Ҳаж ва шайтонни хўрлаш
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ «Муватто»да Талҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Кариздан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Шайтон бирор кун Арафа кунидек энг хўрланган, энг яксон қилинган, энг ҳақир ва энг аччиғи чиққан ҳолда кўрилмаган. Бу, раҳматнинг нозил бўлиши ва Аллоҳ улкан гуноҳларни кечиб юборишини кўргани сабабидандир».[1] Бу «Мурсал» ҳадис.
Шариат нусусларида унинг маъноси саҳиҳ эканига далолат қиладиган бир қанча шоҳидлар мавжуд. Батаҳқиқ, шайтонни Аллоҳнинг бандалари устига раҳмат ва мағфират нозил бўлиши, У субҳанаҳу кечириб, афв қилиши ҳамда дўзахдан уларни озод қилиши, Аллоҳ бизларни ва мўминларни ундан сақласин, ғазаблантиради ва хафа қилади.
Муслим ўз «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Агар Одам боласи сажда (ояти)ни ўқиб, сажда қилса шайтон йиғлаганча четлашади. Ва: «Ҳолимга вой бўлсин! Одам боласи сажда қилишга буюрилди ва сажда қилди. Бас, унга жаннат бўлгай. Мен сажда қилишга буюрилдим ва бош тортдим. Бас, менга дўзах бўлгай», дейди».[2]
Шунинг учун Аллоҳнинг душмани инсоннинг ҳажини барбод қилиш ҳамда киши ҳажга йўл олиш ва қўзғалишининг аввалги дафъасидан бошлаб ва барча амаллари, бошқа ҳаж ибодатлари олдидан ўтиш-(оралаб кириш) орқали турли-туман йўл ва услублар билан унинг савобини қўлдан бой беришига ғоятда ҳарисдир. У бунинг учун қўшинини ҳозирлайди ва тадоригини кўриб қўяди.
Имом Мужоҳид ибн Жабр раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бирор бир ҳамроҳ Макка сари чиқса, албатта, иблис улар билан биргаликда уларнинг тайёргарлиги сингари ҳозирлик кўради». Ибн Абу Ҳотим ўз тафсирида ривоят қилди.[3]
Бунга Аллоҳ таолонинг душмани иблис ҳақидаги ушбу қавли гувоҳлик беради: «У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан»» (Аъроф: 16-17).
Авн ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман». (Яъни), «Макка йўлида» – деди. Бу шак-шубҳасиз Аллоҳнинг розилигига элтувчи ва жаннат неъматига олиб борувчи Унинг тўғри йўлидир. Ҳамда йўлнинг маъноси бундан кенгроқ.
Шунинг учун Ибн Жарир раҳимаҳуллоҳ деди: «Авн айтганига келсак, гарчи у Аллоҳнинг тўғри йўлидан бўлсада, бас, у йўл (маъноси)нинг бари эмас. Балки Аллоҳнинг душмани уларни Аллоҳнинг тўғри йўлида кутиб ўтиришини хабар берди ва ундан бирини қўйиб, бошқасини хос айтгани йўқ. Чунки (у) ярамас Аллоҳнинг бандаларини, улар учун Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мумкин бўлган ҳар бир нарсадан тўсишда бепарволик қилмайди».[4] Сўзи тугади.
Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида Сабра ибн Факиҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Албатта, шайтон одам боласини кутиб, бир неча йўлига ўтириб олади. Уни кутиб, ислом йўлига ўтириб олади ва: «Ўз дининг ҳамда ота-боболаринг динини ташлаб, исломни қабул қиласанми?» – дейди. Деди: Шунда у (одам боласи) унга (шайтонга) итоатсизлик қилиб, исломни қабул қилди. Сўнг уни кутиб ҳижрат йўлига ўтириб олади. Ва: «Ўз еринг ва осмонингни ташлаб, ҳижрат қиласанми? Муҳожир қозиққа боғланган от сингари бўлади», дейди. Деди: Шунда у (одам боласи) унга (шайтонга) итоатсизлик қилиб, ҳижрат қилди. Деди: Сўнг уни кутиб, жиҳод йўлига ўтириб олади. Ва: «У жон ва молни зое қилишликдир. Жангга кирасан ва қатл қилинасан. Аёл турмушга чиқиб кетади ва мол тақсимланади-я?» – дейди. Деди: Шунда у (одам боласи) унга (шайтонга) итоатсизлик қилиб, жиҳод қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Улардан кимки шуни қилса ва вафот этса уни жаннатга киритишлик Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ бўлади. Ёки қатл қилинса уни жаннатга киритишлик Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ бўлади. Агар ғарқ бўлса-(сувда чўкса), уни жаннатга киритишлик Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ бўлади. Ёки (минган) ҳайвонидан йиқилиб ўлса, уни жаннатга киритишлик Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ бўлади».[5]
Ушбу ҳадисда шоҳид ўрни шуки, шайтон инсонни барча йўлда кутиб ўтиради. Ва у (шайтон), киши яхшиликни қасд қилганда ёки унга киришганда ниҳоятда ҳарис бўлади. Натижада уни (кишини) ана шу дамда ундан узиб-(тўхтатиб) қўйиш учун унга оғир-(ёқимсиз) қилиб қўяди.
«Саҳиҳ»да Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари собит бўлган: «Жинлардан бўлган Ифрит намозимни бўлиш учун ўтган кеча (кишанларидан) чиқиб келди».[6] Иш банда учун фойдали ва Аллоҳга суюкли бўлгани сари шайтоннинг унга қаршилик кўрсатиши ҳам шунчалик кўп бўлади. У мўминларга ашаддий душман. Унинг ғам-ташвиш ва мақсади фақат уларнинг ақидаларини барбод қилиш, иймонларини вайрон қилиш, яқийн-(ишонч)ларини тебратиш, уларни Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига олиб борувчи йўлдан буриб юборишликдир.
Шунинг учун Аллоҳ бизни ундан ниҳоятда ҳазир бўлишимизга чорлади. Бизга унинг хатари ва унга эргашишликнинг аянчли оқибатларини ҳамда у мўминларга душман эканини баён қилди. Уларга (мўминларга) уни душман тутишликка амр қилди. Аллоҳ таоло деди: «Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир» (Юсуф: 5). Аллоҳ таоло деди: «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у, ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур» (Фотир: 6). Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта (шайтон) бузуғлик ва ёмонликка буюрур» (Нур: 21). Аллоҳ таоло деди: «Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Чунки у ва унинг малайлари сизларни ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб турадилар (яъни қандай алдашганини сезмай қолишингиз мумкин)» (Аъроф: 27).
Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Оқил кишига, адоватини аллақачон Одам алайҳиссалом замонидан ошкор қилган ҳамда умри ва жонини Одам болаларининг ҳолатларини барбод қилиш учун сарф этган ушбу душмандан эҳтиёт бўлиши вожиб бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ ундан ҳазир бўлишга амр қилди…».[7] Сўнг ундан ва унинг макридан ҳазир бўлишга чорлаш ҳақидаги бир қанча нусусларни ёдга олди.
У ва унинг макридан ҳазир бўлишга чорлаш борасидаги оятлар кўп. Банда Аллоҳга илтижо қилиш, Ундан у (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ сўраш, Унинг зикрини лозим тутиш ҳамда тоатига риоя қилиш билангина шайтондан сақланади. Кимда-ким Аллоҳдан паноҳ сўраса Аллоҳ уни ўз ҳифзу ҳимоясига олади.
Аллоҳ таоло деди: «Агар сизни шайтоннинг васвасаси йўлдан урмоқчи бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта, У эшитувчи, билгувчидир» (Аъроф: 200). У Зот деди: «Ва айтинг: «Роббим, мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. Яна мен Сендан (ё) Роббим, улар менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ беришингни сўрайман»» (Мўминун: 97-98). Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Роббисидан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсонларнинг Илоҳидан (менга) ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман»» (Ан-Нас: 1-6).
Имом Аҳмад ўз «Муснад»ида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади, Яҳё ибн Закариё алайҳимассалам қавмига шундай деди: «…Ва сизларни Аллоҳни кўп зикр қилишга буюраман. Бунинг мисоли, бир кишининг мисоли кабики, душман тезлик билан унинг изига тушди. Шунда у мустаҳкам қўрғонга етиб, у ерда ҳимояланди. Батаҳқиқ, банда шайтондан энг ҳимояланган вақти, Аллоҳнинг зикрида бўлганидадир».[8]
Шайтон Аллоҳга илтижо қилувчи, У субҳанаҳуга таянувчи иймон аҳлига бошқарувини ўтказа олмайди. Батаҳқиқ, Аллоҳ уларни ундан сақлайди ҳамда улардан унинг макри ва ёмонлигини буриб юборади. Аллоҳ таоло деди: «(Эй мўмин бандам), ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг, албатта қувилган — малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин! Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Роббиларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир. У (шайтон)нинг ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Аллоҳга) шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир» (Наҳл: 98-100).
У субҳанаҳу ушбу оятда шайтонни даф қилишдаги энг кучли сабабни баён қилди. У ҳам бўлса иймон ва Аллоҳга таваккул безаги билан безанишдир. Чунки шайтон иймон келтирган ва Раббиларига таваккул қиладиган зотлар устидан ҳукмронлик қудратига эга эмасдир.
Аллоҳнинг динини теран тушунишлик шайтондан қўриқ. Чунки шаръий илм ўз соҳиби учун нур. Кимки илм нури ила кўрса, шайтоннинг тузоқ, қопқон, восита ва сабабларини билса, унинг издошлари ниҳояси ва дўстлари оқибатини билса, ундан ниҳоятда ҳазир бўлади. Уни қўйиб Аллоҳга боғланади ва унинг ёмонлигидан У субҳанаҳудан паноҳ сўрайди. Ҳамда Унинг аҳлига хавф бўлмайдиган ва улар маҳзун бўлмайдиган Аллоҳнинг тўғри йўлидан юради.
Аллоҳдан биз ва сизларга қувилган шайтондан паноҳ беришини ҳамда барчамизни тўғри йўлига бошлашини сўраймиз. Албатта, У Эшитгувчи, (дуоларни) ижобат этгувчидир.
________________________________________________________
[1] «Муватто» (1269).
[2] Муслим (81).
[3] Ибнул Қаййим «Иғоса ал-Лаҳафон» (1/109)да зикр қилди.
[4] «Жомеъул Баён» (5/444).
[5] «Муснад» (15958), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул Жомеъ» (1652)да саҳиҳ санади.
[6] Бухорий (461), Муслим (541).
[7] «Талбис Иблис» (23).
[8] «Муснад» (17800), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул Жомеъ» (1724)да саҳиҳ санади.