Банкда ишлаш ҳукми

Банкда ишлаш ҳукми

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.[1]

Рибо (судхўрлик) – Қуръон ва Суннат далиллари билан, ҳамда барча ислом уламолари унинг ҳаромлигига ижмоъ қилган амалдир. Аллоҳ таоло у билан шуғулланувчига қаттиқ азоб ваъдасини берган. Аллоҳ таоло айтади:

«Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар» (Бақара: 275).

Аллоҳ таоло судхўрга Ўзи ва Пайғамбари томонидан уруш эълон қилган. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз.) Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга — золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз» (Бақара: 278, 279).

Ҳадисларда ҳам судхўрга нисбатан қаттиқ огоҳлантирувлар келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!» дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?» деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш» (Бухорий (2766) ва Муслим (89) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна дедилар: «Киши билиб туриб ейдиган бир дирҳам рибо Аллоҳ наздида ўттиз учта зинодан – бир ривоятда: ўттиз олтита зинодан – қаттиқроқдир» (Аҳмад (5/225, №21957, 21958), Дорақутний (3/16), Табароний «ал-Авсат»да (3/124, №2682) Абдуллоҳ ибн Ҳанзаладан ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна дедилар: «Судхўрликнинг етмиш икки даражаси бор бўлиб, энг пасти Исломда бўла туриб ўз онасининг номусига тажовуз қилган кабидир» (Ибн Можа (2274) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибо егувчини ҳам, унга рибо берувчини ҳам, котибини ҳам, гувоҳларини ҳам лаънатлаганлар ва: «Улар барчаси (гуноҳда) баробардир» деганлар (Муслим (1598) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Рибонинг ҳаром эканига далолат қилувчи бундан бошқа далиллар жуда кўп.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Рибонинг ҳаромлиги қиморнинг ҳаромлигидан қаттиқроқ. Чунки, судхўр кимса муҳтож одамдан зиёда пулни аниқ олади, аммо қиморбозга бу нарса баъзан ҳосил бўлади, баъзан ҳосил бўлмайди» (Мажмуъул-фатава: 20/341).

Рибо билан фаолият юритадиган банкда ишлаш рибога ёрдам бериш ва гуноҳ ишда ҳамкорлик қилиш бўлади. Аллоҳ таоло бандаларни фақат яхши ишларда ҳамкорлик қилишга буюрган, гуноҳ ишларда шерик бўлишдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтади:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Моида: 2).

Баъзилар «Мен банкнинг рибо билан шуғулланадиган бўлимида ишламайманку» деб айтиши мумкин. Шундай бўлса ҳам рибо билан шуғулланувчи банкда ишлаш ҳаром. Чунки «Марказий банк» барча банкларнинг бош идораси ҳисобланади. Бошқа бўлимларида ишлаш эса рибо билан шуғулланувчи бош идора фаолиятини тўлдиради. Бу бўлимларнинг барчаси ягона банкни шакллантиради. Шунинг учун ҳар бир бўлим рибога алоқаси бўлади.

Уламолар бу каби муассасаларда ҳатто ҳайдовчи ёки қоровул бўлиб ишлаш мумкин эмас экани ҳақида фатво беришган. Бошқа лавозимлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитасидан банкларнинг бирида тунги қоровул ёки қўриқчи бўлиб ишлайдиган одам ҳақида сўрашди. У одам банкнинг рибо муомалаларига алоқаси йўқ экан. У ўша ерда ишлаши жоизми ёки бу ишни тарк этиши керакми?

Фатво Қўмитаси жавоб берди: «Рибо банкларида мусулмон киши қўриқчи бўлиб ишлаши мумкин эмас. Чунки бу гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорликнинг бир туридир. Аллоҳ буни Ўз Каломида таъқиқлади: «Гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2).

Аксар банклар рибо билан шуғулланади. Сиз ҳалол иш излашингиз ва тирикчиликни рухсат берилган йўл билан амалга оширишингиз керак» (Фатава ал-Исламия, 2/401, 402).

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ деди: «Рибо муассасаларида ҳатто ҳайдовчи, қоровул ёки қўриқчи бўлиб ҳам ишлаш мумкин эмас. Чунки бу унинг ушбу муассасалардаги ишни оқлаётганини англатади. Чунки кимки ниманидир оқламаса, унинг ривожи учун ишламайди. Агар у унинг ривожи учун ишласа, демак у буни оқлаётганига далолат қилади. Кимки бирор ҳаром нарсага рози бўлса, ўзи ҳам гуноҳда айбдор бўлади.

Агарда у операцияларни рўйхатга олиш, ёзиш, юбориш, депозитга қўйиш ва шу каби ишларда бевосита иштирок этса, унинг ҳаром ишда бевосита иштирок этаётганида шубҳа йўқ. Жобир розияллоҳу анҳу ҳадисида исбот қилинганки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибо олувчини ҳам, берувчини ҳам, бунинг икки гувоҳини ҳам, ёзувчини ҳам лаънатлаганлар ва: «Улар барчаси (гуноҳда) баробардир» деганлар» (Фатава ал-Исламийя, 2/401).

Яна шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳга савол берилди: «Бир одам мамлакатнинг марказий банкида қўриқчи бўлиб ишлайди. Ушбу банкнинг вазифаси мамлакат сармояси ҳисоб-китобини олиб боришдан иборат экани сизга маълум. У ерга барча рибо банкларидан пуллар келиб тушади ва ўша ерда сақланади. Ўша одам шу банкни қўриқлайди. Унинг иши борасидаги ҳукм қандай бўлади?»

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Агарда у инсон рибо билан шуғулланувчи ўша марказий банкнинг қўриқчиси бўлиб ишлашга ўзи, ихтиёри билан, борган бўлса, бу иш ҳаром бўлади. Чунки бу банкни қўриқлашни хоҳлашлик, ўша банк шуғулланаётган нарсага рози бўлишликни англатади. Бироқ агарда инсон у ерда ноиложликдан ишлаётган бўлса, масалан, ўша ерларни қўриқлашга юборилган миршаб ёки солдат, ундай ҳолатда унга гуноҳ йўқ. Чунки у ўз ихтиёри билан у ерга бормади ва бунга рози эмас, аммо иши туфайли буни қилишга мажбур» (Тингланг: «ал-Баб ал-Мафтуҳ»120 b (00:00:45)).

Агар бирор корхонанинг маълум бир қисми рибо билан шуғулланувчи банкка тегишли бўлса, бундай корхонада ишлаш ҳукми бошқачароқ бўлади. Банкда котиб ёки оддий қўриқчи лавозимида ишловчи гуноҳкор бўлади. Чунки фаолият турининг ўзи ҳаром. Банк бирор фаолияти ҳалол бўлган корхонанинг қандайдир қисмига эгалик қилиши эса юқоридаги ҳолатдан фарқ қилади. Бунинг ҳукми корхонанинг турига боғлиқ бўлади. Масалан: яҳудий, насроний ва рибо билан шуғулланувчилар билан ишлаш. Бу ҳаром бўлмаса ҳам макруҳ ҳисобланади.

Ибн Қудома ал-Мақдисий деди: «Аҳмад деди: Мусулмон яҳудий ёки насроний билан шартнома тузиши мумкин. Бироқ у яҳудий ёки насроний молиявий ишлар учун мусулмоннинг ўрнига жавобгар бўлишига йўл қўймаслиги керак. Чунки улар рибога қўл уришлари мумкин. Бу Ҳасан ва Саврий фикридир.

Шофиий бу каби ҳамкорликни ҳар қандай ҳолатда ҳам макруҳ санаган» (ал-Муғний, 5/109).

Аллома Ибнул Қоййим деди: «Иёс ибн Муовия деди: Агар мусулмон яҳудий ёки насроний билан тижорат қилса, сармоя мусулмонда бўлса, олди-соттини у қилса, бунда бирор хатолик йўқ. Аммо у яҳудий ва насронийга сармояни бошқаришлари учун пулни бермаслиги керак. Чунки улар рибо орқали бошқарадилар» (Аҳкам аҳли-зимма, 1/93).

Агар бир одам ҳаром йўл билан пул топса, масалан рибо, пора, ўғрилик ёки ёлғон билан, ҳамда унинг моли ҳалол ва ҳаромдаги ҳийла бўлса, у билан тижорат, олди-сотти, шерикчилик қилиш жоиз бўлади. Бироқ бу иш макруҳ ҳисобланади. Агар у сотаётган мол ҳаромга ишлатилиши, ёки ўша молнинг ўзи ҳаром экани маълум бўлса, у билан шерикчилик қилиш ёки бу тижоратда у билан бирга ишлаш мумкин бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Аллоҳнинг ғазабидан ва аламли азобидан Ўзи паноҳ беришини сўраймиз. Ундан кечиришини сўраймиз, бизга офият беришини сўраймиз. Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишини оилаларига ва саҳобаларига саловотлар, саломлар ва барокатлар йўлласин!


Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan