Аёл киши учун жиҳод қачон фарз бўлади?

Аёл киши учун жиҳод қачон фарз бўлади?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Дарҳқақиқат бугунги кунда аёлларни жиҳод қилишликка даъват қилувчи «даъватчи»лар пайдо бўлган. Ҳатто уларнинг ораларида шундайлари борлигини эшитмоқдамизки, интернет орқали ёш қизларни жиҳод қиламиз деб бошини айлантириб, ўз олдига чақириб олиб, валийси розилигисиз никоҳлаб олиб, бирга жиҳод қилишга олиб кетишаётган эмиш, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.

Баъзи мусулмонлар муслима опа-сингилларимизни жиҳод майдонига (аслида бу жиҳодий ҳаракатлари шаръий экани катта шубҳа остида) чорлаётганларини оқлаш мақсадида, аввалда ҳам уламолар аёлларни жиҳодга чақиришганини далил қилиб келтиришмоқда. Улар мусулмонлар юртига кофирларнинг бостириб келганида, жиҳод барча учун, аёллар ва болалар учун ҳам, фарзи айн бўлади деган баъзи имомларнинг сўзларини келтиришмоқда. Сўнг ўша мусулмонлар ўша ҳолатга қиёс қилиб айтишмоқдаки, бугунги кунимизда жиҳод фарзи айн, демак бунга аёллар ҳам киради.

Ушбу даъвога осонгина жавоб бериш мумкин.

Биринчидан, ушбу имомлар кофирлар мусулмон юртларга бостириб киришган ва ўша одамлар, аёллар ва болалар ҳужум остида қолиб кетишган ва уларда жанг қилишдан бошқа иложлари йўқ ҳолат ҳақида гапиришган. Улар бу билан ўзларини ҳимоя қилишади. Улар аёл кишининг жанг майдонига ўз ихтиёри билан бориши ҳақида гапиришмаган.

Иккинчидан, душман бостириб келганида аёллар учун ҳам жиҳод фарзи айн бўлиши ва улар эрларининг рухсатисиз жиҳодга чиқишлари керак экани ҳақидаги фикр мансуҳ бўлган. Ушбу фикр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига хилофдир. Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умумий қилиб аёл киши жиҳод қилиши шарт эмас деб айтганлар. Яна ушбу фикр ушбу масаладаги уламолар ижмосига ҳам зиддир.

Душман бостириб келганида аёл киши ҳатто эри бунга рухсат бермаса ҳам жанг қилиши керак деган фикр баъзи имомларнинг фикри бўлган. Улар баъзи фиқҳий мазҳаб китобларида келтирилган.

Ҳатто агар душман бостириб келса ҳам аёлларга жиҳод фарз бўлмайди, фақатгина эркаклар учун фарз бўлади деган фикрга уламолар ижмо қилганларини имом Ибн Ҳазм келтирган. У киши айтадики: «Кофирлар бостириб келган ҳолатда мусулмонларни, уларнинг қалъа ва оилаларини ҳимоя қилишга қодир бўлган, вояга етган эркаклари учун фарз эканига (салафлар) ижмо қилишди» (Қаранг: «Маротибул ижмоъ» 135).

Аёл кишининг жиҳод қилиши фарз эмас эканига юзлаб ижмоларни келтириш мумкин.

«Аёл учун жиҳод мажбурияти йўқ. Бунда ҳеч қандай ихтилоф йўқ!» Имомлар айнан мана шундай деб айтишган. Улардан Ибн Ҳазм, Ибн Рушд, Ибн Обидийн, Шайбоний ва бошқа кўпгина имомлар (Қаранг: «Шарҳ ал-Кабир» 1/200, «Қованинул аҳком» 163, «Муғний Муҳтаж» 4/209, «Хошия Ибн Обидийн» 4/25, «Маротибул ижмоъ» 119, «Бидаятул мужтаҳид» 1/281).

Фақатгина якка муслимага агар унга ҳужум қилишса ва уни жинсий зўрламоқчи бўлишса, мана шу ҳолатдагина унга жанг қилишлик фарз бўлади. Ҳофиз Ибн Наҳҳос деди: «Агар аёл билсаки, агар у таслим бўлса уни (жинсий) зўрлашса, ҳатто ҳалок бўлса ҳам унга ҳимояланиш фарз бўлади. Дарҳақиқат, кимки зинога зўрланса, бунда итоат қилиш мумкин эмас!» (Қаранг: «Машаривал ашвақ» 102).

Ғазотларда аёл кишининг иштирок этиши мумкин бўлган ягона ҳолат, агар унинг валийси бунга ижозат берса, агар мусулмонлар ҳукмдори ижозат берса ва агар улар ушбу ғазотда аёллар хавфсизликда бўлишини таҳмин қилинса жоиз бўлади. Бу ҳолатда ҳам уларга энг кўпи билан қилиши жоиз бўлган нарса шуки, улар ярадорларни даволаш ва уларни ҳолидан хабардор бўлишларидир. Қурол кўтариб жанг майдонида урушиш эмас! Баъзи имомларнинг фикрича, бунинг жоиз экани ҳам кейинчалик мансуҳ қилинган экан. Бунда улар қуйидаги ҳадисга суянишган: Бану Азро қабиласидан бўлган Умму Кабша ривоят қилади: «Кунларнинг бирида мен Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедим: «Эй Аллоҳнинг Росули, менга фалончи аскарлар билан (жиҳодга) чиқишга изн берсангиз». У зот жавоб бердилар: «Агар (одамлар) «Фалончи жиҳодга чиқибди» деб, буни Суннат деб ҳисоблаб қолмаганларида, мен сенга ижозат берардим. Аммо (сен) ўз уйингда қолгин!»» (Ибн Мандаҳ «ал-Маърифа» 2/362, Табароний «ал-Авсат» 4604. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 2740).

Ҳофиз Ибн Ҳажар деди: «Ибн Саъд Ибн Абу Шайбадан келтирган ҳадиснинг бошқа ривоятида айтилади: «Қолгин. Чунки мен одамлар: «Муҳаммад хотинлар билан бирга ғазотга чиқмоқда!» деб гапиришларини истамайман». Ушбу ҳадисни Умму Синон ал-Асламий таржимаи ҳолида зикр қилинган (жиҳодда аёлларнинг ҳозир бўлиши ҳақидаги) ҳадис билан жамлаш мумкин. Чунки бу носих (бекор қилувчи) ҳадис. Аёллар ғазотга чиқишлари Хайбар ғазоти даврида бўлган, ундан олдин эса Уҳуд жангида бўлган. Бу «Саҳиҳул Бухорий»даги Баро ибн Озиб ҳадисида айтилганидек. Бу эса (яъни аёлларга жиҳодга чиқишга рухсат бермаганлари) Макка фатҳидан кейин айтилган» (Қаранг: «ал-Исаба» 8/283).

Мана шундан кейин ҳам, қандай қилиб хавфсиз жойда бўлган аёлни, жанг ва хатар ўрнига чақириш мумкин?! Аллоҳга қасамки, ушбу чақириқ, салафлар чақирган нарсага хилофдир!

Имом Ибн Қудома деди: «Душман ерига аёллар, хусусан ёш аёлларнинг кириши қораланган! Аёллар жанг қиладиган одамлар сарасидан эмас!» (Қаранг: «ал-Муғний» 10/391).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди: «Хатарли жойларда яшаманглар!» (Абдурраззоқ 5/162. Исноди ҳасан).

Имом Абу Убайд Умарнинг ушбу сўзларини шарҳлар экан, деди: «У чегара худудларида хотинлари билан яшашликни назарда тутмоқда. Чунки бу оила билан яшайдиган ўрин эмас» (Қаранг: «Ғарибул ҳадис» 3/325).

Муслима аёлларни жанг қилаётган эркаклар сафида бўлишга чақириш – ушбу асрнинг бидъатларидандир! Бу нарсани замонамиз уламолари қоралашган. Шайх Ибн Боз, шайх Албоний ва шайх Аҳмад Шокир шулар жумласидандир. Уларнинг айтишича, буни баъзи жоҳиллар коммунист ва шиаларга тақлид қилиб, ўрганиб олишган экан. Айни мана шу тоифалар аёлларни армияга киритишни бошлаганларнинг аввалгиларидир (Қаранг: «Умдату-ттафсир» 3/157, «Мажалла ал-бухус» 6/297).

Жиҳоднинг аёлларга фарз экани борасидаги масалани шайх Аҳмад Нажмий 20 йилдан аввалроқ ажойиб суратда ёритиб берганлар. У киши шайх Абдуллоҳ Аззамга раддия берар эканлар, у кишиининг «Ислом ерларини ҳимоя қилиш энг муҳим фарзлардандир» номли китобларининг 36-саҳифасида айтадилар: «Агар душманлар Ислом ерларига кирган бўлишса, бундай ҳолатда ушбу шаҳар ва унинг атрофидагилар учун жиҳод фарз бўлади. Бундай ҳолатда рухсат сўрашлик соқит бўлади ва ўғил ота розилигисиз, хотин эр розилигисиз ва қарздор қарз берувчининг розилигисиз (жиҳодга) чиқади!»

Шайх Аҳмад Нажмий ушбу сўзларга нисбатан шундай ёзадилар: «Ислом ерига душман ҳужуми вақтида ота-она ва қарз берувчидан изн сўрашлик соқит бўлиши (яъни изн сўрамаса ҳам бўлавериши) тушунарли бўлган нарса. Бироқ хотин ҳам эридан рухсат сўрамаслигига келсак, бу баъзи фақиҳлар бунга далили бўлмаган ҳолда киритган нарсадир! Аёллар жиҳод қилиши фарз эмас. Бунга Оишадан келган саҳиҳ ҳадис далолат қилади, у зот айтадиларки: «Эй Расулуллоҳ, аёл киши жиҳод қилиши керакми?» Бунга Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бердилар: «Ҳа. Уларнинг жиҳоди, бу жангсиз жиҳод – Ҳаж ва Умра!» (Бухорий ривояти). Кимки аёллар жиҳод қилиши керак эканини даъво қилса, ўша Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у зотнинг сўзлари ва ҳукмларини рад қилибди!»

Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар жиҳод қилишлари шарт эмас эканини умумий қилиб айтдилар. Энди кимдир келиб баъзи ҳолатлар борки, унда аёллар ҳам жиҳод қиладилар демоқда, аммо бунга на Қуръондан, на Суннатдан, на уламолар ижмосидан хословчи далил келтирмаябти. Шу сабабдан ҳам шайх бу каби нарсани даъво қилувчи, бу каби даъволари билан аёлларни жиҳодга буюрмаган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни инкор қилган ёки ҳаттоки у зотга раддия берган бўлади деб айтмоқда.

Шайх Аҳмад давом этди: «Бу каби ҳолатларда аёлларга жиҳод мажбуриятини юклаётганлар сўзларидан (шу нарса маълум бўлмоқдаки), аёл агар жиҳодга чиқмаса, гуноҳкор бўлар экан, ҳатто агар у болалари, уйини тарк қилиб, асирга тушса ҳам!»

Яна шайх Нажмий деди: «Муҳим жойи шуки, аёл киши жиҳодга эрининг рухсатисиз чиқиши мумкин деган сўзлар – ҳолат юзасидан тафаккур қилмаслик ва оқибатини инобатга олмаслик билан айтилган ёлғон сўзлардир. Бу аввалда ушбу сўзни айтганларга тақлиддир (кўр-кўрона эргашишликдир)» (Қаранг: «Рисолатул иршод ила баёнил ҳақ фи ҳукмил жиҳад» 84).

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan