PDF WORD

Исломий гуруҳлар ҳукми

Исломий гуруҳлар ҳукми

Савол: Исломнинг гуруҳлар борасидаги ҳукми қандай? Мисол учун: «Ҳизбут таҳрир», «Ихвон ал-муслимин» гуруҳи.

Жавоб: Мусулмонлар динларида бир-бирларига лаънат айтадиган ва бир-бирларини бўйнига (қилич) урадиган гуруҳлар ва ҳизбларга бўлиниб олишлари жоиз эмас. Ушбу бўлиниш Аллоҳ таоло қайтарган ва ушбу ишни пайдо қилган, ҳамда ўшаларнинг йўлига юрган кимсадан нолиган ишлардандир. Аллоҳ таоло ушбу ишга қўл урган кимсани улкан азоб билан қўрқитди. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло ва Унинг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кимсадан безор эканларини эълон қилишди. Аллоҳ таоло шундай деди:

«Ва барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа бўлиб) бўлинмангиз!», деган қовлидан ушбу оятларгача:

«Сизлар яна аниқ ҳужжатлар келганидан кейин фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли-Имрон: 103-105).

Аллоҳ таоло айтдики:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз динларини бўлиб, ўзлари ҳам турли тўдаларга – ҳизбларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз. (Яъни, улар сизга уммат эмаслар). Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кейин (қиёмат кунида) У Зот уларга қилиб ўтган ишларининг хабарини берур. Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур). Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас» (Анъом: 159-160).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам ушбу ҳадис ривоят қилинди: «Мендан кейин бир-бирингизнинг бўйнингизга (қилич) урадиган кофирлар (га ўхшаб) қайтиб кетманглар» (Бухорий 1/217 (Фатҳда), Муслим 66).

Динда фирқа-фирқа бўлишнинг қораланганлиги ҳақидаги оят ва ҳадислар кўпдир.

Энди мусулмонларнинг раҳбари ҳар бир шахс ўзининг диний ва дунёвий вазифасини адо этиши учун уларни бир тартибга солиб, ҳаётий ишлар ҳамда дин ва дунёвий соҳаларга жойлаштирса, бу шаръан жорий қилинган ишдир. Балки мусулмонларнинг раҳбарига ўзининг қўл остидагиларига диний ва дунёвий вазифаларни, ушбу вазифаларни турлича эканлигини инобатга олган ҳолда, бўлиб бериши вожиб бўлади. Демак бир жамоатни ҳадисни нақл қилиш, уни девон шаклига келтириш ҳамда саҳиҳ ва заифини ажратиш жиҳатидан ҳадис илмига хизмат қилишга тайин қилади. Бошқа бир жамоатни эса фиқҳий матнларни китоб шаклига келтириш ва уни таълим олиш жиҳатидан фиқҳга хизмат қилишга тайин қилади. Учинчисини эса араб тили қоидалари, (нодир ҳолатда ишлатиладиган) сўзлар, араб тилининг услуби ва сир-асрорларини очиб бериш жиҳатидан араб тилига хизмат қилиш учун тайин қилади. Тўртинчи жамоатни эса жиҳод, ислом диёрларини мудофаа қилиш, фатҳлар, ҳамда исломни тарқалишига ғов бўлиб турган (тўсиқларни) бартараф этиш учун тайёргарлик кўришга тайин қилади. Бошқасини эса ишлаб чиқариш, тижорат, зироатчилик ва бошқа-бошқа ишларга тайин қилади.

Булар уммат оёққа туришидаги ҳаётий заруратлардир. Ислом фақат ушбу йўл орқали сақланиб қолади ва (атрофга) тарқалади. Бироқ ушбу ҳолат (юқорида санаб ўтилган соҳа эгаларининг барчаси) Аллоҳнинг Китоби, Росули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва тўғри йўлдаги халифалар, ҳамда ушбу уммат салафларининг йўлларига боғланиш, ягона мақсад, исломий гуруҳлар (соҳа эгалари) исломга ёрдам қўлини чўзиш, уни ҳимоя қилиш, бахтли ҳаётга элтувчи воситаларни рўёбга чиқаришда ўзаро ҳамкорлик қилиш, ҳамда барчалари ислом соясида, Аллоҳнинг тўғри йўлидаги байроқ остида юриб боришлари ва залолатга етакловчи йўллар ҳамда ҳалокатга олиб борувчи фирқалардан узоқ бўлишлари билан бўлмоғи даркор. Аллоҳ таоло айтадики:

«Албатта мана шу менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди» (Анъом: 153).

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 2/144-145

 

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

 

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.