PDF WORD

Тавҳидни рўёбга чиқариш қандай бўлади?

Тавҳидни рўёбга чиқариш қандай бўлади?

 

 

Савол: Холис тавҳидни рўёбга чиқариш қандай бўлади? Бунга (кўмак берадиган) муайян сабаблар нима? Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофатласин.

Жавоб: Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ Номи билан бошлайман.

Барча ҳамдлар оламлар Роббиси бўлмиш Аллоҳга бўлсин. Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммадга, оила аъзолари ва барча саҳобаларига саловату-саломлар йўлласин.

Сўнг:

Батаҳқиқ тавҳидни рўёбга чиқаришлик олий мартаба бўлиб, у жаннатга ҳеч қандай ҳисоб-китобсиз ва азоб-уқубатсиз кирадиган пешқадамлар, ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида яқин бўлган зотларнинг мартабасидир. Дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг сифатларини баён қилиб дедилар: «Улар (бировдан) дам солишни талаб қилмаганлар, (ўзгалардан) олов билан куйдириб (даволашни) сўрамаганлар, шумланмаганлар ва Роббиларигагина таваккул қиладиганлардир» (Силсилатус Саҳиҳа (1/844)). Ким шу сифатларни ўзида жамласа тавҳидни рўёбга чиқарганлардан бўлади. Бу Аллоҳ таоло мана бу қавлида айтгани каби:

إِنَّ ٱلَّذِينَ هُم مِّنۡ خَشۡيَةِ رَبِّهِم مُّشۡفِقُونَ  ٥٧ وَٱلَّذِينَ هُم بِ‍َٔايَٰتِ رَبِّهِمۡ يُؤۡمِنُونَ  ٥٨ وَٱلَّذِينَ هُم بِرَبِّهِمۡ لَا يُشۡرِكُونَ  ٥٩ وَٱلَّذِينَ يُؤۡتُونَ مَآ ءَاتَواْ وَّقُلُوبُهُمۡ وَجِلَةٌ أَنَّهُمۡ إِلَىٰ رَبِّهِمۡ رَٰجِعُونَ  ٦٠ أُوْلَٰٓئِكَ يُسَٰرِعُونَ فِي ٱلۡخَيۡرَٰتِ وَهُمۡ لَهَا سَٰبِقُونَ  ٦١

«Албатта Роббиларидан қўрқиб хавфда тургувчи кишилар. Роббиларининг оятларига иймон келтирадиган кишилар. Роббиларига ширк келтирмайдиган кишилар. (Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб учун) Роббиларига қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда (камбағал-бечораларга) садақалар берадиган кишилар. Ана ўшаларгина (барчадан) ўзгувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошурлар» (Мўминун: 57-61). Мана шу уларнинг сифатларидирки, улар тавҳидни Аллоҳ азза ва жаллага холис қиладилар, катта ва кичик ширкдан четланадилар, гуноҳ-маъсиятлардан четланадилар, бидъат ва (динда) янги ўйлаб топилган нарсалардан четланишлари авлороқ бобдандир. Улар амалларига таяниб қолмайдилар, балки ҳар қанча буюк амалларни ҳавола қилишларига қарамай, Роббиларидан қўрқиб хавфда турадилар. «Берган нарсаларини» яъни, улкан солиҳ амаллардан, ва «Албатта Роббиларидан қўрқиб хавфда тургувчи кишилар». Мана шу уларнинг сифатлари ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузуридаги мартабаларидир.

«Улар (бировдан) дам солишни талаб қилмаганлар»: Яъни, инсонлардан беҳожат бўладилар. Чунки дам солишни талаб қилишлик ҳожатдир. Инсонлардан руқя талаб қилишлик ҳожатдир. Улар инсонлардан беҳожат бўладилар. Бироқ ўзларига-ўзлари дам соладилар ва бошқаларга дам соладилар. Чунки дам солишлик шаръий даво, шаръий шифодир. Бироқ улар инсонлардан сўрамайдилар, лекин ўзларига ва бошқаларга дам соладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дам солдилар ва уларга ҳам дам солинди.

«(Ўзгалардан) олов билан куйдириб (даволашни) сўрамаганлар»: Чунки куйдириш макруҳ. У олов билан азоблашдир. Лекин у жоиз. Улар макруҳни тарк этадилар. Ўзи аслида куйдириш жоиз бўлган набавий даводир. Лекин унда оловнинг асарлари бўлгани учун уни тарк этадилар.

Шумланланишлик эса, ёмонлик келтиради деб билиш ва нарсалар ўзи зарар ёки фойда келтиради деб эътиқод қилишлик бўлиб, у Аллоҳга ширк келтиришликдир. Ҳадисда айтилганидек: «Шумланишлик ширкдандир, шумланишлик ширкдандир» (Саҳиҳул Жомиъ (3960)).

Улар инсонлардан беҳожат бўладилар, «(бировдан) дам солишни талаб қилмаганлар», макруҳдан четланадилар «(ўзгалардан) олов билан куйдириб (даволашни) сўрамаганлар», ширкдан четланадилар «шумланмаганлар». Мана шу уларнинг сифатларидирки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни шу билан мақтадилар. Ҳа (шундай).

 

Шайх Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон ҳафизаҳуллоҳ

http://www.ajurry.com/vb/showthread.php?t=41782

Юклаб олиш [mp3]

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.