PDF WORD

Ҳаж ва нафс тарбияси

Ҳаж ва зикр

 

Дарҳақиқат, Аллоҳ бандалари учун ҳажни, У субҳанаҳу зикрини қоим қилиш учун жорий қилди. Зикр ҳаждан мақсад қилинган нарсадир. Балки у жамийки тоатлардан мақсад қилинганидир. Ибодатлар фақат унинг учун жорий қилинди. Аллоҳга қурбат ҳосил қилувчилар унинг ўхшашичалик (бирор нарса) билан қурбат ҳосил қилишмаган. Ҳажнинг бари Аллоҳни зикр қилишдир.

Аллоҳ таоло деди: «Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар). Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар» (Ҳаж: 27-28). Аллоҳ таоло деди: «(Ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Роббингиздан фазлу карам исташингиздан сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир. Энди Арафотдан (Макка яқинидаги тоғ) тушганингиздан кейин Машъар-ул-ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг! У зот сизларни — гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да — ҳақ йўлга ҳидоят қилгани янглиғ сизлар ҳам у зотни эсланг — зикр қилинг! Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан (гуноҳларингизни) мағфират қилишини сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир. Энди, маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг! Зотан одамлар орасида шундай кимсалар борки, «Эй Парвардигор, бизга мана шу дунёда берган», дейди. Ҳолбуки, унинг учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ. Ва уларнинг орасида шундай зотлар ҳам борки, «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилган, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин», дейдилар. Ана ўша зотлар учун қилган ибодатлари (ҳаж, дуолари) шарофатидан насиба бор. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир. Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз! Ким икки кунда шошилиб (зикрни тўхтатса) унга гуноҳ йўқ, ким кейинда (учинчи кунга ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўқдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар шубҳасиз Унинг ҳузурида тўпланажаксиз» (Бақара: 198-203).

Ҳажнинг барча ўринларида Аллоҳ азза ва жалла зикрини лозим тутишга ушбу улкан васият ва олий буйруқни бир мулоҳаза қилиб кўринг. Арафада туришликда зикрга буюрди. Машъарул Ҳаром-(Муздалифа)да зикрга буюрди. Жонлиқларни сўйишда зикрга буюрди. Ташриқ кунлари зикрга буюрди. Демак, зикр ушбу амаллардан қасд қилинганидир. Балки амаллар фақат У субҳанаҳунинг зикрини қоим қилиш учун жорий қилинган.

Дарҳақиқат, Абу Довуд ва бошқалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликларини ривоят қилишди: «Албатта, «Байт(уллоҳ)»ни тавоф қилиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш ҳамда тош отиш Аллоҳ азза ва жалла зикрини қоим қилиш учун (жорий) қилинди».[1]

Ушбу (ҳадис)да зикрнинг шаъни олий, манзилати баланд ва қадри улуғ ҳамда у ибодатлардан мақсад қилингани ва мағзи эканига далолат бор.

Аллоҳ азза ва жалла намоз ҳақида шундай деди: «Ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!» (Тоҳа: 14). Яъни, намозни Аллоҳ азза ва жаллани ёдга олиш учун тўкис адо қил. У субҳанаҳу намозни зикр деб атади: «Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар» (Жумъа: 9). Чунки Аллоҳни зикр қилиш намознинг руҳи, мағзи ва ҳақиқатидир. Жамийки ибодатлардаги зикрнинг шаъни ана шундай. Ҳар бир ибодатда одамларнинг ажри улканроғи, унда Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганларидир.

Имом Аҳмад ва Табароний Абдуллоҳ ибн Лаҳийъанинг (санад) йўлидан ривоят қиладилар: Заббон ибн Фоид, Саҳл ибн Муоз ибн Анас ал-Жуҳанийдан, у эса отасидан шундай ҳадис айтди. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол йўллаб: «Эй Расулуллоҳ! Қайси жиҳоднинг ажри улканроқ?», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ табарока ва таолони кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. У: «Рўзадоларнинг ажри кўпроғи қайсилари?» – деди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари» -дедилар. Сўнг бизга намоз, закот, ҳаж ва садақани ёдга олиб, буларнинг барида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. Шунда Абу Бакр Умарга (розияллоҳу анҳумо): «Эй Абу Ҳафс! Зикр қилувчилар барча яхшиликни олиб кетишди», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Худди шундай» – дедилар.[2]

Ҳайсамий деди: «У ерда (санадда) Заббон ибн Фоид бор ва у заиф. Гоҳида ишонч ҳам билдирилган (сиқа дейилган). Шунингдек, ибн Лаҳийъа».[3]

Бироқ ҳадисни саҳиҳ иснодли «Мурсал» шоҳиди бор. Ибн Муборак «Зуҳд»да шундай деди: «Ҳайва менга шундай хабар айтди, Зуҳра ибн Маъбад Абу Саъид ал-Мақбурийни шундай деяётганини айтди: «Эй Расулуллоҳ! Қайси ҳожининг ажри улканроқ?» – дейилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳни кўпроқ зикр қилгани» – дедилар. У: «Қайси намозхоннинг ажри улканроқ?», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳни кўпроқ зикр қилгани» – дедилар. У: «Қайси рўзадорнинг ажри улканроқ?», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳни кўпроқ зикр қилгани» – дедилар. У: «Қайси мужоҳиднинг ажри улканроқ?», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳни кўпроқ зикр қилгани» -дедилар». Зуҳра айтади: Абу Саъид ал-Мақбурий менга шундай хабар берди: Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга (розияллоҳу анҳумо): «Зикр қилувчилар барча яхшиликни олиб кетди» – деди.[4]

Унинг Ибнул Қаййим «Ал-Вабил ас-Соййиб» китобида келтирган бошқа бир шоҳиди ҳам бор: Дарҳақиқат, Ибн Абу ад-Дунё «Мурсал» ҳадис зикр қилди: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Масжид аҳлининг қай бири яхшироқ?» – дея савол берилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. «Жаноза аҳлининг қай бири яхшироқ?» – дейилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. «Мужоҳидларнинг қай бири яхшироқ?» -дейилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. «Ҳожиларнинг қай бири яхшироқ?» – дейилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. «Беморни бориб кўрувчиларнинг қай бири яхшироқ?» – дейилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): «Зикр қилувчилар яхшиликнинг барини олиб кетди» – дедилар».[5]

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Ҳар бир амал аҳлининг энг афзали, унда Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганларидир. Рўзадорларнинг афзали рўзаларида Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари. Садақа қилувчиларнинг афзали Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари. Ҳожиларнинг афзаллари Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари. Қолган амаллар ҳам худди шундай».[6]

Ана шуни билган бўлсангиз, бас, барча тоатларда, намоз, рўза, ҳаж ва жамийки ибодатларингизда Аллоҳ зикрини лозим тутишга ошиқинг. Батаҳқиқ, ҳар бир ибодатдаги ажрингиз, унда Аллоҳни зикр қилганингиз ҳисобичадир.

Демак, зикр энг олий тоат ва энг улкан ибодатдир. Зикрнинг ўз аҳлига самаралари кўп, чексиз. Энг улкан самараси, у қалб тириклиги, нафс тарбияси ва дил покланиши учун муборак восита. У, зокир қалбга шоду ҳуррамлик ва роҳат олиб киради. Қалбга сакинат ва ҳотиржамлик бағш этади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур» (Раъд: 28). У қалбга шифо, касаллигига малҳам ҳамда қалб қотишини кетказувчидир. Қалбда қотиш-(бағритош)лик мавжуд бўлиб, уни Аллоҳ таолони зикр қилишгина кетказади. Бир киши Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳузурига келиб: «Эй Абу Саъид! Сизга қалбим қотганлигидан шикоят қиламан» – деди. У киши эса: «Уни зикр билан кетказ» – дедилар.[7]

Зикр сабабли ишлар енгиллашади, қийинчиликлар осонлашади. Бирор қийин, оғир ва машаққатли иш устида Аллоҳ зикр қилинса, албатта, у осонлашади, енгиллашади ҳамда шиддат бўлса, албатта, кетади ва офат бўлса, албатта, арийди.

Аллоҳ биз ва сизларни зокирлардан қилсин. Бизни ғофилларнинг йўлидан четлаштирсин. Албатта, У дуоларни Эшитгувчи, умид боғлашга ҳақли. Унинг ёлғиз ўзи бизга кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир.

 

____________________________________________________

 

[1] Абу Довуд «Сунан» (1888), Термизий «Сунан» (902) ва: «Ҳасан саҳиҳ» – деди.

[2] «Муснад» (15614), Табароний «Мўъжам ал-Кабир» (20/407-рақам).

[3] «Мажмаъ аз-Заваид» (10/74).

[4] «Зуҳд» (1429).

[5] «Ал-Вабил ас-Соййиб» (152).

[6] «Ал-Вабил ас-Соййиб» (152).

[7] Ибнул Қаййим «Ал-Вабил ас-Соййиб» (142)да зикр қилди.

Sahifalar: 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14

Фикр билдиринг