PDF WORD

Ражаб ойи арафасида

Ражаб ойи арафасида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.[1]

Дарҳақиқат, борлиқнинг Яратувчиси кўпгина кун ва ойлар орасидан баъзи кун ва ойларни танлади, ҳамда уларни қолганларидан олий қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати билан баъзи ойларни «ҳаром» қилди.

«Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир. Аллоҳ уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир» (Қасас: 68).

Ўша «ҳаром» ойларнинг бири Ражаб ойидир. «Ҳаром» ойлар ҳақида Қуръони Каримда айтилган:

«Албатта, Аллоҳнинг наздида, ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз!» (Тавба: 36).

Оятда зикр қилиб ўтилган тўрт ҳаром қилинган ой – бу Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррамдир. Бу ҳақда Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда зикр қилиб ўтилган. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом дедилар: «Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси пайдар-пай келувчи Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррамдир ҳамда (қолган бири эса) Жумодо ва Шаъбоннинг орасидаги Музарнинг Ражабидир» (Бухорий, 4662; Муслим, 1679).

«Ҳаром» қилинган ойлар қолган ойлар орасида ўзига хос ўрин эгаллайди. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳ буюрган удумларни бузишни, уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишни, Аллоҳ йўлида ҳадя этилган ҳайвонларни ўлдиришни ва уларга осиб қўйилган ҳадялик белгиларини узиб ташлашни ҳамда Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтул-ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга қарши (жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз!» (Моида: 2)

Яна Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, Аллоҳнинг наздида, ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз!» (Тавба: 36).

Ушбу ойлар икки сабабга кўра «ҳаром» деб ном олган:

1. Бу ойларда қуролли ҳаракатлар қилиш ҳаромдир, агар фақатгина душман ўзи урушни бошламаса.

2. Бу ойларда гуноҳ қилиш ҳаромлиги янада қаттиқроқ бўлади.

Ражаб ойида рўза тутишнинг ҳукми

Бу ойда рўза тутишга келсак, Ражаб ойида рўза тутишнинг ўзига хос хусусияти ёки фазилатига далолат қилувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис, у зотнинг саҳобаларидан бирорта ҳам саҳиҳ ривоят ворид бўлмаган. Баъзи мусулмонларнинг ушбу ойнинг маълум кунларини рўза тутиш учун хослаб, бу амалда фазилат бор деб таъкидлаши, шариатда бирорта ҳам асосга эга эмас. Ражаб ойининг ўзига хос хусусият ёки фазилатига далолат қилувчи барча ҳадислар ёки заиф, ёки (мавзу) тўқимадир. Бу ҳақда Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтиб ўтганлар («Маджмуъ ал-фатава», 25/290). Фақатгина Абу Довуд ривоят қилган ҳадисни ҳисобга олмаса: «Ҳаром ойларда рўза тут ва ифторлик қил» (Абу Довуд, 2428, шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ҳадисни заиф дедилар). Ушбу ҳадисни ҳасан деб ҳисоблайдиганлар учун эса унда (ҳадисда) Ражаб ойини ўз ичига олувчи ҳаром қилинган ойларда рўза тутиш мустаҳаб эканлигига кўрсатма бор. Ҳадисда Ражабни қолган ойлардан ажратишга ва уни ўзига хос фазилатига кўрсатма йўқ.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Ражаб ойининг фазилати тўғрисида, бу ойда рўзанинг фазилатли эканлиги, ёки шу ойнинг баъзи кунларида рўза тутиш афзаллигига далолат қиладиган, ёки баъзи бир кечаларида махсус таҳажжуд намозлари ўқилишига ҳужжат бўлишга арзийдиган саҳиҳ ҳадис келмаган. Бундай қатъий фикрга мендан аввал имом Абу Исмоил ал-Ҳаравий раҳматуллоҳи алайҳ келганлар. Шунингдек, бу фикр, саҳиҳ ровий силсиласига эга бўлган бошқа уламоларнинг фикридир… Ражабнинг фазилати, ёки ушбу ойда рўза тутишнинг фазилати, ёки ушбу ойнинг маълум кунларида рўза тутишнинг фазилатига далолат қилувчи ҳадисларга келсак, уларда ўша фазилат ва ўзига хос хусусиятлар аниқ, очиқ-ойдин айтилган. Бироқ ўша барча ҳадисларни икки гуруҳга ажратиш мумкин: заиф ва мавзу» («Табиъин ал-аъжаб бима варада фазл Ражаб», 11). Кейин Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ўз китобларида Ражаб ойи фазилати мавзусида ўн битта заиф ва йигирма битта мавзу ҳадисни жам қилдилар. Мисол тариқасида шу каби ҳадислардан бирини келтиришимиз мумкин: «Ражаб ойининг бошқа ойлардан устунлиги, Қуръоннинг бошқа сўзлардан устунлиги кабидир» (Мавзу ҳадис, бу ҳақида Ибн Ҳажар айтади. Ушбу ҳадисни Ибн ал-Жавзий ўзининг «Тўқима ҳадислар» номли китобида келтиради, 2/576-581).

Ражаб ва Шаъбон ойида тўлиқ рўза тутиш ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ражаб ойида тўлиқ рўза тутганлари ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Шаъбон ойида тўлиқ рўза тутганлари ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган. Бундан ташқари саҳобалардан бирорталари ушбу икки ойда тўлиқ рўза тутганлари бизга етиб келмаган. Саҳиҳ ҳадислардан шу нарса маълумки, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойидагина тўлиқ рўза тутганлар. Саҳиҳ ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам рўза тутсалар энди (бу ой охиригача) рўзаларини очмас эканлар деб ўйлаб қолардик, рўза тутмай юрсалар энди тутмас эканлар деган ҳаёлга борардик. Рамазондан бошқа бирор ойда тўлиқ рўза тутганларини билмайман, Шаъбон ойида эса бошқа ойлардан кўра кўп рўза тутганларини гувоҳи бўлганман» (Бухорий, 1969; Муслим, 1156 (175)).

Ражаб ойида Умра қилиш

Ражаб ойини Умра амалини бажариш учун хослаш, бу ойда қилинган Умрага қандайдир фазилатни дохил қилиш мумкин эмас. Чунки Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Ражаб ойида Умра қилганлари, ёки ушбу амалнинг фазилати ҳақида айтганлари саҳиҳ далилларда ворид бўлмаган. Мужоҳид (тобиинлардан бири) деди: «Биз мўминларнинг онаси Оиша ўз ҳужраларида тишларини тозалаётганларини эшитиб қолдик ва Урва деди: «Эй онажон, эй мўминларнинг онаси, Абу Абдурраҳмон (Ибн Умар) нима деяётганини эшитдингизми?» Улар сўрадилар: «Нима деяётган экан?» (Урва) деди: «Унинг айтишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт марта Умра қилган эканлар, (шунингдек) – бир марта Ражабда». (Бунга) улар дедилар: «Абу Абдурраҳмонни Аллоҳ раҳматига олсин! (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам) усиз бирор марта Умра қилмадилар. Бироқ улар ҳеч қачон Ражабда Умра қилмаганлар!»» (Бухорий, 1776). Шунингдек Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ ўзларининг фатволарида айтадилар: «Ражаб ойининг баъзи кунларини Умра қилиш учун, ёки бошқа бирор ибодат турларини бажариш учун хослашга келсак, буларнинг барчаси Исломда ҳеч қандай асоси йўқдир. Бу ҳақда имом Абу Шома ўзларининг «Ал-Бидъа вал Ҳавадис» китобларида таъкидлаб ўтганлар. Уларнинг айтишларича, бирор вақтни маълум ибодат турларини бажариш учун хослаш, агар у шариат томонидан хосланмаган бўлса, мумкин эмас. Чунки маълум бир вақтнинг бошқа бир вақтдан афзаллик тарафи йўқ, илло бунга шариат кўрсатмаси бўлса ва унга (вақтга) ўзига хос хусусиятларни дохил қилган бўлса бундан мустасно. Шунинг учун ҳам Ражаб ойини кўп сонли Умра қилиш учун хослашликни уламолар танқид қилдилар. Ушбу ойда (Умра қилишда) бирор фазилат бор деб эътиқод қилмаган ҳолда ёки шунчаки сафари Ражаб ойига тўғри келиб қолган ҳолда Умра қилишга отланган кишига тўхталсак, бунда ҳеч қандай ножуялик йўқдир».

Рағойиб намози

Ушбу намоз Ражаб ойининг биринчи жума тунида ўқиладиган, баъзи лўттибозлар ўйлаб чиқарган намоздир.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ деди: «Бу кўпгина танбеҳга лойиқ нарсалардан иборат бўлган ҳунук ва танбеҳга лойиқ бидъатдир. Ушбу бидъатни тарк этиш ва уни бажарувчиларни танбеҳ қилиш вожибдир» («Имом Нававий фатволари», 57-бет).

Аллома Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ деди: «Рағойиб намози – уламо-имомларнинг ижмосига кўра бидъатдир. Чунки бу намозни адо этиш на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан, на у зотнинг халифалари томонидан буюрилган. Имом Молик, Шофиъий, Аҳмад, Абу Ҳанифа, Саврий, Авзоий, Лайс ва бошқа бирор дин имоми ушбу намозни ўқишни оқламади. Рағойиб намози ҳақида келтирилган ҳадис эса, барча муҳаддисларнинг ижмосига кўра ёлғондир» («Мажмуъ ал-фатава», 23/134).

Ибн Наххас раҳимаҳуллоҳ деди: «Бу (рағойиб намози) бидъатдир. Бу ҳақда келтирилган ҳадис эса, барча муҳаддисларнинг ижмосига кўра мавзудир (тўқиб чиқарилгандир)» («Танбиҳ ал-Ғофилин», 496).

Аллома Тартуший ушбу бидъатнинг бошланишини изоҳлаб, деди: «Менга Абу Муҳаммад ал-Мақдисий хабар берди: «Ражаб ва Шаъбон ойида адо этиладиган рағойиб намози Байт ал-Мақдисда (Ақсо масжидида) умуман мавжуд бўлмаган. Илк бор уни бизда 448 (ҳижрий) йил ўйлаб топишди. Бу иш бизнинг Байт ал-Мақдисга Набилисдан, Ибн Абу Ҳамра исми билан танилган инсон келганда содир бўлди. У Қуръонни ажойиб тиловат қилиши билан ажралиб турар эди. Айни ўша Ақсо масжидида илк бор Шаъбоннинг ўртасида тунги намоз адо этди… Ражаб ойида адо этиладиган намозга келсак, уни илк бор бизнинг Байт ал-Мақдисда 480 (ҳижрий) йилдан сўнг адо этила бошлади»» («Ал-ҳавадис вал бидъа», 103).

Шунингдек рағойиб намози хусусидаги ҳадис ҳақида ва у мавзу (тўқиб чиқарилган) эканлиги ҳақида Ибн ал-Жавзий, Абу ал-Хаттоб, Абу Шома, Ибн Ражаб, Абу ал-Фазл ибн Наср ва бошқалар ўзларининг асарларида зикр қилиб ўтганлар.

Исро ва Меърож кечасини нишонлаш

Ушбу маросим Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида нишонланади, гарчи на ушбу кун (Исро ва Меърож) санаси ҳақида ва на уни нишонлаш шаръий эканлиги ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ маълумот бўлмаса ҳам. Шунингдек, тарихчилар орасида ушбу ҳодиса санаси хусусида катта ихтилоф мавжуд. Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда деди: «(Баъзи китобларда) келтирилишича, Ражаб ойида аҳамиятли ҳодисалар бўлиб ўтган экан. Бироқ бу борадаги бирорта маълумот саҳиҳ эмас. Келтирилишича, гўёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойнинг биринчи кечасида туғилган эканлар, ёки у зот Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида пайғамбар бўлган эканлар. Баъзиларнинг айтишича, бу воқеа йигирма бешинчи кун содир бўлган экан. Бироқ буларнинг барчаси саҳиҳ эмас» («Латоиф ал-Маъариф», 233).

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳдан Ражаб ойининг йигирма еттинчи куни рўза тутиш ва ушбу тунни бошқа тунлардан тунги намоз ўқиш билан хослашлик ҳақида сўрашди. Бунга улар жавоб бердилар: «Ражаб ойининг йигирма еттинчи куни рўза тутиш ва ушбу тунни тунги намозлар учун хослашлик диндаги бидъатдир. Барча бидъат эса залолатдир» (Ибн Усаймин, «Мажмуъ ал-фатава», 20/440).

Бундан ташқари, баъзилар ушбу ойнинг фазилатига ишонган ҳолда, қўшимча равишда турли ибодатлар бажаришади: садақа бериш, қурбонлик қилиш ва ҳоказо. Бироқ, юқорида зикр қилиб ўтилганидек, биз ўзимиз учун маълум кунларни хослаб олишимиз ва у кунга маълум ибодатларни хослашимиз мумкин эмас ва бунга ҳаққимиз йўқ. Чунки биз мусулмонлар ибодат масаласида фақатгина Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатига қатъий эргашишимиз лозим. Агар бирор нарса ушбу икки асосга (Қуръон ва Суннатга) мувофиқ келмаса, инсон ушбу бидъатни яхши ёки ёмон мақсадда бажараётганидан қатъий назар, у рад қилинади. Чунки Аллоҳ таоло ўзининг динини бизга комил равишда етказди ва бу комил диндир. Ислом қўшимчаларга ва қисқартиришларга муҳтож эмас. Аллоҳ таоло айтади:

«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

Имом Бухорийнинг ҳадис тўпламларида ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинади)» (Бухорий, 2697). Муслимда эса ривоят қилинишича: «Ким у тўғрида бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади» (Муслим, 1718).

Кўпчиликда савол туғилиши мумкин: унда ҳаром қилинган Ражаб ойида нима қилиш мумкин?! Жавоб оддий: шу нарсани англаш керакки, ушбу ой ҳаром қилингандир. Шунинг учун ҳам гуноҳларни тарк қилиш ва солиҳ амалларни бажаришга жиддий киришмоқ керак. Аллоҳга тавба қилиш керак. Саҳиҳ суннатда собит бўлган нафл рўза тутиш орқали, Аллоҳ таолодан буюрилган ибодатларни бажаришга соғлик ва куч сўраш орқали Рамазон ойига тайёргарлик кўриш керак.

Аллоҳ таолодан фойдали илм, ихлос ва солиҳ амалларни сўраб қоламиз. Шояд Қиёмат куни муваффақиятга эришганлар сарасидан бўлсак! Омин.

Оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ Муҳаммад пайғамбаримизга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга ихлос билан эргашганларга салавоту саломлар йўлласин.

Фикр билдиринг