Ҳаж ва нафс тарбияси

 

Ҳаж ва ислоҳот-(ўнглаш)

Дарҳақиқат, ҳаж нафсни тарбиялаш, қалбни поклаш ва иймонни кучайтириш учун муборак бир мадрасадир. Ушбу улуғ ибодат ва муборак маросим давомида мусулмонлар ақида, ибодат ва ахлоқ борасида улкан дарслар, таъсирли ибратлар ва олий фойдаларни қўлга киритишади. У ҳақиқатда тарбиявий, иймоний мадраса бўлиб, уни муттақин мўминлар тугатиб-(битириб) чиқадилар. Аллоҳнинг муваффақ бандалари унинг булоғидан сипқирадилар. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун…» (Ҳаж: 27-28).

Ҳажнинг фойда ва манфаатларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Ундаги ибрат ва дарсларни санаш ва таъқиб қилишнинг имкони йўқ. Оятдаги Аллоҳ таолонинг ушбу: «Манфаатлар…», қавли, фойданинг бир неча, турли-туман ва кўп эканига ишора ўлароқ накира-(ноаниқ артикл)да ворид бўлди. Ушбу манфаатларга шоҳид бўлиш ҳаждан қасд қилинган ишдир. «Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар» (Ҳаж: 27). Яъни, агар улар орасида (юриб) ҳажга чақирсанг, ҳузуринга ҳаж манфаатларига гувоҳ бўлиш, яъни, ҳозир бўлиш учун пиёда ва отлиқ ҳолда келадилар. Манфаатларга ҳозир бўлишларидан мурод, уларни ўзлари учун ҳосил қилишликлари ва улардан фойдаланишликларидир.

Шу сабабли Аллоҳ уни ушбу тоатга муваффақ қилган ва унга ушбу ибодатни муяссар қилган ҳар бир кишига ҳажида ҳосил қиладиган улкан ажр, мўл савоб, гуноҳлар мағфират ва саййиотлар каффорот қилинишига қўшимча ўлароқ ҳаж манфаатларини қўлга киритиш, ҳамда унинг ибрат ва мавъизаларидан фойдаланишга ғоятда ташна бўлишлиги лойиқдир. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари собит бўлган: «Кимда-ким ушбу уйни ҳаж қилса ҳамда жимо ва фосиқлик қилмаса онаси туққан кунидек (гуноҳлардан пок ҳолда ортга) қайтади». Бухорий ва Муслим ривоятлари.[1] Яна у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари собит бўлган: «Ҳаж ва умра орасини яқин-(қирон) қилинглар. Батаҳқиқ, у иккиси фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Худди (темирчининг) босқони темирнинг кирлигини кетказгани каби». Насоий ривояти.[2]

Ушбу фойдага эришган ва ана шу ўлжани қўлга киритган киши юртига пок ҳолатда, тоза нафс, иймону тақвога тўла, яхшилик, салоҳият, тўғри-(устиворлик) ҳамда Аллоҳ азза ва жалланинг тоатига риоя қилиш билан кўрк очган янги ҳаёт ила қайтиши муносибдир.

Дарҳақиқат, уламолар ушбу салоҳият ва поклик агар бандада мавжуд бўлса, демак, у розилик ва мақбул бўлиш аломати дея ёдга олдилар. Кимники ҳолати ҳаждан кейин ёмонликдан яхшиликка ёки яхшиликдан унданда яхшиликка ўзгариш билан яхшилашса, батаҳқиқ, бу ҳажидан яхши фойдаланганига далилдир. Зеро яхшиликнинг савоби, ундан кейинги яхшиликдир. Аллоҳ азза ва жалла айтганидек: «Эҳсон-яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат яхшиликдир» (Раҳмон: 60). Кимки ҳажини гўзал адо этса, уни тўла ва мукаммал қилишда тиришса ҳамда уни нуқсонли ва барбод қилувчи амаллардан узоқ бўлса, ундан (ҳаждан) энг яхши ҳолатда чиқади ва энг пок оқибат сари кўчиб ўтади.

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари собит бўлган: «Мабрур-(мақбул) ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир».[3] Шак-шубҳа йўқки, ҳар бир ҳожи ўз ҳажини мабрур, саъйини машкур, амалини солиҳ, мақбул бўлишини умид этади. Ҳажнинг мабрур ва мақбул эканига очиқ аломат, киши дарҳақиқат, уни Аллоҳнинг Юзи учун холис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ тарзда адо этган бўлиши, ҳамда ҳаждан кейинги ҳолати олдинги ҳолатга нисбатан яхши бўлишидир. Амаллар фақат ана шу икки шарт билангина қабул қилинади.

(Ҳаж) қабул бўлиши учун (лозим бўлган) ушбу икки аломатнинг бири ҳаж асносида бўлади. У ҳам бўлса амал соҳиби уни Аллоҳнинг Юзи учун холис, Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ адо этишидир. (Иккинчи) аломат эса ҳаждан кейин бўлади. У ҳам бўлса киши тоатларга зиёда иқбол қилиши, гуноҳ ва маъсиятлардан янада четлашиши, ҳамда яхшилик, салоҳият ва тўғри-(устуворлик) билан кўрк очган янги ҳаёт бошлаши ила ҳаждан кейинги ҳолатининг салоҳиятли бўлишидир.

Шу ўринда (бир нарсани) огоҳлантириб ўтиш лозимки, мусулмон ҳар қанча амалини яхши ва чиройли адо этмасин, уни қабул бўлди деб қатъий айтиши жоиз эмас. Аллоҳ таоло комил мўминларнинг ҳолати ҳамда Аллоҳга қурбат ҳосил қиладиган тоатларининг шаънини баён қилиб, шундай деди: «(Камбағал-бечораларга) берган садақаларини (қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорга қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар» (Мўминун: 60). Яъни, намоз, закот, ҳаж, рўза ва бундан бошқалардан иборат маъмур бўлишган амалларни ўзлари томондан адо этадилар ҳамда амаллари Аллоҳга кўндаланг қилиниши ва ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида туриш онларида амаллари нажотсиз ва тоатлари номақбул бўлишидан хавфсировчидирлар.

Имом Аҳмад «Муснад»ида мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг шундай деганликларини ривоят қилади: «Эй Расулуллоҳ: «(Камбағал-бечораларга) берган садақаларини (қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорга қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар», у зино қиладиган ва маст қилувчи ичимлик ичадиган кимсами?» – дедим. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Йўқ, эй Абу Бакрнинг қизи» ёки «Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи. Бироқ у, ундан қабул қилинмаслигидан қўрққан ҳолатда рўза тутадиган, намоз ўқийдиган ва садақа қиладиган кишидир» – дедилар».[4]

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Дарҳақиқат, мўмин яхшилик қилиш ва қўрқув орасини жамлади. Мунофиқ эса ёмонлик қилиш ва ҳотиржамлик ўртасини жамлади».[5]

Дарҳақиқат, мўминлар ўртасида қадимги ва ҳозирги замонда ушбу тоат сўнгидан бир-бирларига: «Аллоҳ биздан ва сизлардан қабул айласин», дейишлик суннати давом этиб келяпти. Барча қабул бўлишини умид қилади.[6] Дарҳақиқат, Аллоҳ Қуръони Каримда пайғамбари Иброҳим ва унинг ўғли Исмоил алайҳиммассалоту вассалам ҳақларида зикр қилди. У иккилари Каъбани қуриш дамлари ушбу дуо ила дуо қилардилар. Аллоҳ таоло деди: «Эсланг: Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, сен эшитгувчи, билгувчисан!» (Бақара: 127). Ҳолбуки у иккилари солиҳ, улуғ бир амалда бўла туриб, Аллоҳ улардан қабул қилишини сўраяптилар. Ибн Абу Ҳотим Вуҳайб ибн Вирддан ривоят қилади. У киши ушбу оятни ўқидилар ва йиғладилар. Айтдиларки: «Эй Раҳмоннинг Халили! Раҳмоннинг уйи пойдеворларини кўтариб, яна У Зот сиздан қабул қилмаслигидан қўрқасиз».[7]

Агар бу, тўғри йўлдагиларнинг имоми ва муваҳҳидларнинг пешвоси ҳолати бўлар экан, унда у кишидан қуйидагиларнинг ҳолати ҳақида нима дейсиз?

Аллоҳдан барча учун қабул, тавфиқ ва тўғрилик, Аллоҳнинг «Байтул Ҳаром»ини ҳаж қилувчиларга саломатлик ва офият китобат қилишини, биз ва улардан солиҳ амалларни қабул айлашини ҳамда барчани тўғри йўлга ҳидоят қилишини сўраб қоламиз. Албатта, У кўплаб инъом этувчи, Саховатли Зотдир.

 

__________________________________________________________________

 

[1] Бухорий (1820), Муслим (1350).

[2] Насоий (5/115) Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул Жомеъ» (2901)да саҳиҳ санади.

[3] Муслим (1349).

[4] «Муснад» (25705).

[5] Ибн Муборак «Зуҳд» (985).

[6] Ибн Батто «Ибана» китоби (2/873)да шундай дейди: «Шунингдек, ҳаж ва умрасидан фориғ бўлиб, жамийки ҳаж ибодатларини адо қилиб қайтган киши ҳажи ҳақида сўралса шундай дейди: «Дарҳақиқат, ҳаж қилдик. Қабул бўлмай қолмас!» Шунингдек, одамларнинг ўзларига ва бир-бирларига дуо қилишлари: «Эй Аллоҳ! Рўзамиз ва закотимизни қабул айла!» Ҳожига йўлиққанда ҳам унга шундай дейилади: «Аллоҳ ҳажингизни қабул қилсин ва амалингизни покласин!» Шунингдек, одамлар Рамазон ойи тугаганда бир-бирларига йўлиқиб, шундай дейдилар: «Аллоҳ биз ва сизлардан қабул айласин!» Мусулмонларнинг суннати шундай бўлиб келган. Одатлари шундай жорий бўлган. Ҳамда уни халафлари салафларидан олган».

[7] Ибн Абу Ҳотим ўз тафсирида ривоят қилди. Ибн Касирнинг тафсирида (1/254) ворид бўлганидек.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan