PDF WORD

Ражаб ойи ҳақида

Ражаб ойи ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Борлиқни бўйсундирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Аллоҳ танланган пайғамбаримизга, унинг пок оиласи, ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Қуйидаги сўзларни айтган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин: «Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур» (Қасас: 68). Ихтиёр қилмоқ ёки танламоқ сифати, Унинг Парвардигорлик ва Ягоналигига, шунингдек ҳикмати, илми ва қудратининг камолотига далолат қилади. Унинг ихтиёр қилиши ва афзал кўришининг бир жиҳати шундан иборатки, У баъзи кун ва ойларни, қолганларидан афзал кўрган ҳолда, танлаб олди. Барча ойлардан Аллоҳ тўрттасини ажратди, уларни муқаддас қилди. Қуръоннинг қуйидаги оятида бу ҳақида айтилади: «Албатта, Аллоҳнинг наздида, ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз!» (Тавба: 36).

Ушбу ойлар Ойнинг ҳаракатига қараб ҳисобланади, кофирлар қилгандек, Қуёш билан эмас.

Ҳаром қилинган ойларга кўрсатма Қуръонда келган, бироқ уларнинг номи унда зикр қилинмаган. Уларнинг номи Суннатда зикр қилинган:

Абу Бакра Нуфай бин ал-Хорис розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта замон Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни яратган кундаги ҳолатидек айланиб чиқди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси пайдар-пай келувчи зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррамдир ҳамда (қолган бири эса) жумодо ва шаъбоннинг орасидаги Музарнинг ражабидир» (Бухорий, Муслим ривояти).

Ушбу ой Музарнинг ражаби деб номланишига сабаб, Музар (қабиласи), қолган араблардан фарқли равишда, ушбу ойнинг ҳисоб вақтини бузиб кўрсатмас эдилар. Қолган араб (қабилалари) улар уруш даврида бўлган бўлмаганларига қараб ойларни сохталаштириш ва уларнинг кетма-кетлигини кўчириш билан шуғулланар эди. Қуйидаги оят худди шундай (ойларни) кўчиришга далолат қилади: «Шак-шубҳасиз (ҳаром ойларни) кетга суриш ортиқ даражадаги кофирликдирки, у сабабли кофирлар бутунлай йўлдан тойилурлар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойларнинг саноғини (тўрт ойга) тўғрилаб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб олиш учун уни (яъни, уруш ҳаром қилинган ойларни) бир йил ҳалол десалар, яна бир йил ҳаром дейдилар» (Тавба: 37).

Шунингдек, ривоят қилинишича ушбу ойнинг Музар қабиласига нисбат берилишининг яна бир сабаби шундаки, ушбу қабила одамлари уни жуда улуғлар ва ҳурматлар эди. Бундан ушбу ойни нима сабабдан уларга нисбат берилишини тушуниш мумкин.

Ушбу ой номланиши сабаби

Ибн Форис «Муъжам макайис ал-Луға» (445-бет)да ёзади: ««Ро», «жим» ва «ба» ҳарфлар бирор нарсани бошқа бир нарса орқали қўллаб-қувватламоқ ва мустаҳкамламоққа далолат қилувчи ўзакни ҳосил қилади… Шунинг учун ҳам «ражабтул-шай» ибораси «Мен уни ҳурматладим» деган маънони англатади… Ушбу ой ражаб деб номланишига сабаб, улар (Исломдан аввалги араблар) уни улуғлар эдилар. У Шариатда ҳам улуғланади».

Жоҳилият даврида яшаган одамлар ражаб ойини «мунассил ал-асинна» (қуролни ўткир пойнакини ечишга мажбур қилувчи) деб номлар эди. Бу ҳақида Абу Ражо ал-Аторудий хабар қилади, у (қуйидагиларни) келтиради: «Жоҳилият даврида бутларга, тош ва дарахтларга сиғинардик. Бировимиз бир тошга сиғиниб юриб, ундан чиройлироқ бошқа бир тошни кўриб қолса, қўлидаги «илоҳ»ини улоқтириб, ҳалиги янги «илоҳ»га сиғиниб кетаверарди. Агар тош топилмаса, бир ҳовуч тупроққа қўйни соғиб, сўнг қотган лой атрофида тавоф қилар эдик. Ражаб ойи кирганида биз «мунассил ал-асинна» дердик ва ушбу ой мобайнида темир пойнаки (учи) бўлган бирорта ҳам найза ёки камон ўқларини пойнакини ечиб, олиб қўймасдан қолдирмас эдик» (Бухорий ривояти).

Байҳақий айтади: «Жоҳилият даврида яшаган одамлар ушбу муқаддас ойларни улуғлар эди, айниқса ражаб ойини. Улар бу ойлар мобайнида уруш қилмас эдилар».

Фикр билдиринг