Ҳаж ва уламоларнинг ўрни
Ҳажда ҳар бир кўзи очиқ киши учун намоён бўладиган ажойиб сабоқлардан бири уламоларнинг ўрни, мақомлари юқори, қадр ва манзилатлари олий эканидир. Ҳожиларни уларга савол йўллаётганлари, уларнинг турар манзилларини қидираётганлари, улардан фиқҳ ўрганишга ошиқишаётганлари, ҳаж ва бошқа ишлари ҳақида уларни саволга тутаётганлари ҳамда уларнинг жавоб, йўл-йўриқ ва насиҳатларини эшитиш билан хурсанд бўлаётганларини кўрасиз.
Уламоларнинг ўрни юқори эканлигида шак-шубҳа йўқ. Зеро улар яхшиликда йўлбошчи, уларнинг изига эргашилади, феълларига иқтидо қилинади, раъйларига тўхталади. Фаришталар уларга, ҳатти-ҳаракатларидан рози бўлган ҳолда қанотларини ёзадилар. Улар учун барча хўлу қуруқ истиғфор айтади, ҳатто сувдаги балиқ ҳам. Илмлари уларни сара зотлар манзилати, аброр муттақинлар даражасига етказди. У сабабли манзилат ва даражалари олий, қадр-қимматлари эса улкан бўлди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала: 11). Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Зумар: 9).
Чиройли насиҳатлари, гўзал кўрсатмалари ва етук баёнлари сабабли одамлар ҳаром нимаю ҳалол нима, залолат нимаю ҳидоят нима ҳамда ботил нимаю ҳақ нима эканини билиб оладилар. Аллома, имом Абу Бакр ал-Ажуррий раҳимаҳуллоҳ уламоларнинг ўрни ҳақида сўзлай туриб, шундай дедилар: «У Зот уларни бошқа мўминлардан афзал қилди. Бу ҳар бир замон ва вақтда шундай. Аллоҳ уларни(нг даражаларини) илм сабабли юқори қилди ва донолик билан зийнатлади. Улар сабабли ҳалол нимаю ҳаром нима, ҳақ нимаю ботил нима, фойдали нимаю зарарли нима, чиройли нимаю ҳунук нима экани маълум бўлади. Уларнинг фазли улкан, ҳурматлари катта. (Улар) пайғамбарларнинг меросхўри, авлиёларнинг кўз қувончи. Денгиздаги балиқлар улар учун истиғфор айтади. Фаришталар қанотларини улар учун қуйи солади. Уламолар қиёмат куни пайғамбарлардан кейин шафоат қилади. Суҳбатларидан ҳикмат оласиз. Ғафлат аҳли уларнинг амаллари сабаб (ғафлатидан) тўхтайди. Улар обидлардан афзал, даражада зоҳидларданда олий. Ҳаётлари ғанимат, ўлимлари мусибат. Ғофилга эслатма, жоҳилга эса таълим берадилар. Улардан қинғир иш кутилмайди. Улар томондан ёвузлик-(хиёнат) хавфи кутилмайди…». Раҳимаҳуллоҳ ушбу сўзларигача айтдилар: «Улар бандалар шамчироғи, ўлкалар маёғи, уммат тиргаги, ҳикмат булоқларидир. Улар шайтоннинг нафрати. Улар сабаб ҳақ аҳли қалблари тирик бўлар ҳамда оғишганларнинг қалблари ўлар. Уларнинг ердаги мисоли осмондаги юлдузлар сингари. Улар сабаб қуруқлик ва денгиз зулуматларида йўл топиб борилур. Агар юлдуз сўнса ҳайрон бўлиб қоладилар. Агар қоронғулик тугаса кўра бошлайдилар». Сўзи тугади.[1]
Илм аҳли ушбу юқори манзилат ва олий, юксак даражада бўлар экан, демак, улардан бошқалар зиммасида уларнинг қадрини сақлаш, маконатларини билиш ва уларни ўз ўринларига қўйиш вожиб бўлади. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва уламоларимизнинг ҳаққини билмаган умматимдан эмас».[2] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Одамларни ўз ўринларига қўйинглар».[3]
Уламоларнинг хоҳ тирик, хоҳ ўлик, хоҳ ҳозир, хоҳ ғоиблари бўлсин, қалб ила муҳаббат ва эҳтиром, тил ила мақтов ва олқиш айтган ҳолда ўринларини билиш ва ҳақларига риоя қилиш шартдир. Шу билан бирга илмларидан озуқаланиш, маърифатларидан фойдаланиш, одоб-ахлоқлари ила одобланишга ошиқиш ҳамда уларга тил текказиш, ҳақорат қилиш ва обрўларини тўкишдан узоқ бўлиш лозиму лобуддир. Чунки бу энг улкан гуноҳ ва энг қаттиқ таъна етказишликдир.
Батаҳқиқ, уламолар нажот кемасининг бошқарувчилари, омонлик соҳили сари йўл бошловчи, зулмат қоронғуликларида йўл кўрсатувчилардир. «Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар» (Сажда: 24).
Улар Аллоҳнинг ердаги ҳужжатидир. Улар Аллоҳ ато этган илм, У Зот тортиқ қилган фиқҳ ва фаҳм сабабли мусулмонларнинг дунё ва охиратларини нима ислоҳ қилишини билувчироқдирлар. Улар ўткир илм билан фатво берадилар, узоқни кўриб қарор оладилар, теран назар билан ҳукм қиладилар. Беҳуда-(ўринсиз) ҳукм чиқармайдилар, мусулмонларнинг сафларини ёлғон-яшиқ гаплар билан бўлиб ташламайдилар, енгилтаклик ва ҳаддан ошишлик нуқтаи назаридан таҳқиқ ва тадқиқотсиз фатво беришга шошилмайдилар. Одамлардан, уларни менсимаган ёки кибр ва кеккайган ҳолда ҳақни яширмайдилар.
Шунинг учун Аллоҳ таоло (масалани) ўзгаларга эмас, фақат уларга қайтариш ва савол йўллашга амр қилди: «Билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмларидан сўранглар!» (Наҳл: 43). Субҳанаҳу деди: «Қачон уларга тинчлик ёки хавф-хатар хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар» (Нисо: 83). Бу ўринда мўминларга одоб ўргатиляпти. Уларга, мўминларнинг тинчлик ва шодлиги ёки бошларига ёғилажак мусибат хавфига боғлиқ ишлардан иборат муҳим ишлар ва умумий фойдалардан бирортаси келган вақтда шошилмай аниқлаштиришликлари, буни Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзларидан бўлган ҳукмдорлар ҳамда ишларни биладиган, фойда ва унинг зиддини англаб етадиган илм, насиҳат, ақл ва вазминлик эгаларига қайтаришлари лозим бўлади. Шунда кимда-ким уларнинг раъйидан келиб чиқиб иш кўрса саломат қолади. Кимки улардан олдин ҳукм чиқарса зарар кўради ва гуноҳкор бўлади.
(Илмда) мустаҳкам уламолардан узоқ бўлиш, муҳаққиқ имомлар фатволарига таянишни тарк этиш, тадқиқотчи фуқаҳоларга ишончсизлик билдириш зое бўлиш аломатларидандир.
Қачонки уммат уламоларга ишонмай қўяр экан, унинг ҳолати худди қуруқ саҳрода уларни бошқарадиган самимий йўлбошловчисиз ҳамда уларни далолат қилиб турадиган моҳир раҳбарсиз (қолган) одамлар (ҳолати) каби бўлиб қолади. Оқибатда ишлари ҳалокатга қараб кетади ва ниҳоялари талофат бўлади.
Умматни даъват қилиш, унинг йўналишини кўрсатиб бериш ва сергакликка йўллашни қўлга оладиганлар – уламолардир. Агар иш шундай бўлмаса, одамлар жоҳил пешволар этагини тутадилар. Шунда улар одамларга билимсиз фатво беради ва бирор фаҳмсиз уларга йўл кўрсатади. Ана шу дамда заифлик рўй беради, катта путур етади ва кема чўкади.
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Сизларга қабз қилиниши-(кўтарилиши)дан олдин илм олишингиз вожиб бўлади. Унинг қабз қилиниши унинг аҳлини кетиши биландир. Сизларга илм олиш вожиб бўлади. Батаҳқиқ, сизлардан бирингиз ўзидаги нарсага қачон муҳтож бўлишини билмайди. Яқинда, Аллоҳнинг Китобига чорлаётганларини даъво қиладиган қавмларни кўрасизлар. Дарҳақиқат, уни ортларига улоқтиришган. (Динда) янгилик пайдо қилиш, чуқур кетиш ва ҳаддан ошишдан йироқ бўлинглар. Эски (бидъатлар аралашмаган) ишни лозим тутинглар».[4]
Шояд сиз, эй тавфиқ ато этилган ҳожи, одамларни ҳаж аҳмоклари борасида уламолардан фойдаланиб қолишга ошиқишлари, уларга савол бериб, илмларидан фойда олишга ҳарис эканликларини кўриб, уламоларнинг фазилати, умматнинг уларга ва илмларига ҳожатманд экани, дин ишларининг барчасида уларга савол йўллаб, истифода қилишнинг аҳамиятини билган бўлсангиз керак. Ўзингиз ҳам уламолардан ҳаж аҳкомлари борасида фойда олаяпсиз, ўзингизга тушунарсиз бўлган нарсалар ҳақида улардан фатво сўраяпсиз. Аллоҳга нур ва онг устида ибодат қилишингиз учун намоз, рўза, закот ва барча дин ишларида улардан фатво сўранг ва фойдаланинг.
Саховатли Аллоҳдан уламоларимиз устидан барака ёғдиришини, бизни улардан гўзал суратда фойдаланишга муваффақ қилишини ҳамда биз ва мусулмонлар номидан уларни яхшилик билан мукофотлашини сўраймиз. Албатта, У Эшитгувчи ва (дуоларни) ижобат қилгувчидир.
___________________________________________________
[1] «Ахлоқул Уламо» (13-14).
[2] «Муснад» (22755), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул Жомеъ» (5444)да «Ҳасан» даражасида деди.
[3] Абу Довуд (4842).
[4] Доримий «Сунан» (143).