Рамазонга оид мақолалар

17 – Эй яхшилик истовчи, шошил!

 

Термизий ва Ибн Можжа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлганида шайтон ва итоатсиз жинлар кишанбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирор эшик очилмайди, ҳамда жаннат эшиклари очилиб, ундан бирор эшик ёпилмайди. Нидо қилувчи: «Эй яхшилик истовчи шошил, эй ёмонлик хоҳловчи тўхта», дея нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган (банда)лари бўлиб, бу ҳар кеча (юз беради)».[1] Дарҳақиқат, имом Аҳмад «Муснад»да ривоят қилган ҳадисда ушбу нидо қилувчи Аллоҳнинг фаришталаридан бири экани очиқ айтилган. Ва у то Рамазон ниҳоясига етгунча ҳар кеча такрорлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «… Унда бир фаришта Рамазон ниҳоясига етгунча шундай нидо қилади: «Эй яхшилик истовчи, сенга хушхабар бўлсин! Эй ёмонлик хоҳловчи, тўхта!»»[2] Гарчи иймон аҳли ушбу нидо қилувчининг овозини эшитмасаларда, бироқ улар унинг нидосига аниқ ишончдалар. Чунки бу нарсадан хабар берган киши «Содиқ ал-Масдуқ»-(«Тасдиқланган Ростгўй»)ки, у киши ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир.

Муборак Рамазон кечаларида ушбу муборак ва улуғ нидони ҳис қилайлик. Ушбу нидо ҳаётимизда акс этсин. Ҳолат ва хулқ-атворларимиз ҳақида чуқур ўйлаб кўрайлик. Ҳолатимизга биз қайси нидо аҳлидан эканмиз дея назар ташлайлик. Чунки у икки нидо бўлиб, ҳар биридан маълум бир тоифадаги одамлар қасд қилинган: «Эй яхшилик истовчи… Эй ёмонлик хоҳловчи». Бу ўринда одамларнинг қалблари икки хил эканига далолат қилиняпти: Яхшилик истаб, унинг талабида бўлиб, уни излаб ва унга одатланадиган қалб. Бошқа қалб эса – Аллоҳ сақласин – ёмонликни излайди, унинг талабида ҳаракатга тушади ва уни ахтаришлик учун ўрнидан қўзғалади. Улар баробар эмас. Қалби солиҳ, мустақим-(тўғри), яхшилик талабида ва унга кўникиш ҳосил қилган қалб соҳиби, қалби – Аллоҳ сақласин – ёвуз, пасткаш, ёмонликни ахтариб, унга одатланган қалб эгаси каби эмас.

Кимнинг қалби яхшиликка одатланган ва унинг талабида бўлган мукаррам қалб бўлса, бас, Аллоҳга зиёда тоатлар, ибодатларни кўп-кўп қилиш, ҳамда тарғиб қилинган ва мустаҳаб амалларни кўпайтиришлик билан ушбу яхшиликлар ойи ва мавсумини ғанимат билсин. Ҳадисул Қудсийда Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди: «Бандам менга, Мен унга фарз қилганларимдан кўра Менга севимлироқ бирор нарса билан қурбат ҳосил қилмайди. Бандам Менга мудом нафл ибодатлар билан қурбат ҳосил қилаверади, ҳатто Мен уни яхши кўраман. Агар уни яхши кўрсам эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар Мендан сўраса, албатта, унга бераман. Агар Мендан паноҳ сўраса, албатта, унга паноҳ бераман».[3] Демак, яхшиликларга шошилувчи киши авваламбор фарз ибодатларда, уларга барвақт киришиш, зиёда аҳамият қаратиш, ҳамда уни тўкис ва комил қилишга саъй ҳаракат қилишда тиришади. Шундан сўнг эса тарғиб қилинган ва мустаҳаб амаллар бобида фурсатдан фойдаланиб қолиш ва кўп-кўп қилишлик жиҳатидан ишни кенгайтиради.

Шак-шубҳа йўқки, Рамазон тунларининг ҳар тунида такрор-такрор айтиладиган ушбу буюк нидо, яхшиликлар ойида ҳиммат ва азму қарорларга улкан бир туртки ҳисобланади. Яхшиликлар сари шошилувчиларни қизиқтириш ва хайр ишларда мусобақа қилсин учун ҳимматларини ундашлик учун нидо қилади. Бу, вожиботларга риоя қилиш, намоз, рўза ва улардан бошқа вожиботларни энг тўкис ва афзал тарзда адо этиш, ҳамда нафл ва суннатларни адо этишда беллашиш, ҳаром ва макруҳ ишлардан йироқ бўлиш каби хоҳ нафсга тааллуқли бўлсин ёки насиҳат қилиш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндошчилик ришталарини боғлаш, қўшнилар ва бошқа одамларга яхшилик қилиш, Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш, фақир ва муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, одамлардан азиятни тўсиш, ҳамда уларга мол, тана-жасад ва обрў билан ёрдам кўрсатиш каби хоҳ бошқага боғлиқ бўлсин.

Бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари энг мукаммал ва энг яхши йўл эди. Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг садақа ва одамларга яхшилик қилишдаги йўлларини баён қилган ҳолда шундай дейдилар: «У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари эгалик қилган нарсаларида одамларнинг энг улкан садақа қилувчироғи эдилар. У киши Аллоҳ таоло учун берган бирор нарсани кўп ҳам, оз ҳам санамас эдилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бирор киши бирор нарса сўраса, озми ё кўпми албатта унга берардилар. У кишининг беришлари фақирликдан қўрқмайдиган кишининг бериши каби эди. Улашиш ва садақа у кишига энг суюмли нарса эди. У кишининг берган нарсалари сабабли хурсанд бўлиш ва шодланишлари, олган кишининг олгани сабабли шодланишидан кўпроқ бўларди. У киши одамларнинг яхшиликда энг саховатлиси эдилар. Ўнг қўллари (саховатда) жўнатилган шамол каби эди. Ҳузурларига бирор муҳтож келса, гоҳида таом ва гоҳида либос билан уни ўзларидан ийсор-ихтиёр қилардилар. У киши улашиш ва садақаларини турлича тақсим қилардилар. Гоҳида совға, гоҳида садақа, гоҳида ҳадя, гоҳида Жобир (розияллоҳу анҳу)нинг туяларига боғлиқ ҳодисада қилганлари каби бирор нарсани сотиб олиб сўнг сўтувчига пул ва молнинг барини берардилар. Гоҳида бирор нарсани қарз олиб, ундан кўпроқ, афзалроқ ва (муддатдан) эртароқ қайтарардилар. Бирор нарсани сотиб олар ва ўз нархидан кўпроқ берар-(тўлар)дилар. Садақа ва эҳсонни баҳоли қудрат турли туман қилиш ва лутф кўрсатиш нуқтаи назаридан ҳадяни қабул қилар ва уни ундан-да кўпроқ ёки бир неча бор зиёдаси билан муносиб тақдирлардилар-(мукофотлардилар). У кишинг ўзлари эгалик қилган нарсаларини садақа ва эҳсон қилишлари ўз ҳолат ва сўзлари билан бўларди. Ўзларидаги бор нарсани чиқарар, садақага буюрар, унга тарғиб қилиб, ўз ҳолат ва сўзлари билан унга даъват қилардилар. Агар ҳудбин бахил у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўрса, ҳолатлари уни сарфлаш ва беришга чорларди. У киши билан ўралашиб, ҳамсуҳбат бўлган в ҳадяларини кўрган киши кенгбағирлилик ва саховат қилишдан ўзини тутиб туролмасди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари эҳсон, садақа ва яхшиликка чорларди. Шунинг учун у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг кўнгли очиғи, нафси энг поклари ва қалби энг ҳузур-ҳаловатлиси эдилар. Чунки садақа ва яхшилик қилишнинг кўнгил кенг бўлишида ажиб бир таъсири бор».[4] Сўзлари тугади.

Бунга шоҳид бўладиганлардан Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг жўмарди эдилар. У кишига Жаброил йўлиққан вақт Рамазонда янада саховатлироқ бўлардилар. У (Жаброил) у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Рамазоннинг ҳар кечасида учрашар ва у киши билан ўзаро Қуръон дарс қиларди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликда жўнатилган шамоллардан-да саҳийроқ бўлардилар».[5]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарғиб қилган яхшилик эшикларидан рўзадорга ифторлик қилиш ва Аллоҳ йўлидаги ғозийни жиҳозлашликдир. «Кимда-ким рўзадорга ифторлик қилса ёки ғозийни жиҳозлантирса, бас, унга унинг ажричалик (ажр) бўлади».[6]

У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазонда умра қилишликка тарғиб қилдилар. Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рамазондаги умра мен билан ҳаж қилишликка баробардир».[7] Ибн Можжа Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рамазондаги умра ҳажга тенг келади».[8]

Ушбу ойдаги савоб улкан, ажр катта ва яхшилик эшиклари кенгдир. Ҳар бир киши улардан ўз улушини олсин. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, яхши ишларга шошилингиз!» (Бақара: 148). Агар шундай қилса, бас, ниятни Аллоҳга холис қилсин. Ажрни Унинг ҳузуридан умид қилсин. Ҳамда қўлдан келганча шу нарсада бардавом бўлсин. Барча ишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва у кишининг йўлларига мувофиқ бўлишга ҳарис бўлсин. Яхши ишларни қилиш, тоатларда ўзиб кетиш, ҳасанот, ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари ўргатган дуоларни кўп-кўп қилишда ёлғиз Аллоҳдан мадад сўрасин. Чунки бу бобда у дуоларнинг улкан фойдаси бор. Ибн Можжа Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (Оиша розияллоҳу анҳога) ушбу дуони ўргатдилар:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ الْخَيْرِ كُلِّهِ ؛ عَاجِلِهِ وَآجِلِهِ ، مَا عَلِمْتُ مِنْهُ وَمَا لَمْ أَعْلَمْ ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ الشَّرِّ كُلِّهِ ؛ عَاجِلِهِ وَآجِلِهِ مَا عَلِمْتُ مِنْهُ وَمَا لَمْ أَعْلَمْ ، اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ خَيْرِ مَا سَأَلَكَ عَبْدُكَ وَنَبِيُّكَ ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا عَاذَ بِهِ عَبْدُكَ وَنَبِيُّكَ ، اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْجَنَّةَ وَمَا قَرَّبَ إِلَيْهَا مِنْ قَوْلٍ أَوْ عَمَلٍ ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ النَّارِ وَمَا قَرَّبَ إِلَيْهَا مِنْ قَوْلٍ أَوْ عَمَلٍ ، وَأَسْأَلُكَ أَنْ تَجْعَلَ كُلَّ قَضَاءٍ قَضَيْتَهُ لِي خَيْرًا

Эй Аллоҳ! Мен Сендан яхшиликнинг барини, эртами кеч (келадиган)ини, ундан мен билган ва билмаганимни сўрайман. Ва Сендан ёмонликнинг баридан, эртами кеч (келадиган)идан, ундан мен билган ва билмаганимдан паноҳ сўрайман. Эй Аллоҳ! Мен Сендан банданг ва пайғамбаринг сўраган яхшиликни сўрайман. Ва Сендан банданг ва пайғамбаринг паноҳ сўраган ёмонликдан паноҳ сўрайман. Эй Аллоҳ! Мен Сендан жаннат ва унга яқинлаштирадиган сўз ёки амални сўрайман. Ҳамда Сендн дўзах ва унга яқин қиладиган сўз ёки амалдан паноҳ сўрайман. Ва Сендан тақдир қилган барча қазои-қадарингни мен учун яхшилик қилишингни сўрайман».[9]

Эй Аллоҳ! Барчамизни яхшиликларни қилиш ҳамда ажр ва юқори даражаларни ғанимат билишга муваффақ айла!

 

 


[1] Термизий (682) ва Ибн Можжа (1642), Термизийнинг лафзи.

[2] Имом Аҳмад «Муснад» (18042).

[3] Бухорий (6502).

[4] Ибнул Қоййим «Задул Маъад» (2/21-22).

[5] Бухорий (6), Муслим (2308), Бухорийнинг лафзи.

[6] Байҳақий «Сунан» (7927).

[7] Бухорий (1863).

[8] Ибн Можжа «Сунан» (2995).

[9] Ибн Можжа «Сунна» (3846).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan