Рамазонга оид мақолалар

27 – Рўза ва Аллоҳни улуғлашлик

 

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: Одам боласининг рўзадан бошқа барча амали ўзи учун. Батаҳқиқ, у Мен учун ва уни Мен мукофотлайман. Рўза қалқондир. Агар сизлардан бирингизнинг рўза куни бўлса, бас, ўша куни беадаб сўзларни айтмасин ва бақирмасин. Агар бирор киши уни сўкса ёки урушса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони Унинг Қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидаги ҳид қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида мискнинг ҳидиданда хушбўйроқдир. Рўзадорнинг шодланадиган икки хурсандчилиги бор. Ифтор қилганда оғиз очиши билан хурсанд бўлади. Ва Раббисига йўлиққанда рўзаси билан хурсанд бўлади».[1] Муслимнинг яна бир ривоятида: «Одам боласининг барча амали бир неча баробар кўпайтирилади. Бир ҳасанот ўн баробаридан етти юз баробаригачадир. Аллоҳ азза ва жалла: «Фақат рўза мустасно. Батаҳқиқ, у Мен учун. Шаҳвати ва таомини Мен учун тарк этди», деди».[2]

Аллоҳ Ўзининг томонидан фазилат ва бандаларига икром қилишлик ўлароқ уларнинг ҳасанотларини бир неча баробар кўпайтиради. Бир ҳасанот, вожиботларни адо этиш, ҳаром ишларни тарк қилиш, макруҳ нарсалардан юқори юриш, ҳамда нафл ва мустаҳабларда мусобақа ва кимўзарга беллашишдан иборат улар бажарган ва адо этган тоатларга кўра ўн баробаридан етти юз баробаригача бўлади. Рўзага келсак, дарҳақиқат, Аллоҳ унинг шаънини мушарраф қилишлик, Ўзининг ҳузуридаги унинг қадри ва манзилатини юқори қилишлик нуқтаи назаридан уни Ўзига нисбат берди. Унинг ажру савоби ҳақида хабар бермади. Ва ушбу қавли билан кифояланди: «Ва уни Мен мукофотлайман». Аллоҳнинг рўзадор бандаларига мукофоти ва фазлу марҳаматининг улканлиги ҳақида нима гумондасиз? Бирор киши ушбу мукофотни чеклаб бериш имконига эга эмас. Бироқ ушбу фазлу марҳамат кўрсатувчи илоҳ ва иззат-икром қиладиган Рабни танисалар, банда у сабабли икки бор хурсанд бўладиган Унинг ажру савоби нақадар улканлигини билиб оладилар. Аллоҳ субҳанаҳу Тирик, Қойюм, Олий бўлган Буюк, кибр ва улуғлик соҳиби, Куч-қувватли, Азиз, Беҳожат, Мақталган, улуғлик ва мукаррамлик соҳиби. Бирор нарса Уни ожиз қолдирмайди. Бирор нарса Унга оғир ва қийин бўлмайди. Бирор киши Уни(нг даражасини) кўтариши ва зиёда қилишига муҳтож эмас. Бирор киши Унга зарар ёки нуқсон етказишидан қўрқмайди. Барча куч-қувват Уники ва мутлақ беҳожатлик Унга хосдир. Итоат қилувчиларнинг итоати Унга фойда келтирмади ва осийларнинг маъсияти Унга зарар бермайди. Осмонлар ва ерни яратганидан тортиб қиёмат кунигача сўровчи ва сўрамаётганларга берган ва бераётган нафақалари Унинг хазиналарини камайтириб қўймайди. Барча инс ва жин, ҳайвонот ва наботот, тош ва ер, тирик ва ўлик, осмону ер ва улар орасидаги нарсалар Унга муҳтождир. «Осмонлар ва ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида ёлғиз Аллоҳга сажда қилурлар. Улар устиларидаги (уларни кузатиб турган) Раббиларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар» (Наҳл: 49-50). Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз осмонлардаги ва ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўпдан-кўп инсонлар (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми? Кўп (одамларга эса кофир бўлганлари сабабли) азоб ҳақ бўлгандир. Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, бас, уни (ҳеч ким) азиз қилгувчи бўлмас. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур» (Ҳаж: 18).

Аллоҳ марҳамат, ато қилиш ва улкан тортиқлар соҳибидир. «Барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир» (Тоҳа: 50). Бандаларини ушбу динга ҳидоят қилиш билан фазлу марҳамат кўрсатди ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборишлик билан уларни азиз қилди, ҳамда уларни зулуматлардан нурга олиб чиқиш учун Рамазон ойида одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилиш билан уларга шараф ато этди. Уларга адо этаётган вожиботлари ҳамда қайтариқ ва ҳаром ишлардан четлашаётганлари учун мукофот ўлароқ улкан ажрларни битиб қўйди. Улар бажараётган ишлар агар махлуқотларига (берган) неъматлари муқобилига қўйилса, бирор нарсага тенг келмайди. Бироқ у бандаларига субҳанаҳунинг очиқ фазлу марҳамати ва иззат-икром қилишидир. Яратган, ҳидоят қилган, тавфиқ берган, кўмак берадиган ва кузатиб борадиган Удир. Савоб берадиган ҳамда энг афзал ва энг мукаммал мукофот билан мукаррам қиладиган У Зотдир. У қандай ҳам Буюк, Улуғ, Саховатли, Меҳрибон ва Ҳалим. Озгинага буюриб, кўп мукофот билан тақдирлайди. Рўзадор Аллоҳга, Унинг наздида улкан ва Унга севикли бўлган тоат билан қурбат ҳосил қилади. Бу ишда У билан банда ўртасида сир бўлиб қолиши ошкора бўлишдан яқинроқдир. (Банда) унда ихлос, қўрқув, (Аллоҳнинг) кузатиб тургани ва гўзалликнинг камолотини намоён қилади. Рўзадор зоҳир ва ботин гўзаллиги орасини жамлайди. Аъзоларининг бари Аллоҳ учун сокин бўлади. Қалби Аллоҳнинг муҳаббати ва ихлоси билан тўлади. Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Бандасидан тилига рўстгўйлик билан чирой бахш этишини, қалбини ихлос, муҳаббат, тавба-тазарру ва таваккул қилиш билан чиройли қилишини, аъзоларини эса тоат билан гўзал қилишини ҳамда танасини, унга берилган неъматларни либосида намойиш қилиш, уни нажосат, таҳоратсизлик, кир, кариҳ бўлган шуур-(туйғу), хатна ва тирноқларни олишдан иборат пок тутиш билан гўзаллик бахш этишини яхши кўради. У Зотни гўзал сифатлари билан танийди. Банда Унга ўзини гўзал феъл, сўз ва хулқлар билан танитади. Ҳамда У Зотни Ўзининг васфи бўлмиш гўзаллик ила танийди ва Унга гўзаллик бўлмиш шариати ва дини билан ибодат қилади.[3]

Банданинг Аллоҳни таниши ва ўз нафсида Уни билиши улканлашган сари Раббисига боғлиқлиги ва Унга иштиёқи зиёдалашади ҳамда қалби Унинг розилиги, савоби ва жаннати йўлида рағбат ва умидга, Унинг ғазаби ва жазосидан қўрқув ва хавфга тўлади. Одамлар ушбу таниш ва билишлик борасида тафовутлидирлар. Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Одамлар орасида Аллоҳни саховат, мурувват кўрсатиш ва яхшилик қилиш билан танийдиганлари, улар орасида Уни афв, ҳалимлик ва кечиб юборишлик билан танийдиганлари, улар орасида У Зотни (азоб билан) ушлаш ва интиқом-(ўч) олиш билан танийдиганлари, улар орасида Уни илм ва ҳикмат билан танийдиганлари, улар орасида Уни азизлик ва кибр билан танийдиганлари, улар орасида Уни раҳм, эзгулик ва лутф билан танийдиганлари, улар орасида Уни қаҳр ва мулк билан танийдиганлари ҳамда улар орасида Уни дуони ижобат қилиш, изтиробига мадад бериш ва ҳожатини раво қилиш билан танийдиганлари бор. Буларнинг умумийроқ маърифатга эга бўлганлари: У Зотни Каломи воситасида таниганларидир. Батаҳқиқ, у шундай Рабни таниб оладики, Унда мукаммал васф ва олий сифатлар жамланган, ўхшаш(и бор эканлиги)дан покланган, нуқсон ва айблардан пок, барча гўзал исм ва комил сифатлар Унга хос, истаганини қилувчи, барча нарсадан юқори, ҳамма нарса билан бирга, барча нарсага Қодир, ҳар бир нарсани қоим қилувчи, Буюрувчи, Қайтарувчи, диний ва кавний калималари ила сўзловчи, барча нарсадан Каттароқ, барча нарсадан гўзалроқ, раҳмлиларнинг энг раҳмлиси, қодирларнинг энг Қодири, ҳукм қилувчиларнинг энг адолатлисидир. Қуръон бандаларга У Зотни, Унга элтувчи йўлни ҳамда Унга етишгандан кейинги (ушбу йўлда) юрувчиларнинг ҳолини танитиш учун нозил қилинган».[4]

Рўзадорлар қиёмат куни мўл атои неъмат ва улкан мукофотга ноил бўлишлари учун Аллоҳни танишга одамларнинг энг ҳақлиларидир. Рўзадорнинг Аллоҳни таниши зиёда бўлгани сари Унга яқинлиги ҳам зиёда бўлади. Ва Аллоҳ унга у сабабли мукофот берадиган рўзасининг фазли жамлангани учун улкан ажр беради. Ушбу маърифат-(таниб олишлик) уни рўзасини пухта қиладиган, амалларини гўзал қиладиган, Аллоҳга Уни кўриб турганидек ибодат қиладиган ҳамда У Зот ошкораликда уни кузатиб турганини билгани каби ичида ва ёлғиз қолганда ҳам У Зот назорат қилиб турганини биладиган қилиб қўяди. Натижада илми ва Аллоҳнинг уни устидан рубубиятига эътиқоди комил бўлгани сабабли ичи ва таши баробар бўлади. Бу эса Раббисини улуғлашлик, Ундан ҳаё қилиш, жамийки амалларини ислоҳ қилиш, вақтларининг барида Аллоҳга тавба қилиш ва қўрқишни олиб келади.

Эй Аллоҳ! Рўзамизни қабул эт ва уни Сени Юзинг учун холис қил. Бизни барча амалларимизда ихлосга муваффақ айла. Ҳамда бизни риё, мунофиқлик ва ёмон хулқлардан йироқ қил.

________________________________________________

[1] Бухорий (1904) ва Муслим (1151) Муслимнинг лафзи.

[2] Муслим (1151).

[3] «Фаваид» (267-268).

[4] «Фаваид» (258).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan