Закот ҳақида рисола
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Маълумки, Аллоҳ Таъоло бандаларни бу дунёда Ўзига холис ибодат қилишга буюради. Инсонларнинг зиммаларига фарз қилинган ибодат турлари эса ҳар хилдир. Мусулмонлар ўз Роббиларини У буюрган турли ибодатлар орқали улуғлашлари, Унинг яккалигини тоат билан исботлашлари лозим. Ибодатларнинг баъзилари қалб билан, баъзи бирлари тил билан, яна бир хиллари аъзойи бадан билан адо этилади. Яна шундай ибодатлар ҳам борки, улар мол билан бажо қилинади. Бундай ибодатларнинг энг улуғи закотдир. Аллоҳ Таъоло айтади:
«Эй иймон келтирган инсонлар, касб-кор қилиб топган молларингизнинг ва Биз сизлар учун ердан чиқариб қўйган нарсаларимизнинг яхшисидан эҳсон қилинглар» (Бақара сураси, 267-оят).
Закот ва нисоб ҳақида тушунча
Закот калимаси арабча сўз бўлиб, унинг луғавий маъноси поклаш, ўсиш дегани.[1] Истилоҳда закот деб бой-бадавлат мусулмон кишининг ўз молидан бир йилда бир марта Аллоҳ учун бериши керак бўлган улушга айтилади. Закот ибодатини Аллоҳ ҳар бир бой мусулмоннинг зиммасига фарз қилган бўлиб, мол-мулкнинг қирқдан бири закот сифатида ёрдамга муҳтож инсонларга берилади.
Мол нисобга етгандан сўнг ҳижрий ҳисоб билан тўлиқ бир йил ўтганда закот бериш фарз бўлади. Нисоб, яъни закот берилишини фарз қиладиган миқдор қанча? Нисобнинг миқдори Ислом шариати томонидан ҳамма замон ва макон учун мос тарзда бир хилда олтин ва кумуш билан белгилаб қўйилган. Олтиннинг нисоби 20 мисқол, кумушнинг нисоби эса 200 тангадир. Ҳозирги ҳисоб билан ўлчаганда олтиннинг нисоби тахминан 85 грамм, кумушнинг нисоби эса тақрибан 600 граммга баробар келади. Қайси бир мўминнинг мол-мулки кундалик сарф-харажатларидан ортиб, Аллоҳ Таъолонинг марҳамати билан нисобга, яъни, юқоридаги миқдорга етган бўлса, у бойлар қаторидан жой олади. Агар унинг моли ҳижрий ҳисоб билан орадан бир йил ўтгунча ҳам нисобдан камаймай турса, у жами молнинг икки ярим фоизини закот сифатида ажратади ва Қуръони каримда зикр қилинган ўринларга тақдим этади.
Қадимда олтин ва кумушнинг баҳоси бир-биридан деярли фарқ қилмагани учун мол нисобини бу икки маъданнинг қай бири билан белгилашнинг унча аҳамияти бўлмаган. Бироқ кейинги замонларда олтин билан кумушнинг нархи орасидаги фарқ катталашиб кетгани боис, нисобни уларнинг қайси бири билан белгилаш ҳам муҳим аҳамият касб этадиган бўлиб қолган. Баъзи уламолар кўпроқ камбағаллар манфаатини кўзлашни, яъни, закот берувчиларнинг сони кўпроқ бўлишини ўйлаб, нисобни кумушга нисбатан белгилашган. Бироқ 200 танга, яъни 600 гр кумушнинг нархи бугунги кунда жуда ҳам оз миқдорни ташкил этади. Демак, ҳозирги шароитда кимки ҳожати аслийсидан, яъни уй-жойи, минадиган улов-маркаби, кийим-кечаклари, еб-ичиши, тирикчилик асбоб-ускуналари ва бошқа зарурий сарф-харажатларидан ортиқча 85 гр олтин миқдоридаги пулга ёки шу қийматдаги тижорат молига эга бўлиб, бу маблағ (мол) бир йил давомида камаймасдан турган бўлса, унинг қирқдан бирини закот сифатида бериши лозим.
Закот бериладиган молларнинг турлари
Закот 4 хил турдаги молдан берилади.
1. Олтин, кумуш, қимматбаҳо қоғозлар;
Аллоҳ Таъоло Қуръони Каримда хабар беради:
«Олтин ва кумушни кўмиб-яшириб қўядиган, уларни Аллоҳ йўлида эҳсон қилмайдиган кишиларга қаттиқ азоб билан «башорат» беринг!» (Тавба сураси, 34-оят). Саҳобалардан ривоят қилинган тафсирларда айтилишича, ушбу оятда нисобга етган олтин ёки кумушга эга бўлган, аммо уларнинг закотини адо қилмай юрган инсонлар ҳақида гап кетади.
Олтин ёки кумушнинг танга, қуйма, зеб-зийнат ёки бошқа бир кўринишда бўлишидан ва қандай шаклда фойдаланилаётганидан қатъий назар, улардан албатта закот чиқарилиши шарт. Негаки, тилла ва кумушдан закот бериш лозимлиги ҳақида келган далилларда бу тафсилотларга киришилмаган, балки умумий тарзда улардан закот чиқариш вожиблиги зикр этилган.
Агар тилла ва кумушнинг миқдори нисобга етмаган бўлса, закот берилмайди. Аммо уларни бир-бирига қўшганда нисобга етадиган бўлса, закот чиқарилади.
Ҳозирги кунда муомалада бўлган қимматбаҳо қоғозлардан (сўм, танга, доллар) албатта закот чиқарилади. Чунки бу коғозлар турли давлатлар тарафидан қадимги тилла ва кумуш тангалар ўрнига муомалага чиқарилган. Ҳаммага маълумки, илгари тилла ва кумуш пул бирлиги бўлган ва одамлар улар билан хоҳлаган нарсаларини сотиб олишган. Ҳозирда бу каби амалиётларни қиммматбаҳо қоғозлар орқали амалга оширилади. Шунинг учун, қачонки бундай банкнотларнинг миқдори тилла ёки кумуш нисобига етса, улардан закот бериш фарз бўлади.
Тилла ва кумушдан бошқа қимматбаҳо тошлардан, масалан, олмос, дур, ёқут, марварид ва бриллиант каби нарсалардан гарчи уларнинг баҳоси тилла нархидан-да қиммат бўлса ҳам закот чиқарилмайди. Аммо уларни тижорат мақсадида олиб қўйилган бўлса, тижорат моли сифатида закоти берилиши лозим.
Олтин ва кумушдан ишланган идиш-товоқ ва бошқа асбоб-анжомларни истеъмол қилишнинг барча учун таъқиқланиши, тилла зеб-зийнатларнинг эркаклар учун ҳаром қилинганлиги ва улардан фақат пул ўрнидагина фойдаланиш мумкинлигини эслатган ҳолда бу нарсалардан закот бериш фарзлигини алоҳида таъкидлаш зарурдир. Бу борада уламолар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ.
Аёлларнинг тилла ва кумуш тақинчоқларидан закот бериш-бермаслик ҳақида эса уламолар ихтилоф қилишган. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ аёл кишининг тилла тақинчоқлари вазни нисобга етган бўлса, закот беради, деганлар. Лекин жумҳур уламолар аёлларнинг зеб-зийнатлари ҳар қанча кўп бўлса ҳам уларнинг закот беришлари вожиб эмас, дейдилар.
Ҳар икки томоннинг ҳам далиллари рад этиб бўлмайдиган даражададир. Баъзи кўпгина уламолар эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, аёллар ўз тилла тақинчоқларидан закот беришлари афзалдир, деб айтадилар. Назаримизда бу ўринда ҳар бир аёлнинг вазияти, иқтисодий аҳволи ва бошқа жиҳатларини алоҳида ҳисобга олган ҳолда хулоса чиқариш тўғри бўлади. Яъни, агар аёл киши ўзига тўқ, бой-бадавлат бўлса, у тилла тақинчоқларидан закот чиқариши зарурдир.
2. Тижорат моллари;
Мол-давлатнинг ҳар қандай туридан унинг кўчмас мулк, машина, ҳайвон, озиқ-овқат ёки бошқа кўринишларда бўлишидан қатъий назар тижорат учун ва даромад кўриш мақсадида олиб қўйилган бўлса, закот чиқарилади. Мол эгаси закот бериш вақти келганда қўлидаги шундай молларнинг ҳаммасини қийматини ўртача бозор нархида чамалаб пулга чақади ва агар нисобга етган бўлса, қирқдан бирини закотга ажратади. Тижоратчилар ўз молларини ҳисоб-китоб қилишда ниҳоятда ҳушёр бўлишлари, биронта нарсани ҳам эътибордан четда қолдирмасликлари лозимдир. Агар жуда аниқ ҳисоблаш қийин бўлса, эҳтиётан, закотни мўлжалдан бироз кўпроқ ажратсалар, ўзларини хотиржам қилган бўладилар.
Ўзининг шу кундаги ва келажакдаги хожатларига ишлатиш мақсадида олиб қўйган уй жой, машина, ҳар хил жиҳозлар, уй-рўзғор буюмлари, касб-ҳунарга тегишли асбоб-ускуна ва иморатлар, ҳамда кийим-кечак ва зарурий озиқ-овқат махсулотлари учун закот чиқарилмайди. Аммо нима эканлигидан ва катта-кичиклигидан қатъий назар, тижорат ниятида ва фойда кўриш мақсадида олинган ҳар қандай нарса устидан закот берилиши керак.
3. Дон ва мевалар;
Қуръони Каримдаги:
«Биз сизлар учун ердан чиқариб қўйган нарсаларимизнинг яхшисидан эҳсон қилинглар» (Бақара сураси, 267-оят),
«Экинлар мева берганда ундан енглар ва ўрим-терим кунида ҳосилнинг ҳаққини беринглар!…» (Анъом сураси, 141-оят), деган оятлардан деҳқончилик маҳсулотларидан закот беришнинг фарзлиги англашилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб айтадилар: «Осмон ва чашмалар суғорган ёки ўзи илдизи билан сув шимиб ўсган экинларда ушр бериш вожибдир. Меҳнат билан суғорилган экинларда ушрнинг ярми вожиб бўлади» (Имом Бухорий ривоятлари).
Ушр арабчада ўндан бир деган маънода бўлиб, бу ҳадисда деҳқончилик маҳсулотларидан олинган ҳосилнинг ўндан бирини закот сифатида бериш кераклиги баён қилинади. Шариатда ушр фарз бўлиши учун ҳам миқдор-нисоб белгиланган. Деҳқончилик маҳсулотларининг нисоби беш васақдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Миқдори беш васаққа етмагунча (экинларда) закот вожиб эмасдир» (Муттафақун алайҳ).
Бир васақ 122,4 килограмм, беш васақ эса 612 килограммдир. Демак, ҳосил то шу миқдорга етмагунча ундан закот берилмайди. Меҳнатсиз суғорилган, яъни, лалми ерлардан олинган дон ва мевалардан тўлиқ ушр берилади. Меҳнат билан суғорилганларининг закоти эса ушрнинг ярми ёки ҳосилнинг йигирмадан биридир.
Ушри бериладиган маҳсулотлардан мисол тариқасида донли экинлардан буғдой, шоли (гуруч), арпа, нўхат, мош, ловия, макка кабиларни санаш мумкин. Мевалардан хурмо, зайтун, майиз, узум ва ҳоказо.
Кўкатлар ва қовун-тарвуз каби тез айнийдиган ва одатда узоқ муддат сақлаб бўлмайдиган ўсимликларда закот вожиб эмас.
Умар разияллоҳу анҳу: «Кўкатларда закот йўқдир», деганлар.
Аммо закот берилмайдиган кўкатлар ёки шу каби полиз экинлари қачон сотилса, уларнинг пуллари умумий бойликка қўшиб ҳисобланади ва тегишли қоидалар асосида закот чиқарилаверади.
4. Чорва моллари.
Закот бериладиган ҳайвонлар туя, сигир, қўй ва эчкилардир. Бу ҳайвонлар яйловда боқиладиган бўлса, сони нисобга етганда закот бериш фарз бўлади. Туялар нисоби 5 та (5 та туя учун битта кўй берилади), сигирлар нисоби 30 та (битта 1 ёшли бузоқ), қўйлар нисоби 40 та (битта қўй).
Яйлов чорваси деб бутун йил давомида ёки йилнинг аксар қисмида инсон тарафидан атайин экиб ундирилмаган, балки ердан ўзи униб чиққан ўт-ўланлар билан озуқаланувчи ҳайвонларга айтилади. Яйлов чорваси бўлмай, ем билан боқиладиган чорвалардан закот вожиб эмасдир. Лекин тижорат учун боқилаётган чорвалар бу қоидадан мустасно бўлиб, агар савдо-сотиқ учун ёки бошқа йўллар билан масалан, айирбошлаш, сўйиб гўштини сотиш каби пул топиш учун боқилаётган бўлса, улар тижорат молларининг бир тури саналади ва бинобарин, улардан тижорат моллари сингари закот чиқарилади. Бу ҳолда бундай чорваларнинг ўзи ўтлаб юриши ёки ем бериб боқилишидан қатъий назар улардан закот берилади. Бунда уларнинг алоҳида ўзининг нархи нисобга етиши шарт қилинмайди, балки бошқа тижорат моллари нархига қўшиб ҳисобланади.
Ҳайвонлардан закот чиқарилаётганда қўй ва эчкиларни бир-бирига қўшиб ҳисоб қилинади.
Закот олинаётганда ҳайвонларнинг энг яхшиси танлаб олинмайди. Масалан, туғишга яқинлашиб қолган ёки семиртириб сўйиш, сутини ичиш учун алоҳида боқилаётган ё эса эркак ҳайвонлар олинмайди. Шунингдек, закот берувчи ҳам закот учун ўз молларининг ичидан ориғи ёки айблисини танлаб бериши мумкин эмас. Аммо ориқ ёки айблисини ҳам закот чиқариладиган ҳайвонлар сонига қўшиб ҳисоб қилинади.
От, эшак, хачирлардан закот олинмайди.
Закотга оид муҳим масалалар
1. Пул эгаси бировга қарз берган бўлса ёки бировга мол сотгану ҳали пули қўлига тегмаган бўлса, бундай ҳолатларда закот бериш тартиби қуйидагича бўлади:
Қарз олган, зиммасида омонат бўлган одам ўзига тўқ киши бўлса ва пулни қачон талаб қилинса ўша заҳоти қайтариб беришга қодир бўлса, бу ҳолатда пулнинг эгаси унинг закотини бераверади. Лекин бундай маблағнинг закотини ҳар йили мунтазам бериб бориш шарт қилинмайди. Омонатни қўлига олган йили ўтган барча йилларни ҳисоблаб, ҳаммасининг закотини қўшиб, битта қилиб берса ҳам жоиздир. Лекин афзали албатта, бундай омонатларнинг закотини ҳар йили мунтазам бериб боришдир.
Зиммасида омонат бўлган киши омонатни талаб қилинганда қайтариб бера олмайдиган даражада қашшоқлашиб, ночор аҳволга тушиб қолган ёки қайтиб беришга қодир бўла туриб, ғирромлик билан чўзиб юрган бўлса, бундай омонатлар бировлар зиммасида неча йил қолиб кетса ҳам уларнинг закоти ажратилмайди. Қачон омонат ўз эгасининг қўлига тегса, фақат ўша пул қайтган йилнинг закотини чиқариб берилади.
2. Бир кишининг моли нисобига етади аммо қарзи ҳам бор. Агар бу кишининг қарзи қўлидаги моли билан баробар бўлса ёки қарзини ҳисоблаб чиқариб ташлаганда қўлидаги моли нисобга етмаса, закот бермайди. Лекин моли қарзидан ортиқ бўлиб, шу ортиғи нисобга етса, моли ёки пулининг ана шу қисмидан закот беради.
3. Бир одамнинг савдо қиладиган тижорат моли бор аммо нисобга етмайди. Шу билан бирга унда олтин ёки кумуш ё эса нақд пул ҳам бор бўлиб, ҳаммасини қўшса нисобга етади. Абу Ҳанифа ва Молик раҳматуллоҳи алайҳимо мазҳабларига биноан, молини олтин ёки кумушга (пулга) қўшади. Шунда ҳаммаси қўшилиб нисобга етса, закот беради. Аёлларнинг тилла тақинчоқлари бунга кирмайди. Улар ўз молларидан ўзлари закот чиқарадилар.
4. Рўзғор буюмлари, турли хил уй жиҳозлари, кийим-кечаклар, идиш-товоқлар каби нарсалар доимий равишда ишлатилмаса ҳам агар тижорат мақсади билан олиб қўйилган бўлмаса, улардан закот берилмайди. Чунки закот асосан ўсиш, кўпайиш ва даромад қилиш учун мўлжалланган моллардан берилади.
5. Ижара учун олиб қўйган уйлар ёки машиналардан закот чиқарилмайди. Аммо уларнинг ижара ҳаққидан келаётган даромад закот бериш пайтида умумий бойликка қўшиб ҳисоб қилинади.
6. Бировга қарз берган киши ўз закотини ўша берган қарзининг ўрнига ҳисоблаб ўзида олиб қолиши дуруст эмас. Чунки закот қўлдан қўлга нақд берилиши лозим бўлган молиявий ибодатдир.
7. Гул етиштириш ва сотиш билан шуғулланадиган кишилар ҳам маҳсулотнинг ўздан эмас, балки уларни сотишдан келаётган даромаддан закот берадилар.
8. Ушрни ҳам фақат закот бериладиган ўринларга берилади.
Закот кимларга берилади?
«Албатта садақалар фақат фақирларга, мискинларга, садақа ишида қатнашувчиларга, қалблари (Исломга) ошно қилинувчи кишиларга, қулларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлига ҳамда мусофирларга Аллоҳ томонидан буюрилган фарз сифатида берилади. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчи, барча ишлари ҳикматли Зотдир» (Тавба сураси, 60-оят).
Аллоҳ Таъоло мазкур ояти каримада Ўз илми, ҳикмати, адолати ва раҳмати тақозоси билан закот берилиши лозим бўлган тоифаларни Ўзи белгилаб қўйди ва закотни шулардан бошқаларга бериш мумкин эмаслигини таъкидлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларнинг фойда-манфаатларини ҳаммадан кўра яхшироқ билувчидир ва ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйишда буюк ҳикмат соҳибидир. Демак, закот олишга ҳақли бўлган кишилар қуйидаги саккиз тоифага бўлинадилар:
1. Фақирлар; Яъни, молининг миқдори нисобга етмаган (мусулмон) камбағал инсонлар.
2. Мискинлар; Булар – Ўзи ва оиласи учун бир кунлик озиқ-овқатга етарли пулдан ортиқ моли бўлмаган (мусулмон) қашшоқлар.[2]
3. Садақа ишида қатнашувчилар; Бу тоифа инсонлар закот йиғиш, уни сақлаш ва белгиланган тартибда тарқатиш ишига мусулмон раҳбар тарафидан тайинланган масъул кишилар бўладилар. Уларга закот молидан маош берилади. Аммо бир ёки бир неча киши ўзларининг закотларини жой-жойига тарқатиш учун кимнидир вакил қилган бўлсалар, бу вакил закотга ҳақли эмасдир. Бундай кишилар холис ишлашга рози бўлмасалар, мол эгалари уларга закотларидан ташқари қўшимча хизмат ҳақ беришлари лозим бўлади.
4. Қалбларини Исломга ошно қилинаётганлар; Булар ҳали тўлиқ Исломга келмаган одамлар ёки ўзларини мусулмон санашса-да, иймонлари заиф бўлган кишилардир. Юқоридаги оятга кўра яхшилик умиди билан бундай кишиларга закот молидан бериш мумкин. Яна Ўзининг ёки қавмининг Исломга келишидан умид этилаётган одамларнинг қалбларини Аллоҳнинг йўлига мойил қилиш мақсадида закот молидан бериш жоиз. Ё эса динда суст бўлган айрим мусулмонларга ҳам иймонларини зиёда қилиш, Исломга муҳаббатларини ошириш учун закотдан берилиши ўринли саналади. Шунингдек, мусулмонларга зарар келтираётган душманга ҳам агар унинг ёмонлигини пул бериб даф этиш мумкин бўлса, закот молидан бериш жоиз. Баъзи уламолар бу айтилаётган гуруҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида мавжуд бўлган, кейин Ислом дини кучайиб мустаҳкамлангач, саҳобалар ушбу тоифага эҳтиёж колмади, деб бу ҳукмни мансух қилишган, дейдилар. Бироқ аксарият уламолар бошқача фикрни айтадилар. Жумладан, қозий Ибнул Арабийдан шундай ривоят қилинади: «Агар Ислом кучайса, бу тоифа йўқ бўлади, аммо уларга эҳтиёж туғилса, уларнинг насибалари Расулуллоҳ берганларидек берилаверади, чунки саҳиҳ ҳадисда «Ислом ғариб бўлиб бошланган, у яна ғарибликка қайтади» дейилган» (Қуртубий).
5. Қулларни озод қилиш; Бу ўринда мукотаблар (ўзини ўзи хўжайинидан сотиб олиш учун ҳаракат қилаётган қуллар) назарда тутилган. Шунингдек, бирор кимсанинг қўлида қулликда бўлган мусулмон кишини озод қилиш мақсадида сотиб олиш учун закот молидан ишлатиш мумкин. Муфассирлар душман қўлида ҳибсда, асирликда бўлган мусулмонлар ҳам шу ҳукмга дохил бўладилар, дейдилар (Қуртубий, Саъдий).
6. Қарздорлар; Бу тоифа инсонлар Аллоҳга гуноҳкор бўлиб қолмайдиган иш сабаби билан қарздор бўлган ёки гуноҳдан чинакам тавба қилган одамлардир.[3] Закот пулини қарздорнинг ўзига бериш шарт қилинмайди, балки маблағ қарз эгасига тўғридан-тўғри берилса ҳам жоиздир. Чунки шу билан қарздорнинг бўйнидаги омонати адо этилган бўлади.
7. Аллоҳ йўлига; Бу улуш энг биринчи Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун жанг қилаётган мужоҳидларга тегишлидир. Уларнинг ўзлари ва оилаларининг харажатлари учун закот молидан ишлатилади. Муфассир Саъдий айтадилар: «Кўпгина уламолар касб-кор қилишга қодир инсон агар ҳамма вақтини талаби илм учун бағишлаган бўлса, унга ҳам закотдан берилади, чунки илм ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳод доирасига киради, дейишган». Яна уламолар бу қисмга шариатнинг умумий манфаатлари йўлидаги хайрли амаллар ҳам киради дейишади («Минҳожул-муслим»).
8. Мусофирлар. Бу тоифага ўз юртига қайтиб кетиш учун маблағ топа олмаётган мусофирлар киритилади. Агар бегона мамлакатда мусофирликда юрган киши ўз юртида бой одам бўлса, уйига қайтиш учун маблағи қолмаган бўлса, у энг аввал қарз бериб турадиган кишини топиб қарз олишга ҳаракат қилиши лозим. Қарз берадиган киши топилса, бой одамнинг закот олиши мумкин эмас. Агар унга қарз билан ёрдам қиладиган одам топилмаса, шунда закот молидан олишга ҳаққи бўлади.
Мусулмон киши ўз закотининг мана шу 8 тоифа кишиларга етиб боришига ниҳоятда аҳамият қаратмоғи лозим. Негаки, уламолар наздида шу ўринлардан бошқа жойларга бериш билан мўминнинг зиммасидан закот фарзи соқит бўлмайди.
Аллоҳ Таъоло барчамизни Ўз ҳидоятига бошласин! Ҳамма амалларимизни Унинг розилиги учун адо этишимизни насиб айласин!
[1] Бинобарин, закот берган кишининг моли ҳаромдан покланади ва унга барака кириб, ўсиб, кўпая бошлайди.
[2] Фақир ва мискиннинг ким экани ҳақида бундан бошқача таърифлар ҳам бор
[3] Қиморда ютқазиб қўйган, рибога пул олиб қарздор бўлган инсонлар гуноҳкор инсонлар саналадилар. Бундай кишилар Аллоҳнинг амрига бўйсунмаганлари сабабли мурувватга лойиқ қарздорлар қаторида бўлмайдилар.
katta raxmat silarga borlaringga shukir.
Ollox biz bandalaringdi bilib bilmay qilgan gunoxlarimizni o’zing kechirgin
Olloxim biz bandalariga shun day noz-nematlar yaratib qo’yibdiki lekin biz band alar shu narsalarni qadrlayapmizmi
Olloxim meni yuragimdir