Ҳаж ва Аллоҳнинг чақириғини ижобат қилиш
Дарҳақиқат, ҳаж улкан тоат ва олий ибодатдир. Унда убудият-(Аллоҳга қуллик бажо келтириш)ни рўёбга чиқариш, Раб азза ва жалла олдида ҳокисорлик, бўйинсуниш ва қалб синиқлигидаги комиллик бор. Ҳожи дунё лаззатлари ва маҳбуботларидан воз кечган, мол-дунё, аҳли-оила ва ҳеш-ақрабони тарк этган, ўз хонадони ва ватанидан ғурбатда, ўзининг одатланган либосини ечиб, изор ва ридо кийган, бош кийимсиз, Раббисига мутавозе, ҳушбўй ва аёлларни тарк этган, Раббисининг раҳматини умид қилган ва азобидан қўрққан ҳолда итоаткор қалб, ёшланган кўз ва зикр қилувчи тил ила ҳаж ибодатлари ўтиладиган ўринлар оралаб кўчиб ўтувчи бўлган ҳолда Раббиси сари чиқади. Ушбу (ҳолатлар)нинг баридаги шиори «Лаббайка Аллоҳумма Лаббайк»дир. Яъни, албатта, мен Сенга бўйин эгувчиман, эй Раб! Нидоингни ижобат қилувчи, ҳукмингга бўйинсунувчи ва амрингга итоат қилувчиман.
Талбия-(«Лаббайка»ни айтиш) ҳаж шиоридир. Мусулмон ҳаж амалларини талбия билан бошлайди. Талбия айтган ҳолда Маккага бориб, «Байтуллоҳ»гача етади ва тавоф қилишга киришади. Сўнг у ҳар сафар рукндан рукнга ва бир ҳаж ибодатидан бошқасига кўчганда талбия айтади. Арафа сари юрганда талбия айтади. Муздалифа сари юрганда талбия айтади. То катта жамра-(«Жамратул Ақаба»)га тош отгунча Мино сари юрганда талбия айтади. (Шу ерга етганда) талбия айтишни тўхтатади. Демак, талбия ҳаж шиори ва ҳаж амалларида кўчиб ўтишликдир.
Ана шу (амал)нинг мусулмон учун нафсини поклаш, уни ислоҳ қилиш ҳамда Аллоҳнинг буйруғи ва У субҳанаҳунинг ҳуқуқларини адо этишда йўл қўйган камчиликларини муолажа қилишда қанчалар ҳам муборак таъсири бор.
Ахир мусулмонга ҳар доим Аллоҳнинг нидосига лаббай деювчи, буйруғини ижобат қилувчи, ҳукмига бўйинсунувчи бўлишлиги вожиб эмасми? Ахир мусулмонга тоатларнинг баридаги шаъни Аллоҳнинг нидосига лаббай деювчи ва унинг амрини мустажоб қилувчи бўлишлиги вожиб эмасми?
Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларини намоз, закот, рўза, садақа, вафодорлик, омонатдорлик, эзгулик ва яхшилик қилишга амр қилди. Ҳамда уларни зино, қатл, маст қилувчи ичимлик ичиш, ёлғон, фириб билан муомала қилиш ва хиёнатдан қайтарди. Мусулмонни ушбу буйруқ ва қайтариқларга нисбатан шаъни қандай? У Аллоҳнинг амрига лаббай деювчи, У субҳанаҳунинг тоатини адо этувчими ёки буларни фосиқлик ва исён билан қарши олувчими?
Исломнинг ҳақиқати – Аллоҳга тавҳид ила таслим бўлиш, Унга тоат ила бўйинсуниш ҳамда ширк ва унинг аҳлидан пок-(безор) бўлишликдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни, исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)! Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара: 208).
Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) шундай деди: «Яъни, барча амал ва эзгулик турларига амал қилинглар».[1]
У субҳанаҳу уларни иймон тармоқлари ва ислом шиорларининг барига амр қилди. Улар кўп бўлиб, улардан қодир бўлганча (амал қиладилар). Аллоҳ таоло айтганидек: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16). Ҳадисда (ворид бўлишича): «Агар мен сизларни бирор нарсага буюрсам, бас, уни кучларингиз етганча адо этинглар». Аллоҳга тўла таслим бўлиш, Унинг чақириғига лаббай дейиш, буйруқларига итоат қилиш, тоатини лозим тутишга буюрувчи оятлар жуда кўпдир.
Эй, Аллоҳ сенга ҳажни амр қилган (биродар)! Мана нидога лаббай дединг, Унинг эски уйини қасд қилган, раҳматидан умид ва азобидан қўрққан ҳолда келдинг. Қолган буйруқларга нисбатан улушинг қандай? Диннинг устуни ҳамда икки шаҳодат калимасидан кейинги унинг энг улкан рукнларидан бўлмиш намозга нисбатан шаънинг қандай? Рўзага нисбатан шаънинг қандай? Закотга нисбатан шаънинг қандай? Қайтариқлардан узоқлашиш ва ҳаром ишларни тарк этишга нисбатан шаънинг қандай? Агар итоаткор бўлсанг, бас, Аллоҳга ҳамд айт ва Ундан зиёдалик сўра! Агар камчиликка йўл қўювчи, зое қилувчи бўлсанг, бас, ваъид куни ҳисоб қилинишингдан олдин нафсингни сарҳисоб қил! Батаҳқиқ, бугун амал бор, ҳисоб йўқ. Эртага эса ҳисоб бор, амал йўқ. Аллоҳ таоло «Ҳадис ал-Қудсий»да шундай дейди: «Эй бандаларим! Албатта, у амалларингиз бўлиб, Мен уларни сизлар учун ҳисоблаб қўйганман. Сўнг уларни сизларга тўла-тўкис қайтараман. Кимки яхшилик топса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Кимда-ким бундан бошқасини топса, бас, фақат ўзини маломат қилсин».[2]
Одамлар буйруқ ва қайтариқларга нисбатан бир неча ҳолатларга бўлинади: Улар орасида тоатларни бажаришга лаббай дейдиган ва маъсиятларга қўл уришдан тийиладиганлари бор. Бу, дин аҳли ҳолатларининг энг мукаммали ва муттақинлар сифатининг энг афзалидир. Улар ичида тоатларни бажаришдан тийиладиганлари ва маъсиятларга қўл уришга киришадиганлари бор. Бу, мукаллафлар ҳолатининг энг тубани ҳамда у буюрилган тоатни бажаришдан лоқайдлик қилувчининг азоби ва қўл урган маъсиятларига журъат қилувчининг азобига мустаҳиқдир. Улар орасида тоатларни бажаришга лаббай деювчи ва маъсиятларга қўл уришга киришувчилари ҳам бор. Бу эса журъат қилувчининг азобига лойиқ. Чунки у шаҳватни маъсиятларга киришиш устидан ғолиб келгани боис камчиликка йўл қўйди. Улардан яна тоатларни бажаришдан тийиладиган ва маъсиятларни қилишдан қўлини тортадиганлари бор. Бу эса динига эътиборсиз бўлувчининг азобига муносибдир.
Мусулмонга ўзига нисбатан самимий бўлиши, Раббиси тоатига риоя қилиши, Унинг амрига итоат қилиши, қайтариғидан узоқ бўлиши, сабр қилиб, (ажрни) Унинг ҳузуридан умид қилиши вожибдир.
Салафлардан бири шундай деди: «Дарҳақиқат, биз назар ташладик ва Аллоҳ таолонинг тоатига сабр қилиш Унинг азобига сабр қилишдан енгилроқ эканини топдик». Бошқалари шундай деди: «Эй Аллоҳнинг бандалари! Сизлар учун унинг савобидан беҳожатлик йўқ бўлган амал устида сабр қилинглар. Ҳамда сизлар учун унинг иқобидан сабр қилиш йўқ бўлган амалдан (тийилишда) сабр қилинглар».
Инсон ушбу ҳаёти дунёда танасига зиён етказадиган ва сиҳатига салбий таъсир қиладиган ишлардан қанчалар ҳам ҳимояланади. Ваҳоланки Аллоҳнинг иқобига олиб борувчи ва оқибати Унинг азоби бўлган ишлардан ҳимояланмайди.
Ибн Шибрима шундай деди: «Дард етишидан хавфсираб покиза нарсалардан сақланган кишига ажабландим. Ахир дўзахдан хавфсираган ҳолда маъсиятлардан нечун сақланмайди».
Ҳаммод ибн Зайд шундай деди: «Таомлардан, унинг зарари боис сақланган кимсадан ажабландим. Ахир гуноҳлардан, унинг шармандалиги боис нечун сақланмайди».[3]
Эй талбия айтувчи, муваффақ биродарим! Юқорида ўтганларнинг барини бир ўйлаб кўр. Шу билан бирга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг талбия айтувчилар жамоасига васиятлари борасида чуқур мулоҳаза қилиб кўр. Термизий ва бошқалар Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни видолашув ҳажида шундай хутба қилганларини эшитдим, айтдиларки: «Раббингиз Аллоҳдан тақво қилинглар. Беш вақт намозингизни ўқинглар. Бир ой рўзангизни тутинглар. Молларингизнинг закотини ўтанглар. Ҳукмдорларингизга бўйинсунинглар, (шунда) Раббингизнинг жаннатига кирасизлар». Термизий деди: «Бу «Ҳасан саҳиҳ» ҳадиc». Ҳоким ривоят қилди ва деди: «Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ». Ва Заҳабий унга мувофиқ келди.[4]
Аллоҳ жалла ва аъладан биз ва сизларни У субҳанаҳунинг нидосига ҳақиқатда ва чинакамига лаббай деювчилардан қилишини, бизни нафсимиз рушду-ҳидоятига илҳом бағш этишини ҳамда бизни Ўзининг тоатига муваффақ қилишини сўраймиз. Албатта, У Эшитгувчи, (дуларни) ижобат қилгувчидир.
__________________________________________________
[1] Ибн Касир ўз тафсири (1/361)да зикр қилди.
[2] Муслим (2577).
[3] Мавридий «Одоб ад-Дунё ва ад-Дин» (103-104).
[4] Термизий «Сунан» (616), «Мустадрок» (1/9).