19 – Ифторни тезлатиш ва саҳарликни кечиктириш
Дарҳақиқат, ифторни тезлатиш ва саҳарликни кечиктириш ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир қанча ҳужжатлар ворид бўлди. Ушбу ҳужжатлар бунинг (ифторни тезлатиш ва саҳарликни кечиктиришликнинг) муҳимлигига далолат қилиши турлича бўлди. Гоҳида унга буюриш билан, гоҳида фазли ва савоби улканлигини баён қилиш билан, гоҳида унинг ортидан келадиган баъзи улкан ҳикматларни баён қилиш билан, гоҳида эса уни тарк этишдан қайтарув билан ва бундан бошқа далолат турлари. Ушбу ҳужжатлардан: Саҳиҳайнда у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари собит бўлган: «Агар кеча мана бу томондан кириб келса ва кундуз мана бу томондан қайтса ҳамда қуёш ботса, дарҳақиқат, рўзадор оғзини очибди».[1] Абу Довуд ва Термизийнинг «Сунан»ида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан шундай ривоят ворид бўлган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишдан олдин янги пишиб етилган хурмолар билан ифтор қилардилар. Агар янги пишиб етилган хурмолар бўлмаса қуритилган хурмоларда (ифтор қилардилар). Агар у ҳам бўлмаса бир неча қултум сув (билан ифтор қилардилар)».[2] У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу нарса собит бўлган: «У киши гарчи бир қултум сув билан бўлсада то ифтор қилмагунларича намоз ўқимасдилар».[3] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Модомики ифторни тезлатар экан, умматим мудом яхшиликдадир».[4] Ва шундай дедилар: «Модомики ифторни тезлатар эканлар, одамлар мудом яхшиликдадир».[5] У киши «Ифтор қилганларида шундай дердилар: «Чанқоқ кетди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоҳ»».[6] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Муборак нонуштага келинглар! Яъни, саҳарликка».[7] Ва дедилар: «Сизларга саҳарлик нонуштасини қилишингиз вожиб бўлади. Чунки у барака ато этилган нонуштадир».[8] Ва айтдилар: «Саҳарликни ейиш барака, бас, гарчи сизлардан бирингиз бир қултум сув ҳўпласада уни тарк этманглар. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга саловат айтадилар».[9] Ва дедилар: «Албатта, саҳарлик барака бўлиб, Аллоҳ азза ва жалла уни сизларга берди. Бас, уни тарк этманглар».[10] Ва айтдилар: «Гарчи бир ҳўплам сув билан бўлсада саҳарлик қилинглар».[11] Ва дедилар: «Кимда-ким рўза тутишни хоҳласа, бас, бирор нарса билан саҳарлик қилсин».[12] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ифторликни тезлатинглар ва саҳарликни кечиктиринглар».[13] Ва дедилар: «Ифторни барвақт қилинглар ва саҳарликни кечиктиринглар».[14] Ва айтдиларки: «Уч нарса нубувват хулқларидандир: ифторни тезлатиш, саҳарликни кечиктириш ҳамда намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш».[15] Ва дедилар: «Биз пайғамбарлар жамоаси ифторни тезлатишга, саҳарликни кечиктиришга ҳамда намозда ўнг қўлларимизни чап қўлларимиз устига қўйишга буюрилдик».[16]
Ушбу ифторликни тезлатиш ва саҳарликни кечиктиришга буйруқ ҳақидаги турли кўплаб ҳадислар, одамларнинг кўпи у ўз ичига олган улкан ҳикматлар, унинг аҳамияти ва унинг ортидан келадиган мақтовга сазовор асоротларини билмаслик нуқтаи назаридан ғофил қолишган улкан бир ишнинг аҳамиятига очиқ далолат қилади. Балки ифторликни тезлатиш ва саҳарликни кечиктиришликда фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишлик, у кишининг буйруқларига жавоб бериш, ҳамда унда Аллоҳ субҳанаҳуга қурбат ҳосил қилинадиган улкан ибодат бўлишининг ўзи бўлганида ҳам, батаҳқиқ, унга риоя қилиш ва беэътибор ташлаб қўймасликка етарли эди. Чунки Аллоҳнинг муҳаббатига фақат шу билан эришилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади»» (Оли Имрон: 31). Дарҳақиқат, Термизийнинг «Сунан»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ушбу ривоят собит бўлгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Бандаларимнинг Менга суюмлилари ифторни тезлаштирувчироқлари», деди».[17] Бу эргашишликларининг гўзал ва (буйруққа) ижобат қилишлари тез экани учундир.
Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарликдан тановул қилиш ҳақида, у баракали таомланиш, саҳарлик муборак нонушта, ҳамда унда барака борлигини хабар бердилар. Бу эса ушбу ишда ана шу тоатнинг қадри улкан эканига очиқ далолат бор. Барака унинг барча жиҳатидан ўраб олгандир. Таомда барака, айни ушбу ишнинг ўзида барака, ҳамда вақтда барака. Рўзадорга саҳарлик қилиш ва гарчи сувдан ўзга бирор нарса топмасада бир қултум сув билан саҳарликни кечиктириши лойиқ бўлади.
Барака – бирор нарсага илоҳий хайр нозил бўлиши, уни зиёда ва фойдаси умумий экани, ҳамда унда зиёда ажр ва савоб бўлишидир. Саҳарлик эса қандай ҳам буюк ва қадри қандай ҳам олий!! Шунга қарамай кўпчилик одамлар ё унинг фазилат ва даражасидан жоҳил қолганлари ёки ҳаёти дунёни кейинроқ келадиган (ажр)дан ийсор-ихтиёр қилганлари учун унга беэътибор бўладилар. Натижада уйқуни ундан афзал санайдилар. Ва асосан бунинг сабаби бедорлик бўлади. Агар бу (бедорлик) ҳаром ишда бўлса бундаги мусибат янада улканлашади, Аллоҳдан офият ва саломатлик сўраймиз.
Сўнг саҳар вақти, вақтларнинг энг афзали ва баракага энг мўл бўлганидир. Аллоҳ унда истиғфор айтувчиларга олқиш айтди. У Рабнинг истиғфор айтувчиларни мағфират қилиши, дуогўйларнинг (дуосини) ижобат қилиши, сўровчиларга (сўровини) бериши, ҳамда ибодатгўйларга дунё ва сарҳисоб кунида энг афзал мукофот билан савоб улашиши учун дунё осмонига нозил бўлиш вақтидир. Инсон ўзини ушбу буюк ой, тоат ва истиғфор ойи, ҳамда дўзахдан озод бўлиш ойида ушбу яхшиликдан қандай маҳрум қилади?! Аллоҳ ва фаришталар саҳарлик қилувчиларга саловат айтадилар. Аллоҳнинг саловат айтиши – бандасига «Малаул Аъло»да олқиш айтишидир. Фаришталарнинг саловат айтиши эса – банданинг ҳаққига дуо қилишлари. Саҳар қилувчилар эришадиган шараф ва фазл қандай ҳам олийдир.
Ифторликни тезлатиш ва саҳарликни кечиктиришликка риоя қилишда жасадга қувват улашиш, уни фаол-(тетик) қилиш, ҳамда ундан рўза вақтида заифлик ва дангасаликни узоқ қилишликка қўшимча ўлароқ одамлар орасидаги яхшиликни муҳофаза қилишлик бор. Чунки у унинг сабабларидан. Баъзи ҳужжатларда ифторликни тезлатиш ва саҳарликни кечиктиришликнинг ҳикматларидан иборат улкан бир ҳикматни очиқлаш, ҳамда доим уни муҳофаза қилишлик лозим бўладиган бир ишга танбиҳ бериш ворид бўлган. Тоинки бу дин ғолиб бўлсин ва тоинки бу уммат ўзининг яхшилигини мудом муҳофаза қилсин. У ҳам бўлса: яҳуд ва насоролардан иборат Китоб аҳлига қарши боришликдир. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бизнинг рўзамиз билан аҳли Китоб рўзаси орасидаги ажрим-(фарқ) саҳарликдан тановул қилишликдир».[18] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Одамлар модомики ифторни тезлатар эканлар мудом яхшиликдадирлар. Чунки яҳудлар уни кечиктирадилар».[19] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Модомики одамлар ифторликни тезлатар эканлар дин мудом ғолиб бўлиб боради. Чунки яҳуд ва насоролар (уни) кечиктирадилар».[20] Агар шариат жорий қилувчи ушбу иш ва гоҳида айрим кимсалар енгил санайдиган ишларда яҳуд ва насороларга хилоф қилишга буюрган экан, одамларнинг кўпчилиги ўз либос ва одатларида уларга ўхшашга интилиш ва ҳатто ўзларининг сўзлаш ва еб-ичишларида уларга тақлид қилиш билан фахрланиш, беадаб сўз, бузуқ ақида, ҳамда шармандали порнографик суратлардан иборат уларнинг қабиҳ ишларига назар ташлашлик билан лаззатланиш ва шодланиш каби уларнинг манҳаж ва (ҳаёт) тарзлари бўйлаб юриш, ҳамда уларга ўзларини ўхшатишлик балосига гирифтор бўлган улкан ишлар ҳақида нима дейсиз?! Шак-шубҳасиз зоҳирда ўзни ўхшатиш ботинда қалбий мувофиқлик ва мойил бўлишликни олиб келади. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51). Ушбу ўзни ўхшатишда энг кўп таъсирланадиган одамлар – ёшлар ва аёллардир. Рўзадорлар ушбу нарсага огоҳ бўлсинлар, ушбу буюк ойни эъзозласинлар, Аллоҳга нисбатан ростгўй бўлсинлар, ҳамда ушбу аҳли Китобларга ўзни ўхшатишни тарк этишга азму қарор қилсинлар. Чунки бу ёлғиз шахс, жамият ва умматнинг барига зарар беради ва диннинг барига акс таъсир қилади.
Шайхул Ислом ушбу ҳадис ҳақидаги ўзларининг сўзларида шундай дедилар: «Бу яҳуд ва насороларга хилоф қилишлик учун ифторни тезлатишлик билан ҳосил бўладиган диннинг ғолиб бўлиши ҳақидаги ҳужжатдир. Агар уларга зид йўл тутишлик динни ғолиб бўлишига сабаб бўлар экан, батаҳқиқ, элчиларни юборишдан бўлган мақсад Аллоҳнинг динини барча динлар устидан ғолиб қилишликдир. Демак, уларга хилоф қилишликнинг айни ўзи (пайғамбарлар) юборишнинг энг катта мақсадларидандир».[21]
Эй, қалбларни ўзгартирувчи Аллоҳ! Қалбларимизни динингда собит қил. Бизни шариатинга эргашишга муваффақ айла. Бизга бузуқ хулқ, ўй-хаёл ва дардлардан паноҳ бер.
[1] Бухорий (1954) ва Муслим (1100), Бухорийнинг лафзи.
[2] Абу Довуд (2356) ва Термизий (696) Абу Довуднинг лафзи.
[3] Ҳоким «Мустадрок» (1577).
[4] Имом Аҳмад «Муснад» (21209, 21399).
[5] Бухорий (1957) ва Муслим (1098).
[6] Абу Довуд (2357) ва Ҳоким (1536).
[7] Насоий (2167).
[8] Насоий (2166) ва имом Аҳмад (17126).
[9] Имом Аҳмад (11334).
[10] Имом Аҳмад «Муснад» (23036).
[11] Ибн Можжа (3476).
[12] Имом Аҳмад «Муснад» (14991).
[13] Табароний «Мўъжам ал-Кабир» (21513).
[14] Ибн Адий «Комил» (6/323), «Силсила ас-Соҳийҳа» (1773), «Саҳиҳул Жомеъ» (2835).
[15] Ҳайсамий «Мажмаъ аз-Заваид» (2/105)да келтирди ва Табароний «Кабир»да иқтибос қилди.
[16] Тоялисий (2654), Табароний «Мўъжам ал-Кабир» (11323) ва Ибн Можжа (1770). Тоялисийнинг лафзи.
[17] Термизий (700).
[18] Муслим (1096).
[19] Ибн Можжа (1698).
[20] Абу Довуд (2353) ва Ҳоким (1573).
[21] «Иқтизо Сиротил Мустақим» (1/209).
Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?