Шаъбон ойи рўзаси ҳақида

Шаъбон ойи рўзаси ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамду санолар, ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, аҳли оилаларига ва саҳобаларига салоту саломлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳеч бир ойда Шаъбондагидек кўп рўза тутганларини кўрмаганман. Шаъбоннинг ҳаммасини тутардилар. Шаъбон ойини жуда ҳам кам рўзасиз ўтказардилар» (Бухорий 1970, Муслим 1156).

Ривоят қилинишича, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: «Ё Расулуллоҳ, мен биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Ул зот жавоб бердилар: «Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Ҳожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман» (Насоий 2357, ҳасан ҳадис).

Бироқ ойнинг биринчи ярмида рўза тутиш афзалроқ. Бунга Суннат далолат қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қачонки Шаъбон ойининг ярми ўтса, рўза тутманглар!» (Абу Довуд 2337, Термизий 738, Ибн Можа 1651. Имом Абу Исо Термизий, имом Ибн Ҳиббон, Таҳовий, Абу Авона, ҳофиз Ибн Абдул-Барр, имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий ва шайх Албонийлар ҳадисни саҳиҳлигини тасдиқлашган).

Аммо агар инсон душанба ва пайшанба, ёки ҳар ойнинг уч кунида тутадиган одатий рўзалари бўлса, Шаъбоннинг ярмидан кейин тутилса ҳам зарари йўқ. Чунки Пайғамбар алайҳиссолату вассалом деганлар: «Рамазондан бир ёки икки кун аввал рўза тутманглар. Бироқ, бир киши (нафл) рўза (ларини) тутаётган бўлса тутаверсин» (Бухорий 1914, Муслим 1082).

Шунингдек Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда, Шаъбон ойини тўлиқ рўза тутиш билан ўтказмаслик керак. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойидан бошқа ойларда тўлиқ рўза тутганларини кўрмадим» (Бухорий 1969, Муслим 2/810).

Эй Аллоҳ, барчаларимизни улуғ Рамазон ойига етказ, унинг рўзасини тутиш ва кечаларини Қуръон ўқиш билан намозда туришга муваффақ қил!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan