Талоқ қилинган хотин қандай қайтарилади?

Талоқ қилинган хотин қандай қайтарилади?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Агар эркак киши хотинини бир ёки икки талоқ қилган бўлса ва идда муддати ҳали тугамаган бўлса (идда муддати – учта ҳайз муддатининг тугаши ёки ҳомиладор аёл учун боланинг туғилиши), унда эр ўз хотинини: «Мен сени қайтариб олдим» ёки «Мен сени сақлаб қолдим» каби сўзлар билан қайтариб олиши мумкин. Бу билан никоҳ саҳиҳ ҳисобланади. Ёки у хотинини қайтаришни ният қилган ҳолда бирор амални қилиши мумкин. Масалан, никоҳни қайта тиклаш мақсадида у билан жинсий алоқа қилишлик. Бу билан ҳам никоҳ қайта тикланади.

Ушбу масаладаги суннат, никоҳни қайта тиклаётгани ҳақида гувоҳларни ҳозир қилишликдир. Яъни иккита эркак гувоҳни чақиришлик. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига мувофиқдир:

«Энди қачон (талоқ қилган аёлларингизнинг идда) муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинглар (яъни қайта никоҳлларингизга олинглар) ёки яхшилик билан (яъни, ҳаққи маҳрларини бериб) ажрашинглар. Ва (ярашиб олиб қолаётган ёки ажрашиб кетаётган чоғларингда) ўзларингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат соҳибини гувоҳ қилинглар» (Талоқ: 2).

Мана шу тарзда никоҳ қайта тикланади.

Агарда биринчи ёки иккинчи талоқдан сўнг аёлнинг идда муддати тугаса, унда янги никоҳ тузиш керак бўлади. Бу ҳолатда унинг ҳолати бошқа эркаклар ҳолати билан бир хил бўлади: у аёлнинг валийсидан ва аёлнинг ўзидан қўлини сўрайди. Қачонки аёл ва унинг валийси рози бўлса, улар аёлни қондирувчи маҳр ҳақида келишишади. Сўнг икки адолатли гувоҳ олдида никоҳ тузилади.

Агарчи у эркак хотинига охирги, яъни учинчи талоқни берган бўлса, унда хотини унга ҳаром бўлади. Аёл бошқа эркак билан шариатга мувофиқ никоҳ тузиб, у билан жинсий алоқада бўлиб, кейин эса у билан ажралса: ёки талоқ қилса, ёки вафот этганидан кейингина аввалги эри билан никоҳ тузиши мумкин бўлади. Чунки Аллоҳ таоло айтадики:

«Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди» (Бақара: 230).

Эркак учун бошқа эркак билан унинг аввалги хотинига уйланиши, кейин эса талоқ қилишини келишиши ҳаром бўлади. Бу каби амал гуноҳи кабиралар сарасига киради. Бундай никоҳ аёлни аввалги эри учун ҳалол қилмайди. Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи эрни ҳам, ўзининг никоҳи билан аёлни аввалги эри учун ҳалоллаб берган иккинчи эрни ҳам лаънатлаганлар.

Қаранг: Шайх Абдулазиз ибн Бознинг «Фатава ат-толақ» китоблари (1-жилд, 195–201 саҳифа).

Манба: Тавҳид форуми

васила

васила

Ассалому алайкум.мен хозир жуда кийин вазиятда колдим.эрим 3кун олдин маст холатда 3талоксан деб 3марта айтди.жахл устида айтди лекин хаммасини эслайди.мен хайз холатида эдим.(бидъат талокда хайз холатида булса талок тушмайди деб ёзилибди)2та болам бор мен бошка эр килишни тасаввуримга хам сигдиролмайман.хозирда бир уйда яшаяпмиз.бир-биримиз б-н гаплашмаган холатда.нима маслахат берасизлар.сизлардан илтимос менга тугри йул курсатинглар.нима килишни билмай жудаям ёмон сикиляпман.олдиндан катта рахмат

Administration

Administration

Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Ҳурматли васила. Сиз сўраган саволларга юқорида жавоб ва қўшимча манзиллар келтирилди. Фойда учун барчасини ўқиб чиқинг.
Афзали эса турмуш ўртоғингиз билан биргаликда илм ва тақвоси билан танилган уламога мурожаат қилинг. У сизга вазиятни икки тарафдан эшитиб тўғри йўл кўрсатади иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло мушкулингизни осон қилсин!

Comments are closed.