PDF WORD

Ислом умматидаги фитна ва бўлиниш сабаблари

Ислом умматидаги фитна ва бўлиниш сабаблари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.[1]

Бугунги кунда турли ғоя ва оқимларнинг сони кўпайди. Мусулмонларнинг қарашлари ва эътиқодлари бўлинди. Уларнинг кўпчилиги нима қилиш ва кимга қулоқ солишни билмай, шубҳага тушиб қолишди.

Шубҳа йўқки, ушбу синов Аллоҳ таолонинг тадбирларидан бир тадбирдир. Шу орқали У зот Ўзининг бандаларини имтиҳон қилади. Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб айтганлар: «Дарҳақиқат, сизлардан кимда ким узоқ умр кўрса, кўп ихтилофларни кўради!» (Абу Довуд 4607, Термизий 2676, Ибн Можа 42. Саҳиҳ ҳадис).

Кимдир Аллоҳнинг раҳмати билан бу каби ҳолатда қандай йўл тутишни билади. Кимдир эса билмайди ва адашади. Баъзида бунинг оқибатида Исломни ҳам тарк этади, Аллоҳ барчамизни бундан сақласин!

Мусулмонлар ихтилоф қилмоқда, бир-бири билан жанг қилмоқда ва бир-бирини куфрда айбламоқда. Улар унутишдики, заиф эканликларининг сабаби мана шу ихтилофдир. Худди Аллоҳ таоло айтганидек:

«Ва Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур» (Анфол: 46).

Бироқ шубҳа йўқки, Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлига ва Қиёмат кунига яқин, тобора ортиб борадиган синовларга қандай бардош бериш ҳақида кўрсатма берган. Бироқ ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун унинг манбасини аниқлаш керак.

Мусулмон умматининг ёки ҳеч бўлмаганда ўзимизнинг ҳолатимизни қандай бўлса ҳам ислоҳ қилиш, ёки ҳеч бўлмаганда ислоҳ қилишга ҳаракат қилиш учун биз Ислом умматидаги фитналарнинг сабабини билиб олишимиз керак. Шубҳа йўқки, манбасини билгач, биз ўша фитналарни бартараф қилиш йўлларини ҳам билиб оламиз.

Агар бўлиб ўтаётган, ҳатто аҳли суннат ичидаги, фитна ва ихтилофларни батафсил кўриб чиқар эканмиз, буларнинг сабаби қуйидагилар эканини кўрамиз:

1. Бузуқ эътиқод ва гуноҳларнинг ёйилиши

Барча муаммоларнинг манбаси аввало мусулмонларнинг ўзларидир. Улар гуноҳларга ғарқ бўлишган. Ўша гуноҳларнинг энг каттаси эса бузуқ эътиқоддир.

Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шуро: 30).

Яна Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишингдандир» (Нисо: 79).

Имом Суддий, Ҳасан Басрий, Ибн Журайж, Ибн Зайдлар айтишдики, оятдаги: «ўз қўлларингиз қилган нарса» сўзининг маъноси: «ўзингизнинг гуноҳларингиз сабали». Яна Қатода деди: «Сенинг жазоинг, эй Одам боласи – сенинг гуноҳингдир!» (Қаранг: «Тафсир Ибн Касир» 1/517).

Аллоҳ таоло айтади:

«Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз» (Анъом: 129).

Қатода деди: «Аллоҳ одамлар устидаги ҳукмдорликни уларнинг амалларига яраша беради. Мўмин мўминга ва кофир кофирга ҳукмдорлик қилади» (Қаранг: «Тафсир Ибн Касир» 2/346).

Мансур Ибн Асвад ривоят қилади: «Мен Аъмошдан «Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз» ояти ҳақида сўрадим: «Ушбу оят ҳақида айтилганлардан нима эшитгансан?!» У: «Мен бу (оят) ҳақида: «Агар халқ бузилса, улар устидаги ҳокимлик (улардан) энг ёмонларига берилади!» деб айтишганини эшитганман» деб жавоб берди» (Абу аш-Шайх. Қаранг: «ад-Дуррул Мансур» 3/358).

Турли-туман гуноҳларнинг оқибати мана шу. Бу ҳақида шайхулислом Ибн Таймия айтган: «Агар мусулмонларда заифлик бўлса ёки улар заиф бўлсалар, душманлари эса уларга нисбатан устунликка эга бўлса, бу уларнинг гуноҳлари сабабидандир!» (Қаранг: «Жавобус саҳиҳ» 6/450).

Нима учун биз бу ҳақида тафаккур қилмаймиз?! Ўзимизни унутиб, барчасида бошқа одамларни айблашга шошамиз?!

2. Турли гуруҳ ва жамоатлар тузиш

Муҳаддис шайх Муқбил деди: «Дарҳақиқат, мусулмонларнинг кўп сонли жамоатларга бўлиниши, ушбу юз йилликнинг бидъатидир!» (Қаранг: «ал-Асилатул Ямания» 73).

Шунингдек шайх Абдулмуҳсин ал-Аббод деди: «Мана бу барча, бир-бирига хилоф бўлувчи, кўп сонли гуруҳлар янги тўқиб чиқарилган нарсадир. Бу нарса мана шу юз йилликда пайдо бўлди, бундан аввал (бу каби гуруҳлар) бўлмаган!» (Қаранг: «Мажмуъу фатава уламаи сунна ас-садира фи-таҳзири минал жамаъати вал фироқ вал аҳзабил муъасира» 69).

Шубҳа йўқки, ушбу аср бидъати бўлмиш, ҳар бири ўзининг ғоя ва услубларига эга бўлган турли жамоатлар барпо қилиш Ислом оламидаги фитналарнинг сабабчисидир. Бу борада кенгроқ маълумот олиш учун шайх Бакр Абу Зайднинг «Ҳукм ал-интима илал жамаъат вал фироқ» номли китобларига мурожаат қилинг.

3. Илмнинг йўқлиги ва илмсиз амал қилиш

Бу Ислом умматидаги ҳалокат ва муаммоларнинг сабабидир. Амални илм асосида қилиш мажбурий. Айниқса даъват, жиҳод, наҳий мункар ва ҳоказо каби муҳим амалларда. Бу амаллар нафақат сиз ва Роббингизга тегишли, балки бутун мусулмон умматига тегишлидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар айни шундай иш кўришган. Улар барча амалларини илм асосида бажаришган. Аллоҳ таоло бу ҳақида айтади:

«Айтинг: «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга – ишончга эгамиз»» (Юсуф: 108).

Имом Шавконий деди: «Яъни, аниқ ҳужжат асосида даъват қиламиз. Ал-Басира – бу фаҳмлаш, илмдир. Бунинг ёрдамида ҳақ билан ботил фарқланади» (Қаранг: «Фатҳул-Қодир» 2/298).

Ибн ал-Қоййим айтади: «Илм – амалнинг имоми (ал-илму имамул амал). Амал эса – илм ва у олиб борган (барча нарса)га эргашувчидир».

У киши яна айтади: «Илмга эргашмаган ҳар қандай амал, уни бажарувчисига фойда келтирмайди. Бу ҳақида баъзи салафлар айтганидек, аксинча, у унга зиён келтиради».

У киши яна айтади: «Амаллар илмга асосланган ёки унга хилоф бўлганига қараб қабул бўлади ёки рад этилади. Илмга асосланган амал қабул қилинади, унга хилоф бўлгани эса рад этилади» (Қаранг: «Мифтаҳу дари саъада» 83).

Али ибн Абу Толиб деди: «Илм бўлмаган ибодатда яхшилик йўқ. Тўғри фаҳмлаш бўлмаган илмда ҳам яхшилик йўқ» (Абу Ҳайсама «Китабул илм»да 144, Ажуррий «Аҳлоқул улама»да 45. Исноди саҳиҳ).

Умар ибн Абдулазиз эса айтади: «Аллоҳга илмсиз ибодат қилувчи фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради» (Аҳмад «аз-Зуҳд»да 365, исноди саҳиҳ).

Раҳимуҳуллоҳ айтган буюк сўзлардир. Қандай ҳам тез-тез биз бунинг гувоҳи бўлиб турамиз.

Айни дин борасида илмсиз гапиришлик, кўп ҳолатда, у ёки бу масалада аввалдан бўлмаслиги мумкин бўлган ихтилофга олиб келади. Уламолар айтишадики: «Агарда илми бўлмаганлар овозини ўчирганида, ихтилофлар йўқ бўлиб кетар эди!» (Қаранг: «ал-Латаиф» 41).

4. Динни нотўғри тушуниш ва изоҳлаш

Шунингдек Ислом умматида ёмонликларнинг ёйилиши сабаби, бу динни нотўғри тушунишлик. Айни шу сабаб оқибатида Исломда кўп сонли фирқа ва оқимлар вужудга келди. Ибн ал-Қоййим деди: «Аҳли китобларнинг бўлиниши ва мусулмонларнинг етмиш уч фирқага бўлинишининг сабаби нотўғри тафсирдир» (Қаранг: «Эъламул муваққиъин» 4/308).

Одамлар динни, унинг устида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари бўлган умматимиз салафлари уни қандай тушунганига мурожаат этмай, тушунишга ҳаракат қолмоқда. Кўпчилик мусулмонлар Қуръон ва Суннатга эргашишларини эълон қилади. Аммо улар яна бир муҳим шартни унутишади: Қуръон ва Суннатни айни салафлар тушунгандек тушуниш шарт, қодир бўлганча ёки ҳар ким хоҳлаганича эмас. Буни Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам талаб қилган. Аллоҳ таоло айтади:

«Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо: 115).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматим етмиш уч гуруҳга бўлинади. Етмиш иккитаси жаҳаннамда, биттаси жаннатдадир». Саҳобалар сўради: «Ким улар?!» Бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Улар мен ва саҳобаларим юрган йўлга эргашувчилардир» (Аҳмад 4/102, Абу Довуд 2/503, Термизий 3/367, Ибн Можа 2/479. Ҳадис саҳиҳлигини шайхулислом Ибн Таймия, ҳофиз Ироқий ва шайх Албоний тасдиқлади).

Шунингдек Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳаворижлар билан бўлиб ўтган мунозараси воқеасида ривоят қилинадики, Ибн Аббос уларга деди: «Мен сизнинг ҳузурингизга Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари – муҳожир ва ансорлар ва унинг амакисининг ўғли (Али) номидан келдим. Қуръон уларга нозил бўлган эди. Улар унинг маъносини сиздан кўра яхшироқ билади. Сизнинг орангизда эса улардан бирортаси ҳам йўқ!» (Аҳмад 1/621, Ҳоким 2/150. Исноди саҳиҳ).

Аллоҳнинг динини ўзича тафсир қилаётганга келсак, у улкан залолатга йўлиқипти ва ҳалокат ёқасида турипти.

Имом Хатиб Боғдодий деди: «Илм – бу тўғри тушуниш ва билимдонликдир. У кўп ривоят ва ёд олинган нарса эмас» (Қаранг: «ал-Жомиъ» 2/174).

Имом Заҳабий деди: «Илм – бу кўп сонли ривоятлар эмас, Аллоҳ қалбга жо қилувчи нурдир. Унинг шарти – (ўша илмга) эргашиш ва ўзининг шаҳвати ва бидъатлардан қочишдир» (Қаранг: «ас-Сияр» 13/323).

Дарҳақиқат, динни тўғри тушуниш – бу улкан неъмат. Буни Аллоҳ таоло фақатгина унга (ўша тўғри тушунишликка) интилувчи холис бандасига ато этади. Аллоҳ таоло айтади:

«Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?» (Қамар: 17).

5. Ҳавои нафсига эргашиш

Бу залолатга олиб борувчи асосий сабаблардан биридир. Абу Умомадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч нарса ҳалокатдир: итоат қилинувчи очкўзлик, эргашилувчи ҳавои нафс ва одамнинг ўзидан фаҳрланиши» (Табароний 54/52, Қодаъий 325. Шайх Албоний ҳадисни ҳасан деди).

Икки йўлбошчи бор – бу илм ва ҳавойи нафс, учинчиси йўқ. Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!» (Қасас: 50).

Аллоҳ таоло яна айтади:

«Шубҳасиз, кўп (кишилар) ўз ҳою-ҳаваслари билан билмаган ҳолларида (ўзларини) йўлдан оздирурлар» (Анъом: 119).

Шайхулислом Ибн Таймия деди: «Ҳар бир илмга эргашмаган, ҳавои нафсига эргашибди» (Қаранг: «ал-Амру бил-маъруф» 37).

Шундай экан ҳар биримиз ўзимиз учун нимага эргашишни ҳал қилайлик.

Ибн ал-Қоййим деди: «Аллоҳ амалларни икки турга бўлди ва учинчиси йўқ. Ёки Аллоҳ ва унинг Расулидан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келган нарсага эргашиш, ёки ҳавои нафсига эргашиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олиб келмаган ҳар қандай нарса ҳавои нафсдир» (Қаранг: «Эъламул муваққиъин» 1/81).

Шунингдек бу «бирор амални бажаришда қийинчиликка дучор бўлсанг, бу сенинг амалинг тўғри ва Аллоҳга маҳбуб бўлган амал эканини англатади, бундай амал ҳавои нафсга эргашиш бўлиши мумкин эмас» деб ҳисоблайдиганларга раддиядир.

Аллоҳ азза ва жалла айтади:

«(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яраттан зотдир» (Мулк: 2).

Ҳофиз Ибн Касир ёзади: «Аллоҳ таоло: «сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун» деди, «сизларнинг қайсиларингиз кўпроқ амал қилгувчи эканлигингизни» демади» (Қаранг: «Тафсир Ибн Касир» 4/248).

Шунингдек Фузайл ибн Иёз ушбу оят борасида айтади: «Бу дегани: кимнинг амали холис ва тўғри бўлса!» Ундан сўрашди: «Холис ва тўғри нима дегани?» У жавоб берди: «Дарҳақиқат, агар амаллар холис бўлса, аммо тўғри бўлмаса, улар қабул бўлмайди. Агар амаллар тўғри бўлса, аммо холис бўлмаса, улар қабул бўлмайди, ҳатто холис ва тўғри бўлмагунича. Холис дегани, Аллоҳ учун қилинишлик. Тўғри дегани эса, Суннатга мувофиқ қилинишлик» (Абу Нуъайм «ал-Ҳиля»да 8/95).

Яна билишимиз керакки, машҳур шаръий қоидада айтилади «холис ният бузуқ амални тўғри қилмайди!»

Ҳавои нафсларига эргашувчи ва уларнинг ғояларига тўғри келадигани билан чекланувчи одамларга келсак, бу кибрдир. У Аллоҳнинг динини англашга йўл қўймайди. Аллоҳ таоло айтади:

«Энди ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят-мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, тўғри – ҳақ йўлни кўрсалар уни (ўзлар учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат — нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни англаб етмайдиган қилиб қўюрман)» (Аъроф: 146).

Суфён ибн Уяйна деди: «Ушбу сўзларнинг маъноси, Аллоҳ бу каби одамлардан Қуръонни тушунишни олиб қўяди» (Ибн Абу Хотим 2/239).

Имом Зарқоший деди: «Қалбида бидъат, шаҳват, дунёга муҳаббат, гуноҳда давомий бўлиш, ёки мустаҳкамлашга интилмайдиган иймондаги заифлик бўлган, ёки у илми бўлмаган муфассир гапига суянувчи, ёки ўзининг ақли етган нарсанигина қўлловчи кабиларга Қуръон маъноси ва унинг сирлари очилмайди. Мана шуларнинг барчаси (илмни эгаллаш учун бўлган) тўсиқлардир. Уларнинг баъзилари қолганларидан мустаҳқамроқдир» (Қаранг: «Тафсир ас-Суютий» 1/81).

Аллоҳ бизни бундан сақласин! Биз кўп бора ҳақни гапираётган одамларни кўрдик. Охир оқибат эса улар аксини гапиришни бошлашди. Улар оддий ҳақиқатни сезмайидагн бўлиб қолишади, ҳатто ўз вақтида бировларга изоҳлаб юрган нарсасини ҳам.

Ҳар бир мусулмон бирор нарсага эргашишдан аввал ўша масалани ўрганиб чиқиши лозим. У бирор нарсани таъкидлашидан аввал ушбу масаланинг диндаги асл ҳукмини билиши шарт. Аҳли сунна вал жамоа бирор нарсага эътиқод қилишдан аввал далилга қарайди. Бидъат ва ҳавои нафс аҳли эса аввал эътиқод қилиб, кейин ўзларига далил излайди. Имом Вақиъ ибн Жарроҳ деди: «Кимки ўз фикрини тасдиқлаш учун ҳадис изласа, ўша бидъат аҳлидандир» (Қаранг: «Замул калом» 337).

6. Аҳли сунна уламоларига мурожаат этиш ва уларга эргашишдан юз ўгириш

Уммат залолатга юз тутганининг сабабларидан бири, уламоларга эргашишдан юз ўгиришдир. Улар ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир» (Абу Довуд 3641, Термизий 2682. Ҳадиснинг саҳиҳлигини имом Ибн Ҳиббон, Каноний, шайх Албоний тасдиқлади).

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига илм бўлмаганида, ўзбошимча қарор ва шахсий хулосаларнинг олдини олиш учун, уламоларга мурожаат қилишни буюрди. Аллоҳ Ўзининг Китобида айтади:

«Агар билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмларидан сўранглар!» (Наҳл: 43).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ушбу илмни ҳар бир авлоднинг адолатлилари кўтариб олиб юради. Улар ундан (яъни диндан) ғулув қилувчиларнинг хатосини, адашганларнинг қўшимчасини ва жоҳилларнинг таъвилини даф қиладилар» (Байҳақий 10/209, Хатиб 1/29. Ушбу ҳадис кўпгина йўллар орқали ривоят қилинган, уларнинг ҳар бири, бир-бирини қувватлайди. Ҳадиснинг саҳиҳлигини имом Аҳмад, Лалакаий, ҳофиз Ибн Абдулбарр, Уъқайлий, имом Ибн Вазир, Қасталоний, Албоний ва Абдулқодир Арнаут тасдиқлаган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар бирорта ҳам уламо қолмаганидан илмсизларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг, улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво берадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирадилар» (Бухорий 100, Муслим 3/737).

Ораларида уламолар бўлмаган замонавий фирқаларда айни шу ҳолат бўлиб ўтмоқда. Улар муҳим масалаларда ўзларининг сиёсатларига асосланиб қарор қабул қилишади. Уларнинг сиёсати эса асосан Аллоҳнинг шариатига асосланмаган, балки уларнинг тушунча ва дунёқарашларига асосланган бўлади.

Уламолар – шундай зотларки, улар сабабидан Аллоҳ таоло ўзининг динини ҳимоя қилади. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари тутган йўлни барчадан кўра яхшироқ билади. Кимки уларни ҳақорат қилса, менсимаса ва йўлларига эргашмаса, ўшалар одамларнинг энг адашганидир. Уламоларни менсимай, уларсиз кифояланган кимсага келсак, у ҳалокатга юз тутибди. Имом Ибн Муборак деди: «Кимки олимни менсимаса, ўша охиратини йўқотибди» (Ибн Асокир 32/344).

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий деди: «Одамлар мусулмон ҳукмдор ва уламоларни улуғлар эканлар, эсон-омонликда бардавом бўладилар. Агар у (одам)лар уларни ҳурмат қилар эканлар, Аллоҳ уларнинг дунё ва охиратдаги ҳаётларини ислоҳ қилади. Агар уларни менсимасалар, дунё ва охиратдаги ҳаётларини нобуд қиладилар» (Қаранг: «Тафсир ал-Кубро» 5/260).

Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда барчаси аксинчадир. Уламоларга мурожаат қилиш ўрнига, эртаю-кеч уларни ҳақорат қилиб, ёлғон туҳматлар қилишмоқда. Шайхулислом Ибн Таймия деди: «Кимки ҳадис билимдонини ҳақорат қилса ва уларнинг мазҳабини рад қилса, ўшалар жоҳил, бидъатчи ва мунофиқлардир. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ!» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 4/96).

7. Динда ғулув кетишлик

Ислом – мўътадил дин. Унда ғулув кетишлик йўқ. Мана шу тўғри йўлдир. Бу йўлга эргашишни Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга васият қилган. Аллоҳнинг шариатида ушбу йўлга эргашиш борасида қаттиқ насиҳатлар мавжуд. Худди динда ғулув кетиш борасида қаттиқ қайтариқлар мавжудлиги каби. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй аҳли Китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз!» (Нисо: 171).

Аллоҳ яҳудий ва насронийларни ғулувдан қайтарди. Аммо улар Унга қулоқ тутишмади ва ғулув кетишди. Бунинг оқибатида ҳақ йўлдан адашишди.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматини ҳам ғулувдан қайтарди. У зот айтади:

«Туғёнга тушмангиз! Албатта, У зот қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир» (Ҳуд: 112).

Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ғулув кетишни ман қилдилар. У зот дедилар: «Ғулувдан сақланинглар! Сизлардан илгаригиларни ғулув ҳалок қилган» (Насоий 4/49, Ибн Можа 3/29, Ибн Жоруд 473. Ҳадиснинг саҳиҳлигини имом Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Заҳабий, Нававий, Ибн Таймия, Аҳмад Шокир тасдиқлади).

Шайхулислом Ибн Таймия деди: ««Ғулувдан сақланинглар!» жумласи умумийдир. Унинг ичига барча турдаги ғулув киради, хоҳ у эътиқодда ёки амалда бўлсин» (Қаранг: «ал-Иқтидо» 1/328).

Яна Ибн Масъуддан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғулув кетганлар ҳалок бўлсинлар!» деб уч бора такрор қилдилар (Муслим 2670).

8. Шубҳали далилларга эргашиш

Бу мусулмонлар орасида бидъат ва залолатнинг пайдо бўлишининг асосий сабабларидан биридир. Бидъат ва ҳавои нафс аҳли кўпинча тўқима ҳадисларни ишлатишади ёки ўзларининг далилларига мослаб олишади. Бу билан улар ўзлари тутган ўринни оқлашади ва оми одамларни адаштиришади. Имом Авзоий бу ҳақида деди: «Айтилганки: «Ибодатдан бошқа нарса учун таълим олган ва шубҳали нарса ёрдамида ҳаромни ҳалол қилиб олганларнинг ҳолига вой бўлсин!»» (Ажуррий «Аҳлақул улама»да 65).

Аллоҳ таоло айтади:

«У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам — аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ — тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар.— Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур.— Илмда собитқадам бўлган бундай кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир», — дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар» (Оли Имрон: 7).

Аллоҳнинг «фитнага солиш» сўзидан мурод, улар шу орқали одамларни адаштиришни истайдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни тиловат қилиб дедилар: «Агарда муташобиҳга эргашувчиларни кўрсанг, билгинки Аллоҳ айтганлар ана ўшалардир. Улардан эҳтиёт бўл!» (Бухари 4547).

Шайх Солиҳ Оли Шайх айтади: «Барчага маълумки, Қуръон ва Суннатда тушунарли (муҳкам) ва тушунарсиз (муташобиҳ) бўлган нарсалар мавжуд. Шунингдек бу ҳолат саҳоба ва уламоларнинг сўз ва амалларида бор. Асосга эга бўлган илм соҳиблари шу билан ажралиб турадики, улар муҳкам билан муташобиҳни фарқлаш ва муташобиҳни муҳкамга қайтариш орқали илмга эришди. Агарда аҳли илмларнинг мана шу ажратиб турувчи хислатлари бўлмаганида эди, ҳар ким илмга эга бўла олган бўларди. Аммо Аллоҳ инсонларни муҳкам ва муташобиҳнинг мавжудлиги билан синайди. Шу орқали уламоларнинг мақоми ва ҳақиқий илм соҳиби аниқ бўлади» («ал-Маръа ад-Даъия». Шунга ўхшаш гапни шайхулислом Ибн Таймия «Мажмуъул фатава»да (13/272-280) айтган).

Имом Абул-Олия деди: «Мен Пайғамбарларингиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўнг муҳкам (нарсалар)ни ўқидим ва Аллоҳ менга икки раҳматини ато этди. Уларнинг қайси бири яхшироқ эканини билмайман: У мени Ислом йўлига йўллаганими ёки У мени ҳавориж қилиб қўймаганими!» (Қаранг: «ат-Табақот ал-Кубро» 7/113).

Кинояли ва аниқ бўлмаган (муташобиҳ) далилларни қўллашлик бидъат аҳлининг сифатидандир. Улар Қуръонни ҳам ҳавои нафсларига асосланиб тафсир қилади. Шунинг учун ҳам Али ибн Абу Толиб Ибн Аббосни ҳаворижлар билан мулоқот қилишга юбораётганида айтган эди: «Улар билан Қуръон ёрдамида баҳс қилма. Чунки у кўп йўналишларга эга. Шунинг учун улар билан Суннат ёрдамида баҳс қил» (Қаранг: «Фатҳул Қодир» 1/42).

Шу нарсани эътиборга олмоқ лозимки, ҳар бир оят ва ҳадислар у ёки бу ҳолатга мос келавермайди. Ваҳоланки зоҳиран бунинг аксидек туюлади. Алини кофирга чиқарган ҳаворижлар ҳам худди шу йўлни тутишган эди. Улар: «Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир» оятига таяниб бу ишни қилишган эди. Абу Рофиъ ривоят қилишича, ҳаворижлар Алига қарши бош кўтаришганда, улар тинмай: «Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир», «Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир» деб такрорлашар эди. Шунда Али айтди: «Ҳақ сўзни айтишди, (бироқ) ботилни назарда тутишди!» (Муслим 1774).

Бугунги кунда ҳаворижларнинг изидан юрган одамлар ҳам худди шундай. Улар худди ўша оятларни келтирадилар, уларга эргашган ҳолда кўпгина рухсат этилмаган ишларга қўл уришади. Бу ҳаворижларнинг Қуръон ояти ва ҳадисларни нотўғри тушунишига далолат қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаворижлар ҳақида айтган сўзларида  бунинг хабарини бериб кетган эдилар: «Улар Қуръонни ўзларига (ҳужжат) деган гумон билан ўқишади. Ваҳоланки у уларга қарши (ҳужжат) бўлади!» (Муслим 1066).

Айни шу сабабдан ҳам уламолар, хусусан шайхулислом Ибн Таймия, айтадиларки, бидъат аҳлининг келтирган ҳар қандай ҳужжати, ўзига қарши ҳужжатдир. Ва биз бунга ҳар куни гувоҳ бўлиб турибмиз.

Аҳли суннат уламолари қуйидаги қоидани жорий қилишди: «Далил келтириш муҳим эмас, уни тўғри тушуниш муҳимдир». Ибн ал-Қоййим деди: «Динни тушунган ҳар ким ҳам унинг асл мазмунини тушунишга қодир бўлмайди. Унинг асл мазмунини фақатгина катта илмга эга бўлган уламоларгина тушунишади» (Қаранг: «Эъламул муваққиъин» 1/332).

Зикр қилиб ўтилганларга асосланиб уламолар, адашган ва бидъат аҳлларининг далилларини қабул қилишни ман қилишди. Имом Лайс ибн Саъд деди: «Мен бидъат аҳлидан бирор нарсани қабул қилмаган бўлар эдим, ҳатто агар уни сув устида юриб кетаётганини кўрсам ҳам» (Қаранг: «ал-Иттибоъ» 35).

Абдурроҳман ибн Маҳдий деди: «Инсон агар заиф ва шоз ҳадисларга эргашар экан, эшитган ҳар нарсасини гапирса ва барчадан кетма-кет ривоят қилаверса, ҳеч қачон ҳадис имоми бўла олмайди» (Қаранг: «Жомъиул баянил илм ва фазлиҳ» 1055).

Имом Хатиб Боғдодий деди: «Агар ровий ҳавои нафс аҳли ёки ҳаққа хилоф бўлган мазҳабга кўр-кўрона эргашувчилар сарасидан бўлса, ундан бирор нарсани қабул қилма. Ҳатто унинг ҳифзи яхши бўлса ҳам» (Қаранг: «ал-Жомиъул аҳлоқи ровий» 1/136).

Шунингдек ҳадис деб ривоят қилинаётган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам ҳадис бўлавермайди. Қози Абдуллоҳ ибн Лаҳиъа ривоят қилишича, у ҳавориж бўлиб кейин тавба қилган қарияни мана бу сўзларини эшитган экан: «Бу ҳадислар – диндир! Шундай экан динингизни кимдан олаётганингизга қаранг. Дарҳақиқат, биз бир нарсани истар эдик, (сўнг) уни ҳадисга айлантирар эдик» (Лалакоий 1/85).

Шунингдек салафлар ва имомлардан ривоят қилинаётган сўзларнинг саҳиҳлигини текшириш шарт. Бу ҳақида шайхулислом Ибн Таймия айтганидек: «Салафлар ва уламолардан ривоят қилинаётган сўзлар, саҳиҳлигини аниқлаш ва маъноларини тушунишга муҳтождир. Шунингдек Аллоҳ ва Расули ҳақида айтилган сўзлар ҳам бунга муҳтождир» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 1/246).

Яна кўпчилик мусулмонлар кўп ҳолларда имомларнинг ўз нафсларига тўғри келадиган масаладаги сўзига эргашади, ҳатто уларнинг фикри аниқ хато бўлса ҳам. Али ибн Абу Толиб деди: «Ҳақ одамлар орқали баҳоланмайди, одамлар ҳақ орқали баҳоланади» (Қаранг: «Тафсир ал-Қуртубий» 1/342).

Авзоий деди: «Кимки уламоларнинг ноёб қавлларини олса, ўша Исломдан чиқибди» (Байҳақий 10/211).

Аслида уламонинг сўзигина далил ҳисобланмайди. Шайхулислом Ибн Таймия ҳақ сўзни айтган: «Дарҳақиқат, уламоларнинг сўзи шаръий далил билан қувватланади. Бироқ шаръий далил уларнинг сўзи билан қувватланмайди» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 26/202).

Далилини билмай туриб, олимнинг оддий сўзлари билан чекланиш ва кифояланиш етарли бўлмайди. Имом Шофиий деди: «Илмни далилсиз талаб қилаётган кимсанинг мисоли, тунда ўтин тераётган кимсага ўхшайди. У ўтин билан бирга илонни ҳам олади ва у уни чақади!» (Байҳақий «ал-Мадҳал»да 1/211).

Далил – бу Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини уммат салафлари тушунгандек тушунишдир. Имом Шаъбий деди: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан ривоят қилишган нарсани олгин. Сенга ўзининг фикрига асосланиб ривоят қилишган нарсага эса бавл қилгин!» (Абдурраззоқ 11/256).

Имом Авзоий деди: «Илм – бу Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан келган нарса. Ҳатто бирорталаридан ҳам келмаган нарса эса илм эмас» (Қаранг: «Жомиъу баянил илм» 1420).

Ҳеч бир инсон, ҳатто олим йўқки унинг хато ёки камчилиги бўлмаса. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан мутасно. Уламолар бунга ижмоъ қилдилар (Қаранг: «Жомиъу баянил илм» 2/48).

Бироқ олимнинг у ёки бу масаладаги хатоси ҳақида ҳар ким эмас, балки илм аҳли гапиради. Уламолар Қуръон ва Суннатга тўғри эргашишга ёрдам бериши учун керак. Агар улар Қуръон ва Суннатга хилоф қилсалар, уларнинг фикрига эргашиш учун эмас. Имом Шотибий ҳақ сўзни айтди: «Агар биз уламоларни, улар ёрдамида шариат ҳукмини билиш сабаби эмас, балки мақсад қилиб олсак, унда аниқ залолатга йўлиқамиз» (Қаранг: «ал-Эътисом» 2/872).

Мусулмон нафсига тўғри келадиган уламоларнинг қавлини изламай, Қуръон ва Суннатдаги аниқ далилларга эргашиши шарт. Ҳар қандай масалада ҳам далили кучлироқ бўлган уламоларга эргашишимиз керак. Айни мана шу Аллоҳ тўғри йўлга йўллаган бандасининг сифатидир. Аллоҳ таоло айтади:

«Бас (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг бандаларимга — сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтгувчи рост сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар: 17-18).

9. Залолатга бошловчи имом ва бошлиқлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматим хусусида мен энг қўрқадиган нарса адаштирувчи имом (бошлиқ)лардир» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Абу Нуъайм «Ҳиля»да, Аҳмад ва бошқалар ривояти. Ҳадиснинг саҳиҳлигини Абу Исо Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, ҳофиз Ибн Касир ва шайх Албоний тасдиқлади. Қаранг: «Ас-силсилатус саҳиҳа» 1582, «Саҳиҳ ал-жомиъ» 2316).

Зиёд ибн Худайр ривоят қилади: «Кунларнинг бирида Умар ибн Хаттоб менга савол берди: «Исломни нима вайрон қилишини биласанми?» Мен: «Йўқ» деб жавоб бердим. У деди: «Уни олимнинг хатоси, мунофиқнинг Аллоҳнинг Китоби борасидаги баҳси ва залолатга бошловчи имомларнинг ҳукми»» (Доримий 1/71. Исноди ҳасан).

Имом Шотибий деди: «Одамларнинг муаммоси улар олим деб ҳисоблаган жоҳиллар сабабидан содир бўлади» (Қаранг: «ал-Эътисом» 1/145).

Имом Абу Шома деди: «Кўпинча одамлар бидъатга тушиб қолишларининг сабаби, улар бирор кимсани аҳли илм ва тақводор деб ҳисоблай бошлашидан бўлади. Аслида эса у ундайлардан бўлмайди. Бундай одамлар унинг сўзи ва амалига қараб, унга бунда эргашишади. Шунинг оқибатида улар ўз амалларини аянчли ҳолатга олиб келадилар» (Қаранг: «ал-Маърифа ва тарих» 1/670).

Мусулмон умматини вайрон бўлишининг энг асосий сабабларидан бири – залолатга бошловчи йўлбошчи ва имомлардир! Бу каби имом, амир ва уламолар қанчадан қанча одамларни нобуд қилишди, қанчадан қанча одамларни залолатга йўллашди!

Дарҳақиқат, одамлар олим деб ҳисоблаган, аслида эса ундай бўлмаган кимсалар ўзларига, Исломга ва мусулмонларга улкан зарарлар олиб келиши мумкин. Мисол тариқасида тўқсон тўққиз кишини ўлдирган ва тавба қилишни истаган кимса ривоятини эслашлик кифоя қилади. У ўзининг ҳолати борасида ўзи олим деб ҳисоблаган кимсадан сўради. Аммо у эса ундайлардан (яъни олим) эмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан олдин ўтган одамлар орасида тўқсон тўққиз жонни ўлдирган бир киши бор эди. У (тавба қилишни истади ва) ер юзидаги энг илмли киши ҳақида сўраган эди, уни бир роҳибнинг олдига жўнатишди. У роҳибнинг олдига бориб, унга тўқсон тўққиз кишини ўлдирганини айтди ва мағфират қилинаманми, деб сўради. Роҳиб: «Йўқ», деган эди, уни ҳам ўлдирди. Шу билан ўлдирганларининг сони юзта бўлди. Кейин яна ер юзидаги энг илмли киши ҳақида сўради. Уни бир олимга жўнатишди. Ҳузурига боргач, у олимга юз кишини ўлдирганини айтиб: «Мағфират қилинишимга имкон борми?», деб сўради. «Ҳа, сени тавба қилишдан нима тўсиб турибди(ки тавба қилмаяпсан?) деб жавоб берди олим» (Бухорий 3480, Муслим 2766).

Кўриб турганимиздек, тавба қилишга аҳд қилган одамга сенга тавба йўқ деган кимса қанчалик улкан зарар етказиши мумкин эди. Чунки у яна гуноҳга кириб, шу ҳолатида вафот этиши мумкин эди. Биз биламизки амаллар хотимасига қараб баҳоланади. Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир киши одамлар назарида жаннат аҳлининг амалини қилади. Ҳолбуки у жаҳаннам аҳлидандир. Бир киши эса одамлар назарида жаҳаннам аҳлининг амалини қилади. Ҳолбуки у жаннат аҳлидандир. Амаллар фақат хотимасига қараб (баҳоланади)» (Бухорий 6493).

Қолаверса илмсиз роҳиб хато фатво бериб ўзини ҳам ҳалок қилди. Чунки бу иши унинг ўлимига сабаб бўлди.

Мусулмонларнинг хатоси шундаки, улар олим билан оддий мутафаккир ва хатибни фарқлай олишмайди. Ахир ҳар қандай оқил одам биладики, инсоннинг олимлиги унинг исломий таълимоти[2] ёки дин масалаларига оид бир неча мақола ёзганлиги билан ўлчанмайди. Ахир дунёвий илмларда ҳам тиббиёт институтини битирган ҳар бир кимса ҳам ўз соҳасининг олими деб ҳисобланмайдику. Ёки политехника институтини битирган ҳар бир кимса ҳам юқори даражадаги инженер ҳисобланмайдику. Имом Шотибий деди: «Уламолар уни олим демаган олим, олим ҳисобланмайди. Ҳатто бошқа уламолар унинг олим экани ҳақида гувоҳлик бермагунларича, (у олим ҳисобланмайди!)» (Қаранг: «ал-Эътисом» 2/738).

Шайх Албоний деди: «Имом Шотибийнинг олимга қилган ушбу насиҳати, одамларга қандайдир илмни етказишга қодир бўлган бу ишни қилмасин, ҳатто у бунга яроқли экани борасида уламолар гувоҳлик бермагунларича. Бунинг маъноси, бу каби одам ҳавои нафс аҳли бўлиши мумкинлиги хатаридан иборатдир. Бугунги кунда ўзини илмга нисбат берувчи баъзи одамларни имом Шотибий кўрганларида нима деган бўларкинлар?!» (Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 2/713).

Имом Молик деди: «Мен фатво бермадим, ҳатто илм аҳлидан бўлган етмиш киши мени бунга лойиқ эканимга гувоҳлик бермагунича» (Абу Нуъайм 6/316).

Уламолар – уламо ва толиби илмларга тазкия беришади. Талабалар талабаларга тазкия беришади. Бироқ талабалар уламоларга тазкия беришмайди. Бугунги кунда бунинг аксини кўришимиз мумкин. Толиби илм уламога тазкия беради ва ким шайх, ким шайх эмас, кимдан илм олиш керак, кимдан керак эмаслиги ҳақида гапиради.

Ҳар бир инсон Қиёмат куни ўзининг имоми билан тирилтирилади. Шундай экан ҳар ким унинг ўзи ким билан тирилишликни истаётганини танласин. Аллоҳ таоло айтади:

«Биз барча одамларни ўз имомлари билан чорлайдиган (Қиёмат) кунини эслангиз!» (Исро: 71).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюк саҳобаси, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: «Яхшиликка эргашувчи бўлиш, ёмонликда бошлиқ бўлгандан яхшироқдир» (Ибн Абу Шайба 37188).

10. Илмни нотўғри талаб қилиш

Дарҳақиқат, бу бугунги кун касаллигидир. Ҳозирда кўп сонли сайт, форум, китоб, маъруза, шунингдек ҳар бири ўзининг Исломига даъват этувчи даъватчилар кўпайган. Кўпчилик мусулмонлар қандай ва кимдан илм талаб қилишни билмай қолди. Юқорида зикр қилиб ўтилганидек, Ислом ҳақида гапираётган ҳар бир қаердадир таълим олган ёки араб тилини билган одам, ҳар бир масжиднинг имоми, ҳар бир китоб, газета, маъруза ёки сайтлар илм олиш учун ишончли ва тўғри манба ҳисобланавермайди. Ишончли манба ва олимлар ундан илм талаб қилса бўлади деб кўрсатма берган одамлардан бошқа ердан илм олиб бўлмайди. Жибрил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобаларини олдига келиб Ислом, иймон ва эҳсон ҳақида сўраганидан сўнг, у зот кетганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умардан сўрадилар: «Эй Умар, бу сўроқлаб келган ким биласизми?» Умар деди: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ». Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу Жибрил, сизларга динингиз ишларини ўргатиш учун келди» (Муслим 8).

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобаларига уларга ким диндан таълим берганини хабарини бердилар.

Ибн Умар деди: «Дининг, дининг, дарҳақиқат – тана ва қонингдир. (Шундай экан) динингни кимдан олаётганингга қара!» (Хатиб «ал-Кифоя»да 121).

Муҳаммад ибн Сийрин ва имом Молик деди: «Дарҳақиқат, олаётган илмингиз — диндир. Шундай экан динингизни кимдан олаётганингизга қаранг» (Қаранг: «Саҳиҳ Муслим» 1/23 ва «ал-Фақиҳ вал-мутафақиҳ» 2/92).

Шундан сўнг аксарида ёлғон ва ҳавои нафсдан бошқа нарса йўқ бўлган турли форумлардан илм олаётган ва уни тарқатаётган мусулмонларнинг ҳолати тушунарли бўлди. Бу одамларнинг ўзлари, ўзлари учун залолат эшикларини очишди. Улар уларга ноъмалум бўлган одамлардан илмни талаб қилишди. Уларга ҳатто ўша одамларнинг асл исмлари ҳам маълум эмас. Дарҳақиқат улар, Аллоҳ уларни залолатга йўллашига лойиқлар. Чунки ўзларига буни ўзлари ихтиёр қилишди. Қандай қилиб инсон ўз динига бу қадар эътиборсиз бўлиши мумкин?! Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун талаб қилинадиган илмни дуч келган жойдан ҳам олиш мумкинми ахир?!

Турли форумларга ташриф буюриш мусулмонлар учун бир касалликка айланди. Уларда илмни хор қилинади, уламолар ҳақорат қилинади ва кофирликда айбланади. Ҳатто Ислом юртларида тўғри диний тушунчани ўзгартиришлик билан мусулмонларга нисбатан улкан зарар келтиришмоқда. Энг оддий илмга эга бўлмаган, дин борасида гапириш ҳуқуқи берилмаган кимсалар, уламоларнинг сўзларидан кейин: «Аммо менимча», «мен ўйлайманки», «менинг фикримча» ва ҳоказо сўзларни айтишга журъат қилишмоқда. Кўп ҳолатда одамлар форумларга кириб, Аллоҳнинг дини борасида гапиради ва баҳс қилади. Улар бунинг қанчалик улкан гуноҳ эканини унутишади. Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар» (Наҳл: 116).

Имом Ибн ал-Жавзий Аллоҳнинг: «Айтинг: «Парвардигорим фақатгина … Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос»» (Аъроф: 33), сўзлари ҳақида деди: «Бунга мустаҳкам илмсиз дин ҳақидаги барча сўз ва турли кўринишдаги даъволар киради» (Қаранг: «Зодул Масир» 3/193).

Дин борасида илмсиз айтилган сўзни Аллоҳ таоло ширк билан тенглаштирди. Ибн ал-Қоййим деди: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло илми бўлмаган ҳолда фатво бериш ёки қозилик ҳукмини чиқаришда У (Аллоҳ)ни далил қилишдан қайтарди. Бу каби ишни нафақат улкан ҳаром амаллардан қилди, балки уни энг оғир гуноҳлар қаторига ҳам киритди. Аллоҳ таоло айтади:

«Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос» (Аъроф: 33). Ушбу оятда Аллоҳ ҳаром ишларни тўрт турга бўлди. Сўнг ҳаромлиги озроқ бўлган бузуқликдан бошлаб зикр қила бошлади. Иккинчи бўлиб У биринчисидан кўра ҳаромроқ бўлган нарсани зикр қилди, бу зулмдир. Сўнг У учинчи бўлиб аввалги иккисидан ёмонроқ бўлган нарсани зикр қилди, бу эса ширкдир. Тўртинчи бўлиб Аллоҳ барча аввал зикр қилинганлардан қатъий ҳаромроқ бўлган нарсани зикр қилди, бу Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришдир. Бунга (шундай) сўзлар киради: Унинг исм, сифат ва амаллари, шунингдек Унинг дини ва қонун-қоидаларига нисбатан Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапириш киради» (Қаранг: «Эъламул муваққиъин» 2/72).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Илми бўлмай туриб одамларни залолатга бошлаган одам Қиёмат куни энг қаттиқ жазога йўлиқади» (Аҳмад, Табароний. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 1000).

Бидъат ва ҳавои нафс аҳли билан мунозара қилишга келсак, бу салафларнинг манҳажига тўғри келмайди. Уммат имомлари буни қаттиқ қоралашган. Бу залолатга йўлиқиш сабабларидан биридир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳ қилганлар: «Ҳар доим одамлар тўғри йўлда бўлганларидан кейин, фақатгина мунозара сабабидан адашганлар» (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Ҳоким. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ат-Тарғиб» 137).

Имом Аҳмад деди: «Суннат асослари бизнинг наздимизда бу … ихтилофларни ва ўз ҳавосига эргашувчиларни тарк этишлик. Шунингдек, динга оид ихтилоф ва тортишувларни тарк қилишлик» (Қаранг: «Усул Сунна» 23).

Яна имом Аҳмад деди: «Биз имомларнинг бидъат аҳли билан гаплашиш ва бирга вақт ўтказишдан қайтарганларини эшитдик ва кўрдик. Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Суннатида бор нарсаларни бажариш билан кифояланиш лозим. Бидъатчи ва адашганлар билан, уларнинг қарашини рад қилиш учун ўтириш керак эмас. Дарҳақиқат, улар сени шубҳалантириб қўйишлари мумкин. Аммо улар ўзларининг бидъатларидан қайтмайдилар. Шунинг учун улар билан ўтириш ва бидъатларини муҳокама қилиш мумкин эмас» (Ибн Батта «ал-Ибона»да 1/44).

Машҳур тобиин Айюб Сахтиёний деди: «Бидъат аҳлига сукут қилишдан кўра кучлироқ раддия йўқ» (Қаранг: «аш-Шариъа» 56).

Шунингдек Муовия ибн Қуро деди: «Дин борасида ихтилоф қилиш амалларни ҳабата қилади» (Ажуррий «аш-Шариъа»да 21).

Кимдир нотўғри тушуниши ва савол бериши мумкин: Қандай қилиб умматимиз имомлари бидъат аҳли билан баҳс қилишдан қайтаришлари мумкин, ахир ўзлари уларга раддия бериб келган бўлсалар?! Бунга жавоб қуйидагича: Улар адашган бидъатчилар билан ўзлари баҳс қилишмаган, балки бидъатларини рад қилишган ва тушунтиришган. Бу уламоларнинг муҳим вазифаларидан биридир. Улар одамларни огоҳ қилиш мақсадида бу хатоларни изоҳлаб беришади. Яҳё ибн Яҳё деди: «Суннатни ҳимоя қилиш Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан афзалдир» (Қаранг: «Заммул Калом» 111).

Шунингдек, имом Аҳмад ундан: «Сиз нимани афзал биласиз: инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, эътикоф ўтирганиними ёки бидъат аҳлидан огоҳ қилганиними?» деб сўрашганида жавоб берди: «Инсон намоз ўқиса, рўза тутса ва эътикоф ўтирса, у буни ўзи учун қилади. Бидъат аҳлидан огоҳ қилса, унда мусулмонлар учун қилади ва шуниси афзалдир» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 28/231).

Ҳавои нафс ва бидъат аҳлига келсак, улар билан баҳс қилиш ва ниманидир уларга исботлаш жоиз эмас. Бу билан илм оёғости бўлади ва ўзини шубҳалар ҳавфига солади. Агар Аллоҳ ирода қилса, уларни ҳақ йўлга бошлайди. Айюб айтганидек, уларга бўлган энг афзал раддия – сукут қилишдир.

Шунингдек мусулмонлар ҳар бир эшитган ва ўқиган нарсаларига текширмай туриб ишонавермасликлари, тарқатмасликлари лозим. Инсон ёлғончи бўлишига текширилмаган маълумотни тарқатиши кифоя қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Эшитган нарсасини гапираверишлик кишининг ёлғончи эканлигига кифоя қилади» (Муслим 1/10).

Имом Молик деди: «Билгинки, эшитган ҳар бир нарсасини гапираверадиган одам нажот топмайди. Агар у эшитган нарсасини гапираверса, ҳеч қачон имом бўла олмайди» (Муслим 1/18).

Имом Барбаҳорий деди: «Замондошларингдан кимнинг гапини эшитган бўлмагин, шошма ва унга суянма, ҳатто бу каби (сўзларни) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан бирорталари гапирганлигини сўраб, билмагунингча» (Қаранг: «Шарҳу Сунна» 27).

Имом Авзоий деди: «Одамлар сиздан юз ўгирсалар-да, салаф йўлида бўлинг. Чиройли сўзлар билан безасаларда, одамларнинг раъйларидан эҳтиёт бўлинг!» (Қаранг: «аш-Шариъа» 1/193).

Имом Фузайл ибн Иёз деди: «Ҳидоят йўлларига эргаш. Бу йўлда юрганларнинг камлиги сенга зарар қилмайди. Залолат йўлларидан сақлан! Ҳалокатга учровчиларнинг кўплигига алданма!» (Қаранг: «ал-Азкор» 238).

11. Ислом уммати муаммоларини ҳал қилишга шаръан ҳақли бўлмаган кимсаларнинг киришиши

Ислом – бу ўзининг қатъий қонун ва қарорларига эга бўлган диндир. Унда ҳокимиятсизликка ўрин йўқ. Шариат бирор масалани унга ҳақли бўлмаган кимсалар тарафидан ҳал қилишни қатъий ҳаром қилган. Айниқса Ислом умматига тегишли масалаларда. Аллоҳ таоло айтади:

«Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар иш негизини биладиганлардан билган бўлар эдилар» (Нисо: 83).

Бошлиқлар – бу уламо ва мусулмонлар ҳукмдоридир (Қаранг: «Тафсир ал-Қуртубий» 3/341).

Шубҳа йўқки, мусулмон умматига тегишли масалалар энг жиддий ва муҳим масалалар сарасига киради. Шайх Абдурроҳман Саъдий ушбу оят борасида деди: «Бу Аллоҳ тарафдан унинг бандаларига лойиқ бўлмаган ҳаракатлари учун танбеҳдир! Агар мўминларга оммавий яхшиликларга таалуқли, мўминларнинг тинчлиги ва хурсандчилигига боғлиқ, ёкида уларга етиши мумкин бўлган хавф-хатар каби муҳим хабар етиб келса, бундай ҳолатда улар шошмашошарлик билан уни ёймасликлари лозим. Улар бунинг ишончли эканига ишонч ҳосил қилишлари ва уни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ёки одамлар орасида эътиборли бўлган илмли ва ўйлаб иш кўрувчи кишиларга етказишлари керак. Улар бўлаётган ҳодисалар ҳақида тасаввурга эгалар ва фойда-зарар масалаларини таҳлил қила оладилар. Агар бундай одамлар етиб келган хабарларни ёйиш мўминларга фойда келтиради, қувват беради, хурсанд қилади ва душманларга қарши бас келишга ёрдам беради деган хулосага келсалар, бу ҳақида оммага эълон қиладилар. Агар улар буни ёйиш мусулмонларга ҳеч қандай фойда келтирмайди ёки фойдадан кўра каттароқ зарар келтиради деган хулосага келсалар, бу (хабар) ёйилмайди. Мана шунинг учун ҳам Аллоҳ айтадики: «уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар иш негизини биладиганлардан билган бўлар эдилар». Яъни, муҳим хабарларни тўғри қараши ва ҳаққоний билими ёрдамида таҳлил қила биладиган одамлар билиши керак. Бу ерда муҳим қоидага далил бор, унга биноан ҳар қандай масалани таҳлил қилишни буни уддалай оладиган кимсага топшириш лозим эканидир. Муҳим масалаларни бу каби одамлардан аввал бирор ким ҳал қилишга киришиши мумкин бўлмайди. Чунки улар тўғри ечимга яқинроқ ва хатодан сақланганроқдир. Шунингдек бу ерда эшитган нарсани шошқалоқлик қилиб ёйишликка таъқиқ бор. Мусулмонлар бир сўзни айтишларидан аввал тафаккур қилишлари ва у (сўз) уларга фойда келтирадими ёки йўқми, бу ҳақида ўйлаб кўришлари кеорак» (Қаранг: «Тафсир ас-Саъдий» 185).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳали одамларга шундай алдамчи замонлар келадики, унда ёлғончининг гапини рост деб кўрилади, ростгўйни ёлғончига чиқарилади, хиёнатчига омонат қўйилади, омонатдор хиёнат қилади, унда рувайбиза гапдонлик қилади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, рувайбиза ким?», деб сўралди. «Ақлсиз одам омманинг ишига тааллуқли гапларни гапиради», деб жавоб бердилар (Аҳмад 2/291, Ибн Можа 4036. Шайх Аҳмад Шокир ва шайх Албоний ҳадисни ҳасан деди).

Усул ал-фиқҳ илмидан маълумки, Қиёмат куни аломатлари ҳақидаги ҳадислар ўз ичига икки нарсани олган: Биринчиси, мусулмонлар бўлиб ўтадиган нарсаларга тайёр бўлишлари керак. Иккинчиси эса, улардаги маъно шуни англатадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳ қилган нарсалардан, улар содир бўлиши муқаррар бўлсада, четланмоқ лозим бўлади (Қаранг: «ал-Муваффақот» 2/450).

Келтирилган оят ва ҳадисда шаръан ҳақли бўлмаган одам мусулмонларнинг муаммолари борасида гапириши ва ҳал қилишга киришиши ҳаром экани аниқ-равшан кўриниб турибди. Бунга жиҳод, ҳукмдорга қарши чиқиш (ҳуруж), кофирликда айблаш (такфир) ва ҳоказолар киради.

Шубҳа йўқки, кимдир айтадики, уламолар ва айниқса, уларнинг фикрича барчалари кофир бўлган, мусулмонларнинг ҳукмдорлари бу масалаларин ҳал қилишмаябти. Ҳатто бу гаплар ҳақиқат бўлган тақдирда ҳам, бу ҳар кимга Ислом умматининг муҳим масалаларини ҳал қилишга киришиш ҳуқуқини бермайди.

Ибн ал-Қоййим деди: «Аллоҳнинг Китоби, Расулининг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Суннати ва саҳобаларнинг сўзларини билган одамгина мусулмон уммати йўлиққан (навозил) мураккаб масалаларни ҳал қилишга ҳақли бўлади. Фақат шундай одамлардангина бу масалаларда фатво олиш мумкин бўлади» (Қаранг: «Эъламул муваққиъин» 4/212).

Наҳотки бугунги кунда навозил масалаларини уламолар ҳал қилаётган бўлса?!

Шайх Солиҳ Фавзондан сўрашди: «Турли мамлакатларда яшовчи толиби илмларга, ўша мамлакатда мусулмон ҳукмдор бўлмаса ва агарда улардан бошқа бирор ким билан боғланишнинг имкони бўлмаса, уммат йўлиққан муҳим масалаларда ва жиҳод масалаларида фатво беришлари вожиб бўладими ёки жоиз бўладими? Шу нарсани тушунтириб берсангиз». Шайх жавоб берди: «Умумий масалаларда уларнинг фатво беришлари мумкин эмас. Бу масалаларда уламолардан бошқа ҳеч кимга фатво бериши мумкин эмас! Аллоҳ таоло бу ҳақида айтади:

«Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар иш негизини биладиганлардан билган бўлар эдилар» (Нисо: 83). Бу масалаларни ўз илми ва тақвоси билан танилган уламолар ҳайъати ҳал қилиши керак бўлади. Умар розияллоҳу анҳу бирор муҳим масала рўй берса, бунинг учун муҳожир ва ансорларни тўплар эди. Ваҳоланки бу Умар эди! Шунга қарамай у улар билан маслаҳатлашиш учун муҳожир ва ансорларни тўплар эди. Агар у (талаба)лардан оддий саволлар ҳақида сўрашса, агар уларда бу борада илм бўлса, улар жавоб беришлари мумкин. Бироқ муҳим масалаларга келсак, буларга ҳеч ким фатво бермайди, фақатгина бу масалаларни ўрганиб чиқадиган (бунга) муносиб уламолар (фатво бера олади)» (Қаранг: «Фатва ал-Фавзан» № 7084).

12. Фойда ва зарар (маслаҳа вал мафсада) масаласига эътиборсизлик

Фойда ва зарар масаласи дин асосларидан ҳисобланади. Аммо, афсуслар бўлсинки кўпчилик мусулмонлар ушбу масалага умуман эътибор беришмайди. Кейин шундай ишлар қилишадики, унинг оқибатида Исломга ҳам, мусулмонларга ҳам улкан зарар келтиришади. Ҳасан Басрий дедилар: «Фитна авж олганда, у ҳақида фақат олим хабардор бўлади. У тугаганидан кейин эса, у ҳақида энди ҳар бир жоҳил хабардор бўлади» (Ибн Саъд «ат-Табақот»да 7/166).

Имом Ибн Муборак деди: «Ҳалол ва ҳаром масаласини тушунган ҳар ким ҳам ҳақиқий олим ҳисобланмайди. Чунки бу масалаларни кўпчилик билади. Бироқ фойда ва зарар масалаларини тушунган ҳақиқий олимдир» (Қаранг: «Алвияту Наср» 1/103).

Фойда ва зарар мавзусида умматимизнинг буюк имомлари тарафидан жуда кўп асарлар ёзилган. Ушбу имомлар асарлари орасида Ибн Таймия, Ибн ал-Қоййим, Шотибий ва бошқаларнинг асарлари бор.

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар» (Анъом: 108).

Имом Шавконий ушбу оятнинг тафсирида айтади: «Ушбу оятда шу нарсага далил борки, агар ҳаққа даъват қилувчи ва бидъатдан қайтарувчи, унинг ҳаракати унданда каттароқ мункар содир бўлиши, ҳақиқатга хилофлик ва бундан каттароқ залолатга йўлиқишга олиб борса, у учун уни (даъватни) тарк қилишлиги афзалроқдир. Бундан ташқари, бу(ндай қилиш) вожиб бўлади» (Қаранг: «Фатҳул Қодир» 2/214).

Аслида бутларни сўкиш жоиз амал. Бундан ташқари бу Аллоҳга қурбат ҳосил қилишлик ҳисобланади. Бироқ бу иш унданда каттароқ зулмга олиб боргани учун, бу амал ҳаром бўлади. Бу ўринда айни Аллоҳни сўкишларига олиб боради.

Баъзилар айтишадики, уламолар у ёки бу фатвони араб давлатлари ҳукмдорлари, ёки Америка, ёки яна кимларнингдир кўнглини олиш учун берадилар. Улар эса аслида фақатгина динни қандай бўлса, шундай етказаётган бўладилар холос. Савол туғилади: наҳотки улар Аллоҳни: «Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз!» оятни мушрикларга ёнбосиш учун нозил қилган дейишга журъат қилсалар?!

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларнинг бирида уларга айтдилар: «Эй Оиша, агар қавминг жоҳилятдан чиқиб, эндигина исломга қадам қўйган бўлмаганида, мен албатта Каъбани бузушни амр қилар эдим. Сўнг ундан нимаики ташқарига олиб чиқиб қурилган бўлса, ичкарига олар эдим. Мавжуд эшик остонасини пасайтириб, яна иккита — машриқ ва мағриб томондан эшиклар очар эдим. Иморатнинг пойдеворини Иброҳим давридагидек қилиб қурар эдим» (Бухорий 1586, Муслим 1333).

Ушбу сўзларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ қилинганидан кейин, мусулмонларда қудрат ҳам, ҳукумат ҳам борлигида айтдилар. Аммо шунга қарамай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, фойда ва зарарни ҳисобга олган ҳолда, фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлган амални бажаришдан воз кечдилар.

Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан у кишининг саҳобалари сўрашди: «Нима учун биз мунофиқларни ўлдирмаймиз?» У зот жавоб бердилар: «Наҳотки сиз одамларнинг: «Муҳаммад асҳобларини ўлдирмоқда» дейишини истасангиз?!» (Муслим 2584).

Мунофиқлар динга кофирлардан кўра кўпроқ зиён келтиришар эди. Аммо шунга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг кетидан келиши мумкин бўлган зарар сабабидан уларни ўлдиришга рухсат бермадилар.

Фойда ва зарар масаласи ҳар доим ва ҳар ерда эътиборга олиниши керак. Жиҳодда ҳам, наҳий мункарда ҳам, кофир бўлган ҳукмдорга қарши бош кўтаришда ҳам, барча нарсада.

Қуйида уламолар фойда ва зарар масаласини барча ишда эътиборга олганлари борасида мисоллар келтирамиз:

Имом Ийз ибн Абдуссалом деди: «Кетидан душманга етадиган талофатни олиб келмаган кофирлар билан бўлган ҳар қандай жангни тарк этиш керак. Чунки ҳаётни ҳавф остига қўйишлик фақатгина динни олий қилишликдаги фойда бўлса ва мушрикларга талофат етса жоиз бўлади. Агар булар бўлмаса, жангни тарк қилишлик вожиб бўлади. Чунки бунда жонларни бекорга йўқотиш, кофирларга хурсандчилик олиб келиш ва мусулмонларнинг хор бўлиши бор. Бу ҳеч қандай фойдаси бўлмаган тўлиқ зарарга айланади» (Қаранг: «Қаваъидул аҳком» 1/95).

Имом Ийзнинг ушбу сўзларида, қаршилик кўрсатиш қобилиятининг бўлишлиги жиҳод қилишликка кифоя қилади дея эътироф қилувчиларга раддия бор. Бу хато фикр. Чунки Макка даврида қаршилик кўрсатиш қобилияти Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг саҳобаларида ҳам бўлган эди. Бироқ Аллоҳ уларга жанг қилишни таъқиқлади. Чунки жанг қилишлик уларга унданда каттароқ зарарни олиб келиши мумкин эди. Ибн ал-Қоййим деди: «Аллоҳ таоло мусулмонларга Маккада жанг қилишни ман қилди ва уларга сабр қилишни буюрди. Бунинг сабаби, уларнинг жанглари, зулмга сабр қилишликдан кўра каттароқ зарарни олиб келмаслиги учун эди. Уларнинг жони, дини ва зурриётини сақлаб қолишликдаги фойда, жанг қилишлик олиб келиши мумкин бўлган фойдадан каттароқ эди» (Қаранг: «Эъламул муваққиъин» 2/150).

Аллоҳ таоло жиҳодни, унинг сабабидан динни олий қилишлик учун жорий қилди. Шайх Абдурроҳман Саъдий деди: «Жиҳод кофирларнинг қонини тўкиш ёки уларнинг молларини ўзлаштириш учун қилинмайди. Жиҳод Аллоҳнинг дини бошқа динларга нисбатан олий бўлишлиги, ер юзида бутпарастлик ва ҳақиқий иймонга зид бўлган барча нарсанинг йўқолиши учун қилинади. Айни мана шу нарса фитнадир. Агар мана шу фитна йўқолса, мусулмонлар қон тўкиш ва жангларни тўхтатиши шартдир» (Қаранг: «Тайсирул Каримир Роҳман» 78).

Шайхулислом Ибн Таймия деди: «Қўзғолончилар жамоасига қарши жанг қилишга бўлган амрга имконият ва қудратнинг мавжуд бўлишлиги шарт қилинади. Мушрик ва кофирларга қарши қилинган жиҳоднинг муҳимлиги, уларга қарши жиҳоднинг муҳимлигидан ортиқ эмас. Бизга маълумки, у (мушрик ва кофирларга қарши жиҳод) ҳам имконият ва қудрат билан шарт қилинган. Баъзида шаръий фойда (кофирларга) тўлов тўлашлик, ёки сулҳ тузишлик, ёки Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча бор қилганларидек, шартнома тузишликда ҳам бўлиши мумкин. Агар имом (ҳукмдор) қудратнинг мавжудлигини кўрса, аммо (жанг қилишда) фойдани кўрмаса, бундай ҳолатда уни тарк этишлиги афзал. Кимки жанг қилишлик фойдадан кўра кўпроқ зиён келтираётганини ва ушбу жанг – фитна эканини кўрса, унга амирига итоат қилишлик вожиб бўлмайди» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 4/442).

Эй мусулмонлар, шайхулисломнинг мана бу сўзларига эътибор беринг!

Биринчидан, у киши айтадики, жиҳод олиб бориш учун қудрат ва имкониятга эга бўлиш керак.

Иккинчидан, у киши агар ҳатто қудрат ва имкониятга бўлган тақдирда ҳам, фойда ва зарар масаласини эътиборга олиш шарт эканига кўрсатма берди.

Учинчидан, у киши жанг фитна ва мусулмонларга нисбатан очиқ зарар бўладиган ҳолатда, амир (ҳукмдор)га итоат қилмаслик жоиз экани ҳақида гапирмоқда. Агар бу ҳақиқий мусулмонлар ҳукмдори борасида айтилган бўлса, асли ҳукмдор бўлмаганга, шунингдек зарар келтираётган нарсада итоат қилишлик ҳақида нима дейиш мумкин?!

Шайхулислом яна айтади: «Ҳукмдорга қарши чиқаётган гуруҳ билиши керакки, уларнинг чиқишларидаги зарар, улар даф қилмоқчи бўлган (зарар)идан каттароқ бўлиши мумкин» (Қаранг: «Минҳажу Сунна» 3/391).

Шунингдек Ибн Таймия Бану Умайя ҳукмдорларига қарши чиққан Ибн Ашъас ва Ибн Муҳаллаб ҳақида айтади: «Улар, худди улар билан бирга бўлганлар каби мағлубиятга учради. Улар динни жорий қилишмади ва дунёни яхшилашмади. Ахир Аллоҳ таоло дин ёки дунё ҳаётига фойда келтирмайдиган амални қилишга буюрмайдику. Ҳатто агар бу ишни қилган Аллоҳнинг валийси, тақводор ва жаннат аҳлидан бўлса ҳам. Улар фитна вақтида жанг қилганлари учун олқишланмаган Али, Оиша, Талҳа, Зубайр ва бошқалардан афзал эмас эдилар. Ваҳоланки улар Аллоҳнинг ҳузурида буюк ўринга эга ва бошқа ҳар кимдан яхшироқ ниятга эга эдилар» (Қаранг: «Минҳажу Сунна» 4/528).

Шайх Ибн Усаймин кофир бўлган ҳукмдорга қарши чиқиш борасида гапирар экан, айтади: «Агар биз уни ағдариб ташлашга қодир бўлсак, бундай ҳолатда унга қарши чиқамиз. Агарда биз бунга қодир бўлмасак – унда йўқ. Чунки ҳар бир шариатдаги вожиботда қудратнинг мавжудлиги шарт қилинади. Энди, агар биз қарши чиқсак, бунда ўша ҳукмдор борида бўлгандан кўра каттароқ зарар келади. Агар биз унга қарши чиқсак, у эса биздан кучлироқ чиқса, бундан кейин биз янада хорроқ ҳолатга тушамиз. У эса ўзининг куфр ва зулмида янада қатъиятлироқ бўлади. Ушбу масалалар шариат билан бошқарилувчи ақлга муҳтож. Бу каби масалаларда биз эҳтиросларимиздан четлашимиз керак. Бизга эҳтирос бизни руҳлантириши учун керак. Бироқ биз, унга эргашишлик ҳалокат бўлган эҳтиросларга эргашиб кетмаслик учун, ақл ва шариатга муҳтожмиз!» (Қаранг: «Бабул Мафтуҳ» 3/126).

Шунингдек Ибн Таймия ҳам наҳий мункарда фойда ва зарар муҳим қоидаси қандай эътиборга олиниш керак эканини бизга гўзал ўрнак билан кўрсатиб кетди. У киши ҳикоя қилади: «Мўғул-татарлар Димашққа ҳужум қилганидан сўнг, мен асҳобларим билан улардан бўлган бир гуруҳ олдидан ўтдик. Улар хамр ичар эди. Ҳамроҳларимдан бири уларни танқид қилмоқчи бўлди. Бироқ мен уни бундан тўсдим ва айтдимки: «Дарҳақиқат, Аллоҳ хамрни ҳаром қилган. Чунки у Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсади. Буларни эса хамр одам ўлдириш, болаларни асирга олиш ва молларни тортиб олишдан тўсади. Шунинг учун қўй уларни»» (Қаранг: «ал-Истиқома» 2/168).

Хулоса

Биз Аллоҳ таолодан Ислом умматини аввалги улуғворлигига қайтаришини ва ҳақиқатга тўғри эътиқод асосида интилувчи мусулмонларни бирлаштиришини сўраймиз!

Биз ихвон жамоаси ва бошқа гуруҳлар каби барча оқимлар билан жамланишга ва: «Бизни бирлаштираётган бидъат, бизни ажратаётган Суннатдан яхшироқ!» дейишликка даъват қилмаймиз. Аллоҳ таоло барчамизни бу каби эътиқоддан сақласин!

Аллоҳнинг раҳмати билан, биз тўғри эътиқодга хилоф қилган ҳолда бирлашиш Исломнинг мақсади деб ҳисобламаймиз. Йўқ! Юқорида зикр қилиб ўтилган умматдаги фитналар сабабига эътибор бермайдиган қанчадан қанча одамлар борки, бунинг аксини гапирмоқда ва ҳаққа бўлган даъватни фитна деб номламоқда. Ахир биз ҳавои нафс аҳли ҳақиқатга йўлиққанида, улар томондан шаклланган ҳизб ёки жамоатнинг парчаланиши ва ихтилофлашишидан қўрқиб, ўша ҳақни фитна деб номлаганини тез-тез гувоҳи бўлмаяпмизми?!

Имом Авзоий ажойиб сўзларни айган: «Одамлар сиздан юз ўгирсалар-да, салаф йўлида бўлинг. Чиройли сўзлар билан безасаларда, одамларнинг раъйларидан эҳтиёт бўлинг!» (Қаранг: «аш-Шариъа» 1/193).

Шунингдек, қанчадан қанча одамлар борки, унинг атрофидагилар унга нисбатан ёмон муомалада бўлиб қолишларидангина қўрқиб, ҳаққа эргашишдан қўрқади. Аллоҳ бизни бу ҳолатдан сақласин!

Тўғри манҳажга эргашувчиларга келсак, биз ишонамизки, у эргашган йўлга эргашувчиларни топади. Имом Фузал ибн Иёз деди: ««Жонлар жангчилар кабидир. Бир бирини танигани бирлашади, бир бирини танимагани эса ажралади» (Бухорий 3336, Муслим 2638). Ва бўлиши мумкин эмаски, Суннат аҳли бидъат аҳлига кўмаклашса. Фақат бу мунофиқликни изҳор қилиш бўлади» (Қаранг: «Шарҳ усул эътиқод» 1/138).

Шайх Аҳмад Нажмий деди: «Мусулмонларни эътиқодда бирлашишга эмас, балки сафда бирлашишга чақираётган кимса, ўша амру маъруф ва наҳий мункарни вайрон қилишни истабди. Мусулмон бошқа мусулмоннинг залолатида иштирок этиши мумкин эмас… Турли эътиқодлар билан бирлашган сафдан Роббимиз ҳеч қачон рози бўлмайди. Сафларни (адашганлар билан) бирлаштириш мумкин эмас ва бу шайтон даъватидир!» (Қаранг: «ал-Фатава ал-жалия» 70).

Шундай бўлсада, ҳар хил оқимларнинг турли эътиқодлар билан сафларни бирлаштиришга бўлган даъватлари бўлиб турганида ҳам, бу самара бермаётганини кўриб турибмиз. Хўш, барча оқимлар жам бўлишди дейлик, кейин нима?! Ҳеч нарса. Вақти келиб бир-бирлари билан урушишни бошлашади. Бунга тарихда мисоллар жуда кўп.

Имом Абу Музаффар Самоний деди: «Агар ҳавои нафс ва бидъат аҳлига назар солсанг, уларни ихтилоф қилаётган ёки ҳизб ва гуруҳларга бўлиниб кетганини кўрасан. Сен улардан иккисини ақидада бир йўлга эргашганини топмайсан. Улар бир бирини бидъатда, ҳатто куфрда айблайди. Ўғил ўз отасини, одам биродарини, қўшни қўшнисини куфрда айблайди. Улар бирлашган, аммо сўзлари бир бирига тўғри келмайди.

«(Оғизларидаги сўзларидан) уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир» (Ҳашр: 14)» (Қаранг: «ал-Ҳужжа» 2/224).

Биз фақатгина балолар манбасига мусулмонларнинг эътиборини қаратмоқчимиз холос. Шояд юқорида айтилганлар борасида тафаккур қилишса. Улар учун мана шу дунёнинг ўзида синовларни тушунишлари ва уни енгиб ўтишлари енгилроқ бўлар эди. Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Аллоҳ йўлида яшаб ўтиш, унинг йўлида вафот топишдан кўра қийинроқ!»

У киши ҳақ сўзни айтган. Ахир ҳеч ким неча йил яшашини ва қай ҳолатда вафот этишини билмайдику. Ахир ҳозир кўпчилик мусулмонлар динни ташлаб кетаётган давр бўлса. Кимдир бу ишни дунё лаззати учун қилса, кимдир Исломда ҳақни топмадим, фақат фитнани топдим деса, яна кимдир бошқа қандайдир сабабларга кўра бу ишга кўл урмоқда. Бироқ одамлар эмас балки Аллоҳнинг Ўзи истаганидек бўлган Аллоҳнинг тоатида узоқ ва муносиб умр кечирган одамга келсак, бундай одам Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг энг афзалидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамларнинг энг яхшиси умри узоқ ва амали яхши бўлганидир. Одамларнинг энг ёмони эса, умри узоқ ва амали ёмон бўлганидир» (Аҳмад, Ҳоким. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 3297).

Юқорида айтиб ўтилганларга якун сифатида салафларнинг ажойиб насиҳатини келтирмоқчимиз. Чунки улардан кўп фойда олиш мумкин:

1200 йилдан аввалроқ яшаб ўтган Юнус ибн Убайд деди: «Бугунги кунимизда кимдир Суннатга даъват қилаётгани ажабланишга лойиқ. Бироқ кимдир даъватга жавоб бериши ва Суннатни қабул қилиши унданда ажабданарлироқ» (Абу Нуъайм «ал-Ҳиля» 3/21).

Худди шу каби 1200 йил аввал яшаб ўтган имом Абу Убайд Қосим ибн Салом деди: «Суннатга эргашувчи қизиб турган чўғни ушлаб турган кабидир. Менинг наздимда бугунги кунда шундай одам Аллоҳ йўлида қиличини силкитаётгандан (яъни жиҳод қилаётгандан) кўра яхшироқдир» (Қаранг: «Тарихул Боғдод» 12/410).

Суфён ибн Уяйна деди: «Яхши ва ёмонни билган ҳар ким ҳам ақл эгаси ҳисобланавермайди. Дарҳақиқат, ақл эгаси – яхшини кўриб унга эргашган, ёмонни кўриб эса ундан четлашгандир» (Қаранг: «ал-Ҳиля» 8/339).

Имом Асбаҳоний ёзади: «Дарҳақиқат, бидъат аҳлидан бўлган ҳар бир гуруҳ уларнинг йўли Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юрган йўл эканини эътироф этади. Аслида эса улар динга на Аллоҳ, на Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) изн бермаган нарсани киритишди. Бироқ Аллоҳ буни рад қилади. Чунки У шундай қилдики, ҳақ ва тўғри ақида ҳадис билимдонлари ва салафларнинг йўлидан бошқасида бўлиши мумкин эмас. Чунки улар ўз дини ва ақидасини, асрдан асрга оша, салафлардан тақлид қилиб ўрганиб келдилар. Улар буни тобиинлардан ўрганди, тобиинлар эса буни саҳобалардан ўрганди, саҳобалар эса буни Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўрганди» (Қаранг: «ал-Ҳужжа» 2/233).

Сўзимиз охирида оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамдлар айтамиз!


[1] Бу хутбани «Ҳожат хутбаси» деб аталади. Бу хутбани ҳар бир ишни бошлашда ўқиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга бу хутбани диний ишларида, у ишлар никоҳ, жума, маъруза ва бошқа бўлсин, сўзбоши қилиб ўқишлари мумкин эканини ўргатар эдилар. Бунинг аслини кўриш учун қуйидагиларга қаранг: «Сунан Ибн Можжа»: «Китабун Никаҳ: Баб Хутбатун Никаҳ», «Сунан ат-Термизий», «Сунан Аби Довуд», «Сунан ан-Насоий», Абу Яълонинг «Сунан»и, Байҳақийнинг «Сунан»и, Табаронийнинг «ал-Муъжам ал-Кабир» ва Имом Аҳмаднинг «ал-Муснад» китоблари. Бу хутбанинг бир қисми Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида «Китабул-жумуаъ: бабу хутбатиҳи соллаллоҳу алайҳи ва саллам»да ривоят қилинган. Муфассал ўрганиш учун шайх, аллома, муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албонийнинг «Хутбатул Ҳожа» китобига мурожаат қилинсин.

[2] Афсуски, аслида умматнинг муҳим масалалари ечимига киришган баъзиларда ҳатто шу сифатлар ҳам топилмай қолмоқда.

6 та мулоҳаза

  1. Муслим → 24.05.2011 йил

    Субханоллох! Жазакаллоху хойр, Аллох барчамизга амал килишликни насиб этсин.

  2. suhrob → 05.06.2011 йил

    алхамдулиллахи

  3. Mufazzala → 18.06.2011 йил

    Assalamu alaykum, juda yaxshi maqola bo’libti, hamasidan ham «foyda va zarar» haqida yanada ko’p malumotlar bilsak yaxshi bo’lardi,inshaalloh.

  4. mr.muvahhid → 26.08.2011 йил

    Va alaykumus salam va rohmatullohi va barokatuhu
    jazakumullohu xoyron
    Alloh bizlarni dinini to’g’ri tushunuchi, sirotol mustaqiymda qoim bo’luchi va najot topguchilardan qilsin, va bizlarni faqat mu’min bo’lgan xolimizda jonimizni olsin, amiyn!
    Uhibbukum fiy sabilillah

  5. Мухаммад Умар → 13.02.2012 йил

    Ассаламу алайкум ва рохматуллох ва барокатух! Иншааллох имом Молик рохимахуллох айтганларидек: Бу дин аввал нимада ислох бўлган бўлса,охирида хам шунда ислох бўлади.

  6. sakiyna → 08.08.2012 йил

    Assalamu alaykum qachon tuzalish mumkin baribir Masala

Фикр билдиринг