳа қилиб, иккиланадиган бўлса моли ва жони ҳаром бўлмайди.

Дарҳақиқат уламолар ушбу маънога ижмо қилишдики, сақлов-ҳимояда бўлиш учун тавҳид ва у лозим тутган ҳукмларни адо этмоқ ҳамда ширкни тарк қилиш даркордир.

Икки шаҳодат калимасини тилда айтиш қон ва мол сақлов-ҳимояда эканига далолат қилар, бироқ амал дея аталмиш бир шарт биландир. Кимки икки шаҳодат калимасини айтса, унга қурол кўтарилмайди ва шу билан бирга ушбу калима талаб қилган маъноларга амал қилиши кўз остига олинади. Энди уни (амални) тарк этса ёки унга зид келадиган ишларни қилса, қилмишига лойиқ бўлгудек жазога тортилади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Аллоҳ таоло «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб, бу билан Аллоҳни Юзини истайдиган кишига дўзахни ҳаром қилади, деб баён қилдилар.

Саҳиҳайнда келганидек, Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб, бу билан Аллоҳни Юзини истаган кишига дўзахни ҳаром қилди» (Бухорий (425),Муслим (33)).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Дўзахни ҳаром қилди», деган сўзлари, яъни, дўзахдан тўсди ёки дўзах (олови) унга етишидан тўсди.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб», деган қовллари, яъни ихлос билан бўлиши шарти биландир. (Ҳадиснинг кейинги қисмидаги) соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлари далолати билан: «Бу билан Аллоҳни Юзини истаган кишига», яъни, Аллоҳни Юзини талаб қилиб. Кимки бирор нарса истагида бўлса, албатта унга етишиш учун саъй-ҳаракат олиб боради. Чунки бирор нарса истагида бўлган киши, албатта унга етишиш учун ҳаракат қилади.

Демак ҳадис «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтган киши учун амал ҳам шарт қилинишига очиқ-ойдин далолат қиляпти. Далил Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларидир: «Бу билан Аллоҳни Юзини истаган кишига».

(Ҳадиснинг ушбу қисмида) Аллоҳнинг Юзини истамай «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтишнинг ўзи кифоя қилади дейдиган муржиаларга раддия бордир.

Ва яна хавориж ва мўтазилаларга ҳам раддия борки, ҳадиснинг зоҳири кимки ушбу ҳаром ишларни қилса жаҳаннамда абадий қолиб кетмаслигига (далолат қиляпти). Бироқ ушбу кимса жазога лойиқ бўлади. Улар эса (хавориж ва мўтазилалар) айтадиларки: Гуноҳи кабирага қўл урган кимса жаҳаннамда абадий қолиб кетади.

Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «(Аллоҳнинг Юзини) истаб юрган киши, истагига етишиш воситаларини тўла ишга солиши лозимдир. Тўла ишга солгандагина жаҳаннам унга мутлақ ҳаром бўлади. Агар ҳасанотларни мукаммал суратда адо этса, албатта жаҳаннам ҳам унга мутлақо ҳаром бўлади. Аммо бирор нуқсонликка йўл қўядиган бўлса, демак (Аллоҳнинг Юзини хоҳлашлик)даги истак-хоҳиши ҳам нуқсонли экан. Натижада жаҳаннамнинг ҳам унга ҳаром экани (мутлақ бўлмай) нуқсонли бўлади. Бироқ ундаги тавҳид жаҳаннамда абадул-абад қолиб кетишидан тўсиб қолади. Зино қилган, маст қилувчи ичимлик ичган ва ўғирлик қилган кимса ҳам шундайдир.

Булардан бирортасини қилиш давомида: Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бераман ва бу билан Аллоҳни Юзини истайман, деса, Аллоҳни Юзини истовчи экани ҳали у ёқда турсин, балки ёлғон сўзни даъво қилган бўлади».

Кимки («Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносини) билиш бўлмиш (биринчи шартни) адо этса, жаннатга киради:

Имом Муслим Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканини билган ҳолда вафот этса, жаннатга киради» (Муслим (26)).

«Ла илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик бераётган киши, унинг маъносини билиши лозим бўлади.

Ушбу буюк калима тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтиришни ўз ичига олгандир. Кимки (Аллоҳдан ўзга ботил маъбудотларнинг) улуҳийятини рад этиб, уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога исбот қилса, тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирганлардан бўлади.

Илоҳ – итоат қилинадиган маъбуддир. У Зотдан ҳайбат, улуғлаш, муҳаббат, хавф, умид, Унгагина таваккал қилиб, дуо-илтижо қилган ҳолда итоат қилиниб, асло маъсият қилинмайдиган Зотдир. Ушбу ибодатларнинг бари Аллоҳ азза ва жалла учунгина бўлмоқлиги лозимдир.

Кимки улуҳият хислатларидан бўлмиш ушбу ишларнинг бирортасида махлуқни шерик қиладиган бўлса, бу унинг «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтган сўзига етган путур ва тавҳидидаги нуқсондир. Унинг махлуққа қуллик қилиши, ушбу нуқсон-путур даражасичалик бўлади. Буларнинг бари ширк шохчаларидандир.

Қабрга сиғинувчилар ушбу калиманинг маъносини билишмади. Аллоҳдан ўзгасидан рад этилиб, шериксиз, ёлғиз Ўзигагина исбот қилинадиган улуҳият маъносини билишмади. Балки мўмину кофир бирдек иқрор бўладиган, ҳамда бутун халқлар бир овоз билан келишиб-рози бўладиган маъно бўлмиш: Йўқдан бор қилиш ва яратишга Аллоҳгина Қодир. «Илоҳ»нинг маъноси эса: Ўзгасидан Беҳожат, Ундан Ўзгаси эса Унга ҳожатманд, деган маъноларнигина исбот қилишди. Бу ҳақдир. Ва у илоҳиёт лозим тутган маънолардир. Бироқ бу «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъносидан ирода қилингани эмас. Чунки ушбу маъноларни кофирлар ҳам билиб, иқрор бўлишганди.

Демак «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносини билиб, у талаб қилган амалларни адо этмоқ лозимдир. Тоинки айтувчисига манфаат бўлиб, Аллоҳ таоло унга жаҳаннамдан нажот берсин.

Кимки ихлос шартини бажарса, бас, у қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари ила инсонларнинг энг бахтлиларидан бўлади:

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қиёмат куни менинг шафоатим ила энг бахтли бўладиган кишилар, қалбидан холис (ният) қилган ҳолда Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб айтган кишидир» (Бухорий (99)).

«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтиб, ундаги яқийн – аниқ ишонч шартини адо этган кимсага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат хушхабарини бердилар. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ушбу девор ортида, қалбида яқийнан – аниқ ишонч ҳосил қилган ҳолатда Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берадиган ҳар бир кишига жаннат хушхабарини бер» (Муслим (31)).

Дарҳақиқат «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартларидан бўлмиш икки шарт «Ихлос» ва «Яқийн – аниқ ишонч» борасида гаплашиб ўтдик. Демак амални солиҳ бир ният ила жамийки ширк доғларидан тозалаш ва ушбу калима далолат қилган маънога қатъий ишонч ҳосил қилган ҳолда шак-шубҳани батамом рад этадиган яқийн – аниқ ишонч бўлишлиги лозимдир. Чунки яқийний – аниқ ишонч илми бўлгандагина иймон манфаатли бўлади, гумонга асосланган илм эмас. Энди бунга шак-шубҳа ораласа қандай бўларкин?!

«Ла илаҳа иллаллоҳ» иймон даражаларининг энг олийсидир.

Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Иймон етмиш нечадир (бу Муслимнинг ривоятлари)  ёки олтмиш нечадир шохча(дан иборат). Энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» сўзи-калимасидир (ушбу иймон даражаларининг энг олийсидир). Энг қуйиси эса йўлдаги озорни олиб ташлашдир. Ҳаё иймондан бир шохчадир» (Бухорий (9), Муслим (35)).

Демак «Ла илаҳа иллаллоҳ» иймон даражаларининг энг олийсидир.

Кимки ушбу ихлос шартини адо этар экан, у жаннатга киради. Албоний саҳиҳ деб билган Баззорнинг Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисида, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки ихлос қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб айтса жаннатга киради» (Баззор «Мажмаъ аз-Заваид» (1/162), Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (6433)да саҳиҳ санадилар).

«Ла илаҳа иллаллоҳ» ихлос билан айтилганда, модомики гуноҳи кабиралардан четлашилар экан, осмон эшиклари очилиб, то аршгача олиб борилади. Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Банда ихлос билан Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб айтар экан, унга осмон эшиклари очилиб, то аршгача олиб борилади, модомики гуноҳи кабиралардан четлашса» (Термизий (3590), Албоний «Саҳиҳ ал-Жамиъ» (5648)да саҳиҳ санадилар).

Кимки «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб, Аллоҳдан Ўзга ибодат қилинадиган нарсаларга кофир бўлса, унга жаннат вожиб бўлади. Саҳл ибн Ҳунайф ва Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳумолардан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Одамларга хушхабар бергинки, ким шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб айтса, унга жаннат вожиб бўлибди» (Насоий «Кубро» (6/274) (10951)-рақам остида, Албоний «Саҳиҳ ал-Жамиъ» (2824)да саҳиҳ санадилар).

«Ла илаҳа иллаллоҳ» жаннатга киришга ва жаҳаннамдан нажот топишга сабаб ва шуларни амалга оширувчидир. Бироқ шартлар тўла топилиб, тўсиқлар бартараф бўлгандагина ушбу иш ўз кучини кўрсата олади. Гоҳида шартлардан бирортаси топилмай ёки тўсиқ мавжуд бўлганда, у ўз ишини кўрсатиши ортга сурилади. Шунинг учун ҳам Ҳасан роҳимаҳуллоҳга: «Одамлар: «Кимки «Ла илаҳа иллаллоҳ», деса жаннатга киради», деб айтишяпти», дейилганда, шундай деган эканлар: «Кимки «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб, ҳаққини ва фарзларини адо этса, жаннатга киради».

Ваҳб ибн Мунаббаҳ: «Ахир «Ла илаҳа иллаллоҳ» жаннат калити эмасми?», деб савол берган кишига шундай деган эканлар: «Ҳа ҳудди шундай. Бироқ ҳар бир калитни тишлари бўлади. Агар тишли калитни олиб келсанг, сенга (эшик) очилади. Акс ҳолда эса очилмайди».

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ «Минҳаж ас-Сунна» (6/226)да шундай дедилар: «Кимки яқийн – аниқ ишонч ва мукаммал сидқ ила «Ла илаҳа иллаллоҳ», деса, албатта у гуноҳларда бардавом бўлган ҳолда вафот этмайди. Ёки аслида гуноҳда бардавом бўлмаганлиги учун, ёки бўлмаса сидқ ва яқийн аниқ ишончни ўз ичига олган тавҳиди (тарозида) ҳасанотлари оғир босишига сабаб бўлгани учун.

Уни («Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) айтсалар-да жаҳаннамга кирадиганларда, ушбу икки шартдан бири қўлдан бой берилган бўлади:

Ёки улар уни («Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) гуноҳни батамом рад этадиган ёки (тарозида) гуноҳлардан оғир келадиган сидқ ва тўла яқийн аниқ ишонч билан айтмаганлар. Ёки бўлмаса уни («Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) айтганлару, (бироқ) ундан кейин ҳасанотларидан оғир келадиган гуноҳларга қўл урганлар. Кейин эса ана шу сабабидан сидқ ва яқийн аниқ ишончлари заифлашган. Кейин эса уни («Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) сидқ ва тўла яқийн аниқ ишонч ила айтмаганлар. Чунки гуноҳлар қалбларидаги сидқ ва яқийн аниқ ишончни заифлаштириб юборган. Ўшаларга ўхшашларнинг «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтишлари гуноҳларни ўчиришликда куч-қувват ҳосил қилолмайди. Балки гуноҳлари қилган ҳасанотларидан оғир келади».

Ва у («Ла илаҳа иллаллоҳ») энг афзал зикрдир. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: «Зикрнинг энг афзали: «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. Дуонинг энг афзали эса: «Алҳамдулиллаҳ»дир»» (Термизий (3383), Насоий «Кубро» (6/208) (10667)-рақам, Ибн Можжа (3800), Ҳоким (1/676) ва Албоний «Соҳиҳ ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб» (1526)да ҳасан даражасида дедилар).

«Ла илаҳа иллаллоҳ» зикрнинг энг афзали экани, чунки иймон фақат у билангина саҳиҳ бўлади ва унда улуҳиятни Аллоҳ таоло учун исбот қилмоқ ва уни Ундан ўзгасидан рад этмоқ бордир. «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан ўзга зикрларда эса бу хусусиятлар йўқ.

У энг афзал зикр бўлганининг сабаби, чунки у тавҳид калимасидир. Тавҳидга эса (афзалликда) бирор нарса тенг келолмайди.

Таҳлилда («Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтишда) ботинни ярамас сифатлардан тозалашда ўзига хос таъсири бор. Бу улуҳиятни Аллоҳдан Ўзгасидан рад этиб, уни шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳ учун исбот қилмоқ билан рўй-рост амалга ошади.

Чунки Аллоҳ таоло «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик беришнинг маърифатини намоз ва рўзадан олдин фарз қилди. Ушбу калиманинг маъноси ҳақида изланиш олиб бориш, намоз ва рўза борасида изланиш олиб боришнинг вожиб эканидан бир неча маротаба улуғроқдир.

Чунки Аллоҳ таоло ширк ва тоғутга иймон келтиришни ҳаром қилганлиги, киши ўз онаси ва аммаси билан турмуш қуришининг ҳаром эканидан бир неча бор улканроқдир. Аллоҳга иймон келтириш даражаларининг энг улуғи «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик беришдир. Бунинг маъноси: Банда улуҳият маъноларининг бари Аллоҳ учун бўлиб, ундан бирор (насиба-улуш) на пайғамбару фаришта ва на валийга ҳам эмас, балки у ёлғиз Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққи, деб гувоҳлик беришидир.

Тавҳид калимаси зикр ва ҳасанотларнинг энг афзалидир. У ҳақиқатда ҳам шундайдир. Чунки у Ислом калити балки унга (Исломга) фақатгина унинг воситасида кириладиган эшигидир. Ва у Ислом устунидирки, Ислом ундан бошқаси билан қоим бўлмайди. Ва у Ислом билан куфрни, ҳамда ҳақ билан ботилни ажратиб турадиган фурқондир. Ва у шундай калимаки, банда уни айта туриб вафот этса ва ўз ихтиёри билан ҳуши жойида бўлган ҳолда оғзидан чиққан охирги сўзи бўладиган бўлса, ушбу калима унга жаннатни вожиб қилиб қўяди.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ер юзидаги бирон киши: «Ла илаҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар, ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» (Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Аллоҳ Буюкроқдир. Куч-қувват фақат Аллоҳ билангинадир), деса, албатта ундан хатолари ўчириб юборилади, агарчи денгиз кўпигичалик (кўп) бўлса ҳам» (Термизий (3460), Аҳмад (6920) ва Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (5636)да ҳасан даражасида дедилар).

Дарҳақиқат Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг пайғамбарини ушбу калима билан жўнатди:

Имом Аҳмад «Муснад» (16023, 19004)да саҳиҳ иснод билан Робиъа ибн Ибод ад-Диялийдан ривоят қилдилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Зул Мажоз бозорида ўз кўзим билан бундай деяётганларини кўрдим: «Эй инсонлар, «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтинглар, нажот топасизлар»».

Ибн Ҳиббон «Маварид аз-Зоман» (1683)да ва Албоний «Соҳиҳ ал-Маварид» (1401)да саҳиҳ санаганлар, Ториқ ибн Абдуллоҳ ал-Муҳарибий розияллоҳу анҳудан ривоят, у киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Зул Мажос бозорида шундай деяётганларини кўрдилар: «Эй инсонлар, «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтинглар, нажот топасизлар».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Одамларга қарши то Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик бериб, намозни барпо қилиб ва закотни ўтамагунларигача курашишга буюрилдим. Энди бу(лар)ни қилишса, мендан қон ва молларини сақлаб-ҳимоя қилиб оладилар, Ислом (дин) ҳаққи (билан олинадиган ўринлари) бундан мустаснодир. Ҳисоб(-китоб)лари эса Аллоҳга (ҳавола)» (Бухорий (25), Муслим (22)).

Дарҳақиқат «Ла илаҳа иллаллоҳ» ила барча элчилар жўнатилишди. Аллоҳ таоло шундай деди:

«Аниқки, биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз. Шунда улар (ўша умматлар) орасида Аллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар» (Наҳл: 36).

Аллоҳ таоло айтадики:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қиёмат олдидан қилич билан жўнатилдимки, то шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилингунгача. Ризқим найзам сояси остида қилинди. Амримга хилоф чиққанларга хору зорлик (битиб) қўйилди. Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, бас, у ўшалардандир» (Аҳмад (5094), Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (2831)да саҳиҳ санадилар).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган (сўзларининг) энг яхшиси: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодир» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Мулк ва мақтов-олқишнинг бари Унга хосдир. Ва У барча нарсага Қодирдир)» (Термизий (3585), Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (3274)да ҳасан даражасидаги ҳадис деб айтдилар).

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини бундай деяётганини эшитдилар: «Аллоҳумма инни асалука бианний ашҳаду аннака анталлоҳу ла илаҳа илла антал аҳадуссомад аллазий лам ялид ва лам ювлад ва лам якун лаҳу куфуван аҳад» (Аллоҳим мен Сендан Ягона, барча ҳожатлар ила кўзлангувчи, туғмаган ва туғилмаган ҳамда бирон киши Унга тенг бўлмаган, Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берганим билан (воситасида) сўрайманки). Шунда У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Менинг жоним Уни Қўлида бўлган Зотга қасамки, дарҳақиқат (бу киши) Аллоҳнинг ал-Аъзам (энг улуғ) исми ила сўрадики, агар (Аллоҳга) шу билан дуо қилинса ижобат қилади, сўралса беради» (Абу Довуд (1493), Термизий (3475), Ибн Можжа (3857), Ибн Ҳиббон «Маварид» (2383) ва Албоний «Соҳиҳ ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб» (1640)да саҳиҳ санадилар).

Ушбу ҳадисда Аллоҳ таолонинг Аъзам (энг буюк) исми бор экани ва ушбу исм билан дуо қилинса ижобат қилиши, сўралса беришига далолат бор. Ва у ушбу ўринда зикр қилиниб ўтилди. Ҳадиснинг барча қисми тавҳид калимаси ва ушбу калима далолат ва тақозо қилган маънолар атрофида айланди. Ҳамда ушбу ҳадисда тавҳид калимасининг нақадар буюк ва қадри улуғ эканига далолат бордир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Жаҳаннамдан «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб қалбида арпа миқдоричалик яхшилик бўлган, сўнгра «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб буғдой миқдоричалик яхшилик бўлган, сўнгра эса «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб зарра миқдоричалик яхшилик бўлган киши чиқади» (Бухорий (7410), Муслим (193)).

Банда бошига оғир ташвиш-мусибатлар тушгандаги ёрдамланадиган энг афзал нарсаси: «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир.

Умму Салама розияллоҳу анҳо шундай дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда уйғониб, айтдиларки: «Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Ушбу тунда қанча-қанча фитна ва оғир мусибатлар туширилди. Хоналар соҳибларини (яъни, мўминларнинг оналарини) ким уйғотади. Бу дунёда қанчадан-қанча кийим кийганлар (яъни, Аллоҳнинг неъматларидан фойдаланганлар) борки, қиёмат куни яланғоч (яъни, ҳасанотлардан холи-қуруқ) бўлади»» (Бухорий (5844)).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сизлар билан унинг ораси ажратилишдан олдин «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик беришни кўпайтиринглар ва уни ўликларингиз тепасида айтиб туринглар» (Абу Яъло «Муснад» (9/11) 6148-рақам, Ибн Адий (4/103) ва Албоний «Соҳийҳа» (467)да ҳасан даражасида дедилар). Ҳадисдаги «ўликларингиз тепасида», яъни, ўлим ҳозир бўлган кишиларга. Чунки у ҳали ҳам таклиф (бандалик) ҳолидадир. Вафот этгач, унинг тепасида «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтиб туришнинг фойдаси йўқдир. Балки у суннатда ворид бўлмаган бидъатдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сизлардан кимки қасам ичиб қасамида: Лот ва Уззога қасам, деса, (тезда): Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб айтсин. Кимки шеригига: Кел қимор ўйнаймиз, деса, (тезда) садақа қилиб юборсин» (Бухорий (4860), Муслим (1647)). Яъни, оғзидан зоҳири ширк бўлган сўз чиққач, тезда тавҳид калимасини айтишга шошилсин. Қимор ўйнашга чорлагач, садақа қилишга буюрилиши эса, гуноҳига каффорот бўлсин учун.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки «Ла илаҳа иллаллоҳ», деса, олдин унга нимаики мусибат етган бўлса ҳам, замондан бир кун келиб манфаат беради» (Баззор «Мажмаъ аз-Заваид» (1/17), Табароний «Авсат» (3486), Абу Нуъайм «Ҳиля» (7/126), Байҳақий «Шуаб ал-Ийман» (1/109) 97-рақам ва Албоний «Саҳиҳ ал-Жамиъ» (6434)да саҳиҳ санадилар).

«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ўлим ва оғир вақтларда такрор-такрор айтиш мустаҳаб бўлади:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят: «Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўлим ҳозир бўлганда, олдиларида сув тўла идиш бор эди. Сувга қўлларини тиқиб, юзларига суртардилар ва шундай дердилар: «Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Албатта ўлимни мастликлари (оғир ҳолатлари) бор»» (Бухорий 4449).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ўликларингизга (яъни, ўлим ҳозир бўлганларингизга) «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтиб туринглар. Чунки кимнинг ўлим пайтидаги охирги сўзи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлса, замондан бир кун келиб жаннатга киради. Агарчи унга бундан олдин (жаннатга киришидан олдин) нимаики мусибат етган бўлса-да» (Ибн Ҳиббон (7/272) 3004-рақам, Албоний «Аҳкам ал-Жанаиз» (19) ва «Саҳиҳ ал-Жамиъ» (5150)да саҳиҳ санадилар).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимнинг охирги сўзи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлса, жаннатга киради» (Абу Довуд (3116), Аҳмад (21529), Ҳоким (1/503) ва Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (6479)да саҳиҳ санадилар).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорлардан бўлган бир кишини кўргани келиб, айтдиларки: «Эй тоға, «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтинг». У эса: «Она томондан (қариндошмисиз) ёки ота томонданми?», деди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Йўқ), балки она томондан», дедилар. У: ««Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишим мен учун яхшими?», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», дедилар» (Аҳмад «Муснад» (12134), Абу Яъло «Муснад» (3512) ва Албоний «Аҳкам ал-Жанаиз» (20)да саҳиҳ санадилар).

Саъид ибн Мусаяб оталаридан ривоят қиладилар. Оталари шуни хабар берадиларки: «Абу Толибга ўлим ҳозир бўлгач Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига келдирлар. У (Абу Толиб)нинг ҳузурида Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ибн Муғийра ҳам бор эди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Толибга қарата: «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтингки, мен бу калима билан Аллоҳнинг ҳузурида сизнинг фойдангизга гувоҳлик берай», дедилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн абу Умайя эса: «Эй Абу Толиб, Абдулмутталибнинг миллатидан бош тортасанми?», дейишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уни (ушбу калимани) илинишда давом этавердилар. Ана у иккиси ҳам ўша сўз(лари)ни қайтаравердилар. Абу Толибнинг уларга айтган охирги сўзи: Абдулмутталибнинг миллатида, дегани бўлди. «Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишдан бош тортди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, модомики қайтарилмас эканман, сизнинг ҳаққингизга истиғфор айтаман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло у ҳақда (ушбу оятни) нозил қилди: «На пайғамбар ва на мўминлар…» (Тавба: 113)» (Бухорий (1360), Муслим (24)).

Ҳасанотларнинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят: «Мен: «Эй Росулуллоҳ, менга васият қилинг», дедим. У киши: «Агар бирон гуноҳ қилсанг, уни кетиданоқ яхшилик қилгинки, уни (гуноҳни) ўчириб юборади», дедилар. Мен: «Эй Росулуллоҳ, «Ла илаҳа иллаллоҳ» ҳасанотларданми?», дедим. У киши: «У ҳасанотларнинг энг афзалидир», дедилар» (Аҳмад «Муснад» (20976), Албоний «Соҳиҳ ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб» (3126)да саҳиҳ санадилар).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қиёмат куни умматимдан бўлган бир киши халойиқ ўртасида (баланд) овоз билан чақирилиб, унга тўқсон тўққизта (қилган амаллари) рўйхати тарқатилади. Ҳар бир рўйхат кўз (илғар даражадаги) узунликдадир. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла: «Бундан бирор нарсани инкор қиласанми?», дейди. У эса: «Йўқ, эй Роббим», дейди. (Аллоҳ таоло): «Сенга сақлаб борувчи, котиб (фаришталарим) зулм қилишдими?», дейди. У эса: «Йўқ, эй Роббим», дейди. Сўнг (Аллоҳ таоло): «Сени (айтадиган) узринг, (қилган) яхшилигинг борми?», дейди. Шунда (ҳалиги) кишини ҳайбат босиб айтадики: «Йўқ». (Аллоҳ таоло): «Аксинча, Бизнинг ҳузуримизда сени (қилган) ҳасанотинг бор. Сенга бугун зулм қилинмайди», дейди. Унга «Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси», деб гувоҳлик бераман», деб (битилган) бир қоғозча чиқарилади. (Ҳалиги киши) эса: «Эй Роббим, шунча рўйхат олдида бу бир қоғозча нима ҳам бўларди?», дейди. (Аллоҳ таоло): «Сенга зулм қилинмас», дейди. Шунда рўйхатлар (тарозининг бир) палласига, қоғозча эса (иккинчи) палласига қўйилади. Натижада рўйхатлар енгил келиб, қоғозча оғир босади» (Термизий (2639), Ибн Можжа (4300), Ҳоким (1/710) 1937-рақам ва Албоний «Силсила ас-Соҳийҳа» (135)да саҳиҳ санадилар).

Имом Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ «Мадариж» (1/331)да шундай дедилар:

«Амаллар сурати ва ададига қараб бир-биридан афзал бўла олмайди. Балки қалблардаги (ниятларнинг) афзаллигига қараб бир-биридан афзал бўла олади. (Икки) амал сурати бир бўлиши ва ораларидаги ўзаро афзаллик эса осмонлар билан ерчалик бўлиши мумкин.

Тарозига қўйиладиган қоғозча ҳақидаги ҳадисни бир ўйлаб кўр, унинг қаршисида тўқсон тўққизта рўйхат бўлиб, ҳар бир рўйхатнинг узунлиги кўз илғар жойгача. Шунда қоғозча оғир келиб, рўйхатлар енгил келади-да, (ҳалиги) киши азобланмайди. Маълумки ҳар бир муваҳҳидда ушбу қоғозча бордир. Уларнинг кўпчилиги гуноҳлари сабабли дўзахга киради».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бир томони қуруқликда, иккинчи томони эса денгизда бўлган шаҳар (ҳақида) эшитгансизлар». Улар: «Ҳа, эй Росулуллоҳ», дейишди. У киши: «Исҳоқ ўғилларидан бўлган етмиш мингта киши унга ғазот қилмагунларича қиёмат бўлмайди. У (шаҳарга) келиб тушишгач, қурол билан ҳам, ўқ отиш билан ҳам жанг қилмайдилар. (Балки шундай) деб айтадилар: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳу Акбар». Шунда унинг (шаҳарнинг) бир томони (қулаб) тушади».

Савр: «(Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) денгиз (томони қулаб тушади)», деб айтдиларми ё (қуруқлик томоними) билмай қолдим», дедилар.

«Иккинчи бор: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳу Акбар», дейишади. Шунда унинг (шаҳарнинг) бошқа томони (қулаб) тушади. Учинчи бор: «Ла илаҳа иллаллоҳ. Аллоҳу Акбар», деб айтишади. Шунда уларга (шаҳарга кириш) кўрсатиб қўйилади-да, унга кириб бориб, ўлжаларни қўлга киритадилар. Ўлжаларни (ўрталарида) тақсимлаб турганларида, (баланд) овозда қичқирганча бир киши келиб: «Дарҳақиқат Дажжол чиқди», дейди. Шунда (бор ўлжаларни) ташлаб, (ортларига) қайтиб кетадилар» (Муслим (2920), Қози Иёз шундай дедилар: «Баъзилар: «Маълум бўлишича: «(Исҳоқ ўғилларидан эмас, балки) Исмоил ўғилларидандир», дейишди. (Ҳақиқатда) ушбу маънога ҳадис ва унинг оқими далолат қиляпти. Чунки у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) арабларни ирода қилдилар. (Ҳадисда айтиб ўтилган) шаҳар эса: Қустонтиниядир»).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим. У кишининг эгниларида оқ кийим бўлиб, ухлаб ётардилар. Мен у кишининг ҳузурларига киргач, уйғониб кетдилар ва шундай дедилар: «Бирон бир банда Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб, сўнгра ана шу асосида вафот этса, албатта жаннатга киради». Мен: «Зино ва ўғирлик қилса ҳам-а?», дедим. У киши: «Зино ва ўғирлик қилса ҳам», дедилар. Мен: «Зино ва ўғирлик қилса ҳам-а?», дедим. У киши: «Зино ва ўғирлик қилса ҳам», дедилар. Мен: «Зино ва ўғирлик қилса ҳам-а?», дедим. У киши: «Абу Зарнинг хоҳишига зид ўлароқ зино ва ўғирлик қилса ҳам», дедилар» (Бухорий (5827), Муслим (94)).

Абу Зар розияллоҳу анҳу (ҳар сафар) ушбу ҳадисни айтсалар: «Абу Зарнинг хоҳишига зид ўлароқ», деб қўярдилар.

Саъд Ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Зуннуннинг балиқ ичида қилган дуоси: «Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназзолимийн» (Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сени барча айбу нуқсонлардан поклайман. Мен золимлардан бўлдим). Мусулмон киши бирор нарса (бораси)да ушбу билан дуо қилар экан, албатта Аллоҳ уни ижобат қилади» (Термизий (3505), Аҳмад (1465), Насоий «Кубро» (10492), Ҳоким «Мустадрок» (1/684), Абу Яъло «Муснад» (772) ва Албоний «Силсила ас-Соҳиҳа» (1744)да саҳиҳ санадилар).

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «(Бошига) ғам-андуҳ тушган кишининг дуоси: «Аллоҳумма роҳматака аржу, фала такилний ила нафсий торфата айнин, ва аслиҳ лий шаъний куллаҳ, ла илаҳа илла анта» (Аллоҳим, Сенинггина раҳматингни умид қиламан. Мени кўз очиб-юмиш лаҳзаликчалик ўзимга ташлаб қўйма. Ишимнинг барини ўнгла. Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ)» (Абу Довуд (5090), Аҳмад (27898), Бухорий «Адаб ал-Муфрад» (701), Ибн Ҳиббон «Соҳиҳ» (970) ва Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (3388)да ҳасан даражасида дедилар).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғир дамларда шундай деб, дуо қилардилар: «Ла илаҳа иллаллоҳул азимул ҳалим, ла илаҳа иллаллоҳу роббул аршил азим, ла илаҳа иллаллоҳу роббуссамавати ва роббул арзи ва роббул аршил карим» (Буюк, Ҳалийм Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Буюк аршнинг Роббиси Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Осмонлару ер ва мукаррам аршнинг Робби Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ)» (Бухорий (6346), Муслим (2730)).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сенга шундай сўзларни ўргатайинки, уларни айтадиган бўлсанг, мағфират қилинган бўлсангда Аллоҳ сени (гуноҳларингни) кечиради: «Ла илаҳа иллаллоҳул ъалийюл ъазим, ла илаҳа иллаллоҳул ҳакимул карим, ла илаҳа иллаллоҳ, субҳаналлоҳи роббиссамаватис сабъи ва роббил аршил ъазим, алҳамдулиллаҳи роббил ъаламин» (Олий, Буюк Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Ҳикматли, Саҳоватли Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Етти осмон ва буюк арш Роббиси (бўлмиш) Аллоҳни барча айбу нуқсонлардан поклайман. Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳ учундир)» (Термизий (3504), Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (2621)да саҳиҳ санадилар).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сизлардан биронтангиз таҳорат қилиб, таҳоратини тўла қилса ёки комил қилса, сўнг: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» (Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси, деб гувоҳлик бераман), деб айтса, унга жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан киради» (Муслим (234)).

Саъд Ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки муаззинни эшитган вақтда: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ, розийту биллаҳи роббан ва бимуҳаммадин росулан ва бил ислами дийнан» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси, деб гувоҳлик бераман. Аллоҳни Роб, Муҳаммадни элчи ва Исломни дин, деб рози бўлдим», деса, гуноҳи мағфират қилинади)» (Муслим (386)).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг отар маҳал ҳужумга шайланардилар. Азонга қулоқ тутардилар. Азон эшитсалар (ушбу шаҳар билан жанг қилишдан) тийилардилар, акс ҳолда (яъни, азон эшитмасалар) ҳужумга ўтардилар. Шунда бир кишини: «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар», деганини эшитдилар ва айтдиларки: «Фитрат (яъни, Ислом)да». Сўнг (ҳалиги киши): «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ», деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дўзахдан чиқдинг», дедилар. (Не кўз билан) кўришсаки, у эчки боқар экан» (Муслим (382)).

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳни улуғлаб айтадиган зикрларингиз: Тасбиҳ (субҳаналлоҳ, деб айтиш), таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ, деб айтиш) ва таҳмиддир (Алҳамдулиллаҳ, деб айтиш). Шулар арш атрофида айланиб, хурмо (дарахтининг зивиллаган) овози каби ўз эгаларини ёдга оладиган овозлари бўлади. Ахир биронтангиз ўзини доимий эслатиб турадиган нарсаси бўлишини ёқтирмайдими?» (Ибн Можжа (3809), Албоний «Соҳиҳ ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб» (1568)да саҳиҳ санадилар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сени бундан-да яхши бўлган бир кўчатга йўллаб қўяйми? Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу Акбар, деб айтасан. Сенга ушбу калималарни ҳар бири учун жаннатда бир дарахт (кўчат) ўтқазилади» (Ибн Можжа (3708), Ҳоким (1/693) ва Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (2613)да саҳиҳ санадилар).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мен кечаси сайр қилдирилганимда (Исро кечаси) Иброҳимни кўрдим. У: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтиб, шуни хабар беринки, жаннат пок бир замин (бўлиб), суви тотли (чучук) ва у (жаннат) текисликдир. Кўчати эса: Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу Акбардир», деди» (Термизий (3462), Табароний «Кабир» (10/173) ва Албоний «Саҳиҳ ал-Жамиъ» (5152)да ҳасан даражасида дедилар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу Акбар, деб айтишим, мен учун қуёш порлаб (нур сочиб) турган нарсалардан (яъни, жамийки нарсалардан) яхшироқдир» (Муслим (2695)).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу Акбар, деб ўзингизни дўзахдан ҳимоя қилинглар. Чунки улар (ушбу калималар) қиёмат куни олдинги ва кейинги бўлиб ҳамда нажот берувчи бўлиб келади. Улар боқий қолувчи солиҳ амаллардир» (Насоий «Кубро» (6/212) 10648-рақам, Ҳоким (1/725) ва Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (3214)да саҳиҳ санадилар).

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳун анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки: «Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду алла илаҳа илла анта, астағфирука ва атувбу илайк» (Аллоҳим Сенга мақтов айтиб, барча айбу нусқонлардан поклайман. Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бераман. Сендан мағфират сўраб, тавба қиламан), деб бирор зикр мажлисида айтса, шулар унга босилган муҳр каби бўлиб қолади. Кимки шуларни лағв мажлисида айтса, унга каффорот бўлиб қолади» (Насоий «Кубро» (6/112) 10257-рақам, Ҳоким (1/720) ва Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (6430)да саҳиҳ санадилар).

«Сени барча айбу нуқсонлардан поклайман», яъни, Олийлигинга лойиқ бўлмайдиган ҳар қандай нарсадан поклайман.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг, ҳаж ёки умрадан қайтаётиб, ҳар бир дўнгалак (ердан ўтсалар) уч марта такбир айтиб, сўнг шундай дердилар: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодир, аайибувна, таибувна, ъабидувна лироббина ҳамидувна, содақоллоҳу ваъдаҳ, ва насоро ъабдаҳ, ва ҳазамал аҳзаба ваҳдаҳ» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир. Қайтаётиб тавба қилувчи, Роббимизга ибодат қилиб, мақтов айтувчи(миз). Аллоҳ ваъдасида ростгўй бўлиб, бандасига нусрат бериб, ёлғиз Ўзи аҳзоб (гуруҳларни) мағлуб этди)» (Бухорий (1797), Муслим (1344)).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки бир кунда юз марта: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодир» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир), деб айтса, унга ўнта қул озод қилган(нинг ажру-савоби) бўлиб, юзта ҳасанот китобат қилинади ва юзта гуноҳи ўчирилади, ҳамда ўша куни то кеч кирғизгунча шайтондан ҳифзу-ҳимояда бўлади. (Ушбу) кишидан кўра ундан кўпроқ амал қилгандан ўзга бирор киши афзалроқ амал қилолмайди» (Бухорий (3293), Муслим (2691)).

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодир» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир), деб ўн мартта айтса, Исмоил болаларидан тўртта қулни озод қилгандек бўлади» (Муслим (2693)).

Абу Айёш аз-Зурақий розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки тонг отгач: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодир» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир), деб айтса, унга Исмоил болаларидан бир қулни озод қилган(лик ажри) бўлади. Унга ўнта ҳасанот ёзилиб, ўнта гуноҳи ўчирилади ва ўн даража кўтарилади. Ва то кеч кирғизгунча шайтондан ҳимаояда бўлади. Агар кеч кирганда айтса, унга то тонг оттиргунча ушбу (юқорида айтилган ажрлар) бўлади» (Абу Довуд (5077), Ибн Можжа (3867), Аҳмад (16147) ва Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (6418)да саҳиҳ санадилар).

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Истиғфор (турларининг) саййиди: «Аллоҳумма анта робби ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука, ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатoъту, аъувзу бика мин шарри ма сонаъту, абу’у лака биниъматика ъалайя ва абу’у бизанбий, фағфирлий, фаиннаҳу ла яғфируз зунувба илла ант» (Аллоҳим, Сен Роббимсан ва Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Мен Сенинг қулингман. Мен қурбим етганича Сенинг аҳду паймонинг ва ваъдангда турибман. Ўзим қилган нарсалар ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Мени мағфират этгин. Албатта, фақат Сенгина гуноҳларни Кечирувчисан», деб айтишингдир». Ва (яна) шундай дедилар: «Кимки буни кундузи унга яқийн – аниқ ишонч ҳосил қилган ҳолатда айтса ва ўша куни кечга бормай вафот этса, бас, у жаннат аҳлидан бўлади. Кимки буни тунда, унга яқийн – аниқ ишонч ҳосил қилган ҳолатда айтса ва тонгга етмай вафот этса, бас, у жаннат аҳлидандир» (Бухорий (6306)).

Имом Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ «ал-Вабил ас-Соййиб» (8)да шундай дедилар: «Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни ирода қилса унга тавба, надомат, итоат, хокисорлик, (Роббисигагина) ҳожатманд бўлиш ва Ундан ёрдам сўраш, Унгагина чин дилдан таяниш, давомий тавба-тазарру, дуо ва Аллоҳнинг душмани (шайтон): Кошки бу кишини тарк қилиб, уни ушбу (гуноҳ)га йўлламасам, деб қоладиган асли гуноҳ бўлиб, бироқ Унинг раҳматига сабаб бўладиган ҳасанотлардан иборат У Зотга қурбат ҳосил қиладиган амаллардан имкон қадар (кўпроқ адо этиш) эшигини очиб қўяди.

Ушбу баъзи салафларнинг мана бу қовллари маъносидир: «Банда шундай бир гуноҳни қиладики, унинг сабабидан жаннатга киради ва шундай бир ҳасанотни қиладики, унинг сабабидан дўзахга киради».

«Ахир, қандай қилиб?», дейишди.

«(Банда) бир гуноҳга қўл уради-да, ушбу гуноҳ кўз олдидан кетмайди. Ундан (ушбу гуноҳнинг аччиқ самарасидан) хавфсираб, қўрқувга тушиб, йиғлаб, надоматлар чекиб, Роббиси азза ва жалладан ҳаё қилиб, Унинг ҳузурида бошини қуйи солиб, қалби синиқ ҳолатда (юрадиган) бўлиб қолганидан ушбу гуноҳ ўша банданинг саодати ва нажотига сабаб бўлиб қоладики, натижада ушбу гуноҳ кўплаб тоат-ибодатлардан фойдалироқ бўлиб қолади. Зеро ушбу гуноҳ ортидан банданинг саодати ва нажоти қўлга киритилиб, бу унинг жаннатга киришига сабаб бўлиб қолди.

Энди бир ҳасанотни қилади-да, бу билан Роббисига миннат ва кибр қилиб, ўзини (олий даражада) билиб, ўзидан ажабланадиган ва гердаядиган бўлиб қолади ҳамда: «Фалон-фалон ишларни қилиб қўйганман», дейди. Ушбу ҳасанот ўз кетидан ана шу гердайиш, кибр, фахрланиш ва ўзини катта олишни олиб келдики, бу унинг ҳалокатига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло ушбу бечорага яхшиликни ирода қилса, бўйнини эгиб, хокисор бўлиб, ўзини Унинг ҳузурида паст олишига олиб келадиган бир иш билан синайди. Агар унга бундан ўзгасини ирода қилса (яъни яхшиликни ирода қилмаса), уни гердайиб, кибрланишига ташлаб қўяди. Бу уни ҳалокатга етаклайдиган муваффаққиятсизликнинг ўзгинасидир.

Донишмандларнинг барчалари, тавфиқ бу: Аллоҳ таоло сени ўзинга топшириб қўймаслиги ва муваффаққиятсизлик эса: Аллоҳ таоло сени ўзинга топшириб қўйишидир, деб ижмо қилишган.

Кимгаки Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилса, унга хокисорлик, итоаткорлик, Аллоҳ таолога таянишнинг давомийлиги, Унинг Ўзигагина ҳожатманд бўлиш, ўз айби, жоҳиллиги, зулми ва тажовузларини кўра билиш, Робисининг фазлу марҳамати, эҳсони, саховати, яхшилиги, бойлик ато этгани ва мақтов айтишини мушоҳада қилиш бобини очиб қўяди.

Оқил киши ушбу икки йўл ўртасидан юриб боради. Ушбу икки йўл ўртасининг ўзгасидан юриш имконияти ҳам йўқ. Ушбу икки (йўлнинг) бири қўлдан кетса, бас, у бир қанотини йўқотган қуш кабидир.

Шайхулислом – Исмоил ал-Ҳарвий – шундай дедилар: «Оқил киши (Аллоҳнинг берган) миннат-марҳаматини мушоҳада қилиш ва ўз нафси, ҳамда амалининг айбидан хабардор-иқрор бўлиш ораси бўйлаб юради.

Бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисдаги ушбу қовлларининг маъносидир: «Истиғфор (турларининг) саййиди: «Аллоҳумма анта робби ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука, ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатoъту, аъувзу бика мин шарри ма сонаъту, абу’у лака биниъматика ъалайя ва абу’у бизанбий, фағфирлий, фаиннаҳу ла яғфируз зунувба илла ант» (Аллоҳим, Сен Роббимсан ва Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Мен Сенинг қулингман. Мен қурбим етганича Сенинг аҳду паймонинг ва ваъдангда турибман. Ўзим қилган нарсалар ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Мени мағфират этгин. Албатта, фақат Сенгина гуноҳларни Кечирувчисан)».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: «Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам эътироф этаман», деган қовлларида Аллоҳнинг берган миннат-марҳаматини мушоҳада қилиш ва ўз нафси ҳамда амалининг айбу-нуқсонидан хабардор-иқрор бўлиш ораси жам бўлди.

Аллоҳнинг берган миннат-марҳаматини мушоҳада қилиш, (кишини) неъмат ва эҳсонни ато этган Зотга муҳаббат, олқиш ва шукр қилишга йўллайди. Ўз нафси, ҳамда амалининг айбу-нуқсонидан хабардор-иқрор бўлиш эса (кишини) хокисор, итоаткор, (Роббисигагина) ҳожатманд бўлиш, ҳар вақт тавба қилиш, ҳамда ўзини бечораҳол-ношут деб билишга йўллайди.

Банда Аллоҳ таоло сари кириб бориши мумкин бўлган эшикнинг энг яқини, ўзини бечораҳол-ношут ҳис қилиш бобидир. Ўзини бирор (тилга олишга арзигулик) ҳолат ва мақомда ёки мақтаниб-миннат қила оладиган сабаб ва воситага эга эмас деб билишидир. Балки Аллоҳ таоло сари том маънода ҳожатманд ва (барча нарсадан) батамом мосуво қолганлик бобидан кириб боради. Шундай бир ҳолатда кирадики, ушбу (Роббисига бўлган) фақир-ҳожатмандлик ва хокисорлик қалб тўрини эгаллаб, натижада тилка пора бўла ёзган ҳолатдадир. Ушбу (қалб) синиқлиги-хокисорлиги уни барча жиҳатдан қамраб олгандир. Роббиси азза ва жаллага бўлган зарурати, батамом фақир ва муҳтожлигига ўз кўзи ила шоҳид бўлган. Вужудининг ҳар бир зоҳирий ва ботиний зарраси Роббиси табарока ва таолога тамомий муҳтож ва заруратдадир. Роббиси азза ва жалла уни кўз очиб юмгунча бўлган лаҳзага холий қўядиган бўлса ҳалок бўлиб, (қайтиб) тикланмайдиган даражада хасрат чекади. Аллоҳ таоло уни ўзига қайтариб, Ўзининг раҳмати билан ўнглаб-йўлга солишлиги бундан мустаснодир. Аллоҳ таоло сари убудият-чинакам бандаликни адо этишдан кўра яқинроқ йўл ва (қуруқ) даъводан кўра ғализроқ тўсиқ-ҳижоб йўқдир.

Убудият икки асос-қоидага жо бўлганки, унинг асоси: Комил муҳаббат ва тамомий хокисорликдир.

Ушбу икки асоснинг келиб чиқиш негизи юқорида айтиб ўтилган икки асосга бориб тақалади. У ҳам бўлса, муҳаббатга сабаб бўладиганАллоҳнинг берган миннат-марҳаматини мушоҳада қилиш ва тамомий хокисорликка сабаб бўладиган Ўз нафси ҳамда амалининг айбу-нуқсонидан хабардор-иқрор бўлиш. Банда Аллоҳ таоло сари юриб боришини ушбу икки асосга барпо қилар экан, душмани ундан фақат ғирром ва ғафлатга солибгина зафар қозона олиши мумкин. Аллоҳ азза ва жалла тезда яна уни қайта жонлантириб, Ўзининг раҳмати ила қайта тиклаб, ўнглаб қўяди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки тўшагига ётганда: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодир, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм, субҳаналлоҳ, валҳамдулиллаҳ, ва ла илаҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир. Куч-қувват Олий, Буюк Аллоҳ биландир. Аллоҳни барча айбу нуқсонлардан поклайман. Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Ва Аллоҳ Буюкроқдир), деса, гуноҳи ёки хатолари кечирилади. – (Ровий) Мисъар (ривоятда) шак қилдилар – Агарда денгиз кўпигичалик бўлса ҳам» (Насоий (6/202) 10647-рақам, Ибн Ҳиббон (5528) ва Албоний «Соҳиҳ ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб» (607)да саҳиҳ санадилар).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо оталари розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки бозорга киришда: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмит ва ҳува ҳайюн ла ямут, биядиҳил хойр ва ҳува ъала кулли шайъин қодир» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. У тирилтириб, ўлдиради ва Ўзи ўлмайдиган тирик Зотдир. Барча яхшилик Унинг қўлида. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир), деса, минг-минг (яъни, 1000х1000=1,000,000) ҳасанот ёзиб, минг-минг гуноҳини ўчиради ва минг-минг даража кўтариб, унга жаннатда уй қуради» (Термизий (3428), Ибн Можжа (2235), Аҳмад (329), Ҳоким (1/721) ва Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (6231)да ҳасан даражасида дедилар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Эй Росулуллоҳ, мени шундай бир калималарни айтишга буюрингки, уни тонг оттириб, кеч кирғизганимда (айтай)», дедилар. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундай дегин: «Аллоҳумма фатироссамавати вал арз, алимал ғойби вашшаҳадаҳ, робба кулли шайъин ва малийкаҳ, ашҳаду алла илаҳа илла ант, аъувзу бика мин шарри нафсий ва мин шарришшайтони ва ширкиҳ» (Осмонлару ернинг яратгувчиси, ғайбу ошкорни билгувчи, барча мавжудотнинг Робби ва Подшоҳи бўлган эй Аллоҳ! Гувоҳлик бераманки, Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Баднафслигу шайтондан ва ширкдан асрашингни илтижо қиламан)», дедилар. Ва айтдиларки: «Шуларни тонг оттириб, кеч кирғизганингда ва ўрнингга ётганингда айтгин» (Абу Довуд (5067), Термизий (3392), Аҳмад (7901), Ибн Ҳиббон (962), Ҳоким (1/694) ва Албоний «Силсила ас-Соҳийҳа» (2753)да саҳиҳ санадилар).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз (розияллоҳу анҳу)ни Яманга жўната туриб, шундай дедилар: «Уларни Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг элчисиман, деб гувоҳлик беришга чақиринг. Агар улар бу борада сизга итоат қилишса, Аллоҳ таоло уларга бир кеча кундузда беш вақт намозни фарз қилганини билдиринг. Агар улар бу борада сизга итоат қилишса, Аллоҳ таоло уларга мол-дунёларида, бойларидан олиниб, камбағалларига қайтариладиган садақа (закот) фарз қилганини билдиринг» (Бухорий (1395), Муслим (19)).

«Ушбу ҳадисда элчиларнинг йўли баён қилиндики, улар даъватни биринчи бўлиб Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик беришга (чақиришдан) бошлашган. Чунки бу, дин унинг асосида барпо бўладиган аслу асосдир. Агар Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш рўй-рост амалга ошадиган бўлса, ана шу дамда ушбу асосга бошқа нарсаларни ҳам бино қилиш имкони бўлади.

Аммо Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш ҳали рўй-рост амалга ошмаган бўлса, бошқа ишлардан фойда йўқдир. Ахир одамларда ширк бўла туриб намозга буюрмайсиз-ку. Уларни Аллоҳга мушрик бўлган ҳолатларида рўза, закот, қариндошлик алоқаларини боғлаш ва ҳаказоларга буюрмайсиз. Чунки сиз ҳали аввалги асосни қўймадингиз.

Бугунги кундаги кўплаб даъватчилар эса ушбу йўлга хилоф иш олиб боряптилар. Улар Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик беришга аҳамият қаратмай, балки одамларни рибо билан муомала қилишни тарк этиш ва гўзал йўлга кўра муомала қилиш, ҳамда Аллоҳ нозил қилган дин ила ҳукм қилишга даъват қиляптилар. Тавҳидни эса эслаб ўтмай, унга қайрилиб ҳам қарамайдилар. Гўёки у фарз эмасдек.

Улар қанчалик ўзларини меҳнатга тикишмасин, то бошқарув, намоз, закот ва ҳаждан иборат дин ишлари унинг устига қуриладиган аслу асосни рўй-рост амалга оширмас эканлар, ушбу амалларидан бирор фойда бўлмайди. Ана шу пайғамбарларнинг манҳажидир.

Ҳар бир элчи аввалги бор даъват қилганда Алоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик беришга (бўлган чақириқдан) бошлаган. Тавҳидга ва ақидани тўғирлашга даъват қилишган. Ана шундан кейин умматларини қолган дин ишларига буюришган. Фараз қилайликки, жамият рибодан узоқда, намозларни ўз вақтида адо этишга риоя қилади, масжидлар тўлиб тошган, хуллас барча амаллар адо этилади. Бироқ тавҳидни холис адо этиш топилмайди. Улар Аллоҳдан Ўзгасига дуо қиладилар. Пайғамбар, валий, (ўтган) солиҳ кишилар ва қабрларга… дуо-илтижо қиладилар. Демак уларнинг юқорида санаб ўтилган амалларидан бирон фойда йўқдир. Чунки улар ҳар қанча намоз ўқиб, рўза тутишса-да, мусулмон эмаслар» (Шайх Фавзоннинг «Тавҳид» китобига шарҳлари «Иъанатул Мустафид» (99)).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Балли! Балли! (Ҳайратланиш олди ишлатиладиган сўз). Беш нарсаки, тарозида жудо оғир босади: Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ), ва субҳаналлоҳ (Аллоҳни барча айбу нуқсонлардан поклайман), валҳамдулиллаҳ (барча мақтовлар Аллоҳ учундир), валлоҳу акбар (Аллоҳ улуғроқдир) ва мусулмон кишининг солиҳ фарзанди вафот этганда, унга (сабр қилгандаги) ажрини Аллоҳдан умид қилиши» (Баззор «Мажмаъ аз-Заваид» (10/101), Насоий «Кубро» (6/50) 9995-рақам, Ибн Ҳиббон (883), Ҳоким (1/692), Аҳмад (15235) ва Албоний «Соҳиҳ ал-Жамиъ» (2817)да саҳиҳ санадилар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки ҳар бир намозни кетидан ўттиз уч мартта тасбиҳ, ҳамд ва такбир айтса, ушбу тўқсон тўққизта бўлди. Ва: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодир» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир), деб юзтани тўла қилиб қўйса, хатолари, денгиз кўпигичалик бўлса-да кечирилади» (Муслим (597)).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки тунда уйқусидан уйғониб кетиб: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодир, алҳамдулиллаҳ, ва субҳаналлоҳ, ва ла илаҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар, ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир. Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Аллоҳни барча айбу нуқсонлардан поклайман. Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Аллоҳ Буюкроқдир. Куч ва қувват Аллоҳ биландир), деса, сўнг: «Аллоҳуммағфирлий» (Аллоҳим мени мағфират қил), деса ёки дуо қилса, ижобат қилинади. Агар таҳорат қилиб, намоз ўқиса, намози қабул қилинади» (Бухорий (1154)).

Пок калима бўлмиш «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг эъроби (граматик таҳлили).

«Ла»: Жинсни нафий қилувчи. Жумладаги исмни насб ва хабарини раф қиладиган «Инна»нинг таъсиридек амал қилади.

«Илаҳ»: «Ла»нинг исми, фатҳага мабний, насб ўрнида.

«Ла»нинг хабари ҳазф қилинган. Тақдири «Ҳаққун», раф ҳолатида, раф эканининг аломати калиманинг охиридаги зоҳирий замма.

«Илла»: Истисно ундалмаларидан. Калом тўла манфий ҳолатдадир.

«Аллоҳ»: Ушбу (Аллоҳ исми бўлмиш) лафзи жалола ҳазф қилинган хабардан бадалдир. Раф ҳолатдаги исмнинг бадали ҳам раф бўлади. Раф эканининг аломати калиманинг сўнгидаги зоҳирий заммадир.

Демак «Ла илаҳа иллаллоҳ»: «Ла» – жинсни нафий қилувчи. Илоҳ: Ибодат қилиб сиғиниладиган Зотки, қалблар унга сиғиниб, манфаатни ҳосил қилиш ёки зарарни даф этишда рағбат қилиб кўз тикиб туриладиган Зотдир.

«Ла»нинг хабари раф ҳолатида, ҳазф қилинган, тақдири: «Ҳаққун»дир.

«Иллаллоҳ» эса раф ҳолатдаги хабардан истиснодир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло, У Ҳақдир. Унинг ёлғиз Ўзига ибодат қилиш, ҳақ ибодатдир. Ўзгасига ибодат қилиш эса ушбу калимадаги «Ла» билан инкор қилингандир. Аллоҳ таоло шундай деди:

«Бунга сабаб, Аллоҳнинг Ўзигина ҳақ экани ва Уни қўйиб (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган (бутлар) эса ботилнинг ўзи экани ҳамда шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзигина энг Юксак ва Буюк Зот эканлигидир» (Ҳаж: 62).

Ушбу пок калима бўлмиш «Ла илаҳа иллаллоҳ»да инкор, истисно ҳамда чеклов бордир.

«Ла» инкор қилувчи бўлса, «Илла» исбот қилувчидир. Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ибодатга лойиқ бўлгани учун чеклов тўла-тамомий бўлди.

«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг фазилати ва Аллоҳнинг наздида қадри олий экани ҳақида яна кўплаб ҳадислар мавжуд. Бизга ушбу калима атрофида доим тўхталиб ўтишимиз вожиб бўлади. Шояд Аллоҳ таоло бизни Ўзининг Карим Юзига йўлиққунимизгача ушбу калима асосида қоим қилиб, ушбу калимани бузувчи амалларга қўл уриб қўйишимиздан четлаштирса ва ушбу калиманинг шартлари ва вожиботларига қалб, тил, тана аъзолари ва ҳаётимизда амал қилишимизни насиб айласа, бизни ушбу калимага амал қилувчилардан, унинг аҳл-лойиқ кишиларига муҳаббат қўювчилардан, уларни дўст тутувчилардан ва ушбу калимага душманлик ва нафрат қилиб, унга қарши курашувчиларга душманлик қилувчилардан қилса.

Аллоҳ жалла ва аладан Ўзининг гўзал исмлари ва олий сифатлари билан охирги сўзимизни «Ла илаҳа иллаллоҳ» қилмоқлигини ва бизни ана шу калима асосида жонимизни олишини ва ушбу калимага аҳл-лойиқ бўлганлар ҳалқасида қайта тирилтиришини, ҳамда бизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан олий Фирдавс жаннатида жам қилмоқлигини сўраймиз.

«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни кўп зикр қилинглар. Чунки у зикрларнинг энг афзали ва яхшисидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишидан олдинги барча пайғамбарлар айтган (сўзлар)ининг энг яхшисидир. Уни тилда нутқ қила туриб ўзгартириб юборишдан ва шартларини қўлга кирита олмасликдан ниҳоятда ҳазир бўлинглар.

Биронтангиз «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни бузувчи амаллардан бирини қилиб қўйишдан ҳазир бўлсин. «Ла илаҳа иллаллоҳ» асосида дўстлашиб, унинг асосида душман тутинглар. У диннинг асли, миллатнинг асосидир. Аллоҳ таоло унинг сабабидан халқларни, осмонлару ерни яратди. «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб Раҳмоннинг лашкари билан шайтоннинг қўшини ўртасида кечадиган Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод бозори ўрнатилди. Унинг сабабидан Аллоҳ таоло қиёматни қоим қилиб, халқларни қайта тирилтиради. «Ла илаҳа иллаллоҳ», дея тарозилар ўрнатилиб, саҳифалар тарқатилади. Бас, кимдир олдидан келган саҳифани ўнг қўли билан олса, яна кимдир ортидан келган саҳифани чап қўли билан олади.

Аллоҳнинг бандалари «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни кўп зикр қилинглар. Уни маҳкам тутинглар. Шояд Аллоҳ таоло бизни унинг асосида жонимизни олса. Албатта У барча нарсага Қодирдир.

Аллоҳ таолодан Ўзининг гўзал исмлари ва олий сифатлари билан бизда тавҳид рўй-рост амалга ошишини насиб айлашини, ўзгариб, фитналанмаган ҳолатимизда тавҳидни барпо қилишни бизга неъмат қилиб беришини сўрайман. Албатта У барча нарсага Қодирдир.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, ота-боболари бўлмиш Иброҳим ва Исмоилга ва бошқа пайғамбар ва элчиларга, аҳли оилалари ва барча саҳобаларига кўпдан-кўп салавоту саломлар йўлласин.

Охирги тилагимиз, барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.

 

Субк ал-Аҳад – чоршанба куни. 1430 ҳижрий йил, 25 Жумадал охир. 2009 милодий йил, 18 июн.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Саид ибн Рослан (Аллоҳ таоло у киши ва ота-оналарини афв айласин)

 

Манба: Тавҳид форуми

Sahifalar: 1 2 3 4 5

4 та мулоҳаза

  1. Administrator → 05.07.2013 йил

    Китобнинг асл арабий матни:
    /downloads/files/LA_ILAHA_ILLALLOH.pdf

  2. abu Emir → 15.08.2013 йил

    Ассалямуалейкум уа рахматуЛлахи уа баракатуху. Кичерасиз минем, мин узбек тили не знаю. Где можно скачать мп3 лекции на узбекском языке. АльхамдулиЛлях на руском языке есть, а на узбекском не знаю где скачать. я работаю с братьями узбеками, а они даже основ не знают. хочу для них скачать.лекции.

  3. Administrator → 15.08.2013 йил

    Валейкум ассалам ва рахматуллахи ва баракатух!
    Джазакаллаху хайр за ваше усердие брат!
    Вот здесь вы можете скачать лекции на узбекском:
    /maruza
    Пусть Аллах даст барака вашему призыву!

  4. abu Emir → 15.08.2013 йил

    جزاك الله خيرا

Фикр билдиринг