PDF WORD

Нима учун мусулмонлар Ҳаж маросимини адо этишади?

Нима учун мусулмонлар Ҳаж маросимини адо этишади?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Албатта ҳамд-мақтовлар Аллоҳгадир. Биз Ундан ёрдам беришини ва гуноҳларимизни кечиришини сўраймиз. Гуноҳларимиздан ҳамда қилмишларимизнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилган бўлса, бас – уни ҳеч ким адаштира олмайди ва кимники У адаштирган бўлса, бас – унинг ҳидоят қилувчиси йўқ. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ягонадир, Унинг бирон шериги йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг бандаси ва элчисидирлар.

Ҳаж… Аллоҳ Таоло моддий жиҳатдан ва жисмонан қодир бўлган ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга умри давомида бир марта ҳаж ибодатини адо этишни фарз қилган. Ҳаж Исломнинг беш устунларидан биридир. У ҳижратнинг, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага чиқиб кетганларининг олтинчи йилида фарз бўлган. Ҳажнинг фарзлигини инкор этадиган мусулмон кофирга айланади. Ҳаж қилишга имкони бўла туриб, уни адо этмаган киши Қиёмат куни жавобгар бўлади.

Аллоҳ Таоло марҳамат қиладики:

«Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир» (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Ислом беш устунга бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчиси», деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Маккага ҳаж қилиш ва Рамазон ойида рўза тутиш» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажни «ибодатнинг чўққиси» деб атаганлар. Аллоҳ Таоло Ҳажни гуноҳ ва зулм қилмаган ҳолда адо этган мусулмоннинг ўтган барча гуноҳлари ўчирилишини, натижада у худди янги туғилган гўдак каби бегуноҳ одамга айланишини ваъда қилган.

Ҳаж ва Умранинг фазилат ва фойдалари

Ҳаж ва Умра (кичик ҳаж) мусулмонларнинг амалга оширишлари тарғиб этилган солиҳ амаллардандир. Кўпчилик мусулмонлар ушбу тақво амалини адо этишга ошиқадилар. Аммо баъзилар вафот топгунларига қадар ҳам уни адо қилишга имкон топа олмайдилар. Бунга уларнинг умрлари қисқалиги ёки уни адо этиш учун маблағ жиҳатидан ҳеч қачон қодир бўлмасликлари сабаб бўлади.

Ҳажни адо этиш Аллоҳнинг мусулмонлардаги ҳаққидир. Мол-дунё ва бошқа керакли воситаларга эга бўлганларнинг барчасига ушбу ҳақни адо этиш вожиб бўлади. Аллоҳ Таоло шундай деган:

«Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Энг афзал амал қайси?», – деб сўралди. У киши: «Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш», – деб жавоб бердилар. Сўровчи одам: «Ундан кейин-чи?» – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш», – деб жавоб бердилар. Сўровчи одам: «Ундан кейин энг яхши нарса нима?» – деб яна савол берди. У киши: «Ҳажжи мабрур (яъни, гуноҳлардан холи ҳамда Аллоҳнинг қабули ва ризоси билан тақдирланган нуқсонсиз ҳаж)», – деб жавоб қилдилар» (Имом Аҳмад ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳнинг розилиги учун ҳажни адо этган ҳамда бузуқ ишлар ва гуноҳлардан четлашган киши ҳаждан худди онасидан туғилгандек барча гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Кунлардан бир куни Оиша разияллоҳу анҳо: «Ё Расулаллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам! Жиҳод амалларнинг энг афзалидир. Шундай экан, биз (аёллар) ҳам унда фаол бўлмаган ҳолда иштирок этишимиз керакми?» – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб қилдилар: «Сизлар учун энг яхши жиҳод ҳажжи мабрурдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Абу Ҳурайранинг ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаж қариялар, заифлар ҳамда аёллар учун жиҳоддир», – деб айтганлар (Ушбу ҳадис Насбуъ томонидан ривоятчиларнинг саҳиҳ силсиласи билан келтирилган).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Бир киши Арафот тоғидаги адирда ўз маркабини миниб кетаётиб, ногаҳон қулаб тушди ва вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг танасини ювинглар, боши билан юзини очиқ қолдириб, эҳромда (ҳожилар киядиган икки бўлак мато – таҳририят изоҳи) кўминглар. Қиёмат куни у талбия (ҳожи овозини чиқариб, «Лаббайкаллоҳумма лаббайк…», деб айтадиган сўзлар – таҳририят изоҳи) айтган ҳолда тирилади», – дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳаж кимларга фарз?

Қуйидаги шартлар мавжуд бўлган ҳар бир инсон учун ҳаж қилиш фарздир:

1. Ислом, яъни мусулмон бўлиш; Ҳаж кофирга фарз эмас.

2. Оқил бўлиш; Ҳаж ақлан заиф ва руҳан хаста одамга фарз эмас.

3. Озод бўлиш; Ҳаж қулга фарз эмас, чунки у ўз хожасининг мулкидир.

4. Балоғат ёшига етган бўлиш; Ҳаж ёш болага фарз эмас. Мабодо ёш бола ҳаж қилса, ундан ҳажни адо этиш мажбурияти соқит бўлмайди ва у балоғат ёшига етганидан сўнг яна бир бор ҳажни адо этиши лозим бўлади.

5. Сафарга қодир бўлиш; Ҳаж қилиш жуда камбағал одам учун фарз эмас.

6. Йўлнинг бехатар бўлиши; Агар кема ёки бошқа маркаб (транспорт воситаси) турини хатар остига қўядиган уруш кетаётган бўлса, ёки йўлда ноқулайликлар бўлса, ё эса бошқа хавфли вазиятлар мавжуд бўлса, у ҳолда ҳажни адо этиш фарз бўлмайди.

Мусулмон киши ҳаж қилишга қодир бўлсаю, бироқ кексалиги ёки касалмандлиги сабабли уни адо эта олмаса, бошқа бирон кишини ўз номидан ҳаж қилишга юбориши мумкин (буни «ҳажжи бадал» дейилади – таҳририят). Аёл кишига ҳаж сафарида ўз эри ёки маҳрами (у аёлга уйланиши мумкин бўлмаган эркак қариндоши) ҳамроҳ бўлиши керак.

Балоғатга етган мусулмон киши учун умри давомида ҳажни фақат бир марта адо этиш фарздир. Агар бир марта тўғри адо этилса, қайтадан ҳаж қилиш лозим саналмайди.

Ҳаж ибодатининг тарихи

Иброҳим алайҳиссалом Намруд ибн Канъон исмли золим подшоҳ ўз одамларига барча янги туғилган чақалоқларни ўлдиришни ҳамда одамлар тош ва бут-санамларга сиғинишларини буюрган кунларда дунёга келдилар. Намрудга фолбин ва мунажжимлар: «Сенга тобеъ бўлган одамлар орасида ҳукмронлигинг ниҳоясига етишига сабабчи бўладиган бир бола туғилади», – деганлари боис, у қўрқиб кетган эди. Бироқ Аллоҳ Таоло Иброҳимни золим подшоҳнинг қўлидан асради.

Болалик чоғларида у киши Ҳақни топишни жуда қаттиқ истардилар. Ҳатто бир куни тунда осмонни томоша қилаётиб, Иброҳим алайҳиссалом бошқа юлдузлардан ажралиб турган ўзига хос бир юлдузни пайқаб қоладилар ва: «Мана шу – Раббим», – деб айтадилар.[1] Бироқ, юлдуз ботиб кетгач: «Мен ботиб кетгувчиларни ёқтирмайман», – дейдилар. Қуёш ва Ой билан ҳам худди шундай воқеа содир бўлганидан сўнг Иброҳим:

«Мен тўғри йўлни танлаган ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни ихтиро этган Зотга қаратдим. Мен мушриклардан эмасман», – дея эълон қиладилар (Анъом сураси, 75-79 оятлар).

Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар бўлганларидан сўнг одамларни ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақирдилар. Бироқ, одамларнинг барчаси, жумладан у кишининг оталари ҳам, бундан бош тортишди. Бир куни оталари ва бошқа одамлар йўқликларида Иброҳим болтани олиб, бутхонадаги барча бутларни синдириб ташладилар ва фақат энг катта бутни қолдирдилар. Мушриклар буни пайқаганларидан сўнг Иброҳимдан: «Буни ким қилди?» – деб сўрашди. Иброҳим эса: «Энг катта бутдан сўранглар», – деб жавоб қилдилар. «Нима учун сизлар хатто гапира олмайдиган, қимирлай олмайдиган ёки тушунмайдиган нарсаларга ибодат қиласизлар?» – дейдилар Иброҳим. Мушриклар ғазабланиб, у кишини оловга ташлаб ўлдирмоқчи бўладилар. Лекин Аллоҳ Иброҳимни яна асрайди.

Кейинроқ Иброҳим алайҳиссалом Шом (Сурия), Фаластин ва Мисрга сафар қиладилар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг Сора ва Ҳожар исмли иккита аёллари бўлган. У кишининг биринчи фарзандлари Ҳожардан бўлган Исмоил эди. Ундан кейин Сорадан Исҳоқ исмли ўғил кўрганлар.

Маккага сафар

Аёллари Ҳожардан чиройли ўғил – Исмоил туғилгач, Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳиссаломга Ҳожар ва Исмоилни олиб, уйни тарк этишни амр қилади. Улар Сафо ва Марва деб аталувчи икки кичик тепалик яқинидаги экин ўсмайдиган кимсасиз водийга етиб келгунча узоқ сафар қиладилар. Бу жойни биз ҳозирда Макка деб биламиз. Ўша даврда Макка қурғоқчилик ҳукм сурган, ташландиқ ва гиёҳ унмайдиган макон эди. Иброҳим алайҳиссалом аёллари ва ўғилларига фақатгина битта чарм халтада бир неча дона хурмо ҳамда сувли мешни қолдириб, уларни тарк этишга буюриладилар.

Иброҳим алайҳиссалом ортга қайта бошлаганларида, Ҳожар онамиз: «Бизларни бирон тириклик ёки бошқа нарса бўлмаган бу водийга ташлаб қаерга кетаяпсиз?» – деб орқаларидан эргашадилар. Ҳожар бу саволни қайта-қайта такрорлайдилар, аммо Иброҳим алайҳиссалом уларга бирон нарса деб жавоб бермайдилар. Шунда Ҳожар: «Аллоҳ сизни шу ишни қилишга буюрдими?» – деб сўрайдилар. Иброҳим алайҳиссалом: «Ҳа», – дейдилар. Шунда Ҳожар: «Ундай бўлса, У бизни бу ерда ҳалок бўлиб кетишимизга йўл қўймайди», – дейдилар. Шу сўзларни айтиб, Ҳожар Иброҳим алайҳиссалом қолдириб кетган жойга қайтиб борадилар.

Иброҳим алайҳиссалом тоғнинг Ҳожар ва Исмоилга кўриниши қийин бўлган тор сўқмоғига етгунча юришда давом этадилар. Ўша ерда тўхтаб, Байтул Ҳаром томонга юзланадилар ва қўлларини кўтариб, мана бу дуони ўқийдилар:

«Эй Раббимиз! Мен зурриётимдан (бир қисмини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Эй Раббимиз! (Улар) намозни мукаммал адо этсинлар, деб (шундай қилдим). Бас, Сен ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (барча) мевалардан озиқлантиргин, шояд (шунда) шукр қилсалар» (Иброхим сураси, 37-оят).

Замзам булоғининг очилиши

Кўп ўтмай, ҳали чақалоқ бўлган Исмоил чанқайди ва сув ичишни хоҳлаб йиғлай бошлайди. Ҳожар онамиз нима қилишни билмай, сув қидириб бир у тепаликка, бир бу тепаликка 7 марта югурадилар. Шунда Аллоҳ Таоло мўъжиза содир қилади – Исмоилнинг оёқлари остидаги ердан булоқ отилиб чиқа бошлайди…

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бу икки тоғ ўртасида саъй қилишнинг келиб чиқиши мана шундандир», – деганлар.

Ҳожар онамиз бу ҳолатни узоқдан кўриб, югуриб келадилар. Шундай қилиб, уларнинг ҳаётлари сақланиб қолади.

Хос туш

Иброҳим алайҳиссалом ўз ерлари ва қавмларини тарк этганларида Аллоҳ Таолодан солиҳ фарзанд ато этишини сўраган эдилар. Шундан сўнг Аллоҳ Таоло у кишига Исмоил исмли солиҳ фарзанд хушхабарини беради. Исмоил у кишининг тўнғич ўғиллари эди. У Иброҳим алайҳиссалом олтмиш олти ёшга тўлганларида дунёга келган. Исмоил алайҳиссалом ўсиб чиройли бола бўлиб қолган пайтларида Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини қурбонлик қилишга буюрилганликлари ҳақида туш кўрадилар. Улар бу туш ҳақида Исмоилга айтиб берадилар.

«У (яъни, Иброҳим алайҳиссалом): «Эй, ўғилчам, мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир ўйлаб кўргин», – деди. Лекин унинг ўғли довюрак бола эди. У отасига деди: «Эй, отажон, сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг. Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз» (Соффот сураси, 103-оят).

Аммо Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳиссаломга фарзандларини қурбон қилдирмади. Иброҳим алайҳиссалом қурбонлик учун мўлжалланган жойга етиб келиб, ўғилларининг бўйнига пичоқни қўйганларида Аллоҳ қурбонликни охирига етказишдан тўхтатиб қолди. Шундан сўнг Аллоҳ Таоло унинг ўрнига қурбонликка сўйилиши учун бир жонлиқ юборди.

Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз суюкли фарзандини қурбон этишга тайёр эканлигидан шу даражада рози бўлдики, мўминларга бу кунни Ийдул-Азҳо (Қурбонлик байрами) деб нишонлашни буюрди. Ҳар йили бутун дунё мусулмонлари Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳга бўлган иймонларини эслаш учун жонлиқ қурбон қиладилар.

Каъбанинг бунёд этилиши

Иброҳим алайҳиссалом ва уларнинг ўғиллари Исмоил алайҳиссалом Байтуллоҳни (Каъбани) қуришликка буюриладилар ва бу ишни қандай амалга ошириш борасида Аллоҳ Таоло уларга кўрсатма беради. Улар яқин атрофдаги тепаликлардан тош келтириб, ишга киришадилар. Иброҳим алайҳиссалом ушбу муборак макон ва унинг аҳли ҳаққига дуо қиладилар:

«Қачонки, Иброҳим ўз ўғли Исмоил билан биргаликда Уй (Байтуллоҳ) нинг пойдеворини кўтарар эканлар, (шундай дуо қилдилар): «Эй, Раббимиз, биздан (ушбу ишимизни) қабул айла. Албатта Сен эшитувчи ва доно Зотдирсан! Эй, Раббимиз, бизни ўзингга бўйинсунувчи қилгин ва зурриётимиздан ҳам Сенга итоат қиладиган уммат (чиқаргин)! Шунингдек, бизга (ҳажга доир) ибодатларимизни кўрсатиб бер ва тавбаларимизни қабул эт! Албатта Сен тавбаларни қабул этувчи, раҳмли зотдирсан» (Бақара сураси, 127-128-оятлар).

Шунингдек, Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари – Макка аҳолиси орасидан Аллоҳнинг динини таълим берадиган пайғамбар туғилишини сўраб дуо қиладилар. Уларнинг дуолари ижобат бўлади – уларга пайғамбар юборилади. Юборилган пайғамбар тили ва ирқидан қатъий назар барча одамларга пайғамбар қилиб юборилган эди. Унинг исми Муҳаммад эди. У Исмоил алайҳиссалом авлодидан бўлиб, барча пайғамбарларнинг муҳри ва Аллоҳнинг бутун инсониятга юборган охирги пайғамбари эди.

Илк ҳаж чақириғи

Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳиссаломга Каъбани у ерда ибодат қилишга келганлар учун поклашни ва одамларни ҳаж қилишга чақиришни амр қилади. Бугунги кунда миллионлаб одамлар ҳар йили пайғамбарлар Иброҳим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган чақириққа ижобат қилиб бу ерга келадилар.

Ўша замондан буён Ер юзининг турли бурчакларида яшовчи имконият ва саломатлиги яхши бўлган барча мусулмонлар зиммаларига умрларида бир марта ҳаж ибодатини адо этиш фарз қилинган.

Ҳаж ва умра қандай адо этилади?

Биринчи: Поклик ибодатдир. Покланиш ҳам ўз-ўзидан яхши амал саналади. Боз устига Исломда бу диний мажбурият ҳамдир. Ҳожи эҳром кийишидан олдин тирноқларини олиши, мўйлабларини қисқартириши, танасидаги ортиқча тукларни олиб ташлаши ва ғусл қилиши лозим. Шундан сўнг ҳожи ҳаж либосини кийиб, эҳром ҳолатига киради ва «мийқот» номи билан танилган махсус белгиланган жойларнинг биридан ҳажга ният қилади.

Масжидул-Ҳаром томон борар экан, ҳожи овозини чиқариб: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк…», – дея талбия айтиб кетади. Ҳожи сафари давомида талбияни тез-тез такрорлаб туриши керак.

Ҳожи эҳром ҳолатига кирганда, ҳажнинг қайси турини адо этмоқчилигини ният қилиши лозим. Ҳажни қуйидаги уч хил турнинг бирини ният қилиш билан амалга оширишга киришилади:

 Ат-Таматтуъ нияти: Таматтуъни ният қилган ҳожи мийқотда эҳромга кираётганида, аввал умрани ният қилади, шундан сўнг Макка томон йўл олади. Умрани адо этганидан сўнг ҳожи эҳром ҳолатидан чиқади ва ҳаж бошланишини кутади. Ҳаж бошланганда ҳожи Маккада яна қайтадан эҳром ҳолатига кириб, ҳажни адо этишга киришади.[2]

 Ал-Қирон нияти: Бунда ҳожи мийқотда умра ва ҳажни баб-баравар адо этиш нияти билан эҳромга киради. Бу ҳолда у Маккага киргач, даставвал умрани адо этади. Шундан сўнг то ҳажни ҳам охиригача адо этмагунича эҳром ҳолатида қолиши керак бўлади.[3]

 Ал-Ифрод нияти: Ҳожи мийқотда фақат ҳажнинг ўзини адо этиш нияти билан эҳромга киради.[4]

Иккинчи: Ҳожи «Ат-Таматтуъ» ёки «Ал-Қирон»ни ният қилган бўлса, Маккага етгач, энг биринчи умрани адо этиши керак бўлади. Умра қуйидагича адо этилади:

Ҳожи Каъбанинг «Қора тош» ўрнатилган бурчагидан бошлаб, Каъбани етти марта айланиб чиқади. Бу «тавоф» деб номланади. Шундан сўнг у Мақоми Иброҳимда 2 ракаат намоз ўқийди. Намоз ўқиб бўлгандан кейин Замзам сувидан бир оз ичиш суннат амали ҳисобланади. Шундан сўнг ҳожи Сафо ва Марва тепаликлари томон қараб кетади ва улар орасида етти марта саъй килади. Агар ҳожи «Ат-Таматтуъ» қилаётган бўлса, саъй амалини тугатиб бўлибоқ сочини олдириб (ёки ҳамма томонидан бир хилда қисқартириб), эҳромдан чиқиб туради. «Ал-Қирон» қилаётган ҳожи эса эҳром ҳолатида қолаверади.

«Ифрод» қилувчи ҳожи ҳам Маккага эҳром кийган ҳолатича киради. У ҳам Каъбанинг атрофида айланиб, тавоф қилади. Бироқ буни умранинг бир қисми сифатида эмас, балки Масжидул-Ҳаромга салом (ҳурмат) тарзида амалга оширади.

Учинчи: Зулҳижжа ойининг 8-куни. Бу куни ҳажнинг асосий амаллари бошланади. Ҳожи эҳром ҳолатида Мино томон йўл олади. Бу кун «Явмут-тарвияҳ» деб номланади. Ҳожи Минода бутун кундуз ва кечани ибодат билан ўтказиб, ўзини Арафотга чиқишга тайёрлайди. У пешин ва аср намозларини қаср килиб, 2 ракаатдан ўқийди. Шом намозини одатдагидек 3 ракаат, хуфтон намозини эса яна қаср қилиб, 2 ракаат қилиб ўқийди.

Тўртинчи: Зулҳижжа ойининг 9-куни. Ушбу кун бутун оламда «Арафа» деган ном билан машҳур бўлган муқаддас кундир. Бу кунни ҳажда «Явмул-вуқуф», яъни «туриш куни» деб номланади. Арафа куни ҳажнинг энг асосий рукни – Вуқуфи Арафот адо этилади. Шу куни ҳожи бомдод намозини Минода ўқийди. Қуёш чиққач, Арафот водийси томон йўл олади. Арафотга у туш вақтида кириб келиши лозим. У ерга келганидан сўнг ҳожи тез-тез талбия айтишда давом этади ҳамда ўзини Аллоҳга дуолар қилишга бағишлайди. У Арафот ҳудудининг ичидалигига ишончи комил бўлиши керак. Ҳожи Арафот водийсида бўлганда, пешин билан аср намозларини қаср ва жамъ қилиб пешин намози вақтида ўқийди. Ҳар бир мусулмон ҳожи бу ноёб ва қимматли лаҳзаларни ниҳоятда ғанимат билиши ва бу соатларни Аллоҳга кўп дуо-илтижолар, ибодату тиловатлар билан ўтказмоғи даркор. Кечқурун қуёш ботгач, ҳожи Арафот майдони ва Мино оралиғида жойлашган Муздалифа томон йўл олади. Ҳожи шом намозига хуфтон намозини қаср қилган ҳолда қўшиб, Муздалифада жамъ қилиб ўқийди. Шундан сўнг у тунни Муздалифада дам олиш ва намозлар ўқиш билан ўтказади.

Бешинчи: Зулҳижжа ойининг 10-куни. Бу кун бутун дунё мусулмонлари ўртасида Ийдул-Азҳо (Қурбонлик байрами) деб ном олган. Уни яна «Явмун-Наҳр», яъни «Қурбонлик куни» деб ҳам аташади. Бомдод намозидан сўнг – ҳали қуёш чиқмасидан туриб, ҳожи Муздалифани тарк этади ва Мино томон йўл олади.

Минога етиб келиши билан у Жамротул-Ақоба номли тош устун олдига боради. Бу Минода жойлашган учта устуннинг энг каттасидир. Ҳожи етти дона майда тошчаларни олиб, ўша устунга қарата отади. Ҳар бир тошчани отаётганда «Аллоҳу Акбар!» дейди. Агар у ҳажни «Ат-Таматтуъ» ёки «Ал-Қирон» нияти билан адо этаётган бўлса, қурбонлик учун мўлжалланган ҳайвонни қурбон қилиши лозим бўлади. Фақат ҳажнинг ўзини, яъни «Ал-Ифрод»ни ният қилган одам эса бундай қилиши шарт эмас. Мана шу ўринда барча ҳожилар эҳром ҳолатидан чиқадилар ва сочларини калталатадилар ёки таги билан қириб ташлайдилар.

Шундан сўнг ҳожи Маккага қайтади ва Каъбани етти марта айланиб, тавоф қилади. Бу тавофнинг номи «Тавофул-Ифода»дир. Шундан сўнг у Сафо билан Марва орасини етти марта айланиб чиқиши керак. Ушбу маросимларни бажариб бўлганидан сўнг ҳожи Минога қайтиб, ўша ерда кечанинг қолган қисмини ўтказиши лозим.

Олтинчи: Зулҳижжанинг 11, 12, 13-кунлари. Бу кунлар араб тилида «Айямут-Ташриқ», яъни «гўшт қотириш кунлари» деб аталади.

Ҳожи шу 3 кун давомида Минода бўлади. Ҳар куни пешин намозидан сўнг у учта тош устуннинг ҳар бирига еттитадан кичик тошчалар отади. Аввал «Ас-Суғро» деб номланувчи кичик тош устунга, сўнг «Ал-Вусто» деб аталувчи ўрта тош устунга ва ниҳоят Жамротул-Ақоба деб номланувчи энг катта тош устунга тошчалар отади. Ҳар гал тошни отаётганда, баланд овоз билан «Аллоҳу Акбар!» дейди. Тошчалар Минонинг исталган еридан терилиши мумкин. Кичик ва ўрта устунларга тошчаларни отиб бўлгандан сўнг ҳожи Аллоҳга дуо қилади.

Ҳожи тошчаларни отиб бўлганидан сўнг Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни Минони тарк этиши мумкин. Бунга рухсат бор. Лекин шундай бўлса-да, ўн учинчи куни ҳам Минода қолиб, жамаротларга (тош устунларга) яна бир бора тошчаларни отишлик у учун яхшироқ ва фойдалироқдир.

Эслатма: Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни Минони тарк этишни истаган ҳожилар буни қуёш ботишидан илгари қилишлари шарт.

Ҳажнинг якуни: Ҳожи Маккани тарк этишидан олдин Каъба атрофида «Тавофул-вадоъ» деб аталмиш видолашув тавофини адо этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажлари

Тўқсон ёшда Мадинада вафот этган Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт бўлган энг охирги саҳобалари эдилар. Вафотларидан бир оз олдин Ҳусайннинг неваралари Муҳаммад ибн Али бир неча кишилар билан у кишининг зиёратига бордилар. Муҳаммад ибн Алининг айтишларича, у киши Жобирга ўзларини таништирганларида, у зот ниҳоятда хурсанд бўлиб кетдилар. Жобир разияллоҳу анҳу у кишининг ҳаққига Аллоҳга хайрли дуолар қилиб, ўз уйларига таклиф қилдилар. Шундан сўнг нима нарсани сўраш учун келган бўлсалар, ўшани сўрайверишлари мумкинлигини айтдилар.

Муҳаммаднинг айтишича, у саволлар беришни бошлаганида намоз вақти кириб қолди. Шунда Жобир ўзларининг калта ридоларини кийиб, намозга турдилар. Ридолари шунчалик калта эдики, устларидан қайта-қайта сирғалиб тушиб кетаверарди. Ёнларидаги кийим жавонида каттароқ кийимлари ётган бўлса ҳам, у зот ўша кийимда намозларини тамомладилар. Намоздан сўнг Муҳаммад у кишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажлари ҳақида батафсил сўзлаб беришларини илтимос қилдилар:

Жобир бармоқлари билан тўққизгача санадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада турганларида дастлабки тўққиз йил мобайнида бирор марта ҳам ҳаж қилмаганликларини айтдилар. Ҳижратнинг 10-йили эса у зот оммага қарата ўша йили ҳажга бормоқчи эканликларини эълон қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Макка сафарида ҳамроҳ бўлиш ҳамда ҳажни тўғри йўсинда адо қилишни бевосита ўзларидан ўрганиш мақсадида ҳар ёқдан Мадинага одамлар оқиб кела бошлади. Ҳаж карвони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида шаҳардан чиқиб, йўлга тушди ва Зул-Хулайфа деган жойга етиб, у ерда тахминан бир кун тўхтаб қолди. Зул-Хулайфада Абу Бакрнинг аёллари Асмо бинти Умайс Муҳаммад ибн Абу Бакр исмли ўғилларини туғдилар. Шунда Асмо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима қилишлари лозимлигини сўраш учун бир одам юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб бериб юбориб, унда у ғусл қилиши, хос аъзоларига бир бўлак мато қўйиб, сўнг эҳром ҳолатига кириши кераклигини тайинладилар.

Зул-Хулайфада намозга имомлик қилиб берганларидан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қасво номли туяларига миниб, уни яқин атрофдаги тепаликда жойлашган Байдоъ номли водий томон бошладилар. Жобир чор атрофга назар ташлаганда, кўз илғай оладиган барча жойда кўп сонли одамлардан кимдир маркабда, яна кимдир пиёда ҳолда у кишига ҳамроҳлик қилиб кетаётганини кўрарди. Жобир дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларнинг орамизда кетар эдилар. У киши ваҳий қабул қила бошлаганларидан буён, биз у зот қаерда бўлмасинлар, кетларидан эргашиб юрар эдик». Мана шу Байдоъда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баланд овозда қуйидаги талбияни такрорладилар:

«Лаббайкаллоҳумма лаббайк! Лаббайка ла шарийка лака лаббайк. Иннал-ҳамда ван-ниъмата лака вал-мулк, ла шарийка лак».

Ўзбек тилида унинг маъноси қуйидагича: «Мана мен Сенинг олдингдаман, эй Аллоҳим, мана мен Сенинг олдингдаман! Сенинг бирон-бир шеригинг йўқдир, мана мен Сенинг олдингдаман! Барча мақтов ҳам, неъмат ҳам, мулку давлат ҳам Сеникидир. Сенинг бирон-бир шеригинг йўқ!»

Саҳобалар ҳам овоз чиқариб, озгина қўшимча сўзлар билан ўзларининг талбияларини такрорлаб турдилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қўшимчаларга қаршилик қилмай, ўзларининг талбияларини такрорлашда давом этавердилар. Жобир сўзларида давом этадилар: «Сафаримиздан асосий мақсад умрасиз ҳаж қилиш эди. Шунинг учун Байтуллоҳга етганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажарул-Асвадни[5] ўпдилар, сўнг Каъба атрофида айланишни бошладилар. Аввалги уч айланишни у зот илдам қадамлар билан, кейинги тўрттасини эса ўртача қадамлар билан якунладилар. Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом турган жойлари – Мақоми Иброҳимга бориб, овозларини чиқарган ҳолда қуйидаги оятни ўқидилар:

«Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олинглар!» (Бақара сураси, 125-оят).

Кейин эса Каъба билан Мақоми Иброҳим ўртасидаги жойда икки ракаат намоз ўқидилар. Намозда «Фотиҳа»га «Кафируун» ва «Ихлос» сураларини зам қилдилар. Намоздан сўнг «Қора Тош»нинг олдига қайтиб, уни ўпдилар ва дарвозадан ташқарига чиқиб, Сафо тепалиги томон кетдилар. У ерга етганда, қуйидаги оятни ўқидилар:

«Албатта Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир …» (Бақара» сураси, 158-оят).

Сўнг «Мен саъйни Сафодан бошлайман, чунки Аллоҳ уни Марвадан аввал зикр қилган» дедилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафонинг Байтуллоҳ аниқ-равшан кўринадиган жойигача кўтарилдилар. Кейин эса Каъба тарафга юзланиб, Аллоҳнинг Яккалиги ва Буюклигини эълон қилганча, шундай дедилар: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ягонадир, Унинг бирон-бир шериги йўқдир. Мулк ҳам Уникидир, мақтов ҳам Унга хосдир ва У барча нарсага Қодирдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ягонадир, У (Араб жазирасини тўлиқ Исломга бўйсундириб) ўз ваъдасини рўёбга чиқарди, бандасига ёрдам берди ва бир Ўзи куфр қўшинларини мағлуб қилди».

Улар бу сўзларни уч маротаба такрорладилар. Ҳар бири орасида дуо қилдилар. Шундан сўнг, Сафодан тушиб, Марва томон кетдилар ва Марвада ҳам Сафода қилган дуоларини такрорладилар.

Сўнгги бор Марвага келганларида, чўққига кўтарилдилар ва ўз саҳобаларига шундай мурожаат қилдилар: «Мен ҳозир билган нарсани илгарироқ менга билдирилганида эди, мен ўзим билан қурбонлик учун чорвалар олиб келмас эдим ва ушбу тавоф ва саъй (икки тепалик орасида югуриш)ни Умрадаги амалларнинг орасига киритиб юборган ҳамда Умрани адо этиб бўлгач, эҳромдан чиққан бўлар эдим. Бироқ, сизлардан кимки ўзи билан қурбонлик қилиш учун ҳайвон олиб келмаган бўлса, бу тавоф ва саъйни Умра деб эътибор қилиб, эҳромларингизни ечишингиз мумкин». Буни эшитган Сурака ибн Молик ўрниларидан туриб: «Ё Расулаллоҳ! Бу буйруқ фақат шу йилга тегишлими ёки келгусида ҳам шундай бўладими?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқларини бир-бирига киргизиб: «Умра ва ҳаж фақат шу йил учун эмас, балки ҳар замон учун шундай кўринишда жамланган!» – дедилар.

Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қурбонликка аталган кўплаб жонлиқлар олиб Ямандан қайтганларида, аёллари Фотиманинг эҳром ҳолатидан чиқиб, рангли (гулли) кийимлар кийиб олганларини ва сурма суртиб олганларини пайқаб қолдилар. Али разияллоҳу анҳу бунга нисбатан ўз норозиликларини билдирдилар. Аммо аёллари эҳромдан чиқишга оталарининг ўзлари, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат берганликларини айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али разияллоҳу анҳуга ўгирилдилар ва: «Эҳром боғлаётган пайтингизда ниятингиз нима эди? (яъни, ниятингиз ҳажнинг ўзини адо этишмиди ёки ҳаж ва умранинг иккаласиними)», – деб сўрадилар. Али разияллоҳу анҳу ният қилганларида: «Эй Аллоҳ! Менинг ниятим Сенинг пайғамбарингнинг нияти кабидир», – деб айтганларини маълум қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен қурбонлик учун аталган жонлиқни ўзим билан олиб келганим сабабли эҳромдан чиқа олмайман. Cизнинг ҳам ниятингиз меники каби бўлгани учун сиз ҳам эҳромдан чиқа олмайсиз», – дедилар».

Жобир давом этдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Али томонларидан қурбонлик учун олиб келинган туяларнинг умумий сони 100 та эди. Ўзи билан қурбонликка ҳайвон олиб келмаган барча саҳобалар эҳром кийимларини ечдилар ва сочларини калталатдилар. Айни вақтда қурбонлик учун аталган жонлиқларини ўзлари билан олиб келганлар эса эҳромда қолавердилар. Зулҳижжанинг 8-куни бўлмиш «Тарвияҳ куни»да одамлар Мино томон юра бошладилар. Умра эҳромини ечганлар эса бошқатдан ҳаж эҳромига ўралдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қасво деган туяларида Минога келдилар ва пешиндан бомдодгача беш маҳал намознинг барчасини шу ерда имом бўлиб ўқидилар. Бомдоддан сўнг у киши қуёш чиқишини пойладилар. Қуёш чиққач, Арафот томон кетдилар. Бу ерда улар Намира деган жойда чодир тикишни буюрдилар. Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Машъарул-Ҳаромда тўхтаб ўтадилар дея ишонгандилар. Чунки жоҳилият даврида улар орасида бу нарса одат эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Машъарул-Ҳаром ҳудудида тўхтамай, Арафот ҳудудига кирдилар ва Намирада ўзлари учун қурилган чодирга жойлашдилар.

Қуёш ғарб томон бота бошлагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қасвони миниш учун ҳозирлаб беришни буюрдилар ва уни миниб, Урана водийсининг ичкарисига йўл олдилар. Бу ерда у киши туяларида ўтирган ҳолда одамларга мурожаат қилдилар:

«Эй одамлар! Ноҳақ йўллар билан қон тўкишлик ва бировларнинг мулкига тажовуз қилишлик шу кунингиз, шу ойингиз ва шу юртингиз қандай ҳаром қилинган бўлса, шундай ҳаром қилинди. Яхши билингки, жоҳилият давридаги барча урф-одатлар менинг оёқларим остида топталди, қавмдошлар ўртасидаги ўтмишдан қолган қонли адоватлар бекор қилинди. Мен ҳаммадан биринчи навбатда Омир ибнур-Рабоъа ибнул-Ҳорис ибн Абдул-Муттолибга тегишли оиламизнинг даъвосидан воз кечдим. У Бану Ҳузайл қавми томонидан ўлдирилган бўлса ҳам, Бану Саъд қавми томонидан эмиздирилган. Шунингдек, ўтмишдаги судхўрликка доир барча даъволар бекор қилинди ва бу борада мен ҳаммадан биринчи навбатда ўз амаким Аббос ибн Абдул-Муттолибга тегишли даъволардан кечдим».

«Эй одамлар! Аёлларингизнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида Аллоҳдан қўрқинглар. Сизлар Аллоҳнинг номи билан уларни никоҳларингизга олдингиз ва улар фақат Аллоҳнинг ҳукми билангина сизларга ҳалол бўлдилар. Сизлар уйингизга киришини истамаган одамни уйга киргизмасликлари – сизларнинг аёлларингиз устидаги хос ҳақларингиздир. Бироқ, агар улар шу хусусда хатоликка йўл қўйсалар, сизлар уларга енгил жазо беришингиз мумкин. Аёлларингизнинг сизлар устингиздаги хос ҳақлари эса моддий имкониятингизга қараб уларни етарли миқдорда кийинтирмоғингиз ва таомлантирмоғингиздир».

«Эй одамлар! Мен ўзимдан кейин сизларга бир нарса қолдириб кетмоқдаманки, агар уни маҳкам ушласангиз ва кўрсатмаларига эргашсангиз – асло адашмайсиз. Бу Аллоҳнинг Китобидир».

«Эй одамлар! Ҳар бир мусулмон бошқа бир мусулмонга биродардир ва барча мусулмонлар бир-бирларига биродардирлар. Шунинг учун бир мусулмоннинг мулки бошқасига ҳаромдир, магар розилик билан берилган бўлса ундай эмас. Шундай экан, бошқа бировга нисбатан ноҳақ бўлмангиз».

«Қиёмат куни сизлар (Аллоҳнинг рисолатини тўлиқ етказганим ёки йўқлиги борасида) сўралганингизда, нима деб жавоб берасизлар?»

Тўпланганлар бир овоздан: «Сиз бизга мукаммал илоҳий йўлланмани мумкин бўлган энг аъло йўсинда етказганингизга ва бизларга энг яхши маслаҳатларни берганингизга гувоҳлик берамиз», – дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсаткич бармоқларини осмонга кўтардилар, сўнг у билан халойиққа ишора қилганча: «Эй Аллоҳ! Сен ҳам гувоҳ бўл! Мен Сенинг рисолатингни ва буйруқларингни бандаларингга улар тасдиқ қилганларидек етказдим», – деб уч маротаба айтдилар.

Билол намозга аввал азон, сўнг такбири иқомат айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин намозига имомликка ўтдилар. Билол яна бир бор намозга такбири иқомат айтдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аср намозига имомлик қилдилар. Пешин ва аср намозларини жам қилиб ўқиб берганларидан сўнг туяларини миниб, Арафот томонга йўналдилар ва ўша ерда тўхтадилар. Арафотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларининг орқасини катта қоялар томонга ўгирдилар, олдини эса ўша ерда тўпланган катта халойиқ томонга қаратдилар. Қуёш ботиб, шомнинг қизил шафақи йўқолгунга қадар Қибла томонга юзланиб, туянинг устида ўтирганча қолдилар. Шундан сўнг туяда Усома ибн Зайдни орқаларига миндириб, Муздалифа томон йўл олдилар.

Муздалифага етганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир азон ва икки иқомат билан жам қилиб ўқилган шом ва хуфтон намозларига имомлик қилдилар. Азон ва такбирлар ўртасида бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Шундан сўнг тонгга қадар дам олиш учун ётдилар. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир азон ва бир иқомат билан Бомдод намозига имомлик қилиб бердилар. Сўнг туяларида Машъарул-Ҳаром томонга қараб кетдилар. У ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган ҳолатларида Қиблага юзланиб, бир оз муддат Аллоҳнинг Улуғлиги, Унинг Ягоналиги ва Ҳожатбарорлигини мақтаб, дуолар қилдилар. Кун ёришиб, қуёш кўтарилишига оз қолганда, туяда орқаларига Фазл ибн Аббосни миндириб, Минони тарк қилдилар.

Мухассир водийсининг энг қуйи қисмига етиб келганларида, урғочи туяларини бир оз тезроқ юришга ундадилар. Сўнг ўрта сўқмоқ билан дарахт ёнидаги энг катта тош устун – Жамратул-Ақоба томон юрдилар ва унга еттита тошча отдилар. Ҳар сафар тошча отганларида «Аллоҳу Акбар!» деб айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам водий ёнбағридан отган тошчалар майда тошчалар эди. Шундан сўнг у киши қурбонлик қилиш учун мўлжалланган жойга бориб, ўз қўллари билан 63 та туяни сўйдилар. Туяларнинг қолгани уларга қурбонлик келтиришда шерик бўлган Али томонидан сўйилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир туянинг гўштидан бир бўлак олиб, уни пиширишни буюрдилар. Таом тайёр бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Али унинг озгина гўштидан едилар ҳамда озгина шўрвасидан ичдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам урғочи туяларини миндилар ва Тавофул-Ифодани бажо қилиш учун Байтуллоҳ томон кетдилар. Маккада пешин намозига имомлик қилдилар, сўнг одамларга ичиш учун Замзам сувидан улашаётган ўз қавмлари Бану Абдул-Муттолиб олдига бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун ҳам сув сўрар эканлар, уларга шундай дедилар: «Агар мен одамларнинг менга эргашишликдаги иштиёқларидан қўрқмаганимда эди, ушбу сув улашиш хизматини сизлардан зўрлик билан тортиб олган бўлардим, шунингдек унинг сувини сиз билан бирга тортган бўлардим». Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир челак сув беришди. У зот сувдан ичиб қониқдилар».


[1] Изоҳ: Иброҳим алайҳис-салом бу сўзларни эътиқод қилиб эмас, балки юлдуз, ой ва қуёшни илоҳ деб сиғинаётган мушрикларга танбеҳ бўлсин, деб айтгандилар.

[2] «Таматтуъ» сўзи баҳраманд бўлиш, деган маънони билдиради. Бу турли ҳажда ҳожи умра билан ҳаж ўртасида эҳромдан чиқиб, то ҳаж вақти киргунча баъзи дунёвий имтиёзлардан баҳраманд бўлиб юради.

[3] «Қирон» дегани яқинлаштирмоқ, бирга қилмоқ деган маънода бўлиб, ҳожи ҳаж билан умрани бир-бирига қўшиб олиб боргани учун бу амални «қирон» дейилади.

[4] «Ифрод» деган сўз яккалаш маъносидадир. Ҳожи фарз ҳажнинг якка ўзини бажо қилгани учун бу турдаги ибодат «ифрод» деб аталган.

[5] Яъни «Қора Тош».

Фикр билдиринг