14 – Рамазон – тавба ва мағфират ойи
Ушбу буюк мавсум ва муборак ой оламларнинг Раббиси томонидан хато ва янглишишларни кечириб, мағфират қилиш, ҳамда гуноҳ ва маъсиятлардан тавба қилиш учун бандаларга тортиқ қилинган раҳматдир. У Субҳанаҳу қандай ҳам раҳмли ва ҳалимки, бандалари учун Ўзига яқинлаштирадиган ва уларни Унга қайтарадиган барча нарсани ҳозирлаб қўйди. Мўмин бандалари учун гуноҳлар каффорот қилиниши, хатоларни кечириш, даражаларни кўтариш, ҳамда жаннат ила бахт қучиш ҳосил бўлсин учун уларни барча вақт, замон ва маконда чинакам тавба қилишга мутлақ буйруқ билан амр қилди. Субҳанаҳу шундай деди: «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки, Раббингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур» (Таҳрим: 8). Субҳанаҳу деди: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31). Муслим ўз «Саҳиҳ»ида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Дарҳақиқат, мен бир кунда У Зотга юз марта тавба қиламан». Муслимнинг бошқа бир ривоятида (шундай ворид бўлган): «Албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтаман».[1]
Балки Аллоҳ бандасини Унга қилган тавбаси сабабли бағоят хурсанд бўлади. Муслим ўз «Саҳиҳ»ида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ бандасининг Унга тавба қилган вақтдаги тавбаси билан, сизлардан бирингиз саҳрода туясида кетаётиб, таоми ва шароби унда бўлган ҳолатда туяси қочиб кетди. Ундан умидини узиб, бир дарахт олдига келди ва унинг соясида ёнбошлади. Дарҳақиқат туясидан умидини узган эди. Шундай ҳолатда бўлиб турганида, туя олдига юки билан келди. Уни тизгинидан ушладида, ўта шодланганидан: «Аллоҳим, Сен мени қулимсан ва мен Сени Раббингман» деган вақтдаги кишидан ҳам ортиқроқ шодланади. (Бу киши) ўта шодланиб кетганидан хатога тушди».[2]
Мусулмонга тавбанинг аҳамияти ва у унга нақадар муҳтож эканини идрок қилиши, шунингдек, гуноҳларнинг хатари ва уларни ўз эгаларига дунё ва охиратдаги зарарларини идрок қилиши вожиб бўлади. У мусибат, уқубат ва фалокатлар тушишига сабабдир. Аллоҳ таоло деди: «(Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шўро: 30). Субҳанаҳу деди: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63). Субҳанаҳу шундай деди: «То Аллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ қилингунча ҳам) куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом турли офат-балолар етар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат) тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилур). Албатта, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас» (Раъд: 31).
Ахир дунё ва охиратдаги ёмонлик ва дарднинг сабаби гуноҳ ва маъсиятлар эмасми?! Ер аҳлининг барчасини ғарқ қилган нарса нима? Ҳатто сув тоғ чўққиларигача кўтарилди. Ҳуд қавмига шамолни ҳукмрон-(устун) қилган нарса нима? Ҳатто уларни гўё чириб – ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек ўлик ҳолда итқитиб-(учириб) юборди. Самуд қавмига қичқириқ юборган нарса нима? Ҳатто юраклари ичларида узилиб кетди. Лут қавми қишлоғини тўнтариб, остин-устун қилган сўнг кетларидан тош ёғдирган нарса нима? Натижада тош уларни йўқ қилиб ташлади. Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилган нарса нима? Қорун, унинг моли ва аҳлини ерга юттириб юборган нарса нима? Бану Исроилга куч қувват эгалар-(Бобил ҳукмдори)ини юборган нарса нима? Натижада улар (Бану Исроилни ҳалок қилиш ва асир олиш учун) ҳовли-жойлар оралаб кездилар. Сўнг уларга (Бану Исроилга) уларни (куч-қувват эгаларини-(Форс мажусийларини)) иккинчи бор юборган (нарса нима)? Натижада ҳалок бўлиб, унга қудратлари етмади ва ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этдилар. Буларнинг барини сабаби гуноҳ ва маъсиятлардир. Аллоҳ таоло деди: «Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз ерга ютдирган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар» (Анкабут: 40). Субҳанаҳу шундай деди: «Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Аллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни сиғинган бут-санамлари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар)» (Нуҳ: 25).
Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ гуноҳларнинг хатарли асоратлари, улкан зарарлари ва зарарли оқибатларидан баъзиларини равшанлаштириб берадиган буюк сўзларида шундай дедилар: «Фожирларнинг зулми сабабли ер титради, самони зулмат қоплади, ҳамда қуруқлик ва денгизда фасод-(бузғунчилик) ошкор бўлди. Золимларнинг фисқи сабабли барака кетди, яхшилик озайди, ёввойи ҳайвонлар мадорсизланди-(озуқа топа олмай қолди) ва ҳаёт лойқаланди-(булғанди). Ярамас иш ва ваҳшиёна қилмишлар сабабли кундуз зиёси ва кеча зулмати кўз-ёш тўкди. (Инсон амалларини ёзиб борувчи) улуғ котиб ва (инсонни мудом) таъқиб қилувчи (фаришта)лар Раббиларига фаҳш ишлар кўплиги, ҳамда мункар ва қабиҳ ишлар авж олганидан шикоят қилишди. Бу эса Аллоҳга қасамки, аллақачон (қора) булути қоплаган азоб оқимидан огоҳ этувчидир. Ҳамда аллақачон қоронғулиги қоплаган бало кечасини эълон қилувчидир. Бас, модомики тавба имконияти мавжуд ва эшиги очиқ экан, чинакам тавба ила ушбу йўлдан четлашинглар. Сизлар гўёки қулфланган эшик, гаровга олинган нарса (шартлашилган муддатда хуни тўланмасдан) гаровга олган томоннинг мулкига айланиб бўлган ҳамда тузоққа илинган қанот кабисизлар. «Золим кимсалар эса яқинида қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар» (Шуъаро: 227). Бугун ўзингни (гуноҳ ва маъсиятлардан) сотиб ол. Бозор очиқ, пул бор, мол эса арзон. Яқинда ушбу бозор ва молларга (шундай кун) келадики, унда на озига ва на кўпига етиша-(эриша) оласан. «Бу (одамлар) бир-бирларини «алдаб-зиён етказадиган» Кундир (яъни, ҳаёти дунёда иймон эгаларини алдаб-зиён етказиб юрган кофирлар у Кунда дўзах азобига дучор қилиниш билан ўзларининг алданган кимсалар эканликларини билиб олурлар)» (Тағобун: 9). «У кунда бу золим қўлларини (бармоқларини тишлаб надоматлар қилиб) дер…» (Фурқон: 27)». Сўзлари тугади.[3]
Одамларнинг кўпини (турли) юмуш, йўлдан урувчи ва чалғитувчи нарсалар эгаллаб, ушбу нарсалар уни тавба ва Аллоҳга қайтишдан тўсиқ ва қийинчилик туғдирадиган нарсага айланиб қолган. Дабдаба, ҳашам, исроф, совуриш, ўйин, базм, уйқу, дангасалик, зулм, гуноҳ ва туғён-(ҳаддан ошиш)лик ичра тонг оттириб, кеч киргазади. Рамазон ойи эса мана шунга ўхшаш ғофилларга чинакам тавба ва Аллоҳга юзланиш учун (қулай) фурсатдир. Нафс ушбу улуғ мавсумда тавба сари ҳаракатланмаса, унда қачон ҳаракатлнади?! Банда ушбу муборак ойда Аллоҳга юзланмаса, унда қачон юзланади?! Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла бандалари учун тавба эшигини очиб қўйди ва қабул айлашликни ваъда қилди. Аллоҳ таоло деди: «У бандаларидан тавба-тазарруъ қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган зотдир» (Шўро: 25). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «То қуёш ботар томонидан чиққунича Аллоҳ азза ва жалла Қўлини кечаси, кундузи ёмонлик қилувчи тавба қилиши учун ёзади. Ва Қўлини кундузи, кечаси ёмонлик қилувчи тавба қилиши учун ёзади».[4] Камчилик ва нуқсонга йўл қўювчилар мағфират ойини шартлари тўла бўлган чинакам тавба учун ғанимат билсинлар. Улар учта шарт бўлиб, агар улардан бири йўқ бўлса тавба саҳиҳ бўлмайди:
Биринчиси: Маъсиятни батамом ташлашлик. Унинг аломати гуноҳдан зудлик билан ажралишликдир.
Иккинчиси: Уни қилиб қўйганига надомат чекиш. Унинг аломати қўлдан бой берганига узоқ маҳзун бўлишликдир.
Учинчи: Маъсиятга ҳеч қачон қайтмасликка азм қилиш. Унинг аломати қўлдан бой берилганларни тузатиб, келгусидаги ишларни ўнглаш.
Агар маъсият одамнинг ҳаққига боғлиқ бўлса тўртинчи шарт зиёда бўлади. У: ушбу ҳақдан Аллоҳга пок ҳолда йўлиқиш. Бу эса уни ўз эгасига қайтариш ёки ундан кечирим сўраш биландир.
Эй Аллоҳ! Дарҳақиқат, биз жонимизга кўп зулм қилдик. Гуноҳларни фақат Сен мағфират қиласан. Бизни Ўзингнинг ҳузурингдан бўлган мағфират ила мағфират қил. Тавбаларимизни қабул эт. Албатта, Сен тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи, раҳмлисан.
Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?