Ҳаж ва иймон зиёдалашиши
Дарҳақиқат, ҳажда нафсни ўнглаш, қалбни тарбиялаш ва иймон зиёдалашиши учун кенг ўрин мавжуд. Ҳажда, қалблар Аллоҳга иқбол қилиши, қаттиқ рағбат, қўрқув, умид ва хавфсираши ҳамда (гуноҳдан) қайтиши ва кўп-кўп тавба тазарру қилиши учун қанчадан-қанча ажойиб дарслар ва таъсирли ибратлар бор. Ҳажда қанчадан-қанча чинакам тўкилган кўз ёшлар, қанчадан-қанча қабул қилинган рост тавба, кечирилган қоқилиш, ўчирилган хато ҳамда қанчадан-қанча ижобат қилинган хокисор дуо ва дўзахдан озод этилган бўйинлар бор.
Китоб ва суннатдаги ҳажга боғлиқ ҳужжатларни чуқур мулоҳаза қилар эканмиз, унда банда учун салоҳият ва ҳажида, балки ҳаётининг барида покланиб олишини рўёбга чиқарадиган улкан ўлчов ва ҳикматли кўрсатмаларни топамиз. Аллоҳ таолонинг ушбу қавли каби: «Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни Шаввол, Зулқаъжа ва Зулҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) тақводир. Менга тақво қилинг, эй аҳли донишлар!» (Бақара: 197).
Ушбу: «Ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди», қайтариқларида нафсни жиловлаш ҳамда ўзининг хоҳиш ва шаҳватларига оғиб кетишидан тўсишга қанчадан-қанча даъват ва йўлланма бор. У субҳанаҳунинг ушбу: «Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади», қавлида яхшиликларни қилишга шошилиш ва тоатларни адо этишда мусобақа қилишга қанчадан-қанча даъват бор. Аллоҳ таолонинг ушбу: «Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) тақводир», қавлида сафари давомида озуқасини ўзи билан олган мусофирнинг ҳолати каби қиёмат куни учун озуқаланиб олишга ҳозирлик ва тайёргарлик кўриш учун қанчадан-қанча даъват мавжуд.
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Одамлар яратилганларидан бери мудом сафардадирлар. Улар учун жаннат ёки дўзахдан ўзга бу сафарларида (тўхташ) нуқтаси йўқ. Оқил, сафар машаққат ва хатарларни босиб ўтишга асосланганини билади. Одатда сафарда неъмат, лаззат ва роҳатни талаб қилиш маҳолдир. Балки бу сафар интиҳо топгандан кейин бўлгай».[1]
Бироқ бандага қиёмат куни учун озуқаланишдан машғул қиладиган (мақсаддан) бурувчи, қўлни банд қилувчи ва чалғитувчи нарсалар учрайди. Ва иймонининг салобати, жамоли ва тириклигини кетказади. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, иймон инсон ичида эскириши, натижада банда уни янгилаш ва уни кучайтиришликда саъй-ҳаракат қилишга муҳтож экани хабарини бердилар. Ҳоким «Мустадрок»да, Табароний «Мўъжам ал-Кабир»да Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Батаҳқиқ, иймон сизлардан бирингиз ичида худди кийим эскиргани сингари эскиради. Бас, Аллоҳдан қалбларингиздаги иймонни янгилаб беришини сўранглар».[2] У киши алайҳиссалоту вассалам, иймон кийим эскиргани сингари эскиради дея васф қилдилар. Яъни, эскиради, заифлашади ҳамда банда бу дунёда йўлиқадиган фитна ва чалғитувчи нарсалар, қўл урган гуноҳ ва маъсиятлар оқибатида унга мадорсизлик ва нуқсон киради. У киши алайҳиссалоту вассалам иймонни қаровсиз ташлаб қўймаслик ва уни кучайтириш йўлида амал қилиш ҳамда Аллоҳдан уни зиёда ва собитқадам қилишини сўрашликка йўлладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Лекин Аллоҳ сизларга (иймони комил, тақво имтиҳонидан ўтган зотларга) иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга чиройли кўрсатди ҳамда сизларга куфрни, (Аллоҳ ва пайғамбарга) итоатсизликни ва исённи ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина (яъни иймон йўлида собитқадам бўлиб, куфр-исённи ёмон кўрган кишиларгина), Тўғри йўлга юргувчи зотлардир. (Бу) Аллоҳ томонидан бўлган фазлу марҳамат ва неъматдир. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Ҳужурот: 7-8). Банда учун ўзидаги энг қиммат, энг бебаҳо ва Раббиси субҳанаҳу ва таолога йўлиқишда энг яхши озуқа бўлган иймони борасида ўзига нисбатан самимий бўлиши хайрдир.
Иймонни кучайтириш ўринлари ҳамда уни зиёдалашиши сабаблари бир қанча ва турлича. Ана шу улкан ўринлардан бири ҳаждир. У ўзидан олдинги нарса-(гуноҳ)ларни яксон қилади. Мақбул ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир.
Кимда-ким уни (жуфти билан) қўшилиш ва маъсиятга қўл урмай адо этса, онаси туққан кунидек гуноҳларидан чиқади. У, (темирчининг) босқони темир кирлигини йўқ қилгани каби гуноҳларни йўқ қилади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадислар ворид бўлганидек.
Ҳаж кўплаб одамларнинг ҳаётида ёмон ҳолатдан яхшига ва яхши ҳолатдан унданда яхшисига бир неча бор ўзгариш нуқтаси бўлган. Бунга гувоҳ бўладиган ҳамда уни таъкидлайдиган ҳодисалар сон-саноқдиздир.
Қанчадан-қанча ҳожилар ҳажда (дуо) ижобат бўлиш ўринларини истаб, бўйинсунган, ҳокисор, Унинг улкан фазлини умид этган ҳолда икки қўлини Раббисига кўтариб, Ундан қалбидаги иймонини янгилаши ва уни собитқадам қилиши, ундан ошкора ва яширин фитналарни буриб юбориши, унинг дини, дунёси ва охиратини ислоҳ қилиши, уни Қуръон зийнати ила зийнатлаши ҳамда уни тўғри йўлдан бораётган етакчилардан қилишини сўрайди.
Аллоҳ азза ва жалла, Унга дуо қилган бандасининг умидини пучга чиқармайди ҳамда Унга муножот қилган бандани рад этмайди. У субҳанаҳу шундай дейди: «Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» (Бақара: 186). Ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари собит бўлган: «Ҳаж ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир. У Зот уларни чорлади, улар У Зотни ижобат қилдилар. Ҳамда У Зотдан сўрадилар ва У уларга ато этди».[3]
Аллоҳ уни ҳаж ила мукаррам айлаган кишига ҳажида Раббисига бўйин эгувчи, Унга тавозе қилган, раҳмат ва мағфиратини умид қилган, азоби ва ғазабидан қўрққан ҳолда Унинг ҳузурида синиқ қалб билан турувчи, қўл урган ҳар бир гуноҳи ва оёғи билан босиб ўтган ҳар бир хатосидан тавба қилувчи, ҳажи сабаб яхши томонга ўзгариши ҳамда аҳли ва юртига яхши ҳолатда қайтиши учун зикр, дуо, истиғфор ва ёлборишни кўпайтирган бўлиши муносибдир. Натижада Раббисидан иймонда сабот ҳамда фитналардан саломат қолишни сўраган ҳолатда ҳотиржам қалб, тавба-тазарру қилувчи нафс ва бўйинсунувчи дил ила тоат, салоҳият ва тўғри-(устиворлик) билан кўрк очган ҳаётининг янги саҳифасини бошлайди.
Ахир ҳожига ҳажидан фойдага эришиш ва истифода қилиш учун ушбу улуғ, буюк ишга огоҳ бўлиши муносиб эмасми? Айниқса ушбу ҳаётда иймонни заифлаштирадиган кўплаб ишлар бўлган бир кезда. Бизга нима бўлдики, иймонни кучайтириш, уни тўла, мукаммал қилиш учун ушбу муборак дарвозадан истифода қилмаймиз? Батаҳқиқ, ҳаж иймондир. Унда воқеъ бўладиган тортиқ ва камолотлар, буларнинг бари иймонга камол ва қувватдир.
Муваффақ, мўмин банда мудом икки улкан иш ва икки олий мақсадни рўёбга чиқаришда саъй-ҳаракат олиб боради:
Бири: Иймон ва унинг тармоқ-(шохча)ларини рўёбга чиқариш ҳамда у илм ва амал нуқтаи назаридан амалга ошиши.
Иккинчи: Уни йўққа чиқарадиган ва бузадиган ёки уни нуқсонли қиладиган ошкора ва яширин фитналардан даф қилишда ҳаракат қилиш. Аввал бошда унга етган путур, кейинчалик ботиниб (қўл урган) нарсаларини чинакам тавба ҳамда ишни қўлдан кетишдан олдин тузатиш билан даволайди.
Ушбу икки ишни Аллоҳ таолонинг ушбу қавлида бир мулоҳаза қилиб кўр: «Ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!» (Бақара: 197). У Субҳанаҳу икки ишни зикр қилди. Барбод қилувчи ва нуқсонлаштирувчи нарсаларни даф қилиш ҳамда яхшилик ва камолотни қўлга киритишда ҳаракат қилиш.
Аллоҳ жалла ва аъладан барчамиз учун ишимизнинг тизгини бўлган динимизни ислоҳ қилишини, унда ҳаётимиз бўлган дунёимизни ўнглашини, қайтиб борадиган жойимиз бўлмиш охиратимизни ислоҳ қилишини, ҳаётни биз учун барча яхшиликда ортиқ-(зиёда) ҳамда ўлимни барча ёмонликда роҳатга айлантиришини, бизни иймон зийнати ила зийнатлашини ҳамда бизни ўзи ҳам адашган, ўзгаларни ҳам адаштирадиган эмас, (аксинча) тўғри йўлдаги етакчилардан қилишини сўраб қоламиз. Албатта, У субҳанаҳу дуоларни Эшитгувчи ва умид боғлашликка лойиқдир. Унинг ёлғиз ўзи бизга кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир.
_________________________________________________
[1] «Фавоид» (190).
[2] «Мустадрок» (1/4), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул Жомеъ» (1590)да саҳиҳ санади.
[3] Баззор «Кашф ал-Астор»да ворид бўлганидек ўз «Муснад»и (1153)да ривоят қилди. Албоний раҳимаҳуллоҳ «Силсила ас-Саҳиҳа» (1820)да «Ҳасан» даражасида деди.