Ошуро рўзаси ҳақидаги муттафақун алайҳ ҳадислар » Тавҳид
PDF WORD

Ошуро рўзаси ҳақидаги муттафақун алайҳ ҳадислар

Ошуро рўзаси ҳақидаги муттафақун алайҳ ҳадислар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Икки шайх (имом Бухорий ва имом Муслим роҳимаҳумаллоҳ) саҳиҳ эканига иттифоқ қилишган ҳадислар:

1- Урванинг Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси: «Қурайш жоҳилиятда Ошуро куни рўза тутарди. Сўнг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни (Ошуро куни) рўзасини тутишга буюрдилар. Рамазон (рўзаси) фарз бўлгач, айтдиларки: «Ким хоҳласа уни (Ошуро куни) рўзасини тутсин ва ким истаса уни (Ошуро кунини) оғзи очиқ ҳолда ўтказсин».

Ушбу ҳадисни Бухорий ва Муслим Урвадан уч йўлга кўра ривоят қилишди: 1) Зуҳрий; 2) Ҳишом ибн Урва; 3) Арок ибн Молик.

Зуҳрийнинг ривоятларига тўхталадиган бўлсак, Бухорий саҳиҳ тўпламларининг бир неча ўрнида ушбу ҳадисни ривоят қилдилар. (1- Ҳаж китоби – Аллоҳ таолонинг ушбу: «Аллоҳ Каъба – байтул ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадя (қурбонлик) ва ҳадя белгиларини (ҳадя учун аталган жониворларга осиб қўйиладиган ҳадялик аломатларини) одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди. Бу (нарса) токи сизлар Аллоҳ осмонлар ва ердаги бор нарсани билишни – Аллоҳ ҳамма нарсани билувчи эканини билишинглар учундир» (Моида: 97), қовли ҳақидаги боб (1592)). (2- Рўза китоби – Ошуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2001)). (3- Тафсир китоби – «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183), ҳақидаги боб (4502)). Муслим ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилдилар (Рўза китоби (2639)). Ибн Можжа (Рўза китоби – Ошуро куни рўзаси ҳақидаги боб (1733)).

Дарҳақиқат Зуҳрийдан ушбу ҳадисни бир жамоат ривоят қилишди. Шулардан Бухорийнинг саҳиҳ тўпламларида Ақил (1925), Шуайб (2001). Бухорий (4502) ва Муслимнинг (2639) саҳиҳ тўпламларида Суфён ибн Уяйна ривоят қилди. Ибн Можжанинг (1733) ҳадис тўпламларида эса Ибн Абу Зиъб ривоят қилди.

Ҳишом ибн Урванинг ҳадисига тўхталадиган бўлсак, Бухорий ушбу ҳадисни ўзларининг саҳиҳ тўпламларининг бир қанча ўрнида ривоят қилдилар. (1- Рўза китоби – Ошуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2002)). (2- Ансорларнинг маноқиблари китоби – Жоҳилият кунлари ҳақидаги боб (3831)). (3- Тафсир китоби – «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183), ҳақидаги боб (4504)). Муслим ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилдилар. (Рўза китоби (2637)). Термизий ўзларининг жомеъларида ривоят қилдилар. (Рўза китоби – Ошуро кунининг рўзасини тарк этишга рухсат ҳақида келган ҳадислар ҳақидаги боб (753) ва ҳадисни саҳиҳ деб айтдилар). Абу Довуд ўзларининг сунанларида ривоят қилдилар (Рўза китоби – Ошуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2442)).

Арок ибн Моликнинг ҳадисларига келсак, Бухорий ушбу ҳадисни ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилдилар. (Рўза китоби – Рамазон рўзасининг вожиб эканлиги ҳақидаги боб (1893)). Муслим ҳам ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилдилар (Рўза китоби (2641)).

2- Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро (рўзаси) ҳақида шундай дедилар: «Ким истаса рўза тутсин ва ким хоҳламаса тутмасин».

Бухорий ва Муслим ушбу ҳадисни Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан икки йўлга кўра ривоят қилишди: 1- Нофеъ; 2- Солим;

Нофеънинг ҳадисига тўхталадиган бўлсак, имом Бухорий (Рўза китоби – Рамазон рўзасининг вожиб эканлиги ҳақидаги боб (1892)) ва (Тафсир китоби – «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183), ҳақидаги боб (4501))да ривоят қилдилар. Муслим ўзларининг саҳиҳ тўпламларида (Рўза китоби (2642-2646))да ривоят қилдилар. Муслимнинг лафзларида қуйидагича келган: «Жоҳилият аҳли Ошуро куни рўза тутардилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар ҳам рамазон рўзаси фарз бўлишидан олдин уни (Ошуро кунинг рўзасини) тутардилар…». Абу Довуд (Рўза китоби – Ошуро кунининг рўзаси ҳақидаги боб (2443))да ва Ибн Можжа (Рўза китоби – Ошуро кунининг рўзаси ҳақидаги боб (1737))да ривоят қилишди.

Солимнинг ҳадисларига келсак, Бухорий (Рўза китоби – Ошуро кунининг рўзаси ҳақидаги боб (2000))да, Муслим эса (Рўза китоби (2647))да ривоят қилишди.

3- Зуҳрий Ҳумайд ибн Абдурроҳмандан, у киши эса Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳаж йили минбар устида бундай деяётганларини эшитдилар: «Эй Мадина аҳли, қани уламоларингиз? Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бундай деяётганларини эшитганман: «Ушбу Ошуро куни бўлиб, Аллоҳ таоло унинг рўзасини сизларга фарз қилмади. Мен эса рўзадорман. Ким хоҳласа рўза тутсин ва ким истаса оғзини очсин»».

Бухорий (Рўза китоби – Ошуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2003)), Муслим (Рўза китоби (2655-2653))да, Насоий (Рўза китоби – Ота-онам фидо бўлгур Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзалари ҳақидаги боб (2373))да ривоят қилишди.

4- Саъид ибн Жубайр Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келгач, яҳудларни Ошуро куни рўза тутаётганларини кўриб, айтдиларки: «Бу нима?» Улар: «Бу унутилмас бир кун бўлиб, Аллоҳ таоло бу кунда Бану Исроилга ўз душманларидан нажот берган. Шунда Мусо (бу куннинг) рўзасини тутди», дедилар. У киши эса: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», дедилар. (Ўзлари) бу кунда рўза тутиб, (бошқаларни ҳам ушбу куннинг) рўзасини тутишга буюрдилар».

Бухорий ва Муслим ушбу ҳадисни Саъид ибн Жубайрдан икки йўлга кўра ривоят қилишди: 1- Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Жубайр; 2- Абу Бишр;

Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Жубайрнинг ҳадисларига тўхталадиган бўлсак, имом Бухорий (Рўза китоби – Ошуро кунининг рўзаси ҳақидаги боб (2004))да ва (Пайғамбарлар ҳадислари китоби – Аллоҳ таолонинг ушбу: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга Мусо ҳақида хабар келдими?» (Тоҳа: 9) ва «Мусо билан Аллоҳнинг ўзи ҳақиқатда гаплашди» (Нисо/164) қовллари ҳақидаги боб (3397))да, Муслим (Рўза китоби (2658-2659)да ривоят қилишди.

Абу Бишрнинг ҳадисига келсак, имом Бухорий (Ансорларнинг маноқиблари китоби – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келгач яҳудларнинг (у киши) ҳузурларига келишлари ҳақидаги боб (3949))да ва (Тафсир китоби – «Биз бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганда эса, у деди: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар бани Исроил иймон келтирган Зот – Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман – Аллоҳга бўйинсунувчилардандирман», қовли ҳақидаги боб (4680)) ва яна (Тафсир китоби – «Дарҳақиқат, Биз Мусога: «Сен бандаларимни (яъни, бани Исроилни) тунда олиб кетиб, улар учун (суви) қуриган денгизни йўл қил – (ортларингдан Фиръавн) етиб олишидан хавф қилма ва (денгизга ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқма», деб ваҳий юбордик. Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкарлари билан қувган эди, уларни денгиз ўраганча-ўраб олди (яъни, барчалари унга ғарқ бўлдилар). Фиръавн қавмини тўғри йўлга бошламади, (балки тўғри йўлдан) оздирди», қовли ҳақидаги боб (4737))да, Муслим (Рўза китоби (2657-2656))да ва Абу Довуд (Рўза китоби – Ошуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2444))да ривоят қилишди.

5- Абу Усома Абу Умайсдан, у киши Қойс ибн Муслимдан, у киши эса Ториқ ибн Шиҳобдан, у киши Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Ошуро кунини яҳудлар байрам деб ҳисоблашарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Сизлар (ҳам бу куннинг) рўзасини тутинглар»».

Бухорий (Рўза китоби – Ошуро кунининг рўзаси ҳақидаги боб (2005)) ва (Ансорларнинг маноқиблари китоби – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келгач яҳудларнинг (у киши) ҳузурларига келишлари ҳақидаги боб (3942))да, Муслим (Рўза китоби (2660))да ривоят қилишди.

Муслим (Рўза китоби (2661))да Содқа ибн Абу Имроннинг йўлидан, у киши Қойс ибн Муслимдан ёлғиз ўзлари (яъни Бухорийнинг саҳиҳ тўпламларида йўқ) ривоят қилдилар: «Хайбар аҳли Ошуро куни рўзасини тутиб, уни байрам қилиб олгандилар. Аёлларига зеб-зийнат тақишарди».

6- Суфён ибн Уяйна Убайдуллоҳ ибн Абу Язиддан, у киши эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқасини ушбу рўзадан афзал билиб (рўза тутишга) одатланганларини кўрмадим: Ошуро куни ва ушбу ой, яъни, рамазон ойи рўзаси».

Бухорий (Рўза китоби – Ошуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2006))да, Муслим (Рўза китоби (2662))да, Насоий (Рўза китоби – Ота-онам фидо бўлгур Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзалари ҳақидаги боб (2372))да ривоят қилишди.

Муслим (Рўза китоби (2663))да Ибн Журайждан, у киши Убайдуллоҳ ибн Абу Язиднинг йўлига кўра ёлғиз ўзлари ривоят қилдилар.

7- Язид ибн Абу Убайд Салам ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аслам (қабиласидан) бўлган бир кишига, одамлар орасида шундай деб эълон қилишига буюрдилар: «Ким (бирор нарса) еган бўлса, куннинг қолган қисмида рўза тутсин. Ким ҳали емаган бўлса ҳам рўза тутсин. Бугун Ошуро кунидир»».

Бухорий (Рўза китоби – Тонгда рўза тутишга ният қилганда ҳақидаги боб (2007))да, Муслим (Рўза китоби (2668))да ривоят қилишди. Ва яна Бухорий (Оҳад хабарлар (йўлланган) мактублар китоби – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам амир ва элчиларни ёлғиз-ёлғиз жўнатардилар ҳақидаги боб (7265)).

8- Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу нонушта қилаётганларида ҳузурларига Ашъас ибн Қойс кириб келиб, айтдики: «Бугун Ошуро куни-ку». Абдуллоҳ айтдиларки: «(Бу кун) рамазон рўзаси (фарз бўлиши ҳақидаги оят) нозил бўлишидан олдин тутиларди. Ушбу (оят) нозил бўлгач, бу (куннинг рўзасини тутишлик) қолдирилди. (Қани) яқинроқ келиб, овқатдан ол».

Бухорий (Тафсир китоби – «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183), ҳақидаги боб (4503))да Алқаманинг йўлига кўра ривоят қилдилар. Муслим (Рўза китоби (2651-2648))да Ашъаснинг йўлига кўра ривоят қилдилар.

9- Бишр ибн Муфаззал Холид ибн Заквондан, у эса Робиъ бинт Маъуз ибн Афродан ривоят қилади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро куни эрталаб Мадина атрофидаги ансорларнинг қишлоқларига одам жўнатиб, айтдиларки: «Ким бугун рўзадор ҳолда тонг оттирган бўлса, рўзасини тутиб қўйсин. Ким оғзи очиқ ҳолда тонг оттирган бўлса, куннинг қолган қисмида рўза тутсин». Шундан кейин биз (ушбу кунда) рўза тутиб, кичик гўдакларимизга ҳам Аллоҳ хоҳлаганча рўза туттирардик. Масжидга бориб, уларга тукдан ўйинчоқ ясаб берардик. Улардан бири таом деб йиғлайдиган бўлса, уни (таомни) унга ифтор вақтида берардик».

Бухорий (Рўза китоби – Гўдакларнинг рўзалари ҳақидаги боб (1960))да ва Муслим (Рўза китоби (2669))да ривоят қилишди.

Аллоҳ пағамбаримиз Муҳаммадга, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин!

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.