Рамазонга оид мақолалар

16 – Рамазон – дуо ойи

 

«Сунан»да Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан шу ривоят собит келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дуо – ибодатдир» сўнг (ушбу оятни) қироат қилдилар: «Раббингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир: 60)».[1]

Дуо – ибодатларнинг энг олий ва буюгидир. У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққи бўлиб, ким бўлишидан қатъий назар Ундан ўзгаси учун сарф этилиши жоиз эмас. Унинг динда улкан ўрни ва юқори манзилати бор. Бунинг сабаби, дуода ўтиниш, Аллоҳга заифлик ва ҳожатмандликни намоён қилиш бўлгани учундир. Чунки қалб ибодатда уйғоқ ва бўйинсунувчироқ бўлгани сари афзал ва комилроқ бўлади. Дуо эса ушбу мақсад ҳосил бўлишига ибодатларнинг энг яқинидир. Дуода Аллоҳга таваккул қилиш ва мадад сўрашлик мавжуд. Таваккул – қалбни Аллоҳга таяниши, ҳамда суюкли нарсалар ҳосил бўлиши ва ёмон кўрилган нарсалар даф бўлишида Унга ишонч билдиришидир. Дуонинг фазли ва шаъни улуғлиги ҳақидаги ҳужжатлар беҳисоб даражада кўпдир. Рўза ва муборак Рамазон ойининг дуо борасида ўзига хос хусусияти бор. Рўзадор рўзасида холис, ибодатида самимий ва Аллоҳга нисбатан содиқ бўлса дуоси қайтарилмайдиганлар жумласидандир. Ҳадисда (айтилишича): «Уч ижобат қилинадиган дуолар: рўзадорнинг дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси».[2] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Уч (хил) дуо рад этилмайди: Отанинг боласига дуоси, рўзадорнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси».[3]

Рўза ойидаги дуонинг ўрни ва шаъни олий эканини баён қиладиган нарсалардан бири Аллоҳ таолонинг Бақара сурасидаги ушбу қавли: «Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» (Бақара: 186). Дарҳақиқат, (Аллоҳ таолонинг ушбу қавли) рўза оятлари ва унинг асносида ҳамда ушбу оятдан олдин ўртада келди. Аллоҳ таолонинг қавли: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда Қуръон нозил қилинган» (Бақара: 185). Ундан кейин эса Аллоҳ таолонинг ушбу қавли: «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди» (Бақара: 187). Дуога хос бўлган ушбу ояти карима рўза оятлари ўртасида ва уларни ўраб олган ҳолда келди. Шояд бунда дуонинг қадри улуғ ва ушбу ойда аҳамиятли эканига далолат қиладиган нарса-(маъно) бўлса. Чунки банда ушбу муборак ойда, Аллоҳ уни ушбу ойда Ўзининг ҳаққини энг тўкис ва мукаммал тарзда адо этишига тавфиқ беришини тўла умид қилади. У эса бу нарсага фақат Аллоҳдан сўраш ва Унга дуо қилиш билан йўл топа олади. У шунингдек, ушбу ойда тоат, ибодат ва қурбатларни, Аллоҳ ундан қабул қилишига рағбат ва умид қилган ҳолда кўп-кўп адо этади. Бунга эса фақат Унга дуо қилиш, Унинг олдида мутелик ва Унга ўтиниш билан йўл топади. Шунингдек, банда гоҳида Рамазондан олдин баъзи гуноҳларга қўл урган ёки ундан Рамазон давомида нуқсон, камчилик ёки масъулиятсизлик содир бўлади. У эса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилиши ва гуноҳларини мағфират қилишига рағбат қилади. Бунга эса фақат дуо билан йўл топа олади. Гўёки Аллоҳ бандаларига улар лаззатланадиган, У сари қочадиган, унинг воситасида рағбатлари ижобат қилинадиган, истак-ҳожатлари раво қилинадиган, хатолари кечириладиган ва камчиликлари мағфират қилинадиган нарсани айлантириб қўйгандай.

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ҳар бир яхшиликнинг асоси, Аллоҳ хоҳлагани бўлиши ва хоҳламагани бўлмаслигини билишингдир. Ана шу вақт ҳасанотлар Унинг неъматларидан эканига аниқ ишонч ҳосил қиласан. Натижада Унга ана шу нарсалар учун шукр қиласан ва сендан уларни узиб қўймаслиги учун Унга ўтинасан. Ҳамда гуноҳлар, Унинг ёрдамсиз ташлаб қўйиши ва уқубати (эканига аниқ ишонч ҳосил қиласан). Натижада сен билан уларни ўртасини эгаллаб туриши ҳамда сени, ҳасанотларни қилиш ва гуноҳларни тарк этишда ўзинга топшириб қўймаслиги учун Унга ёлворасан. Дарҳақиқат, орифлар ҳар бир яхшиликнинг асли Аллоҳнинг бандага тавфиқи билан экани ҳамда ҳар бир ёмонликнинг асли Унинг бандани ёрдамсиз ташлаб қўйгани эканлигига бир овоздан келишдилар. Ва тавфиқ – Аллоҳ сени ўзинга топшириб қўймаслиги, ҳамда ёрдамсиз ташлаш қўйиш – У сен билан нафсинг ўртасини холий қўйиши эканига ижмо қилдилар. Демак, ҳар бир яхшиликнинг асли тавфиқ ва у банданинг эмас Аллоҳнинг Қўлида экани, унинг калити дуо, Унга муҳтожлик, чинакам илтижо, ҳамда У Зотга рағбат ва қўрқув бўлар экан, қачон бандага ушбу калит ато қилинса, дарҳақиқат, У унга фатҳ ато этишини ирода қилибди. Ва қачонки уни ушбу калитдан адаштириб юборса, яхшилик эшиги унинг олдида умид қилинган ҳолда қолади… Кимга қандайдир (жазо, уқубат) берилган бўлса, у фақат шукрни зое қилгани, (У Зотга) муҳтожлигини намоён қилиш ва дуога аҳамиятсиз бўлганидандир. Зафар қучган кишининг зафар қучиши – Аллоҳнинг хоҳиши ва мадади билан – фақат шукр, (У Зотга) чинакам муҳтожликни намоён қилиш ва дуони адо қилгани сабаблидир».[4] Сўзлари тугади.

Исломда дуонинг шаъни буюк, ўрни баланд, манзилати олийдир. Зеро у ибодатларнинг энг олийси, тоатларнинг энг улуғи ва қурбатларнинг энг фойдалисидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида унинг фазлини баён қилувчи, унинг ўрни ва шаъни буюк эканини кўрсатувчи, ҳамда унга тарғиб қилувчи ва унга ундовчи кўплаб ҳужжатлар ворид бўлган. Дарҳақиқат, дуонинг фазлини баён қилувчи ушбу ҳужжатларнинг далолатлари турличадир. Айримларида унга амр ва тарғиб, баъзиларида уни тарк этиш ва ундан кибр қилишдан ҳазир бўлишга чорлов, айримларида унинг савоби улкан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги ажри катта эканини ёдга олиш, баъзиларида эса уни адо этган мўминларни мадҳ қилиш ва уларга уни комил қилганлари учун олқиш ворид бўлган. Ва бундан бошқа дуонинг фазли улкан эканига Қуръони Каримдаги турли далолатлар.

Балки Аллоҳ субҳанаҳу Улуғ Китобини дуо билан очиб, уни дуо билан якунлади. Қуръони Каримнинг Фотиҳаси-(Очувчиси) бўлмиш «الحمد» сураси энг олий талаб ва энг комил мақсадлар билан Аллоҳга дуо қилишликни ўз ичига олган. У ҳам бўлса Аллоҳ азза ва жалладан тўғри йўлга ҳидоят қилиши, У Зотга ибодат ва субҳанаҳуга тоат қилишда кўмак беришини сўрашликдир. Қуръони Каримнинг хотимаси бўлмиш «الناس» сураси ҳам Аллоҳ субҳанаҳуга дуо қилишни ўз ичига олган. Бу эса У субҳанаҳудан жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўрашлик биландир. Шак-шубҳа йўқки, Қуръони Каримни дуо билан очилиб, у билан якун ясалиши дуонинг шаъни улкан ва у ибодатларнинг руҳи ва мағзи эканига далилдир.

Балки Аллоҳ жалла ва аъла Қуръонда дуони бир неча оятда ибодат деб атади. Бу унинг ўрни буюк эканига далолат қилади. Субҳанаҳунинг ушбу қавли каби: «Раббингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир: 60). Ва пайғамбари Иброҳим алайҳиссалом ҳақида ҳикоя қилган қавли каби: «Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиздан ҳам четланурман ва (ёлғиз) Раббимга илтижо қилурман. Раббимга илтижо қилганим шарофатидан (сизлар каби) бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қилурман». Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва Улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан четлангач, Биз унга (фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик» (Марям: 48-49). Ва шунга ўхшаш оятлар. Субҳанаҳу ушбу қавлида келганидек дуони дин деб номлади: «Бас (эй мўминлар), сизлар (Аллоҳга) У зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!» (Ғофир: 65). Ва шунга ўхшаш оятлар.

Буларнинг бари бизга дуонинг шаъни улкан, у убудият-(бандалик)нинг асоси ва руҳи, ҳокисорлик, бўйинсуниш, Рабнинг олдида мутелик аломати ва Унга муҳтож эканини намоён қилишлик эканини баён қилади. Шунинг учун Аллоҳ Қуръони Каримнинг кўплаб оятлрида бандаларини унга ундади ва тарғиб қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Раббингизга тазарру билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз! Зотан, у ҳаддан ошувчи кимсаларни (яъни эл кўзига кўрсатиш учун риёкорлик қилувчиларни) севмас. Ва (Аллоҳнинг дини билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, ерда (куфр йўлини тутиб) бузғунчилик қилманг! У зотга (азобидан) қўрқиб, (раҳматидан) умидвор бўлган ҳолингизда ибодат қилингиз! Зеро Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир» (Аъроф: 55-56). Аллоҳ таоло деди: «У тирик зотдир. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас (эй мўминлар), сизлар (Аллоҳга) У зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз! Ҳамду сано барча оламларнинг Раббиси Аллоҳ учундир» (Ғофир: 65).

У субҳанаҳу – бандаларини дуога тарғиб қилган ҳолда – уларга яқин, дуоларини ижобат қилиши, умидларини рўёбга чиқариши ва сўраганларини ато этишини хабар берди. Аллоҳ таоло деди: «Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» (Бақара: 186). Аллоҳ таоло деди: «Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган, ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?!» (Намл: 62).

Шунинг учун банданинг Аллоҳни таниши улканлашгани ва Унга боғланиши кучайгани сари У Зотга дуо қилиши ҳам улканроқ ва Унинг ҳузурида мутелиги қаттиқроқ бўлади. Шунинг учун Аллоҳнинг пайғамбар ва элчилари барча ҳолат ва жамийки ишларида дуони рўёбга чиқариш ва уни адо қилишда одамларнинг энг буюги бўлдилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ шунинг учун уларга Қуръони Каримда олқиш айтди. Ҳамда турли ҳолат ва муносабатлардаги дуоларидан бир жумласини ёдга олди. Аллоҳ таоло уларнинг васфида шундай деди: «Дарҳақиқат улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар» (Анбиё: 90).

Мўминга ушбу ибодатга аҳамият бериши, дуонинг шартлари ва унинг одобларига эътибор бериш билан бирга ушбу шарафли ойнинг вақтларини Аллоҳнинг (савобидан) умид ва (азобидан) қўрққан ҳолда У Зотга дуо, сўров ва сабот билан сўрашлик ила юзланишликда ғанимат билиши лозим бўлади. Бу билан Аллоҳнинг савоби ила бахтли ва дўзахидан нажот топгувчилардан бўлишини умид қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қиладиган (банда)лари бўлиб, бу Рамазон тунларининг ҳар тунида юз беради.

Эй Аллоҳ! Рўза, қиём ва дуоларимизни қабул айла. Бизга дўзахдан озод қилиш ила марҳамат кўрсат, эй Тирик ва Қайюм Зот!

 


[1] Абу Довуд «Сунан» (1479), Термизий «Сунан» (3247) Бу «Ҳасан саҳиҳ» ҳадис деди, Ибн Можжа «Сунан» (3838).

[2] Табароний «Ад-Дуъа» (1215), Байҳақий «Шуъаб ал-Ийман» (7513).

[3] Байҳақий «Сунан ал-Кубро» (3/345, 6185).

[4] Ибнул Қоййим «Фаваид» (127-128)).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan