Имом Санъонийнинг
«Булуғул-маром»га ёзган
«Субулус-салом» номли шарҳи
بسم الله الرحمن الرحيم
إن الحمد لله، نحمده، و نستعينه، و نستغفره، و نعوذ بالله من شرور أنفسنا و من سيئات أعمالنا، من يهده الله فلا مضل له، و من يضلل فلا هادي له، و أشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له، و أشهد أن محمدا عبده و رسوله. أما بعد
Таҳорат китоби
Таҳоратнинг ҳақиқати икки пок қилувчи нарса – сув ва тупроқ билан, ёки уларнинг бири билан шариат белгилаган тарзда нажосатни ва ҳадас (таҳоратсизлик)ни кеткизишдир.
Сувлар боби
عن أبي هُرَيْرَة ـ رضي الله عنه ـ قال: قال رسولُ الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم، في البَحْرِ: «هُوَ الطّهُورُ ماؤُه، الحِلُّ مَيْتَتُهُ» أخرجهُ الأربعةُ، وابنُ أبي شَيْبَةَ، واللفظُ لَهُ، وصححهُ ابنُ خُزيمةَ، والترمذي
1. Абу Хурайра, ундан Аллоҳ таоло рози бўлсин, айтди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида: «Унинг суви тоза, ўлимтиги эса ҳалолдир» дедилар». Бу ҳадисни тўртовлон (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа) ва Ибн Абу Шайба ривоят қилишди. Ҳадис лафзи Ибн Абу Шайбаники. Ибн Хузайма ва Термизий уни саҳиҳ дейишди.
Абу Ҳурайра улуғ саҳобий ва кўп ҳадис ривоят қилган ҳофиз бўлган. Унинг исми ва отасининг исми ҳақида (уламолар) ихтилоф қилишиб ўттизга яқин фикр билдиришган. Ибн Абдулбарр айтди: «Турли фикрлардан кўнгил таскин топадигани – Абдурраҳмон ибн Сохр». Буни (машҳур тарихчи) Муҳаммад ибн Исҳоқ ҳам айтган. Ибн Абдулбаррнинг «Истиъоб» китобида айтилишича, Абу Ҳурайра Мадинада 59 (ҳижрий) йилда етмиш саккиз ёшида вафот этиб Бақиъа қабристонига дафн этилган. Баъзилар Ақиқда (дафн этилган) дейишди. Ўша (вафот этган) куни (Абу Ҳурайра) Мадинага волий бўлган эди. Унинг жанозасини Валид ибн Уқба ибн Абу Суфён ўқиди.
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида айтдилар», яъни унинг ҳукми ҳақида. Денгиз деб кўп ёки шўр сувга айтилади. Бу ҳақда (Файрузободийнинг) «Қомус(ул-Муҳит» номли луғат китоби)»да айтилган. Бу лафз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан эмас. Балки ул зотнинг сўзлари: «Унинг суви пок («тоҳур»)», яъни пок қилувчи, ёки пок ва пок қилувчи. Бу ҳақда «Қомус»да айтилган. Шариатда («тоҳур») деб пок қилувчи нарсага ишлатилади.
«Ибн Ҳузайма ва Термизий уни саҳиҳ дейишди». Муҳаддислар наздида саҳиҳ деб хотираси комил киши ўзига ўхшаш кишидан узлуксиз равишда («муттасил санад» билан) иллат (камчилик)сиз ва шозлик (кўпчиликнинг ривоятига хилоф бўлган ривоят)сиз қилган нақлидир. Мусанниф (яъни, бу ҳадис тўпламининг йиғувчиси бўлмиш Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний) «Талхис» китобида бу ҳадисни тўққизта саҳобий орқали тўққизта йўл билан келтирган. Буларнинг ҳар бир йўли мулоҳаза (камчилик)дан ҳоли эмас. Лекин (юқорида) сиз эшитган кишилар (яъни Ибн Ҳузайма ва Термизий) унинг саҳиҳлиги ҳақида қатъий ҳукм чиқаришди. Уни Ибн Абдулбарр, Ибн Манда, Ибнул-Мунзир ва Абу Муҳаммад Бағавий ҳам саҳиҳ дейишган. Мусанниф айтади: «Баъзан ушбу ҳадиснинг даражасига етмайдиган ҳам, унга яқинлашмайдиган ҳам ҳадислар ҳақида саҳиҳ деб ҳукм чиқаришади».
(Имом Моликнинг) «Муватто» (ҳадислар тўплами)да келишича, бу сўзлар саволга жавоб бўлиб келган: «Абу Ҳурайра айтди: «Бир киши – Аҳмаднинг «Муснад»ида «Бану Мадлаж (қабиласи)дан» дейилган, Табаронийда эса унинг исми Абдуллоҳ дейилган – Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб айтди: «Эй Аллоҳнинг Росули, биз денгизда кемага миниб ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар ушбу сув билан таҳорат олсак, ташналикда қоламиз. (Денгиз) суви билан таҳорат олаверайликми?»
Абу Довуд лафзида: «Денгизнинг суви билан (таҳорат олаверайликми)?» дейилган. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг суви пок (ва пок қилувчи), ўлимтиги эса ҳалол» дедилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бердиларки, денгиз суви пок, пок қилувчи ва токи баъзи хусусиятлар содир бўлмаса – сифатларидан бири ўзгармаса – пок бўлиб қолаверади. Бу ҳақда кейинроқ айтилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб жавоб бермадилар, балки бу сўзлар билан жавоб бериб, ҳукмга унинг иллатини[1] қўшиб қўйдилар. У ҳам бўлса сувнинг ўз бобида (яъни ўзига ўхшаш нарсалар мисолида) (деярли) чексиз равишда поклигидир. Гўё сўровчи денгизнинг суви бошқа сувларга хилоф равишда шўрлигини, унинг ҳиди эса айниганроқ эканлигини кўриб, ушбу сув Аллоҳ (Фурқон сурасининг 48-) оятида:
$uZø9t»Rr&ur z’ÏB Ïä!$yJ¡¡9$# [ä!$tB #Y’qßgsÛ ÇÍÑÈ
«У (Аллоҳ) осмондан пок сувни туширди» деб назарда тутган сув эмас деб ўйлаб ва ушбу сувнинг хусусияти ҳақида сўраган бўлса керак. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга (денгиз сувининг) ҳукмини билдириб, у сўрамаган нарсанинг ҳукмини ҳам қўшиб айтдилар, у ҳам бўлса денгиз ўлимтигининг ҳалоллигидир. Рофиъий айтдики: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчи денгиз суви ҳақида иккиланганини билганларидан сўнг, у денгиз ўлимтиги ҳақида ҳам иккиланаётганлиги борасида хавотир олдилар».
Денгизчи ушбу муаммо билан тўқнашгани учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саволига берган жавобларига денгиз ўлимтиги ҳукмини ҳам қўшиб қўйдилар. Денгиз ўлимтигидан мурод фақат денгизда яшовчи ҳайвонлардан денгиз ичида ўлганларидир, денгиз ичида ўлган мутлақо (ҳар қандай) ҳайвон эмас. Ҳадиснинг зоҳири (ҳар қандай денгиз ҳайвонлари) денгиз ичида ўлса, улар ит ёки чўчқага ўхшаса ҳам, ҳалол эканлигига далолат қилади. Бу ҳақда ўз бобида келтирилади, иншааллоҳ.
وعَنْ أبي سعيد الخُدْرِي رضي الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: «إنَّ المَاءَ طَهُورٌ لا يُنَجِّسُهُ شيءٌ» أخرَجَهُ الثلاثةُ، وصَححهُ أحمدُ
2. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди». Учовлон (Абу Довуд, Насоий, Термизий) ривоят қилишди, Аҳмад уни саҳиҳ деди.
Абу Саъиднинг исми Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Хазражий ал-Ансорий ал-Худрий. Худр «Қомус»да айтилганидек, ансорларнинг қабиласидир. Заҳабий: «Бу киши саҳобаларнинг олимларидан, дарахт остида байъат қилганлардан бўлган. Кўп ҳадис ривоят қилиб бир қанча вақт фатволар бериб (муфтий бўлиб) юрган. Абу Саъид саксон олти йил яшаб етмиш тўртинчи (ҳижрий) йилнинг бошида вафот этган. Унинг ҳадислари кўп бўлиб, ундан бир гуруҳ саҳобалар ривоят қилишган. «Саҳиҳайн»да у кишининг саксон тўртта ҳадиси бор» деди.
«Аҳмад уни саҳиҳ деди». Ҳофиз ал-Мунзирий «Мухтасарус-сунан»да айтди: Баъзилар бу (ҳадис) ҳақида баъзи гапларни айтишди. Аҳмаддан ривоят қилинадики, у: «Бузоъа қудуғининг ҳадиси саҳиҳ» деди. Термизий: «Бу ҳадис ҳасан» деди. Абу Усома (исмли ровий) бу ҳадиснинг сифатини яхшилади ва Абу Саъиднинг Бузоъа қудуғи ҳақидаги ҳадиси Абу Усоманинг ривоятидан кўра яхшироқ ривоят қилинмаган. Бу ҳадис Абу Саъиддан бошқача кўринишда ҳам ривоят қилинган.
Бу ҳадиснинг сабаби: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бузоъа қудуғининг суви билан таҳорат олаверайликми? Бу шундай қудуқки, унга ҳайз қони билан ифлосланган мато (латта)лар, (ўлик ит гўшти ва чириган озиқ-овқатларни ташлашади» деб сўралди. Шунда (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди» дедилар. Абу Довуднинг «Сунан»ида шундай келган. Унинг бошқа бир лафзида: «Албатта, бу сув покдир …» деб мусанниф (Ибн Ҳажар) келтирганидек ривоят қилинган.
Билгинки, бу (ҳадис)нинг шарҳида кўп гаплар айтилган ва сувларнинг ҳукми ҳақида фикрлар тўлиқ (батамом) айтилган. Ушбу ҳадисларни қамраб олиб ундан фикрлар манбалари ва истидлол (далил қилиб олиниш)лари билинадиган равишда сувлар (масаласи)га киришишни қисқартириб айтамиз:
Сувлар ҳукмлари олинган ҳадислар ривоят қилинган. Улардан:
«Сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди».
«Агар сув (ҳажми) икки қулла (хум)га етса, у нажасланмайди».
Бадавий (аъробий)нинг сийдиги устига масжидда сув қуйиб юборишга буюрганликлари ҳақидаги ҳадис.
«Агар сизлардан бирингиз уйғонса, қўлини уч марта ювмагунича идиш ичига тиқмасин».
«Сизлардан ҳеч ким турғун сувга бавл қилиб кейин унда чўмилмасин».
«Агар ит бирингизнинг идишини яласа …». Бу ҳадисда ит ялаган сув (суюқлик)ни тўкиб юборишга буюрилган. Бу собит (саҳиҳ) ҳадислар бўлиб, улар мусаннифнинг сўзларида кейинроқ келади.
Шуни билган бўлсанг, сув нажосат билан аралашиб унинг бирон бир сифати ўзгармагаса, у(нинг ҳукми) ҳақида олимларнинг, Аллоҳ уларни раҳм қилсин, фикрлари турли бўлган:
Ал-Қосим, Яҳё ибн Жамра, (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига мансуб) бир гуруҳ олимлар, Молик, зоҳирийлар, бир ривоятда Аҳмад, унинг бир гуруҳ асҳоблари бу сув – кам бўладими, кўп бўладими – унинг тозалигини айтишди. Улар «сув покдир» деган ҳадисга амал қилишди. Улар фақат нажосат сувнинг бирон бир сифатини ўзгартирсагина сувнинг поклигиги йўқолади, чунки бунга (уламолар) ижмоъ қилишган, дейишди, бу ҳақда қуйида сўзлар келади.
Ҳадавийлар, ҳанафийлар, шофеъийлар сувни унга нажосат мутлақ равишда зарар қиладиган «оз» сувга ва модомики баъзи сифатлари ўзгармаса, (нажосат) зарар қилмайдиган «кўп» сувга бўлишди. Бундан кейин улар «оз» ва «кўп» сувнинг чегарасида ихтилоф қилишди.
Ҳадавийларнинг фикрига кўра, сувга нажосат тушиб бу сувни ишлатувчиси ишлатиш билан сув оз эканлигини билади. Бундан бошқаси эса кўп сувдир.
Ҳанафийлар эса агар одам сувни бир чеккасидан ҳаракатлантирса, унинг ҳаракати бошқа чеккасигача етмайдиган бўлса, буни «кўп» сув дейишди. Бу Имом (Абу Ҳанифа) фикрлари. У кишининг икки соҳиби эса (эни билан узунлиги) ўн (зироъ)га тенг сувни кўп деб, ундан бошқаси (ками)ни оз сув дейишди.
Шофеъийлар сув Ҳажарнинг икки қулласи (хуми)га[2] етса – бу беш юз ратлга яқин ҳажмни – кўп сувнинг (пастки) чегараси деб билишди. Улар икки қулла ҳадисига амал қилишди. Бундан бошқаси (ками) эса оз сув дейишди.
Биз юқорида келтирган ҳадисларнинг бир-бирига тескари келиши ушбу ихтилофнинг мағзидир. Уйғонганда (қўл ювиш) ва турғун сув(га бавл қилмаслик) ҳадислари оз нажосат оз сувни нажас қилади деган хулосага олиб келади. Итнинг (идишни) ялаши ҳақидаги ҳадис ва унинг ичидаги ит ялаган суюқликни тўкиб ташлашга бўлган буйруқ ҳам шунга олиб келади. Бадавийнинг бавли ва унинг устига сув қуйиб юбориш ҳақидаги буйруқ келган ҳадис эса бунга тескари келади ва озгина нажосат озгина сувни нажас қилмайди деган хулосага олиб келади. Маълумки, аъробийнинг бавли тушган ўша ўрин челакдан қуйилган сув билан пок бўлди. «Сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди» деган ҳадис ҳам шундай (хулосага олиб келади).
«Сувни ҳеч нарса нажас қилмайди, токи унинг сифатларидан бири ўзгармаса» деган биринчи фикрни айтганлар ушбу ҳадисларни шундай жамлашган: сувни ҳеч нарса нажас қилмаслигига (биз муҳокама қилаётган ҳадиснинг) лафзи ва аъробийнинг бавли ҳақидаги ҳадис далолат қилади. Уйғониш, турғун сув, итнинг ялаши ҳақидаги ҳадислар эса сувнинг нажас бўлиш ҳукми учун келмаган, балки ибодат сифатида ундан узоқ бўлишга қаратилган буйруқдир. Бу ҳадислар нажосат сабабли келган эмас, балки фақатгина бу ерда биз билмаган маъно ётади. Худди намозларнинг сони (адади)да ва шу каби нарсаларда ётган ҳикматга ўхшашдир. Баъзилар айтдики, бу ҳадислардаги қайтариқ фақат кароҳият учун келган ва у (ит ялаган, уйғонганда қўл тиқилган, турғун ҳолатида ичига бавл қилинган сув) пок ва пок қилувчидир.
Шофеъийлар эса ушбу ҳадисларни жамлаб, «уни ҳеч нарса нажас қилмайди» деган ҳадисни икки қулла (хум)га етган ва ундан кўп бўлган сув учун айтилган деб тушунишган. Икки қулладан ошган сув «кўп» ҳисобланади, уйғониш, турғун сув ҳақидаги ҳадислар эса оз сув учун айтилган деб тушунишган.
Ҳадавийлар эса уйғонганда (қўл ювиш) ҳақидаги ҳадисни мустаҳаб деб тушуниб, қўлларни ювиш фарз эмас дейишди.
Ҳанафийлар айтдики, «уни ҳеч нарса нажас қилмайди» деган сўзлардан мурод юқорида чегараси келган «кўп» сувдир. Икки қулла ҳақидаги ҳадисни эса улар музтариб (чалкаш) деб иллатли дейишди. Имом ал-Маҳдий ҳам уни «Баҳр» (китоби)да иллатли деди.[3] Уларнинг баъзилари эса бу ҳадисни таъвил қилишди. Қолган ҳадислар эса «оз» сув ҳақида келган (дейишди). Лекин уларга қарши аъробийнинг бавли ҳақидаги ҳадис келиб, сен билганинг каби, у ҳадис оз нажосат оз сувга зарар қилмаслигига далолат қилади. Шофеъийлар эса бу (аъробий) ҳадисига жавоб бериб нажосат устига сув қуйиш билан сув устига нажосат тушишини фарқлашди. Улар айтишдики: Агар сув устига (нажосат) тушса, уни нажас қилади, худди уйғониш ҳақидаги ҳадиси каби. Агар нажосатнинг устига сув тушса, сувга зарар қилмайди, худди аъробий бавли ҳақидаги хабар каби. Бу ҳақдаги баҳсни «Умда»нинг шарҳидаги ва «Зуун-наҳар»даги ҳошияларида тадқиқ қилдик.
Хулоса шуки, (шофеъийлар) шундай ҳукм қилишди: Нажосат оз сувга тушса, уни нажас қилади. Агар унинг устига оз сув тушса, сув нажас бўлмайди. Улар сувнинг нажас устига тушишини сувнинг нажас бўлмаслигига иллат қилишди. Лекин (аслида) ундай эмас. Ҳақиқат шундан иборатки, сув нажосат устига тушса, унинг устига бўлак-бўлак бўлиб тушади ва охирида (нажосат)нинг ўзи сув тугашидан олдин йўқ бўлиб кетади. Нажосат устига қуйилаётган бу сувнинг охири фақат тоза бўлган ўринга тушади. Ёки бўлмаса бир қисм (жузъ нажосат) қолиб, бу охирги жузъ устига сув қўйилганида йўқ бўлиб кетади, худди ижмоъга биноан нажосат кўп сувнинг ичига тушиб йўқ бўлиб кетгани каби. Бу (нажосат устига сув қуйиш) билан кўп сув ичида нажосатнинг ҳаммаси йўқ бўлиб кетиши орасида фарқ йўқ. Нажосатнинг устига тушаётган сувнинг охирги қисми қолган нажосатга нисбатан кўплигидан нажосатнинг ўзини ўзгартириб юборади. Шундай қилиб, нажосатнинг устига тушаётган сувнинг нажас бўлмаслигининг иллати нажосатга нисбатан кўплигидандир, унинг устига қуйилаётганидан эмас. Чунки бу икки қуйиш (нажосатни сувнинг устига ва сувни нажосатнинг устига қуйиш)нинг фарқи: бири иккинчисини нажас қилиб, иккинчиси биринчисни нажас қилмаслиги ақлга тўғри келмайди.
Биз юқорида келтирган нарсаларни ва сувни кўп ва озга бўлиш чегараси учун далил қоим бўлмаганлигини билган бўлсанг, бу фикрларнинг далилга қараб (ҳақиқатга) энг яқини: Қосим ибн Иброҳим ва у билан (бу фикрда) бирга бўлганларнинг фикридир. Бу «Баҳр»да келтирилгани каби бир гуруҳ саҳобаларнинг сўзи. Шунингдек бу (Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига мансуб бўлган) бир қанча кейинги авлод имомлари ушлаган фикрдир. Уларнинг ичида бу фикрни Имом Шарофиддин ҳам танлаган.
Ибн Дақиқ ал-Ийд айтди: «Бу Аҳмаднинг фикри ва буни унинг баъзи эргашувчилари қўллаб-қувватлаган. Буни Шофеъийга эргашганлардан Қози Абул-Ҳасан Руяний энг устун фикр деб билган».
Ибн Ҳазм «Муҳалло»да: «Бу (фикр) мўминларнинг онаси Оиша, Умар ибн ал-Ҳаттоб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Аббос, Ҳасан ибн Али ибн Толиб, мўминларнинг онаси Маймуна, Абу Ҳурайра, Ҳузайфа ибн ал-Ямон, Асвад ибн Язид, унинг акаси Абдурраҳмон, Ибн Абу Лайло, Саъид ибн Жубайр, Ибнул-Мусаййаб, Мужоҳид, Икрима, Қосим ибн Муҳаммад, Ҳасанул-Басрий ва бошқалардан ривоят қилинган» деди.
وعن أبي أُمَامَةَ الباهليّ ــــ رضي الله عنه ــــ قال: قال رسول الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: «إنَّ الماءَ لا يُنَجِّسُهُ شيءٌ إلَّا ما غلبَ على رِيحهِ وطَعْمِهِ ولَوْنِهِ» أخرجهُ ابنُ ماجهْ، وضعَّفَهُ أبو حاتم
وللبيهقي: «الماءُ طَهُورٌ إلَّا إنْ تَغَيَّرَ رِيحُهُ، أو طَعْمُهُ، أوْ لَوْنُهُ بِنَجَاسَةٍ تَحْدُثُ فيهِ»
3. Абу Умома ал-Баҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у айтди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сув покдир. Унинг ҳиди, таъми ва ранги ўзгармаса, уни ҳеч нарса нажосат қилмайди». Бу ҳадисни Ибн Можа ривоят қилган, Абу Ҳотим эса уни заиф деган. Байҳақийнинг ривоятида эса: «Сувнинг ичига тушган нажосат унинг ҳидини, ёки таъмини, ёки рангини ўзгартирмаса, сув пок (ҳисобланади)« дейилган.
Абу Умоманинг исми – Судай ибн Ажлон, келиб чиқиши эса Бахила қабиласи билан боғлиқ. Бир қанча вақт Мисрда яшаган, кейин эса (ҳозирги Сурия худудида жойлашган) Химс шаҳрига кўчиб кетган ва у ерда 81 (ҳижрий) йилда вафот этган. Айримлар: 86 йилда вафот этган дейишди. Баъзилар уни Шомда вафот этган охирги саҳобий дейишган. Бу киши кўп ҳадислар ривоят қилган саҳобалардан бўлган.
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сув покдир. Унинг ҳиди, таъми ва ранги ўзгармаса, уни ҳеч нарса нажосат қилмайди»». Бу ерда «ва» боғловчисидан мурод «ёки»дир, буни Байҳақийнинг ҳадиси тушунтириб беради. «Бу ҳадисни Ибн Можа ривоят қилган, Абу Ҳотим эса уни заиф деган». Уни заиф дейишига сабаб Ришдийн ибн Саъддир. Абу Юсуф: «Ришдийн динида солиҳ киши эди, лекин унга солиҳлар ғафлати етиб, ҳадисларда янглишиб кетди, у матрук (унинг ҳадислари тарк қилинган)» деди.[4]
Заиф ҳадиснинг ҳақиқати шундан иборатки, унда саҳиҳ ва ҳасан ҳадисларнинг шартларидан бири бузилган бўлади. Бунинг олтита маълум сабаби бўлиб, улар ушбу шарҳда келтирилади.
Байҳақийнинг ривоятида эса: «Сувнинг ичига тушган нажосат унинг ҳидини, ёки таъмини, ёки рангини ўзгартирмаса, сув пок (ҳисобланади)« дейилган. Мусанниф (Ибн Ҳажар) айтди: «Дорақутний: «Бу ҳадис собит эмас» (яъни, заиф, мақбул эмас) деган. Шофеъий: «Агар сувнинг таъми, ёки ҳиди, ёки ҳолати ўзгарса, у нажас бўлади, дейишингга келсак, бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай кўриниш (ҳолат)да ривоят қилинганки, бунга ўхшаганлар ҳадис аҳли наздида собит бўлмайди» деди. Нававий: «Муҳаддислар унинг заифлигига иттифоқ қилишди» деди. Ушбу заифга чиқаришдан мурод («агар таъми, ёки ҳиди, ёки ранги ўзгарса») истисноси, ҳадиснинг асли эмас, чунки у (юқорида Абу Саъид ал-Худрийнинг) Бузоъа қудуғи ҳақидаги ҳадисида собит бўлган. Лекин ушбу («агар таъми, ёки ҳиди, ёки ранги ўзгарса») қўшимчасининг ҳукмга олинишига уламолар иттифоқ қилишган. Ибнул-Мунзир айтди: «Агар сув ичига – у оз бўладими, кўп бўладими – нажосат тушиб унинг таъми, ёки ранги, ёки ҳиди ўзгарса, у нажас эканлигига уламолар иттифоқ қилишди». Демак, агар сувнинг ушбу сифатларидан бири ўзгарса, у нажосат бўлишига ҳадиснинг ушбу (заиф) қўшимчаси эмас, балки ижмоъ далил бўлади.
[1] Таржимон изоҳи: «Иллат» сўзи «усул ал-фиқҳ» илмининг истилоҳи бўлиб, ҳукмнинг сабабига, ҳикматига ўхшаш бўлади, аммо доим ҳам сабаб билан бир хил бўлавермайди. Масалан, қаср намознинг иллатларидан бири – сафар, ҳикмати эса машаққатни даф қилишдир. Баъзан сафарда машаққат бўлмаслиги мумкин, лекин унинг иллати – сафар – мавжуд бўлгани учун ҳукм ўз ўрнида бўлиб тураверади. Яъни иллат – ҳукм унга боғлиқ бўлган нарса. Ёки жума намозининг ғуслига сабаб – покланиш, иллати эса – жума намозига бориш. Жума намозига бормаса (яъни иллат йўқолса), ҳукм (ғусл) соқит бўлади, аммо жума намозига борса-ю (яъни иллат мавжуд бўлса), киши пок (таҳоратли, хушбўйли) бўлса ҳам, ҳукм (ғусл) соқит бўлмайди. Аллоҳ билгувчироқдир.
[2] Таржимон изоҳи: Албоний раҳимаҳуллоҳнинг айтишича, бу хумлар Ҳажарнинг хумлари эканлиги ҳақида фақат Ибн Умарнинг ҳадисида Муғира ибн Сақлоб орқали келган санадда айтилган. Ибн Адий бу кишининг таржимаи ҳолида: «Унинг барча ҳадисларига суянилмайди» деган. Шунинг учун бу хумлар Ҳажарнинг хумлари эканлиги марфуъ (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган) ҳадисларда келмаган.
[3] Таржимон изоҳи: Бу ҳадис иншааллоҳ қуйида келади. Албоний раҳимаҳуллоҳнинг уни саҳиҳ деб, Абу Жаъфар Таҳовий, Ҳоким, Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Заҳабий, Нававий, Асқалоний ва бошқалар саҳиҳ дейишганини нақл қилган. Албоний раҳимаҳуллоҳ айтадики, изтироб (чалкашлик) фақат унинг баъзи заиф санадларида келган. «Агар сув икки қуллага етса, нажас бўлмайди» деган ҳадиснинг мафҳуми (очиқ айтилмасдан, фақат тушуниладиган нарсаси): «Сув икки қулладан оз бўлса, нажас бўлади». Лекин биз муҳокама қилаётган: «Сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди» деган ҳадиснинг мантуқи (очиқ-ойдин айтилаётган нарса) сув озми, кўпми, нажас бўлмаслигига далолат қилади (фақат агар сувнинг бирон бир сифати ўзгармаса, чунки бунга уламолар ижмоъ қилишган). Мантуқ эса мафҳумдан устунроқ туради. Бунинг устига бир гуруҳ саҳобалар ва тобеъинлар шу мантуқни қўллашган. Бу ҳақда тўлиқ баҳсни Ибнул-Қоййимнинг «Таҳзибус-сунан»и ва Шавконийнинг «Сайлул-Жарор»и (1/55)да кўрсангиз бўлади.
[4] Таржимон изоҳи: Бу ҳадиснинг Ришдийн ибн Саъддан бошқа ровийлар орқали келтирилган санадлари ҳам бор, лекин уларнинг оғир камчиликлари (иллатлари) бўлиб, бу санадлар бир-бирини кучайтириб мазкур ҳадисни ҳасан лиғойриҳи даражасигача кўтармайди. Байҳақийнинг айтишича, Абу Усома ушбу ҳадисни ал-Аҳвасдан, у эса (тобеъинлардан бўлмиш) Ибн Авн ва Рошид ибн Саъднинг ўзларига тегишли бўлган сўзларидан ривоят қилган. Дорақутний («Сунан», 11-с.) ҳам бу ривоят Рошид ибн Саъднинг сўзлари эканлигини айтган.
ibn taymiya va Alboniy rohmahullohlar nima deyishgan