Кофирларни байрамлари билан табриклаш ҳукми

Кофирларни байрамлари билан табриклаш ҳукми

 

Савол: Кофирларни Рождество байрами билан табриклашнинг ҳукми нима? Улар бу (байрам) билан бизни табриклашса қандай жавоб қайтаришимиз керак? Шу муносабат билан ўтказишаётган тадбир ўринларига бориш жоизми? Агар эслаб ўтилган ишларни қасдсиз қилган бўлса, инсон гуноҳкор бўладими? У буни хушомад, ёки уялиш, ёки ҳижолат ва бошқа сабаблар билан қилган. Бунда (байрамларида) кофирларга ўхшашлик жоизми?

Жавоб: Кофирларни Рождество ва бошқа диний байрамлари билан табриклаш уламолар иттифоқи билан ҳаромдир. Буни Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Аҳкаму аҳли зимма» (144) китобида нақл қилиб шундай деган: «Кофирларни уларга тегишли байрам билан табриклаш уламолар иттифоқи билан ҳаром. Байрамлари ва рўзалари билан уларни: «Байрамингиз муборак бўлсин!» ёки «Бу байрам билан шод бўлинг!» каби жумлалар билан табриклаш бунга мисол бўлади. Бундай (табрик билдирган одам) кофир бўлишдан саломат қолса-да, бу ҳаром ишлар жумласидан. У кофирни хочга сажда қилиши билан табриклагандек, балки Аллоҳ ҳузурида ундан ҳам баттарроқ гуноҳни қилган одам мақомида бўлади. Шунингдек ароқ ичиш, қотиллик, ҳамда зино ва шунга ўхшашлар билан табриклашдан баттароқ мақомда бўлади. Кўпинча динига лоқайд бўлган ва қилган ишининг қабоҳатини билмаган одамгина бундай ишга йўлиқади. Ким бандани маъсият, ёки бидъат, ёки куфр билан табрикласа, Аллоҳ таолонинг интиқомига йўлиқади». Сўзлари тугади, раҳимаҳуллоҳ.

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтиб ўтган омиллар туфайли, кофирларни диний байрамлари билан табриклаш ҳаромдир. Чунки бунда уларнинг куфр шиорларига иқрорлик ва розилик бор, ҳатто агар у мазкур куфр унинг ўзида бўлишига рози бўлмаса ҳам. Зеро мусулмон куфр шиорларига рози бўлиши ва бошқаларни бу билан табриклаши ҳаромдир. Чунки Аллоҳ таоло бунга рози эмас. Аллоҳ таоло деди:

إِن تَكۡفُرُواْ فَإِنَّ ٱللَّهَ غَنِيٌّ عَنكُمۡۖ وَلَا يَرۡضَىٰ لِعِبَادِهِ ٱلۡكُفۡرَۖ وَإِن تَشۡكُرُواْ يَرۡضَهُ لَكُمۡۗ

«Агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас албатта Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. (Аммо) У Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр қилсангизлар (ва иймон келтирсангизлар), У зот сизлар учун (фақат шукр қилиб, иймон келтиришларингизгагина) рози бўлур» (Зумар: 7).

ٱلۡيَوۡمَ أَكۡمَلۡتُ لَكُمۡ دِينَكُمۡ وَأَتۡمَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ نِعۡمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ ٱلۡإِسۡلَٰمَ دِينٗاۚ

«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3). Шу боис ҳамкасблари бўлсин ёки бўлмасин, ушбу (кофирлар байрами) билан уларни табриклаш ҳаромдир.

Агар улар бизни ўз байрамлари билан табриклашса, уларга жавоб бермаймиз. Чунки бу бизнинг байрамимиз эмас. Чунки бу Аллоҳ таоло рози бўлмаган байрамлар. Чунки бу ёки динларидаги бидъат, ёки аввал машруъ бўлган бўлса-да, бироқ Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситасида бутун инсониятга юборган Ислом дини билан бекор қилинган. Аллоҳ таоло деди:

وَمَن يَبۡتَغِ غَيۡرَ ٱلۡإِسۡلَٰمِ دِينٗا فَلَن يُقۡبَلَ مِنۡهُ وَهُوَ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِنَ ٱلۡخَٰسِرِينَ

«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85).

Мусулмон ушбу муносабат билан қилинган таклифга ижобат қилиши ҳаром. Чунки бу, улар билан бирга иштирок этишни ўз ичига олгани боис, уларни табриклашдан ҳам баттарроқдир. Шунингдек, ушбу муносабат билан кечалар уюштириш, ёки ҳадялар айирбошлаш, ёки ширинликлар улашиш, ёки таомлар тайёрлаш, ёки ишдан дам олиш  ва шу каби ишларда кофирларга ўхшашлик мусулмонларга ҳаромдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ким ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир» (Абу Довуд «Сунан» (4031). Албоний «Саҳиҳ ал-Жомеъ»да (2831) саҳиҳ деди). Шайхул Ислом Ибн Таймийя «Иқтидоус сиротил мустақийм мухолафату асҳабил жаҳийм» китобида дедилар: «Баъзи байрамларида уларга (кофирларга) ўхшашлик, уларнинг йўли бўлмиш ботил сабабли қалблари шодланишига олиб келади. Гоҳида бу фурсатни ғанимат билишга ва заиф (мусулмон)ларни таҳқирлашга умид уйғотади». Сўзлари тугади, раҳимаҳуллоҳ.

Демак, ким мана шулардан бирор ишни, хоҳ хушомадгўйлик қилиб, хоҳ мулозамат кўрсатиб, хоҳ уялиб, хоҳ бундан бошқа сабаб билан қилган бўлса гуноҳкордир. Чунки бу Аллоҳнинг динида лаганбардорлик қилиш, ҳамда кофирларнинг кўнглини қувватлантириш ва динлари билан фахрлантириш сабабларидан ҳисобланади.

Аллоҳдан мусулмонларни динлари билан иззатли, (динларида) собитқадам қилишини, душманлари устидан нусрат беришини сўраб қоламиз. Дарҳақиқат, У Қудратли ва Азиз зотдир.

 

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ

 «Мажмуъ фатава ва расаил», (3/44).

Манба: Тавҳид форуми

One thought on “Кофирларни байрамлари билан табриклаш ҳукми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan