PDF WORD

Ҳаж ва нафс тарбияси

Эҳром либоси ва кафанни эслатиш

 

Батаҳқиқ, ҳажнинг ибрат ва фойдалари чексиздир. Унда қанчадан-қанча фойдали дарс ва таъсирли мавъизалар бор. Ҳажнинг мавъиза ва ибратларидан бири, мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳром учун белгилаб берган мийқотга етганида ўз либосини ечади ҳамда (танасининг) ярим қуйи (қисми)га изор ва боши қолиб юқори ярим (қисми)га ридо кияди. Либоснинг ушбу кўринишида ҳожилар баб-баробар бўлиб, бой билан камбағал ҳамда бошлиқ билан қўл остидаги одам ўртасида фарқ бўлмайди. Уларнинг ушбу либосда баб-баробар эканликлари ўлимдан кейин барчаларининг кафан либосида баробар эканликларини эслатиб юборади. Барча ўз либосини ечади ҳамда оппоқ ўраладиган (чойшаб)ни ўрайдилар. Бу борада бой билан фақирнинг фарқи йўқ.

Имом Аҳмад ўз «Муснад»ида Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривият қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Оқ либос кийинглар. Чунки у энг пок ва энг яхшидир. Ҳамда маййитларингизни унда кафанланглар».[1]

Одам боласининг саййиди соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида пахтадан бўлган уч оқ либос-(чойшаб)га кафанландилар. Унда на кўйлак-(енг, чўнтак), на бош кийим бор эди. Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пахтадан бўлган Саҳулий (жой номи) оқ яманий уч матога кафанландилар. Уларда кўйлак-(чўнтак, енг) ва бош кийим йўқ эди».[2]

Вафот этган ҳар бир кишининг ҳолати шундай. Ювилади, либосларидан ечинтирилади ва оқ чойшабга ўралади. Сўнг унга (жаноза) намози ўқилади. Сўнг эса қабрга қўйилади.

Ҳожи мийқотда либосини ечиб, эҳромни кийган дамда ушбу ҳолатни эслайди ва зеҳнига ушбу оқибат-(қайтар жой) келади. У сабабли дунёвий ҳаёти ниҳоя топадиган ва ухровий ҳаёти бошланадиган ўлимни ёдга олади.

Банда учун (сўнги) сафарини эслаши, жондан азиз ва севиклисидан айрилишини ёдга олиши, унга молидан фақат кафани бўлиши, яъни, молидан қабридаги насибаси (кафан экани) сўнг оқибати хароб бўлишини эслаши қанчалар ҳам улкан ва фойдалидир. Шоир айтади (маъноси):

Умр бўйи йиққан-терганингдан насибанг,

Икки ридо ва хушбўй бўлиб, унга ўралажаксан.

Бошқаси айтади:

Қаноат ўрнини босувчи нарса йўқ,

Унда неъмат, унда бадан роҳати бор.

Бутун дунёга эга бўлган кишига боқ,

Ундан (дунёдан) пахта ва кафандан ўзгаси ила кетдими?![3]

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганликлари ҳадисда собит бўлган: «Лаззатлар қирқувчисини кўп-кўп эсланглар». Яъни, ўлимни.[4] Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шундай деганликлари ворид бўлган: «Ўлим кифоя қиларли ваъз-насиҳат қилувчидир».

Кимки ўлимни эсласа охиратга иқбол қилади. Ҳамда дунё энг катта ғам-ташвиши ва илми етган ҳад-(чегарас)и бўлиб қолмайди. Ўлимни ёдга олиш маъсиятлардан жиловлаб туради, қотган қалбни юмшатади, дунё билан хурсанд бўлишни кетказади ва ундаги мусибатларни енгиллатади.

Сўнг инсонни ўзи билан қабрга кирадиган кафани, унга бирор нарсада фойда бермайди. Ва у оқибатда эскиради-(чирийди). Ваҳоланки у кишининг дунёсидан қабрига у билан кирадиган ягона нарсадир. Инсонга қабрида фойда келтирадиган нарса солиҳ амалидир. Дарҳақиқат, «Саҳиҳайн»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Маййитга уч нарса эргашиб боради. Иккиси қайтиб кетади ва бири қолади: Аҳли, моли ва амали эргашиб боради. Аҳли ва моли (ортга) қайтади ва амали қолади».[5]

Маълумки, инсонни уларга кўникиш ҳосил қилган аҳли-оиласи, унинг воситасида ҳаёт кечирадиган моли бўлади. Ушбу иккиси ундан, у эса у иккисидан айрилади. Ўзга чора йўқ. Бахтли эса ана шундан яхшилик ва тоатда унга кўмак бўладиган нарсани олган кишидир. Аммо кимки уни Аллоҳдан машғул қиладиган аҳли-оила ва мол қилган бўлса, бас, у зарар кўргувчидир. Аъробийлар айтгани каби: «Бизларни мол-мулкларимиз машғул қилиб қўйди» (Фатҳ: 11). Аллоҳ таоло деди: «На мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!» (Мунофиқун: 9).

Кимда-ким вафот этса, батаҳқиқ, у аҳли-оиласининг дуо ва истиғфор айтиши ҳамда ҳаётлик чоғида садақа қилган молидан ташқари ўз аҳли ва мол-дунёсидан бирор фойда кўрмайди. Аллоҳ таоло деди: «У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуъаро: 88-89). Аллоҳ таоло деди: «Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз. Сизларга берган нарсаларимизни ортингизда қолдирибсиз» (Анъом: 94).

Инсоннинг мол ва аҳлидан иборат эга бўлган барча нарсаси, батаҳқиқ, у уларни ўз ортида, улардан бирор фойда олмаган ҳолда ташлаб кетади. Аҳлининг дуоси ва ўзи молидан қилган садақаси бундан мустасно. Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Инсон вафот этганда уч (йўл)дан ўзга амали кесилади: Юриб турувчи садақа, ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд, ёҳуд фойдаланиладиган илм».[6]

Аҳли-оила гоҳида унинг ҳаққига дуо қилади ва гоҳида дуо қилмайди. Ўзи эга бўлган мол-давлатидан қабрида бирор фойда бўлмайди. Ҳаётлик чоғида қилган садақаси мустасно. Батаҳқиқ, у (ҳаётлигида қилган садақаси) унинг олдига келади ва у, қабрида унга ҳамроҳ бўладиган амали остига дохил бўлади. Бундан бошқа мол-давлати эса хоҳ оз, хоҳ кўп бўлсин, бас, у меросхўрларигадир, унга эмас. Балки у унга (мол-давлатига) пойлоқчи ва қўриқчи ўрнида бўлган.

Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари ривоят қилинади: «Одам боласи: молим, молим дейди. Ахир сенга эй одам боласи, молингдан фақат еб битирганинг, кийиб эскиртирганинг ва садақа қилиб (ўзинг учун боқий) қолдирганинггина бор эмасми?!»[7]

Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари ривоят қилинади: «Қай бирларингиз учун меросхўрининг моли ўзининг молидан севимлироқ?» Улар: «Ҳар биримиз учун ўз моли севимлироқ», дейишди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Унинг моли муқаддам қилгани-(сарф этгани), ворисининг моли эса қолдирганидир» – дедилар.[8]

Аллоҳ таоло деди: «Кимда-ким кофир бўлса, куфри ўзининг бўйнидадир. Ким яхши амал қилса, бас улар ўзлари учун (жаннатдан) жой тайёрларлар» (Рум: 44). Салафларнинг баъзилари айтишдики: Яъни, қабрда. Солиҳ амал қабрда ўз соҳибига жой-(замин) бўлади. Чунки банда учун дунё матоларидан кўрпа-тўшак, ёстиқ ва жой бўлмайди. Балки ҳар бир амал қилувчи ўз амалини яхши ёки ёмондан кўрпа-тўшак ва ёстиқ қилади.

Ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганликлари ворид бўлган: «Жаброил менга шундай деди: Эй Муҳаммад! Хоҳлаганингизча яшанг. Батаҳқиқ, сиз маййитсиз. Хоҳлаганингизни суйинг. Батаҳқиқ, сиз ундан айрилгувчисиз. Хоҳлаганча амал қилинг. Батаҳқиқ, сиз унга йўлиқувчисиз».[9]

Аллоҳдан барчамиз учун салоҳиятли амал ва гўзал оқибат ҳамда Ўзи яхши кўриб, рози бўладиган нарсага тавфиқ сўраб қоламиз.

 

____________________________________________________________

 

[1] «Муснад» (20154).

[2] Бухорий (1264), Муслим (941).

[3] Қуртубий «Тазкира» (1/28).

[4] Термизий (2307), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ ал-Жомеъ» (1210)да саҳиҳ санадилар.

[5] Бухорий (6514) ва Муслим (2960).

[6] Муслим (1631).

[7] Муслим (2958).

[8] Бухорий (6442).

[9] Тоялисий (1862), Ҳоким (4/325), Албоний «Саҳиҳул Жомеъ» (4355)да «Ҳасан» даражасида деди.

 

Sahifalar: 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14

Фикр билдиринг