Шаъбон ойида рўза тутиш ҳақида

Шаъбон ойида рўза тутиш ҳақида

Алҳамду лиллаҳ, вас-солату вас-саламу ала ман ла набиййа баъдаҳ…

Шаъбон ойида кўп рўза тутиш мустаҳаб саналган амаллардандир.

Умму Салама онамиздан ривоят: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч қачон икки ой кетма-кет рўза тутганларни кўрмадим. Магар Шаъбонни Рамазон билан улар эдилар» (Аҳмад: 26022, Абу Довуд: 2336, Насоий:2175, Ибн Можа: 1648).

Ушбу ҳадиснинг Абу Довуд ривоят қилган лафзи қуйидагичадир:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Рамазондан ташқари) йилнинг биронта ойида тўлиқ рўза тутмас эдилар, магар Шаъбонни Рамазон билан улар эдилар». Албоний бу ҳадисни саҳиҳ санаган. (Саҳиҳи Абу Довуд: 2048).

Юқоридаги ҳадиснинг зоҳири бўйича ҳукм қиладиган бўлсак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Шаъбон ойида тўлиқ рўза тутганлари келиб чиқади. Аммо бошқа ҳадисларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Шаъбон ойининг ҳаммасида эмас, балки аксарида рўза тутганликлари ҳақидаги сўзлар ворид бўлган.

Имом Муслим ўз саҳиҳларида (1156) Абу Салама разияллоҳу анҳудан ривоят қилади. У киши айтадилар: «Мен Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзалари ҳақида сўрадим. Онамиз шундай жавоб бердилар: «Ул зот бир рўза тутсалар, кетма-кет тутардилар, ҳатто биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда кўп рўза тутиб юбордилар, дер эдик. Бир тутмасалар анча пайт тутмасдилар, ҳатто биз Ул зот анча тутмадилар-а, дер эдик. Мен Ул зотни ҳеч бир ойда Шаъбондагидек кўп рўза тутганларини кўрмаганман. Шаъбоннинг ҳаммасини тутардилар. Шаъбон ойини жуда ҳам кам рўзасиз ўтказардилар».

Уламолар юқоридаги икки ҳадиснинг ўртасини тавфиқ қилиш асносида ихтилоф қилдилар. Баъзиларининг раъйига кўра, бу нарса, яъни Шаъбонни тўлиқ тутиш ёки аксарини тутиш турли замон ва маконга қараб турлича бўлган. Шундай пайтлар бўлганки, унда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбонни тўлиқ тутганлар. Баъзи йилларда эса аксарини тутганлар. Чунончи, бу Ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг ҳам ихтиёрларидир (Шайх Ибн Боз, фатволар тўплами: 15-416).

Бошқа уламолар фикрига кўра эса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам йил давомида фақатгина Рамазон ойининг рўзасинигина тўлиқ тутганлар. Бу фикрдаги олимлар Умму Салама онамиздан ривоят қилинган юқоридаги ҳадис мазмунини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбон ойининг ҳаммасини эмас, балки аксарини тутганликларига йўйиб қабул қилдилар. Зеро, дейдилар улар, тил қоидаларига кўра, бир киши бир ойнинг аксар кунида рўза тутса, у фалон ойни бутунлай тутди дейиш жоиздир.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний бу борада уламолардан ривоят қилинган икки хил қавлни келтира туриб, бундай дейдилар:

1. Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадис Умму Салама онамизнинг ҳадисидаги «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч қачон икки ой кетма-кет рўза тутганликларини кўрмадим. Магар Шаъбонни Рамазон билан улар эдилар» деган сўзларидаги ҳақиқий мақсадларини ифода қилади. Яъни Умму Салама онамиз бу билан Ул зотнинг Шаъбон ойининг асосий қисмини рўза билан ўтказганликларини айтмоқчи бўлганлар …

Ҳофиз ўз сўзларида давом этиб шундай дейдилар: Термизий Абдуллоҳ Ибн Муборакдан нақл қилишича: «Бир киши маълум бир ойнинг аксар қисмида рўза тутса, араблар каломи бўйича ўша ойнинг ҳаммасини тутди дейишлик жоиз бўлади …»

2. Тийбий эса бундай дейди: Бу икки хил ривоят орасини эҳтимол мана бундай жамламоқ мумкиндир: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳида Шаъбонни тўлиқ тутган бўлсалар, гоҳида аксар қисмини туганлар, токи одамлар Шаъбон ойи ҳам Рамазон каби тўлиқ тутилиши вожиб деган фикрга келиб қолмасликлари учун…

Шундан сўнг Ҳофиз Асқалоний мана бундай хулоса қиладилар: Лекин, авалги қавл яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбонни тўлиқ тутмаганликлари ҳақидаги қавл тўғридир. Сўнгра бу қавлни қувватлайдиган бир неча ҳадисларни далил келтирадилар:

1. Оиша онамиздан ривоят: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир кечада Қуръонни ўқиб туширганликларини, бир кечада тонгга қадар намоз ўқиганларини ва Рамазондан бошқа биронта ойнинг барча кунини рўза билан ўтказганларини билмайман» (Муслим: 746).

2. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондан бўлак биронта ойда тўлиқ рўза тутмадилар» (Бухорий: 1971, Муслим: 1157).

Синдий Умму Салама онамизнинг ҳадисига берган шарҳида шундай дейди: «…Ул зот Шаъбонни Рамазон билан улар эдилар» дегани Шаъбон билан Рамазонни жамлардилар деганидир. Бу ҳадис зоҳирдан қаралганда гарчи Ул зотнинг Шаъбонни тўлиқ тутганликларига далолат қилса-да, бироқ, бунинг тескарисига далолат қилувчи ҳадислар ворид бўлган. Шу боис, ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбоннинг аксар қисмини туганликларига ҳамл қилинади. Яъни ул зот Шаъбоннинг аксар қисмини тутганлар. Бу ойда кўп рўза тутганларидан гўё Шаъбоннинг ҳаммасида рўза тутгандек бўлардилар. Яна Шаъбон билан Рамазон рўзасини улардилар.

Демак, юқоридаги илмий муноқашалардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбон ойининг ҳаммасини эмас, балки, аксар қисмини рўзадор ҳолда ўтказганлар.

Шу ерда мана бундай савол туғилиши мумкин:

Шаъбон ойида кўп рўза тутишнинг ҳикмати нима?

Жавоб: Ҳофиз Асқалоний айтадилар: Бу борада Насоий ва Абу Довуд Усома ибн Зайддан ривоят қилган, Ибн Хузайма саҳиҳ санаган мана бу ҳадис энг муносиб жавоб бўла олади: «Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай савол бердим: «Ё Расулаллоҳ, мен биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: «Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Хожасига кўтарилади. Бас, шундай экан, мен амалимнинг ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман» (Саҳиҳи Насоий, Албоний, ҳасан, (2221).

Валлоҳу аълам.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan