Ҳаж ва нафс тарбияси

Ҳаж ва таваккул

 

Дарҳақиқат, ҳаж Аллоҳнинг чақириғига ижобат қилиш, савобига рағбат, улуғ ваъдаси, мўл-кўл тортиғи ва тўла ажрига ноил бўлишга умид этган ҳолда ернинг энг яхши ва энг шарафлиси сари муборак саёҳат ва улкан сафардир. У гуноҳлар тўкилиши, саййиотлар каффорот қилиниши, ҳасанотлар зиёда бўлиши, қоқилишлар кечирилиши ва дўзахдан озод бўлиш учун кенг дарвозадир.

Кимда-ким уйидан ҳаж сари чиқса, Раббисига таянган, Унга таваккул қилган ҳамда ишларнинг бари Унинг қазои қадари билан бўлиши, У хоҳлагани бўлиб, хоҳламагани бўлмаслиги, барча куч ва қувват Олий, Буюк Аллоҳ билан эканини билгани боис ишини Унга топширган, Унинг ёлғиз Ўзидан мадад, тавфиқ ва ҳидоят сўраган ҳолатда чиқади. Ва у шу билан бирга ўзи билан озуқасини кўтариб олади ҳамда Аллоҳнинг раҳмати ва савобига эришиш йўлида сабабни ишга солади.

Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаж оятлари сиёқидаги ушбу қавлини бир мулоҳаза қилиб кўринг: «Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир» (Бақара: 197). Дарҳақиқат, ушбу оят нозил бўлиш сабаби борасида ворид бўлишича, одамлар озуқасиз ҳажга чиққан эканлар. Ва бу, таваккулнинг ҳақиқати деб биладилар. Сўнг одамларга қараб қоладилар ва улардан сўрашга ҳожатлари тушади.

Бухорий ўз «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Яман аҳли ҳаж қиладилар ва озуқаланишмайди. Ҳамда: «Биз таваккул қилувчилармиз», дейдилар. Маккага кириб келганларида эса одамлардан сўрайдилар. Шунда Аллоҳ таоло (ушбу оятни) нозил қилди: «Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир»».[1]

Ибн Абу ад-Дунё «Таваккул» китобида Муовия ибн Қуррадан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Яман аҳлини учратиб: «Ким сизлар?» – деди. Улар: «Биз таваккул қилувчилармиз», дедилар. У киши: «Балки сизлар лоқайдлик қилувчиларсиз. Таваккул қилувчи – ерга уруғ ташлайдида Аллоҳ азза ва жаллага таваккул қилади», деди».[2]

Таваккулнинг ҳақиқати қалб амали ҳамда Унга таянган, Унга ишонган, Унга илтижо қилган, ишини тўла топшириб қўйган ва У субҳанаҳунинг Ўзи етарли экани, бандаси Унга ишларини тўла топширган вақти унга яхшиликни ихтиёр қилишини билгани боис У унинг учун нимани ҳукм қилса шунга рози бўлган ҳолда Аллоҳга қуллик бажо қилишидир. Шу билан бирга буюрилган сабабларни қоим қилиш ҳамда унга эришиш ва уни қўлга киритишликда тиришишликдир. Ана шу таваккулнинг ҳақиқатидир: Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳга таяниш. Ва шу билан бирга буюрилган сабабларни бажариш.

Одамлар бу олий мақомда уч қисмга бўлинади: икки ён тараф ва ўрта. Икки ён тарафнинг бири: Таваккулга риоя қиламан дея сабабни бекор қилди. Иккинчи ён тараф: Сабабга риоя қиламан дея таваккулни бекор қилди. Ўрта эса: Таваккулнинг ҳақиқати фақат сабабни қоим қилиш билангина эканини билди. Ҳамда ушбу сабабнинг айни ўзида Аллоҳга таваккул қилди. У иккиси икки асос бўлиб, таваккулни рўёбга чиқариш учун иккиси бўлмоғи лозим.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг мана бу қавли каби кўплаб нусусларда ушбу улкан икки асос ўртаси жамланган: «Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг!» (Ҳуд: 123). Ва ушбу қавли: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5). Ҳамда шунга ўхшаш оятлар.

Муслим ўз «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхши ва Аллоҳга суюмлироқдир. Барида яхшилик бор. Ўзинга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўл, Аллоҳдан мадад сўра ва ожизлик қилма».[3]

У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу қавлларида: «Ўзинга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўл», ҳар бир диний ва дунёвий сабабга буйруқ мавжуд. Балки унда бу борада жидду жаҳд қилишлик ҳамда ният, қасд ва феълан унга ҳарис бўлишга амр бор. Ушбу қавлларида эса: «Аллоҳдан мадад сўра», Аллоҳнинг қазои қадарига иймон келтириш ҳамда унга таваккул қилиш, Унга таяниш ва У субҳанаҳуга ишонишликка амр бор.

Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир киши: «Эй Расулуллоҳ! Уни боғлаб таваккул қиламанми ёки уни ечиб қўйиб таваккул қиламанми?» – деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: «Уни боғлаб таваккул қил» – дедилар».[4] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни икки иш ўртасини жамлашликка, сабабни бажариш ва Аллоҳ азза ва жаллага таянишга йўлладилар.

Яна Термизий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда, албатта, сизларни эрта оч кетиб, кеч тўқ қайтадиган қушни ризқлантиргани каби ризқлантирарди».[5] Икки ишни бирга ёд этдилар. Чунки қушни эрта тонгда кетиши, у ризқ талабида саъй-ҳаракат қилиши, уни қўлга киритишликда жидду жаҳд қилишидир.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга: «Уйида ёки масжидда ўтириб олиб: Олдимга ризқим келгунча бирор нарса қилмайман, дейдиган киши ҳақида нима дейсиз», дейилди. Аҳмад: «Бу кимса илмдан жоҳил қолган экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавлларини эшитмаганмикин: «Албатта, Аллоҳ ризқимни найзам сояси остида қилди». Ва қушни зикр қилганларида шундай дедилар: «Эрта оч кетиб, кеч тўқ қайтадиган»» – деди.[6]

Шу билан маълум бўлмоқдаки, таваккулда икки иш ўртасини жамлаш шарт. Сабабни бажариш ва Аллоҳ азза ва жаллага таяниш. Сабабни бекор қилиб, ўзини таваккул қилувчи эканини даъво қилаётган кимсага келсак, бас, у ҳақиқатда лоқайд-(беғам), алдангандир. Унинг бу қилмиши фақат ожизлик, сусткашликка йўл қўйиш ва зое қилишликдир. Мисол учун бир киши айтсаки: Агар менга тақдир қилинган бўлса хоҳ тиришай, хоҳ тиришмай барибир илмга етишаман ёки агар менга фарзанд тақдир қилинган бўлса хоҳ турмуш қурай ёки турмуш қурмай фарзанд ҳосил бўлади. Мева ёки ҳосилни қўлга киритишни чопиқ, уруғ ва суғоришсиз умид қилган кимса худди шундай. Ҳамда қадарга ишонган ҳолда аҳли ва фарзандини бирор нафақа ва озуқасиз ташлаб кетган ва бу борада саъй-ҳаракат қилмайдиган кимса ҳам худди шундай. Буларнинг бари зое қилиш, камчиликка йўл қўйиш, эътиборсизлик ва лоқайдликдир.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Гоҳида айрим инсонлар таваккулнинг маъноси тана билан касбу кор қилишни ташлаш, қалб ила тадбир қилишни тарк этиш ҳамда қийқим-(бир парча латта) каби ва тўнка устидаги гўшт каби ерга тушиш деб ўйлайдилар. Бу, жоҳилларнинг гумони. Батаҳқиқ, бу шариатда ҳаромдир».[7] Сўзи тугади.

Аммо кимки сабабга боққан, унга таянган, сабабни вужудга келтирувчидан ғофил, Ундан юз ўгирган ҳолатда сабабни адо этса, бас, унинг бу таваккули ожизлик, ютқазиқ, ниҳояси зое бўлиш ва маҳрумликдир. Шунинг учун баъзи уламолар айтишганки: «Сабабларга қайрилиб қарашлик тавҳиддаги ширк. Сабаблар сабаб бўлишини ўчириб ташлаш эса ақлдаги ноқисликдир. Сабаблардан бутунлай бош тортиш шариатга таҳқир етказишдир. Балки таваккул ва умид тавҳид, ақл ва шариат асосларидан ташкил топган маънодир».

Аллоҳга таваккул қилишлик чинакам мўминнинг барча диний ва дунёвий ишларидаги ҳамроҳидир. У унга намоз, рўза, ҳаж, эзгулик ва бундан бошқа дин ишларида ҳамроҳ. Ва унга ризқни жалб қилиш, мубоҳ (касб)ни талаб қилиш ва бундан бошқа дунё ишларида ҳам ҳамроҳдир.

Таваккул жамийки дин мақомларининг асли. Диннинг таваккулга нисбатан тутган ўрни жасаднинг бошга нисбатан тутган ўрни каби. Бош фақат танада тургани сингари, иймон, унинг ўрин ва амаллари таваккул тана-(поя)сида туради.

Аллоҳ таоло бизни Унга ҳақиқий таваккул қилувчи ҳамда Унга чинакам ва яқийнан таянувчилардан қилсин. Унинг ёлғиз ўзи бизга кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир.

 

__________________________________________________

 

 

[1] Бухорий (1523).

[2] «Таваккул» (10).

[3] Муслим (2664).

[4] Термизий (2517).

[5] Термизий «Сунан» (2344), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул Жомеъ» (5254)да саҳиҳ санади.

[6] Ибн Қудома «Мухтасар Минҳож ал-Қосидин» (95)да зикр қилди.

[7] «Мухтасар Минҳож ал-Қосидин» (361).

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan