Тавҳид форуми
Аллоҳ борлиқни нима учун яратган? - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Ақида (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=44)
+--- Forum: Тавҳид (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=45)
+--- Thread: Аллоҳ борлиқни нима учун яратган? (/showthread.php?tid=85)



Аллоҳ борлиқни нима учун яратган? - Admin - 10-04-2009

Аллоҳ таоло бизни яратиб, ризқ бергани ва шунчаки-беҳудага ташлаб қўймаганига иймон келтириш

Биринчи: Аллоҳ таоло бизни яратди, ризқ берди ва шунчаки-беҳудага ташлаб қўймади.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Биринчи: Аллоҳ таоло бизни яратди», деган сўзларининг маъноси: У Зот бизни йўқдан бор қилди. Аллоҳ таоло бизни яратишидан олдин йўқ эдик. Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: «Аниқки, инсоннинг устига замондан у тилга олгулик бир нарса бўлмаган вақт-муддат ҳам келгандир» (Инсон: 1).
Аллоҳ таоло айтадики: «(Аллоҳ) айтди: «Шундай. Роббинг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни, йўқдан бор қилган эдим-ку) (Марям: 9). Инсон яратилишидан олдин йўқ бўлганди. Уни вужудга келтириб, яратган Зот – Аллоҳдир. Аллоҳ таоло айтадики: «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?!» (Тур: 35).
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «(Бизга) ризқ берди», деган сўзларига тўхталсак. Биз ризқ, таом, ичимлик, кийим-кечак, уй-жой, маркаб ва ўзимизга фойдали нарсаларга муҳтож бўлганимиз они, Субҳанаҳу ва таоло ҳаёт кечиришимиз ва яратилишимиздан кўзланган (буюк ғоя) – Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилишга куч йиғишимиз учун осмонлар ва ердаги бизга фойдали бўлган барча нарсани бўйинсундириб берди.
«(Бизни) шунчаки-беҳудага ташлаб қўймади», деган қовлларига қайтадиган бўлсак, шунчаки-беҳуда, яъни, аҳамият берилмай, қаровсиз, ўз-ўзига ташлаб қўйилган, деган маънодадир. Аллоҳ таоло бизни (етук) бир ҳикмат сабабли яратиб, ризқ ато этди. Бизни беҳудага яратгани йўқ. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас!)» (Мўминун: 115).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтадики: «Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, Охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди» (Қиёмат: 36-38).
Ва яна шундай деди: «Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах – ҳалокат бўлгай!» (Сод: 27).
Аллоҳ таоло бизни яратди ва буюк ҳамда олий бир ҳикмат сабабли бизларга турли ризқ ва имкониятларни ато этди. (Ушбу ҳикмат) – У субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишимиздир. Бизларни бандаларнинг фойдалари учун яратилиб сўнг ўлиб, (йўқ бўлиб) кетадиган ҳайвонлар каби яратмади. Чунки ҳайвонларда буйруқ ва қайтариқларга риоя қилиш йўқ. Демак Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилишимиз учун яратди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир» (Зориёт: 56-58). Бизни ушбу дунёда фақат яшаб, елиб-югуриб, кўнгилхушлик қилиб, еб-ичиб, фойдаланишимиз сўнг эса бирор натижа-оқибатсиз яратган эмас. Балки ушбу ҳаёт охират диёри учун солиҳ амаллар қилиб қоладиган экинзор ва бозорки сўнг вафот этиб, бу дунёни тарк этамиз. Сўнг эса қайта тирилтирилиб, ҳисоб-китоб қилиниб, амалларимизга яраша жазо (ёки мукофотимизни) оламиз.
Ана шу жин ва инсни яратилишидан бўлган мақсад эди. Бунинг ҳужжатлари кўп бўлиб, ушбу ҳужжатлар қайта тирилиш, жазо ва ҳисоб-китоб ҳақ эканига далолат қилади. Ақл ҳам шуларни ҳақ эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло ушбу ажойиб борлиқни яратиб, уни одам болаларига бўйинсундириб бериши ва уларни шунчаки вафот этиб, бирор натижасиз (йўқ бўлиб) кетишларига ташлаб қўйиши субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматига нолойиқдир. Балки бу бекор-беҳудаликдир. Ушбу амалларни охират диёрида натижаси кўрилмоғи шартдир.
Шунинг учун ҳам гоҳида инсонлар орасида умрини Аллоҳ таолога тоат-ибодатда ўтказиб, фақир, муҳтож, гоҳида эса мазлум, эзилиб-сиқилган, тазйиққа учраган ва ушбу дунёда қилган ишига яраша улушини олмаган ҳолда умргузаронлик қилиб ўтганлар бўлади. Ва аксинча одамлар ичида кофир, мулҳид, ярамас, ўйнаб-чопиб, бу дунёда дилҳушлик қилиб, неъматларга бурканиб, хоҳлаган нарсаси берилиб, Аллоҳ ҳаром қилган ишларга қўл уриб, ўзгаларга зулм ва тажовуз қилиб, уларнинг молларини тортиб олиб, ноҳақ ўлдириб, мажбуран устунлик-ҳукмронлик қиладиган сўнгра ана шу ҳолатида вафот этиб, бирор жазога тортилмайдиган кимсалар бўлади. Энди ушбу итоаткор бандани мукофотсиз ва мана бу кофирни жазосиз ташлаб қўйиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг адолатига лойиқми?! Албатта бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг адолатига нолойиқ бир ишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло яхшилик қилувчи қилган яхшилигига мукофот, ёмонлик қилувчи қилган ёмонлигига жазо олсин учун бошқа бир диёрни яратдики, ўша диёрда амаллар ўз самарасини кўрсатади.
Дунё амал қилиб қолиш диёридир. Охират эса жазо ва мукофот диёри, ё жаннат ё дўзахдир. Аллоҳ таоло бизни мулҳид-даҳрийлар ўйлаганидек бекор-беҳудага ташлаб қўйган эмас. Аллоҳ таоло шундай деди: «Улар (яъни, қиёматни инкор қилувчилар: «Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради», дедилар. Ҳолбуки, улар учун бу тўғрида бирон билим-ҳужжат йўқдир. Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос» (Жосия: 24). Ушбу жумлалар қайта тирилишга иймон келтирмайдиган мулҳидларнинг қовлидир.
Дарҳақиқат Аллоҳ азза ва жалла уларнинг бу сўзларини инкор қилиб, шундай деди: «Ахир биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35-36).
Ва яна шундай деди: «Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни, дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).
Аллоҳ азза ва жалла айтдики: «Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! Балки Биз тақводор зотларни фисқу фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!)» (Сод: 28).
Балки бизларга элчи жўнатди
Ибодат, таҳсинга сазовор иш экан, деган гумонимиз ва фалончи-ю пистончиларга тақлид қилиш билан бўлмайдиган бир иш экани учун ҳам Аллоҳ таоло, Унга қандай ибодат қилишимизни бизга баён қилиб берадиган бир элчи жўнатди. Чунки ибодатлар тавқифий-ҳужжат асосида адо этиладиган амаллар бўлиб, Аллоҳ таолога фақат Ўзи жорий қилган нарса билангина сиғинилади.
Ибодатлар элчилар алайҳиммуссалоту вассалам олиб келган динга қайдлангандир. Элчиларни жўнатишдан бўлган ҳикмат, одамларга Роббилари азза ва жаллага қандай ибодат қилишларини баён қилиб бериш ва уларни Аллоҳ таолога ширк ва куфр келтиришдан қайтариш учундир. Шунинг учун ҳам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бирор амални қилса, бас у рад этилгандир» (Бухорий (7350) ҳадисдан олдин Муслим (18) ва (1718) Оиша розияллоҳу анҳoдан ривоят қилишди). Демак, ибодатлар тавқифий-ҳужжат, далилга қайдланган, бидъат ва хурофотлар мардуддир, кўр-кўрона тақлид қилиш эса қайтарилгандир. Ибодатлар фақатгина Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан олинади.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Балки бизларга элчи жўнатди», деган сўзларидан мурод – пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Аллоҳ таоло у кишини бизга, нима учун яратилганимиз ва Аллоҳ азза ва жаллага қандай ибодат қилишимизни баён қилиб бериш ҳамда бизни ширк, куфр ва маъсиятлардан қайтаришлари учун жўнатди. Ана шулар Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳамият қаратган ишлар бўлиб, у киши рисолатни тамомий етказиб, омонатни адо қилиб, умматга холис-самимий бўлдилар ва (барча нарсани) баён қилиб, изоҳлаб бердилар. Бизни кечалари кундуз каби оппоқ ҳужжат-йўл устида қолдирдирлар. Энди бу йўлдан фақат ҳалокатга учрайдиган кимсагина оғиб кетиши мумкин. Аллоҳ таоло шундай деди: «Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
У кишига итоат қилган жаннатга, итоатсизлик қилган эса дўзахга киради.
«У кишига итоат қилган...», яъни, у кишига буюрган ишларида итоат қилган киши жаннатга киради.
«Итоатсизлик қилган эса...», яъни, у кишига қайтарган ишларида итоатсизлик қилган кимса дўзахга киради.
Ушбу жумлани Қуръондаги кўплаб оятлар тасдиқ этади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо: 80). Ва яна шундай деди: «Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз» (Нисо: 64). Субҳанаҳу ва таоло айтадики: «Агар унга бўйинсунсангиз ҳидоят топурсизлар» (Нур: 54). Яна шундай деди: «Пайғамбарга бўйинсунинглар. Шояд раҳматга эришсангиз» (Нур: 56). Кимки у кишига итоат қилса, ҳидоят топиб, жаннатга дохил бўлади. Ким энди у кишига итоатсизлик қилса, залолатга оғиб, жаҳаннамга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бош тортганингиздан ташқари барчангиз жаннатга кирасизлар». «(Жаннатга киришдан) ким ҳам бош тортарди эй Расулуллоҳ», дейишди. (Шунда): «Ким менга итоат қилса жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, дарҳақиқат, (жаннатга киришдан) бош тортибди» (Бухорий (7280) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бирор яҳудий ёки насроний мен ҳақимда эшитиб, сўнг мен олиб келган нарса-динга иймон келтирмаса, дўзахга киради» (Муслим (153) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди). Демак, кимда-ким у кишига бўйинсунса жаннатга, осийлик қилса жаҳаннамга киради. Ана шу мўмин билан кофирнинг орасидаги фарқдир.
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)» (Музаммил: 15-16).
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Далил», деган сўзларидан мурод, элчиларни жўнатишга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир, деган маънода: «(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)». Аллоҳ таолонинг: «Биз» деган қовлидаги кўплик олмошидан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Ушбу олмош ўзини катта-улуғ санаганда истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло Азийм-Улуғ Зотдир.
«Юбордик», яъни, худди юқоридагидек улуғлик олмоши. «Юбордик», яъни, жўнатдик, ваҳий қилдик.
«Сизларга», яъни, эй жин ва инс тоифаси. Хитоб бутун инсониятга тааллуқлидир. Чунки ушбу Расул қиёматгача бўлган жамийки инсониятга юборилгандир.
«Бир пайғамбарни», яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни.
«Сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи», яъни, қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида сизларга рисолатни етказиб, ҳужжатни қоим қилгани(га гувоҳлик беради). Аллоҳ таоло шундай деди: «Токи бу пайғамбарлар (ўтганларидан) кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик» (Нисо: 165). Қиёмат куни бирор киши: мен ибодат қилиш учун яратилганимни, менга нима вожибу нима ҳаром эканини билмагандим, деб айтолмайди. Чунки элчилар алайҳимуссалоту ва саллам (рисолатни) етказиб кетишган. Ушбу Муҳаммадий уммат ҳам уларнинг устида гувоҳлик беради. Аллоҳ таоло шундай деди: «Шунингдек, (яъни, тўғри йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара: 143).
Ушбу уммат Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида ўқиб-билганига биноан қиёмат куни ўтган умматлар устида, уларга жўнатилган элчилар Аллоҳнинг рисолатини етказишганига гувоҳлик беради. Чунки Аллоҳ таоло бизга олдинги умматлар ва уларга пайғамбарлари нималар дегани ҳақида қисса қилиб берди. Ушбу хабарларнинг барини на олдидан ва на ортидан ботил-путур етмайдиган, Ҳикматли ва Ҳамид-Мақталган Зот томонидан нозил қилинган Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан ўқиб билдик.
«Ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун», яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари устида, Аллоҳнинг ҳузурида, уларга ҳужжатни қоим қилиб, рисолатни етказиб, Аллоҳ йўлида насиҳат қилган эканларига гувоҳлик берадилар. Қиёмат куни бирор кишига: менга ҳеч нарса етиб келмади, огоҳлантирувчи келмади, деб айтишига ҳужжат йўқ. Ҳатто кофирлар ҳам жаҳаннамга улоқтирилишганда шуни эътироф этадилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳар қачон (жаҳаннамга) бир тўда (кофир) ташланганида, унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан): «Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи-пайғамбар келмаганмиди?», деб сўраганида Улар дерлар: «Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: «Аллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар», деганмиз»» (Мулк: 8-9). Демак, пайғамбарларга қарата: сизлар залолатда, деб, уларни ёлғончига чиқаришган.
Пайғамбарларни жўнатишликдан бўлган ҳикмат, бандаларга ҳужжатни қоим қилиб, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоятга бошлашидир. Демак, Аллоҳ таоло элчилар сабаб Ўзи хоҳлаган кишини тўғри йўлга бошлайди ва қайсарлик, инкор, ҳамда кибр қилганларга қарши ҳужжатни қоим қилади.
«Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби»: Фиръавн Мисрдаги золим подшоҳ бўлиб, ўзини Роб дея даъво қилганди. Фиръавн, Мисрдаги подшоҳларнинг лақаби бўлиб, бу ўринда назарда тутилган Фиръавн: ««Мен сизларнинг энг юксак Роббингизман», деди» (Нозиат: 24), дея рубубиятни даъво қилган подшоҳдир.
«(Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач», Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ўрталарида юз берган воқеларни бошидан охиригача қисса қилиб берганидек Фиръавн у кишига (иймон келтирмай) кофир бўлди.
«Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)», яъни, Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилиб сўнгра жаҳаннамга киргазди: «Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар» (Нуҳ: 25). Барзах ҳаёти улар учун жаҳаннамга айланди. Демак, бу охиратдан олдинги қабрдаги ҳолатдир. Қиёмат қоим бўлгунга қадар эрта-ю кеч оловга тутиладилар. Бу эса қабр азоби (ҳақ) эканига далилдир, Аллоҳ сақласин: «(Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 46).
Азоб (улар учун) уч босқичдан иборат (бўлди):
Биринчи: Аллоҳ таоло бир лаҳзада уларни денгизга ғарқ қилиб, охиригача (бу дунёдан) ўчириб-супуриб ташлади.
Иккинчи: Улар Қиёмат қойим бўлгунга қадар барзахда азобланадилар.
Учинчи: Улар қиёматда қайта тирилтирилишгач энг қаттиқ азобга киритиладилар, Аллоҳ сақласин.
Шунингдек, кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга осийлик қилса, унинг оқибати Фиръавннинг оқибатидан-да аянчли бўлади. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг афзали эканлар, энди ким у кишига итоатсизлик қилса тортадиган азоби ҳам аянчли бўлади.
«Қаттиқ ушлаш билан ушладик», яъни, шафқат қилинмай. «Роббингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганда, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102).
Ушбу оят Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бизга пайғамбар қилиб юбориши билан марҳамат қилганига далилдир. У кишини пайғамбар қилиб юборилишларидан мақсад, бизга ибодат (қилиш) йўлини ёритиб беришки, ким у кишига итоат қилса жаннатга, осийлик қилган эса жаҳаннамга киради. Худди Фиръавн оиласи ўзларига юборилган пайғамбар Мусо алайҳиссаломга итоатсизлик қилишганда жаҳаннамга кирганларидек.
Пайғамбарларнинг душманлари доим ушбу йўл ва тариқатни босиб ўтишган.




АЛЛОҲНИНГ БАНДАЛАРИДАГИ ҲАҚҚИ - Admin - 06-30-2011

АЛЛОҲНИНГ БАНДАЛАРИДАГИ ҲАҚҚИ

Савол-3: Аллоҳ таоло бизни нима учун яратди?
Жавоб-3: Аллоҳ таоло бизни ёлғиз Ўзига ибодат қилмоғимиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслигимиз учун яратди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолонинг ҳаққи Унга ибодат қилиб, ҳеч нарсани шерик қилмасликларидир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).




RE: Аллоҳ борлиқни нима учун яратган? - Admin - 11-25-2013

Аллоҳ таоло жамийки халқларни Ўзига ибодат қилишлари учун яратди

Аллоҳ таоло жамийки халқларни, динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрди. Аллоҳ таоло бутун башариятни, арабу ажамларини, оқ ва қора танлиларини, одам алайҳиссалом замонларидан бошлаб то дунёдаги охирги инсоннинг барини, хуллас барча-барчани ибодатни ихлос ила адо этишга амр этди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирмангиз!» (Бақара: 21-22). Аллоҳнинг ўхшаши, тенгдоши йўқдир. Ушбу оят ширкнинг катта ва кичигидан қайтариқни ўз ичига олган. Аллоҳ таоло аввалгилару охиргиларидан тортиб барча инсониятни ана шунга амр этди.
«Уларни ана шунинг учун яратди», яъни, шериксиз, якка Ўзига ибодат қилиш учун. Ана шунинг сабабидан яратилинишди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56). Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй инсонлар, сизларни яратган Роббингизга ибодат қилингиз» (Бақара: 21).
Ушбу жумлалар шайх раҳимаҳуллоҳнинг: шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди, деган сўзларининг маъносидир. Ушбу: Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди, қовлларида Аллоҳ таоло айтганидек икки ишни жам қилдилар: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим». Аллоҳ таолонинг ушбу: «Мен жин ва инсни яратдим» қовлига тўхталсак, яъни, Аллоҳ таоло барча нарсани яратган. Шу жумладан жин ва инсни ҳам. Уларга ақл бериб, шериксиз, якка Ўзига ибодат қилишни амр этди. Уларни ибодатга бўлган буйруқ ила (ўзга махлуқотлар ичида) хослади. Чунки Аллоҳ таоло уларга ақл ва зарар нимаю, фойда нима, ҳақ нимаю, ботил нима эканини ажратиб оладиган нарсани берди. Қолган нарсаларнинг барини уларнинг фойда ва манфаатлари учун яратди. Аллоҳ таоло шундай деди: «У Ўз томонидан (яъни, Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди» (Жосия: 13). Унинг сабабидан яратилинишган буюк ғояга ёрдам олсинлар-куч йиғсинлар дея барча нарса одам болалалри учун бўйинсундириб қўйилган. (Ушбу буюк ғоя) – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишдир: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим».
Жинлар биз кўзимиз билан кўра олмайдиган ғайб олами бўлиб, улар ҳам одам болалари каби ибодат қилишга маъмур ва ширк ҳамда маъсиятдан қайтарилгандир. Бироқ хилқатда одам болаларидан фарқлидирлар.
Буйруқ ва қайтариқлар жиҳатидан олиб қарасак, улар ҳам одам болалари сингари (маълум бир ишларга) буюрилиб, (яна маълум бир ишлардан) қайтарилгандир. Жинларни ўз кўзимиз билан кўрмасакда, бироқ улар мавжуддир.
Жинлар мавжуд бўлиб, ким уларни (бор эканлигини) инкор қилса, бас, у кофирдир. Чунки у Аллоҳ, Расули ва мусулмонларнинг ижмоларини ёлғонга чиқарган бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла жин ва инсни фақат Ўзига ибодат қилишлари учун яратганини баён қилди, бошқа нарса учун эмас.
У Зот уларни Унга фойда ёки зарар келтирсинлар учун ёки улар сабабли хорликдан иззат сари чиқиш учун ёки оз бўлиб, энди кўпайиб қолиш учун яратгани йўқ. Чунки У барча оламлардан Беҳожатдир. Уларга ҳожатманд экани учун ёки улар унга ризқ топиб беришлари учун ҳам яратмади: «Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир» (Зориёт: 57-58).
Аллоҳ таоло махлуқотларга муҳтож эмас. Балки жин ва инсни фақат бир нарса учун яратди. Яъни, Унгагина ибодат қилишлари учун. Аллоҳ таоло уларнинг ибодатларига муҳтож эмас, балки улар ибодатга муҳтождир. Чунки улар Аллоҳга ибодат қиладиган бўлишса, У Зот уларни икром қилиб, жаннатга дохил қилади. Демак, қилган ибодатларидан бўлган фойда ўзлари учундир. Худди шундай қилган маъсиятларининг зарари ҳам ўзларига қайтади. Аллоҳ таолога эса итоат қилувчининг итоати ва маъсият қилувчининг маъсияти асло зарар беролмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Агар сизлар ўзингиз ва ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожат, Мақталган Зотдир» (Иброҳим: 8). Аллоҳ таолога осийнинг маъсияти зарар бермайди ва бўйинсинувчи кишининг итоати фойда келтирмайди. Балки бу ишларнинг (фойда ёки зарарлари) ўзларига қайтади. Итоатнинг фойдасини ўзлари кўрадилар. Маъсият қилишса ҳам зарарини ўзлари кўрадилар.
«Менга Ибодат қилишлари учун», яъни, (ибодатда) яккаламоқликлари учун.
Яъни, ёлғиз Ўзимга ибодат қилишлари учун. Ибодат ва тавҳиднинг маъноси бирдир. Тавҳид ибодат дея ва аксинча ибодат тавҳид дея изоҳланади. Иккисининг маъноси бир. Демак бу сўзлар тавҳидни Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтурувчи, Ўлдирувчи ва Бошқарувчи, деб иқрор бўлиш дея изоҳлаган кимсага раддиядир. Ушбу (кимса изоҳлаган) тавҳид, халқлар унинг сабабидан яратилган тавҳид эмас. Балки халқлар ибодат тавҳиди учун яратилди, яъни, улуҳият тавҳиди учун.
Энди ким фақат рубубият тавҳидига иқрор бўлса, у муваҳҳид ҳам ва жаннат аҳлидан ҳам эмас. Балки у дўзах эгаларидандир. Чунки у, унинг сабабидан яратилган тавҳид ва ибодатни адо этмади.




RE: Аллоҳ борлиқни нима учун яратган? - Admin - 12-27-2014