Рамазонга оид мақолалар

18 – Эй ёмонлик истовчи, тўхта!

 

Рамазоннинг ҳар бир кечаси Аллоҳнинг рўзадор бандаларига: «Эй яхшилик истовчи, шошил! Ва эй ёмонлик истовчи, тўхта!»[1] – деб нидо қилувчи Аллоҳнинг чорловчиси иймон аҳлини яхши ишларда мусобақа қилиш, ҳамда ёмонлик ва ҳаром ишлардан тийилишлик учун улкан туртки ва кучли ундовчи деб ҳисобланади. Иймон аҳли гарчи ушбу нидони муборак Рамазон кечалари ўз қулоқлари билан эшитмасаларда, бироқ улар унинг юз беришида аниқ ишончдалар. Чунки уларга бу ҳақда хабар берувчи «Содиқ ал-Масдуқ»-(«Тасдиқланган Ростгўй»)ки, у киши ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас, Аллоҳнинг у кишига саловот ва саломлари бўлсин.

Дарҳақиқат, яхшилик боблари ва йўллари кўпаядиган ушбу фазилатли ой ва муборак мавсумда яхшиликларга ўзиш ва тоатлар сари шошилишнинг аҳамияти ҳақидаги ҳадис билан юқорида танишиб ўтдик. У яна, уларни қилишлик ортидан ҳалокат келгани, ҳамда уларга қўл урувчи Азиз, Жаббор Зот томонидан ғазаб ва уқубатга мустаҳиқ бўладиган гуноҳ ва маъсиятларни тўплагани сабабли маъсиятлардан тийилиш ва гуноҳлардан узоқ бўлиш учун улкан бир мавсум ҳамдир. Айниқса ушбу улуғ ой, улкан мавсум, тоатлар ойида. Батаҳқиқ, у инсон юриб борадиган маслак ва йўлини тўғирлаб олишлик ойидир. У тавба, тазарру қилиш ойи. Ҳамда бу ой киришдан олдин тўғри-(устиворлик)да бўлган киши учун зиёда тоатларни бажариш ва уларда бардавом бўлиш мавсумидир. Шунга қарамай айрим кимсалар ҳатто ушбу буюк ой, тоат ва мағфират ойида ҳам қандай маъсиятда узоқ вақт давом этиш ва ҳаддан ошиш ила шўнғишда давом этади?! Шу ва шунга ўхшашлар ушбу ҳадисда мана бу нидо билан назарда тутилганлардир: «Эй ёмонлик истовчи, тўхта!». Яъни, Аллоҳга тавба қил, ёмонликни ушбу ойда қилганинг учун надомат чекиб қолмай ва вақт ўтиб кетишидан олдин ишни ўнглаб олай десанг, ўзинг қўл урган ёмонлик ва туғённи ташла. Чунки сен учун ҳозирда нима қилаётган бўлсанг шу билан хотима ясалиши ёки сенинг ёмонлигинг ва зараринг етган бир мўмин томонидан сенга баддуо етиши мумкин. Натижада у икки дунёда ҳам ҳалокат ва бахтсизлигинга сабаб бўлади. Ёки ушбу ой чиқиб кетадию сени эса Аллоҳдан фақат узоқлашганинг қолади. Ушбу муборак ойда юриш туриши шундай бўлган кимса қандай ҳам муваффақиятсизликда-а?!

Ёмонликнинг бари жамийки вақт ва замонда ҳаромдир. Хоҳ унинг зарари (кишининг) ўзига ёки Аллоҳнинг махлуқотларидан иборат бошқага боғлиқ бўлсин. Хоҳ у тил билан айтилган сўз ёки аъзолар билан қилинган феъл ёҳуд қалбга ўралиб ётган мункар иш бўлсин. Хоҳ ушбу ёмонлик ўқиладиган ёки кўриладиган ёҳуд эшитиладиган бўлсин. Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Раббим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос» (Аъроф: 33).

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Маъсиятларнинг бари, катта ва кичиклари бўлсин, асослари учтадир: Қалбни Аллоҳдан ўзгасига боғлиқ бўлиши, ғазабланиш ва шаҳвоний кучга бўйинсуниш. Улар ширк, зулм ва фаҳш ишлардир. Аллоҳдан ўзгасига боғланишликнинг ниҳояси ширк ва У билан бошқа илоҳга дуо қилинишидир. Ғазабга оид кучга бўйинсунишнинг ниҳояси қатл. Шаҳвоний кучга бўйинсуниб қўйишликнинг чек-чегараси эса зинодир. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ушбу қавлида уччаловини жамлади: «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар» (Фурқон: 68). Ушбу уч нарса, бири бирини чорлайди. Ширк зулм ва фаҳш ишларга чорлайди. Худди ихлос ва тавҳид ўз соҳибини у иккисидан (зулм ва фаҳшдан) буриб қўйгани каби. Аллоҳ таоло деди: «Ундан (Юсуфдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик (яъни уни Ўз ҳифзу ҳимоятимизда асрадик). Зеро, у покиза бандаларимиздандир» (Юсуф: 24). (Оятдаги) ёмонлик: ишқ, бузуқлик эса: зинодир. Шунингдек, зулм ширк ва фаҳшга чорлайди. Ширк зулмларнинг энг оғир зулми. Худди тавҳид адолатнинг энг катта адолати бўлгани каби. Адолат тавҳидга ҳамроҳ. Зулм эса ширкка ҳамроҳ. Шунинг учун субҳанаҳу иккиси орасини жамлади. Аввалгисига келсак, у ушбу қавлида: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқлигига гувоҳлик бердилар» (Оли Имрон: 18). Иккинчисига келсак, у ушбу қавлида келганидек: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13). Фаҳш ишлар ширк ва зулмга чорлайди. Айниқса унга бўлган хоҳиш кучайиб, фақат зулм ҳамда сеҳр ва шайтон ёрдамидан фойдаланиш тури билан ҳосил бўлганда. Дарҳақиқат, субҳанаҳу зино ва ширкни ушбу қавлида жамлади: «Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир» (Нур: 3). Ушбу уч нарса бир-бирини тортади. Ва баъзиси баъзисига буюради. Шунинг учун қалб тавҳид жиҳатидан заиф ва ширк жиҳатидан улканроқ бўлгани сари, кўпроқ фаҳш ҳамда суратларга боғланиш ва унга ошиқ бўлиши улканроқ бўлади. Бунинг мисли Аллоҳ таолонинг ушбу қавлидир: «Бас (эй инсонлар), сизларга ато этилган бор нарса(лар) ҳаёти дунё матосидир ва иймон келтирган хамда ёлғиз Раббиларига суянадиган зотлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар (яъни охират неъматлари — дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир. Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир» (Шўро: 36-37). У Зот, Унга иймон келтирган ва Унга таваккул қилган киши учун Ўзининг ҳузурида яхшилик бор эканини хабар берди. Ана шу (иймон ва таваккул) тавҳиддир. Сўнг шундай деди: «Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган». Бу шаҳвоний кучга чорловчидан четлашишликдир. Сўнг деди: «Ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир». Бу эса ғазаб кучига қарши чиқишдир. Демак, У Зот барча яхшилик йиғиндиси бўлмиш тавҳид, иффат ва адолат ўртасини жам қилди».[2] Сўзлари тугади.

Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп ҳолларда Аллоҳдан ёмонлик ва гуноҳлардан паноҳ сўрардилар ва шунга йўллардилар. Бу ҳожат хутбасидаги у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавллари каби: «Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Ундан ёрдам ва мағфират сўраймиз. Нафсларимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан Аллоҳнинг паноҳига қочамиз».[3] Ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга тонг оттирган ва кеч киргазганларида шундай дейишликларини таълим берганлари каби:

((أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ نَفْسِي وَمِنْ شَرِّ الشَّيْطَانِ وَشِرْكِهِ))

«Сендан нафсимнинг ёмонлиги ҳамда шайтоннинг ёмонлиги ва ширкидан паноҳ сўрайман».[4]

Мусулмонга ёмонлик, гуноҳ ва маъсиятларни тарк этишлигининг инсон саноғига етолмайдиган ва таърифга тил ожиз бўладиган самара ва фойдалари бор эканини билиши лозим бўлади. Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Оламларнинг Рабби Аллоҳ барча айбу нуқсонлардан покдир! Агар гуноҳ ва маъсиятларни тарк этишликда фақат олийжанобликни қоим қилиш, номусни ҳимоя қилиш, обрўни сақлаш, дунё ва охират фойдаларини адо этиш учун Аллоҳ берган молни қўриқлаш, халқларнинг муҳаббати ва ўрталарида сўз очишнинг жоизлиги, ҳаёт салоҳияти, бадан роҳати, қалб қуввати, нафс поклиги, қалб неъмати, кўнгил кенглиги, фожир ва фосиқлардан хавфсирашликдан омонда бўлиш, ғам, ташвиш ва маҳзунликнинг озлиги, хорликни кўтаришдан нафс азиз бўлиши, қалб нурини маъсият зулмати ўчиришдан мудофаа қилиш, фосиқ ва гуноҳкорларга торлик қиладиган нарсалардан унинг учун чиқиш йўли ҳосил бўлиши, ризқни ўзи ўйламаган томондан келиши, фисқ ва маъсият эгаларига қийин бўлган нарса осонлаштирилиши, тоатлар ва илмнинг унга енгил қилиниши, одамлар орасида чиройли олқиш айтилиши, унинг ҳаққига кўп дуо қилиниши ва юзи касб этган ҳаловат, одамларнинг қалбларида унга нисбатан ҳайбат уйғониши, азият ва зулм кўрганда унга ёрдам бериб, ҳимоя қилишлари, ғийбатчи уни ғийбат қилганда унинг обрўсини ҳимоя қилишлари, дуоси тез ижобат бўлиши, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги бегонасирашлик руҳи завол топиши, фаришталарнинг унга яқин бўлиши, инс ва жин шайтонларининг ундан узоқ бўлиши, одамлар унинг хизмати ва ҳожатини раво қилишда кимўзарга беллашишлари, у суйган ва у билан ҳамсуҳбат бўлганларга совчи қўйишлари, ўлимдан қўрқмаслиги, балки Раббиси сари бораётгани, У билан учрашиши ва қайтар жойи Унга бўлишидан шодланади, қалбида дунё кичик ва унинг наздида охиратнинг катта экани, катта мулк ва ундаги улкан бахтга ташна экани, тоат ҳаловатини тотиши, иймон ҳаловатини топиши, аршни кўтариб турувчи ва унинг атрофидаги фаришталарни унинг ҳаққига дуо қилишлари, унинг (амалларини) ёзиб борувчи (фаришталар)нинг шодлиги ва ҳар вақт унинг ҳаққига дуо қилишлари, ақли, фаҳми, иймони ва маърифатида зиёдалик бўлиши, Аллоҳнинг унга муҳаббати, иқбол қилиши ва тавбаси сабаб хурсанд бўлишининг ҳосил бўлиши ва шунингдек, хурсандлик ва сурур билан уни мукофотлайдики, унинг маъсият сабаб хурсанд бўлиши ва шодланишига бирор важҳга кўра нисбат бериб бўлмайди. Ана шулар маъсиятларни тарк этишнинг дунёдаги баъзи асоратларидир. Агар вафот этса фаришталар уни Раббиси томонидан жаннат ҳамда унга хавф ва маҳзунлик йўқ экани хушхабари билан қарши оладилар. Дунё зиндони ва торлигидан жаннат бўстонларидан бирига кўчиб ўтиб, у ерда қиёмат кунигача неъматланади. Қиёмат куни бўлганда, у арш соясида бўлган бир ҳолатда одамлар иссиқда ва тер босган бўладилар. Агар улар Аллоҳнинг ҳузуридан жўнаб кетсалар, у Унинг муттақин дўстлари ва нажот топувчи гуруҳи билан ўнг томон-(бахтлилар томони)га олинади. Ва «Бу (яъни ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Ҳадид: 21)».[5] Сўзлари тугади.

Эй Аллоҳ! Бизни тик турган, ўтирган ва ётган ҳолатларимизда исломда сақла. Душман ва ҳасадгўйлар устимиздан кулишига қўйма. Эй Аллоҳ! Биз Сендан хазиналари Сени Қўлингда бўлган барча яхшиликни сўраймиз. Ва Сендан хазиналари Сени Қўлингда бўлган барча ёмонликдан паноҳ сўраймиз.

 

 


[1] Термизий (682), Ибн Можжа (1642).

[2] Ибнул Қоййим «Ал-Фаваид» (116-118).

[3] Термизий (1105).

[4] Тахрижи юқорида ўтди.

[5] «Ал-Фаваид» (224-225).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan