Рамазонга оид мақолалар

21 – Қадр кечаси

 

Аллоҳ таоло яратиш ва ихтиёр қилиш-(танлаш)да ягонадир. Ушбу қавлида айтганидек: «Роббингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур» (Қасос: 68). Бу ўринда ихтиёр қилишликдан мурод сайлашлик ва танлашликдир. Аллоҳ жалла ва аъла ҳикмати ва қудрати комил, илми ва иҳота қилиб туриши тўкис бўлгани учун вақт, макон ва шахслардан иборат ўзи хоҳлаган махлуқотларини ихтиёр қилиб, У субҳанаҳу уларни зиёда фазилати, тўла эътибори ҳамда мўл-кўл неъмати ва икроми билан хослайди. Бу шак-шубҳасиз рубубиятининг энг улкан оятларидан, ҳамда ваҳдонияти ва сифатларининг комил эканига энг катта шоҳидлардандир. Ҳамда у қудрати ва ҳикматининг мукаммал эканига энг очиқ далиллардандир. У субҳанаҳу хоҳлагани ва ихтиёр қилганини яратади. Ишларнинг тизгини Унинг Қўлида. Иш-(тадбир)нинг бари, олдин ҳам, кейин ҳам Аллоҳга хосдир. Махлуқотларида хоҳлаганини ижро қилади ва истаганини ҳукм қилади.

«Бас, барча ҳамду сано осмонлар Парвардигори, ер Парвардигори, бутун оламлар Парвардигори – Аллоҳ учундир. Осмонлар ва ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У қудрат ва ҳикмат соҳибидир!» (Жосия: 36-37).

Аллоҳ азза ва жалла зиёда афзаллик берган ва тўла мукаррам айлашлик билан хослаган вақтлардан Рамазон ойики, субҳанаҳу уни бошқа ойлардан афзал қилди. Ва унинг охирги ўн кечаларики, У Зот уларни бошқа кечалардан афзал қилди. Ҳамда қадр кечасики, уни Ўзининг наздидаги зиёда фазилати ва Ўзининг ҳузуридаги улкан ўрни боис минг ойдан яхши қилди. Унда муттақинларга ҳидоят, мўминлар учун фурқон, ҳамда оламларга зиё, нур ва раҳмат ўлароқ очиқ-ойдин ваҳийси, улуғ Каломи ва ҳикматли танзили нозил бўлган вақтда унинг (қадр кечасининг) ишини улуғ, шаънини олий ва ўрнини юқори қилди. Аллоҳ таоло деди: «Албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантиргувчи бўлдик. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур). (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир. Дарҳақиқат Биз (башариятга пайғамбарлар) юборгувчи бўлдикки, (Бу) Раббингиз томонидан бўлган раҳмат-меҳрибонликдир. Албатта Унинг Ўзигина (барча нарсани) эшитгувчи, билгувчидир. Агар ҳақиқий ишонгувчи бўлсангизлар, (ўша сизларнинг Раббингиз) осмонлар ва ернинг, ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг ҳам Раббисидир. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Сизларнинг Раббингиз ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг Раббиси ҳам (Унинг Ўзидир)» (Духон: 3-8). Субҳанаҳу деди: «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳиссалом) Раббиларининг изни-ихтиёри ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир» (Қадр сураси). Эй Аллоҳ! Бу қандай ҳам улуғ, олий ва мукаррам бир кеча. Баракаси қандай ҳам мўл:

Бир кеча минг ойдан яхши!! Бунинг маъноси, у ўттиз минг кечадан яхши. Минг ой саксон уч йилдан зиёдадир. Демак, у агар мусулмон унинг барини Аллоҳ азза ва жалланинг тоатида ўтказса узун бир умр экан. Қадр кечаси, у бир кеча ундан (бир инсон умридан) яхши. Бу улкан фазлдир. Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) шундай деди: «Ана у ойларда қадр кечаси йўқ бўлган ҳолда у минг ойдан яхши». Қатода, Шофеъий ва бир қанчалар ҳам шундай дейишди.

Ушбу мукаррам, муборак тунда баракаси кўп бўлгани боис фаришталарнинг нозил бўлиши ҳам кўп бўлади. Фаришталар Қуръон тиловати вақти ва зикр ҳалқаларига нозил бўлганлари каби барака ва раҳмат нозил бўлиши билан ҳам нозил бўладилар.

Ва у тонг отгунча саломатликдир. Яъни, унинг бари хайр. Унда тонг отгунча ёмонлик йўқ.

Ушбу мукаррам, муборак кечада барча пухта-аниқ ишлар айрилур-(белгиланур). Яъни, ўша йили бўладиган нарсалар Азиз, Ҳаким Аллоҳнинг изни билан тақдир қилинади. Тақдир қилинишидан мурод, яъни, йиллик тақдирдир. Умумий тақдирга келсак, у лавҳул маҳфузда ва у саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлганидек осмонлар ва ерни яратишдан эллик минг йил олдин ўтиб бўлгандир. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қадр кечасининг фазилати ҳақида шундай деганликлари собит бўлган: «Кимда-ким қадр кечасида иймон ва (ажрни Аллоҳдан) умид қилган ҳолда қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади».[1]

Қадр кечаси муборак Рамазон ойида экани қатъийдир. Аллоҳ таолонинг ушбу қавлига биноан: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» (Бақара: 185). Аллоҳ таолонинг ушбу қавли билан: «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр: 1). У Рамазоннинг охирги ўн кунлигида экани энг умид қилинадиганроғидир. У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавлларига биноан: «Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн (кун)идан талаб қилинглар-(изланглар)».[2] Уни ўн кунликнинг тоқ (кеча)ларида талаб қилишлик таъкидлироқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавлларига биноан: «Уни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида изланглар. Қадр кечаси тўққизинчи (кеча)да, еттинчи (кеча)да қолади, бешинчи (кеча)да қолади…».[3]

Ибн Ҳажар «Фатҳ»да «Қадр кечасини охирги ўн кунликнинг тоқ (кечалар)ида излашлик ҳақидаги боб» остида шундай дедилар: «Ушбу сарлавҳада қадр кечаси Рамазонга сўнг унинг охирги ўн кунлигига сўнг эса унинг муайян кечасига эмас тоқ кечаларига чекланган эканининг рожиҳлигига ишора бор. Ана шу, бу борада ворид бўлган хабарлар мажмуаси далолат қиладиганидир».[4] Сўзлари тугади.

Дарҳақиқат, уламолар уни яширинганлиги ва ҳужжатларда таъйин қилинмаганининг ҳикматларидан: мусулмонлар ўн кунликнинг барчасида таҳажжуд, Қуръон қироати ва эҳсон қилишлик билан Аллоҳга тоат қилишда тиришишлари, ҳамда шу билан яхшилик талабидаги фаол-тетик ва жидду-жаҳд қилувчи беҳафсала дангасадан маълум бўлсин. Чунки одамлар уни (қайси кечага) таъйин қилинганини билсалар, албатта, кўплари бошқасини қўйиб (айнан) унда қоим бўлишга чекланардилар. Агар уни (қайси кечага) таъйин қилинганини билсалар комил имтиҳон юз бермасди дея зикр қилдилар.

Барчамизга вожиб бўлгани, унинг савоби ила бахтга эришиш, яхшилигини ғанимат билиш ва ажрларини қўлга киритишимиз учун ушбу муборак кечани талаб қилиш-(излаш)га тўла ҳарис бўлишимиздир. Чунки маҳрум мағфират мавсуми ўтиб кетсада савобдан қуруқ қолган ҳамда ғафлат, юз ўгириш ва бефарқлилиги сабабли гарданига гуноҳларини юклаган ҳолда қолиб кетган кимсадир. Бу кечада бахтлилар мусобақасига эришган ҳамда унда қоим бўлиш ва гўзал амал қилишлик билан солиҳлар йўлидан юрган кишига шодлик бўлсин. Ушбу кечаларда (раҳмат) эшикларидан қувилган, унда (кўзи) олдига ҳижоб тортилган ҳамда маъсият ва гуноҳлар билан машғул, орзу-умид ва хом ҳаёлларга алданган, тунларнинг яхшиси ва кунларнинг афзалини зое қилган ҳолида ушбу тун ўтиб кетган кимсага вайл бўлсин. Эҳ, ҳасрати қандай ҳам улкан, надомати қандай ҳам қаттиқ!

Кимда-ким ушбу улуғ кечада фойда қилмаса қайси вақт фойда қилади?! Кимки ушбу шарафли вақтда Аллоҳга тавба-тазарру қилмаса қачон тавба-тазарру қилади?! Кимда-ким унда яхшиликларга мудом бефарқ бўлса қай вақт амал қилади?! У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Дарҳақиқат, ушбу ой сизларга ҳозир бўлди. Унда минг ойдан яхши кеча бор. Ким ундан маҳрум қолса, дарҳақиқат, яхшиликни баридан маҳрум қолибди. Унинг яхшилигидан фақат маҳрумгина мосуво бўлади».[5]

Мусулмонга унда кўп-кўп дуо қилишлиги мустаҳаб бўлади. Чунки унда дуо қилишлик мустаҳабдир. Дуонинг серқирралисини ихтиёр қилсин. Ибн Можжа Оиша розияллоҳу анҳодан шундай деганликларини ривоят қилади: «Эй Расулуллоҳ! Қадр кечасига мувофиқ келиб қолсам нима деб дуо қилишимни тўғри деб биласиз?» У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Шундай дейсан: «Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул аъфва фаъфу аънний» (Эй Аллоҳ! Албатта, Сен афв қилувчисан. Афв қилишни яхши кўрасан. Мени афв қил!)»» – дедилар».[6] Ушбу дуонинг маъноси улкан, далолати чуқур ва у ушбу кечага ғоятда муносибдир. У шундай кечаки, унда ҳар бир аниқ-(пухта) иш белгиланади. Ва унда бандаларнинг амаллари бошқа қадр кечасигача тўла бир йил учун тақдир қилинади. Кимга ушбу кечада офият берилса ва Раббиси уни афв қилса, дарҳақиқат, ғоятда нажотга эришибди. Кимгаки бу дунё ва охиратда офият берилса, батаҳқиқ, нажот топибди. Офиятга бирор нарса тенг келмайди. Ушбу кечанинг яхшилиги ва баракасини фарз намозларга риоя қилиш, қиём-(тунги намоз)нинг кўплиги, закотни адо этиш, садақаларни сарфлаш, рўзани сақлаш, тоатларни кўпайтириш, маъсият ва гуноҳлардан четлашиш, гуноҳ ва хатоларга надомат чекиш ва тавба қилиш, ҳамда кўп-кўп Аллоҳни зикр қилиш ва Қуръон қироат қилиш билан излайлик.

Эй Аллоҳ! Бизни қадр кечасини қоим қилишга муваффақ айла. Бизни, уни иймон ва (ажрни Сендан) умид қилган ҳолда адо этадиганлардан қил ва бизни афв айла. Албатта, Сен авф қилувчи, саховатлисан.

 


[1] Бухорий (1901) ва Насоий (2195).

[2] Бухорий (2020) ва Муслим (1169).

[3] Бухорий (2021) ва Муслим (1165).

[4] «Фатҳул Борий» (4/259), 2017-рақам остидаги ҳадис.

[5] Ибн Можжа (1644).

[6] Ибн Можжа (3850).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan