Рамазонга оид мақолалар

 

1 – Рамазон ойини кутиб олиш

 

Аллоҳнинг бандаларига (марҳамат қилган) улкан неъматларидан бири, уларга ибодатлар учун бир қанча мавсумларни белгилаб бергани бўлиб, унда тоатлар кўпайиб, хато-(қоқилиш)лар камайиб, гуноҳ ва маъсиятлар мағфират қилиниб, ҳасанотлар бир неча бор зиёда қилиниб, раҳматлар нозил бўлиб, атои неъматлар улкан бўлади. Ушбу мавсумларнинг Аллоҳ учун энг олий ва мукаррами муборак Рамазон ойидир. Аллоҳ таоло деди: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» (Бақара: 185). Бу нақадар улуғ ой ва буюк бир мавсумдир!! Барака ва яхшиликлар ойи. Рўза ва қоим бўлиш ойи. Раҳмат, мағфират ва дўзахдан озод бўлиш ойи. Саҳоват, сахийлик, сарф, ҳадя, маъруф ва яхшилик қилиш ойи.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини ушбу буюк ой келиши билан хушхабар берар, ҳамда уларни бу ойда фарз ва нафлдан иборат намоз ва садақалар, яхшиликни сарфлаш ва эҳсон, Аллоҳнинг тоатида сабр қилиш, унинг кундузларига рўза билан, кечаларига эса қоим бўлиш билан кўрк бағишлаш, унинг муборак вақтларини зикр, шукр, тасбиҳ, таҳлил ва Қуръон тиловат қилиш билан машғул бўлишдан иборат солиҳ амалларда тиришишликка тарғиб қилардилар.

Имом Аҳмад ўз «Муснад»ларида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бу Рамазон (ойи бўлиб), дарҳақиқат, у келди. Унда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади, ҳамда шайтонлар занжирбанд қилинади».[1]

Термизий ва Ибн Можжа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлганида шайтон ва итоатсиз жинлар кишанбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирор эшик очилмайди, ҳамда жаннат эшиклари очилиб, ундан бирор эшик ёпилмайди. Нидо қилувчи: «Эй яхшилик истовчи шошил, эй ёмонлик хоҳловчи тўхта», дея нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган (банда)лари бўлиб, бу ҳар кеча (юз беради)».[2]

Аҳмад Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Рамазон келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, муборак ой бўлмиш Рамазон кириб келди. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда бир кеча бўлиб, минг ойдан яхшидир. Ким у (кеча)нинг яхшилигидан маҳрум бўлса, ҳақиқатда маҳрум бўлибди», дедилар».[3]

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойини муборак ой дея сифатладилар. У ҳақиқатда муборак ойдир. Ушбу ойнинг ҳар бир лаҳзаси барака билан сифатланади. Вақтда барака, амалда барака, мукофот ва савобда барака. Унда минг ойдан яхши бўлган муборак қадр кечаси бор. Юқорида ўтганидек ушбу ойнинг баракасидан ҳасанотлар бир неча бор кўпайтирилиши, жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилиши, шайтон ва итоатсиз жинларнинг кишанбанд қилиниши, ҳамда дўзахдан Аллоҳнинг озод қилинадиган (банда)лари кўп бўлишидир.

Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким Рамазон рўзасини (фарз эканига) иймон келтириб, (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Кимки қадр кечасида иймон ва (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади».[4] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким Рамазонда (рўзанинг фарз эканига) иймон келтириб, (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади».[5]

Киши ушбу мукаррам, муборак ой, мағфират ойига етсаю, кўп исроф қилиб, тавба қилмагани, ҳамда ушбу муаттар вақтлар ва фазилатли кунларда тавба-тазарру, (гуноҳлардан) қайтиш, бўйинсуниш, қўрқув, тавба ва истиғфор билан Аллоҳга юзланишни тарк этгани сабабли гуноҳлари мағфират қилинмай, хатолари ўчирилмаслиги энг улкан зиён ва энг катта маҳрумликдандир. Балки ушбу мукаррам ой кириб чиқадию, у эса гуноҳларида қолиб, хатоларида бардавом, қоқилишларига лоқайддир.

Табароний «Мўъжам»да Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб, шундай деди: «Эй Муҳаммад! Кимки ота-онасидан бирига етиб, вафот этса ва дўзахга кирса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим. Айтдики: «Эй Муҳаммад! Кимки Рамазон ойига етиб, вафот этса ва (гуноҳлари) мағфират қилинмай дўзахга киргазилса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим. Айтдики: «Кимники ҳузурида ёдга олинсангиз ва сизга саловат айтмай, вафот этиб, дўзахга кирса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим».[6]

Термизий яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мен унинг ҳузурида ёдга олинсаму, менга саловат айтмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин! Рамазон кириб сўнг (ундан гуноҳлари) мағфират қилинмай чиққан кимсанинг бурни ерга ишқалансин! Олдида ота-онаси улуғ ёшга етсаю, уни жаннатга киргазишмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин!»[7]

Рамазон ойи фойда ва ўлжа ойидир. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда бошқаларида тиришганларидан кўра кўпроқ тиришардилар. Салафлар, уларга Аллоҳнинг розилиги ва раҳмати бўлсин, ушбу ойга ғоятда аҳамият қаратиб, ўзларини солиҳ амаллар билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга бағишлардилар. Улар тунини қоим бўлиш ва вақтларини тоат билан безашда тиришардилар. Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Рамазон кириб келса, демак, у Қуръон тиловати ва таом улашишликдир». Ана шу салафлар, роҳимаҳумуллоҳ, наздида Рамазоннинг ўрни: ғайрат қилиш, тиришиш, рўза, қоим бўлиш, ибодат, Қуръон тиловати, таҳлил, тасбиҳ, эзгулик, эҳсон, меҳр-шавқат, ҳамдардлик ва таомлантириш.

Албатта Рамазон ойи мусулмонлар учун азиз ва ҳурматли меҳмондир. Демак, уларга уни ўзига лойиқ бўлган илтифот ва иззат-икром билан чиройли кутиб олишлари лойиқ бўлади. Агар киши ҳузурига ҳурматли меҳмон тушса, батаҳқиқ, у унинг келишидан шодланиб, унинг қадам ранжида қилишидан хурсанд бўлади. Унга бор қиммат ва нафис нарсаларни тўкиб-сочади. Рамазон ойи энг ҳурматли, энг устун ва энг пок меҳмондир. Келинглар, у кириб келгани ва Аллоҳ бизни унга етказгани учун хурсанд бўлайлик. Қанчадан-қанча яқин, дўст ва қўшни(миз) биз билан ўтган Рамазонда бўлиб, сўнг вафот этиб, ушбу ойга етмади. Демак, Аллоҳга ушбу ойга етказиш билан бизга инъом қилгани учун шукр қилайлик. Бу эса унинг муборак вақтларини Аллоҳга яқинлаштирадиган фойдали тоат, қабул бўладиган амаллар, чинакам тавба ва яхшилик қилишда унумли фойдаланиш билан бўлсин. Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир»» (Юнус: 58).

Рамазон рўзаси ислом асосларидан, унинг улуғ устун ва рукнларидандир. Ушбу ойда бандаларга Аллоҳнинг раҳмати бўлмиш Қуръон нозил бўлган. Демак, бизга ушбу ой билан хурсанд бўлишимиз, бунинг учун Аллоҳга шукр қилиб, кундузларини рўза, яхшилик бобларининг барида мусобақалашиш билан, тунларини эса намоз, Қуръон тиловати, зикр, эзгулик ва яхшилик қилиш билан ўтказишдан иборат Аллоҳ жорий қилиб, ирода қилган амалларда ғанимат билишимиз ҳақли бўлади.

Эй Аллоҳ! Бизни Ўзингнинг тоатинга муваффақ айла. Бизга Сени зикр қилиш, шукр қилиш ва Сенга гўзал ибодат қилишда кўмак бер. Бизни осонликка муяссар қил. Ушбу ҳурматли меҳмон ҳаққини адо қилиш билан бизга неъматни тўла-тўкис қил. Эй оламларнинг Рабби, бизга унинг рўзаси, қиёми ва унда гўзал одобда бўлишга мадад бер.

 

 


[1] Имом Аҳмад «Муснад» (13408) Муҳаққиқ: исноди саҳиҳ, деди.

[2] Термизий (682) ва Ибн Можжа (1642), Термизийнинг лафзи.

[3] «Муснад» (9497).

[4] Бухорий (2014), Муслим (760).

[5] Бухорий (37), Муслим (759).

[6] Табароний «Мўъжам ал-Кабир» (2022).

[7] Термизий (3545).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan