02-20-2011, 11:55 AM
Фожир ёки бидъатларни қилувчи имомнинг ортидан намоз ўқиш масаласи
Баъзи мусулмонлар имомнинг фожир эканлигини ёки шунга ўхшаш бошқа сабабларни рўкач қилиб масжидга чиқмай, ортидан намоз ўқишмайди.
Саҳобалар (хусусан Абдуллоҳ ибн Масъуд) Валид ибн Уқбанинг орқасидан намоз ўқиганлари келган. Ваҳоланки, Валид ибн Уқба маст қилувчи ичимлик ичарди.
«Саҳиҳул-Бухорий»да: Абдуллоҳ бин Умар ва Анас бин Молик разияллоҳу анҳумлар Ҳажжож бин Юсуф орқасида унга иқтидо қилиб намоз ўқишар эди, деб ривоят қилинади. Ҳажжож (қонлар тўккан) фосиқу золим эди. Яна «Саҳиҳул-Бухорий»да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
« يصلون لكم, فإن أصابوا فلكم و لهم, وإن أخطأوا فلكم وعليهم « رواه البخاري و أحمد و اللفظ له.
Маъноси: «Сизларга имомлар намоз ўқиб берадилар. Агар тўғри ўқисалар, сизлар ҳам намозингизнинг савобини оласизлар, улар ҳам. Агар хато ўқисалар, сизлар савоб оласизлар, гуноҳни улар олади».Ибн Абил-Ийз ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ «Ақидатут-Таҳовия»нинг шарҳида шундай дейдилар: «Билгин (эй биродар), - Аллоҳ сени ҳам, бизни ҳам Ўз раҳматига олсин – имомларнинг иттифоқига биноан, бидъат ва фосиқлигини билмаган имом орқасида намоз ўқиш, намозхон кишига жоиз бўлади. Имомга иқтидо қилиш учун, унинг эътиқодини билиш ва уни имтихон қилиб кўриш, намозхонга шарт эмас. Имомга: «Эътиқодинг қандай?» каби савол берилмайди. Имомнинг эътиқоди номаълум бўлган ҳолда, унга иқтидо қилинаверади. Аксар уламолар айтишларича: Кимки, жумъа ва жамоат намозидан, имом фожирдир, деб қолиб кетса, бидъат пайдо қилган бидъатчи бўлади».
Яна шуни ҳам билиш лозим бўладики, ҳар қандай бидъат қилувчи бидъатчи бўлиб қолмайди. Бидъатчи деб унга ҳужжат қоим бўлса ҳам, бидъатида давом этган кишига айтилади. Кўп одамлар бидъатни билмай, уни тўғри иш, суннат деб қилади. Даъватчига лозим бўлган иш шуки, энг муҳим ишлардан бошлаб, даражама-даража одамларга шариат илмини тўғри, ҳикмат ва юмшоқлик билан етказиш ва одамлар унга озор бериб қўполлик қилишса, уларга қўполлик билан жавоб бермай, сабр қилиб чиройли муомала қилишдир.