07-10-2011, 04:25 PM
Бидъат аҳлига нисбатан энг тўғри мавқиф (позиция)
Фазилатли шайх, Аллома
Робеъ ибн Ҳадий Умайр ал-Мадхалий
Мадинадаги жомеъа ал-исломиянинг суннат факултети собиқ декани
Кичик изоҳлар киритувчи
Абу Ҳаммам Муҳаммад ибн Али Ас-Совмиъий Ал-Байзоний
1431ҳижрий йил/2010 милодий йил
Дар ал-Истиқома нашриёти
Миср араб республикаси
بسم الله الرحمن الرحيم
Фазилатли шайх, Аллома
Робеъ ибн Ҳадий Умайр ал-Мадхалий
Мадинадаги жомеъа ал-исломиянинг суннат факултети собиқ декани
Кичик изоҳлар киритувчи
Абу Ҳаммам Муҳаммад ибн Али Ас-Совмиъий Ал-Байзоний
1431ҳижрий йил/2010 милодий йил
Дар ал-Истиқома нашриёти
Миср араб республикаси
بسم الله الرحمن الرحيم
Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз уни мақтаймиз. Ундан ёрдам ва мағфират сўраймиз. Нафсларимизнинг ёмонлиги ҳамда амалларимизнинг шумлигидан Унинг паноҳига қочамиз. Аллоҳ таоло кимни ҳидоятга бошласа, уни адаштиргувчи йўқдир. Кимни адаштириб қўйса, уни ҳидоятга бошлагувчи йўқдир. Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканликларига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у кишига, оилаларига, саҳобаларига ва уларга қиёмат кунига қадар гўзаллик билан эргашган зотларга кўпдан-кўп дуруду-салавотлар йўлласин.
Сўнг…
Роббимиз жалла ва ала Ўзининг Азиз Китобида айтдики: “Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун исломни дин қилиб танладим”. (Моида-3).
Дарҳақиқат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу умматга динини мукаммал қилиб берганини хабар берди. Энди Аллоҳ таоло ушбу динни комил қилиб берганидан кейин, унга зиёдалик киритадиган бирор кимсага эҳтиёжимиз йўқдир. Ҳофиз Абул Фидо ибн Касир роҳимаҳуллоҳ (ўзларининг тафсирлари бўлмиш) “Тафсир ал-Қуръан ал-Азим”да айтадиларки: “Бу Аллоҳ таоло ушбу умматга берган неъматларининг энг каттасидир. Чунки Аллоҳ таоло уларга динларини мукаммал қилиб берди. Энди динларидан ўзга динга, пайғамбарларидан ўзга бир пайғамбарга эҳтиёжлари йўқдир. Чунки Аллоҳ таоло у кишини пайғамбарларнинг сўнггиси қилди ва у кишини инс ҳамда жинс тоифасининг барчасига пайғамбар қилиб жўнатди. У киши ҳалол деб айтган нарсагина ҳалолдир ва у киши ҳаром деб айтган нарсагина ҳаромдир. У киши тузиб берган йўлгина дин бўлади. У киши хабар берган ҳар бир нарса ҳақ ва ростдир. Унда ёлғон ёки ўзаро зиддият йўқдир. Аллоҳ таоло айтдики: “Роббингизнинг сўзлари сидқу адолатда комил бўлди”. (Анъом-115)”.(5/46).
Аллома ибн Саъдий роҳимаҳуллоҳ “Тайсир ал-Карим ар-Роҳман”да шундай дедилар: “Одамлар ақида ва ҳукмларга оид масалаларни билишда Китобу-Суннат илмидан бошқа илмлар бўлмиш Калом ва ундан бошқа илмларни ҳам билишлари лозимдир деб даъво қилган ҳар бир мутакаллиф – жоҳил ва ўзининг сўзи билан ўзининг даъвосини ботилга чиқарувчидир. Чунки у (бу гапи билан) дин фақатгина у айтган ва чақирган ишлар билан комил бўлади деб даъво қилди. Бу эса энг катта зулм ва Аллоҳу-Росули билмай қолиб мен билиб қолдим деган даъвони айни ўзидир”. (22-саҳифа, Мактаба ар-Рушд нашриёти).
Мен айтаманки: Дарҳақиқат яҳудийлар мусулмонларга нисбатан Аллоҳ таоло Ўзининг динини мукаммал қилиб бергани, уни ушбу умматга тўла-тўкис қилгани ва уларга исломни дин деб рози бўлгани ҳақида хабар берган ушбу ояти карима нозил бўлгани учун ҳасад қиладилар.
Яҳудийлардан бўлган бир киши Умар розияллоҳу анҳуни олдиларига келиб айтдики: “Эй мўминларнинг амири, сизлар китобингизда бир оятни ўқийсизлар, агар ушбу оят биз яҳудийларга нозил бўлганида эди, албатта ўша кунни байрам куни қилиб олардик!”. У киши: “У қайси оят экан?”, дедилар. Яҳудий айтдики: “Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим”. Умар розияллоҳу анҳу айтдиларки: “Аллоҳга қасамки, мен ушбу оят Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган кунни ҳам ва ушбу оят Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган соатни ҳам жуда яхши биламан. Жума куни, арафа кунининг кечки вақтида нозил бўлганди”. (Муттафақун алайҳ).
Шунга биноан, дарҳақиқат Аллоҳ таоло динини тўла-тўкис қилди. Энди мусулмонга бидъат қилмай фақат ва фақат эргашиши вожиб бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида эргашишга буюриб айтдики: “(Эй инсонлар), сизларга Роббингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, (Аллоҳни қўйиб ўзга) “дўстларга” эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар”. (Аъроф-3).
Ва бизни Унинг буйруқларига хилоф иш тутишимиздан қайтариб айтдики: “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!”. (Нур-63).
Ва яна Аллоҳ жалла ва ала бизни узилишиб-ажралишиб кетишга олиб борувчи йўллардан қайтариб, айтдики: “Албатта мана шу менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”. (Анъом-153).
Бизни Ўзининг элчиси соллоллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган буйруқни қабул қилишимизга ва қайтарган қайтариқдан қайтишимизга буюриб, айтдики: “Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар”. (Ҳашр-7).
Унинг элчиси соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бизни бидъатлар ва динда янги пайдо қилинган ишлардан қайтардилар. Саҳобаларига қилган васийятларида шундай дедилар: “Сизларга Аллоҳдан тақво қилишни ҳамда қора қул (раҳбар бўлиб қолса ҳам унга) қулоқ солиб, итоат қилишни васийят қиламан. Чунки кимда-ким мендан кейин ҳаёт кечирадиган бўлса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сизларга мени суннатим ва тўғри йўлдаги, ҳидоятланган халифаларнинг суннатини (маҳкам тутишингиз) вожиб бўлади. Буларни озиқ тишларингиз билан тишланглар. (Динда) янги пайдо бўлган ишлардан узоқ бўлинглар. Чунки (динда) пайдо қилинган ҳар бир иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат эса залолатдир”. (Аҳмад-4/126, Шайхимиз “Ас-Соҳиҳ ал-муснад мимма лайса фий ас-соҳиҳайн” 2/20-21 да ҳасан деб айтдилар, ҳадис Ирбоз Ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).
Яна Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу мустаҳкам эшикни очишга журъат қилиб, динга янги пайдо қилинган ишларни олиб келган кимсадан, бу иши ундан асло қабул қилинмай, ўзига қайтарилишини баён қилиб, айтдиларки: “Кимки бизнинг ушбу ишимизда янги нарсани пайдо қиладиган бўлса, у рад этилгандир”. (Бухорий-2697, Муслим-1717, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди). Ва яна айтдиларки: “Кимки бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилгандир”. (Муслим 1718-ҳадиснинг кетидан ушбу ҳадисни Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилдилар).
Демак кимда-ким ушбу бидъатлар ва (динда) янги чиққан ишларни олиб келадиган бўлса, бу ишлари ўзига қайтарилади. Агарчи ушбу амалида Аллоҳга чин ихлос боғлаган бўлса ҳам. Модомики у бидъат қилиб, Аллоҳни динида янги нарса ўйлаб топар экан, бу амали ундан ҳаргиз қабул қилинмайди. Чунки у амалда бирор яхшилик йўқ бўлиб, турган битгани ёмонликдир. Шунинг учун ҳам Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам (минбарда) хутба қилиб, айтардиларки: “Аммо баъд: сўзларнинг яхшиси Аллоҳнинг Китобидир. Йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир бидъат залолатдир…”. (Муслим-867).
Саҳоба розияллоҳу анҳумлар (одамларни) бидъатларга нисбатан нафрат назари билан қарашга чорлардилар. Ва суннатга эргашишга ундардилар. Абу Абдурроҳман Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Эргашинглар бидъат қилманглар. Дарҳақиқат сизларга етарли бўлди”. (Абу Ҳайсама ан-Насоий “Илм” китоби-54).
Доримий “Сунан” китобларининг муқаддимасида (1/286-287), Амр ибн Яҳёга бориб тақаладиган санад билан ривоят қиладилар. У киши (Амр ибн Яҳё) айтадиларки: “Отам оталаридан шундай ривоят қилганларини эшитганман. У киши (боболари) айтадиларки: биз бомдод намозидан олдин Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни эшиклари олдида ўтирардик. У киши (уйдан) чиқсалар масжидга бирга борар эдик. Шунда Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу келиб, айтдиларки: Абу Абдурроҳман олдингизга чиқдиларми? Биз: йўқ, ҳали (чиқмадилар), дедик. У киши чиққунларигача биз билан ўтирдилар. (Уйдан) чиққанларида барчамиз у киши (томонга қараб) турдик. Абу Мусо у кишига айтдиларки: Эй Абу Абдурроҳман, мен боя масжидда ўзим норози бўлган бир ишни кўрдим. Аллоҳга қасамки, унда бирор яхшилик бор деб билмайман.
Абдуллоҳ ибн Масъуд: у нима экан?, дедилар. Абу Мусо: биз билан юрсангиз кўрасиз, дедиларда (воқеани) айтиб бердилар: масжидда ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирган бир қавмни кўрдим. Намозни кутиб ўтиришарди. Ҳар бир ҳалқада қўлларида майда тош бўлган бир киши бўлиб, шундай дерди: юз мартта Аллоҳу Акбар деб айтинглар. (Атрофидагилар) юз мартта Аллоҳу Акбар дейишарди. Юз мартта Ла илаҳа иллаллоҳ денглар деса, ҳалигилар ҳам юз мартта Ла илаҳа иллаллоҳ дейишарди. Юз мартта субҳаналлоҳ денглар, деса, ҳалигилар ҳам юз мартта субҳаналлоҳ дейишарди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд: уларга нима дедингиз?, дедилар. Абу Мусо: уларга сизни райингизни ёки сизни амрингизни кутайчи деб бирор гап гапирмадим, дедилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд: Уларга қилган ёмон ишларини санашни буюриб, шунда яхши ишлари зое бўлмаслигини гаровини бермабсиз-да, дедилар. Сўнг у киши билан то ўша ҳалқалардан бирини олдига келгунларича бирга юрдик. Уларни тепасида тўхтаб: мен кўриб турган, бу қилаётган ишингиз нимаси?, дедилар. Улар: эй Абу Абдурроҳман, бу майда тошлар бўлиб, булар билан такбир, таҳлил ва тасбиҳ айтиб ўтиргандик, дедилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтдиларки: Қилган ёмонликларингизни санасангизчи. Шунда мен ҳасанотларингиздан бирор нарса зое бўлмаслигини гаровини бераман. Ҳолингизга вой бўлсин эй Муҳаммад уммати! Ҳалокатингиз намунча тез бўлмаса! Пайғамбарингиз соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари (атрофингизда) кўп бўлсалар. Пайғамбарингизнинг кийими ҳали эскирмаган, идиши эса синмаган бўлса. Нафсим Уни Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг миллатидан кўра тўғрироқ миллатдамисизлар ёки залолат эшигини очувчимикинсизлар?!
Улар: Аллоҳга қасамки эй Абу Абдурроҳман, биз фақат яхшиликни истаган эдик, дейишди.
У киши: қанчадан-қанча яхшилик истагида юрганлар борки, бироқ ҳаргиз унга етишолмайдилар. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай бир қавм ҳақида айтганларки, улар Қуръон ўқийдилар, бироқ у (ўқиганлари) бўғизларидан нарига ўтмайди. Аллоҳга қасамки, эҳтимол ўшаларни кўпи сизларни ичингиздан бўлса керак деб ўйлайман, дедилар. Сўнг улардан бурилиб кетдилар.
Амр ибн Салама айтдиларки: ўша ҳалқаларнинг аксарини Наҳрован куни хаворижлар билан бирга бизга қарши уруш олиб бораётганларини кўрдим”.
Саҳоба розияллоҳу анҳумдан бу бобда ривоят қилинган асарлар жуда кўпдир.
Тобеинлар ва улардан кейин келганлар ҳам ана шундай, бидъат ва унинг аҳлидан огоҳлантириб ўтишди.
Ибн Сийрин айтадилар: “Иснод ҳақида сўралмасиди. Фитна рўй бергач, бизга (санаддаги) кишиларингизни номма-ном айтинглар, дейишадиган бўлишди. Шунда аҳли суннага қаралардида, ҳадислари олинарди. Аҳли бидъатга қаралардида ҳадислари олинмасди”. (“Муқоддима Соҳиҳ Муслим”-1/15).
Абу Қулоба айтдиларки: “Бирор киши бидъат тўқиб чиқарадиган бўлса, албатта қонхўр бўлиб қолади”. (Яни, ўзи тўқиб чиқарган бидъатига қарши чиққанларни қонини ҳалол санайдиган бўлиб қолади). (“Муқоддима Сунан ад-Даримий”-1/231).
Молик ибн Анаснинг қиссалари ҳам жуда машхурдир. Бир киши Аллоҳ таолони кўтарилишининг кайфийяти ҳақида сўраганда, унга: “Сен ёмон киши экансан. Сен бидъатчисан. Уни мени ҳузуримдан чиқариб ташланглар, дедилар”. (Байҳақий “Ал-Асмаа ва ас-Сифаат”-2/305, Абу Нуъайм “Ҳиля”-6/325, ушбу асарни саҳиҳ санаганлардан: Заҳабий “Улув”-2/954, Ҳофиз “Фатҳул Борий”-13/500, Албоний “Мухтасар ал-улув”-103).
Имом Шофеъий бидъат аҳли ҳақида айтдиларки: “Аҳли калом борасида мени ҳукмим шуки: хурмо шоҳлари билан саваланиб, туяга ўтказилиб, қавми-қариндошлари орасида айлантириб чиқилгач, барчанинг кўз ўнгида бундай деб жар солинмоқ керак: бу Китобу-Суннат илмини ташлаб, калом илмига кирган кимсанинг жазосидир”. (Ҳарвий “Заммул Калам ва аҳлиҳ”-4/294).
Суфён Саврий бидъат аҳли билан бир жойда ўтиришдан огоҳлантирардилар. Фарёбий айтадиларки: “Суфён Саврий мени фалончи ва пистончилар билан бир жойда ўтиришимдан қайтарардилар. Яни бидъат аҳлидан бўлган кишилар билан (ўтиришдан)”. (Ибн Батта “Ал-Ибана”-2/461).
Суфён ибн Уяйна дедилар: "Одамлар Жобирдан –яни Жуъфий- бидъатини ошкор қилишидан олдин ҳадис қабул қилиб олишарди. Бидъатини зоҳир қилгач, одамлар унинг ҳадисини олмаслик ҳақида гапиришди. Шунда баъзи одамлар уни тарк этишди. Унга: нима бидъат олиб келганакан ўзи?, дейилганда. Маҳдий бир кун сирдобдан чиқади деганга ўхшаш (шиаларнинг бидъий ақидаларига) иймон келтириш эди, деб айтди". (“Муқоддима Соҳиҳ Муслим”-1/101).
Абу Зуръа ва Абу Ҳатим Розийлар ҳам бидъат аҳли билан бир жойда ўтиришдан қайтарардилар.
Ибн Абу Ҳатим айтдиларки: “Отам ва Абу Зуръани (тўғри йўлдан) озган ва бидъат аҳлини тарк этишга буюраётганларини эшитдим. У иккилари бу борада аяб ўтирмасдан (масалани қаттиқ) олишарди. Ва у иккилари китобларга асар турганда (ўз) райини тиқиштиришни инкор қилишарди. Шу билан бирга у икковлари аҳли калом билан бир жойда ўтиришдан ва китобларига кўз югуртиришдан қайтаришарди. Ва айтишардики: Калом соҳиби ҳеч қачон нажотга эришолмайди…”. (“Шарҳ Усул Эътиқод Аҳли Сунна Вал Жамоа”-1/201).
Барбаҳарий айтдиларки: “Бидъатчилар чаёнларга ўхшайдилар. Бошлари ва таналарини ерга тиқиб олишади-да, нишларини (ташқарига) чиқариб олишади. Имконият топилди дегунча, чақиб олишади. Бидъат аҳли ҳам ҳудди шундай. Улар одамлар орасида яшириниб юрадилар. Ва имконият туғилди дегунча истакларига етишиб оладилар”. (“Тобақотул Ҳанабила”-3/77 “Мактаба ал-Убайкан” нашриёти).
Бағавий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Саҳобалар, тобеинлар, тобеинларга эргашувчилар ва суннат уламоларининг барчалари ижмо қилиб, иттифоқ қилишган ҳолатда бидъат аҳлига нисбатан душманона муносабатда бўлиш ҳамда уларни тарк этиш асосида ҳаёт кечириб ўтишди”. (“Шарҳ Сунна”-1/227, 108-рақамдаги асар).