Яхши бидъат пайдо қилиш ҳақида ҳадис борми?
بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Исломда бир яхши суннатни (суннати ҳасанани) йўлга қўйган бўлса, ундан кейин ўшанга амал қилинса, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг ажрича ажр ёзилади, уларнинг ажридан ҳам бирон нарса камаймайди» (Муслим 1017).
Бу ҳадис Исломда бидъати ҳасана (яхши бидъат) бор дейдиганларнинг асосий ҳужжатларидан бири ҳисобланади.
Шайх Сиддиқ Ҳасанхон деди: «Бу ва шунга ўхшаш ҳадисларга, динга яхши бидъат киритиш мумкин деган баъзилар далил сифатида суянишган. Бироқ ушбу ҳадисда бунга ҳеч қандай далил йўқ. Чунки ушбу ҳадисдаги «суннати ҳасана» сўзларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ибтидосини олган, шаръий суннатга асосланган амални қилиш назарда тутилган. Асоси бўлмаган бирор янги нарсани қилиш назарда тутилмаган» (Қаранг: «ас-Сирож ал-Ваҳҳаж» 10/420).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима ҳақида гапирганликларини англаш учун, ушбу ҳадисни тўлиқлигича келтириш керак: Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир куни кун аввалида биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик. У зотнинг ҳузурига ярим-ялонғоч, йўл-йўл бўлакли жун матони кийган кишилар келишди. Улар ўша матони бошлари учун тешиб олишган ва қиличларини белларига боғлаб олишган эди. Уларнинг аксари, менимча ҳатто барчалари, Мудар қабиласидан эди. Ўта ночор ҳолатларини кўриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари ўзгарди ва ҳужраларига кириб кетдилар. Кейин чиқдилар, Билолга намозга азон ва такбир айтишни амр қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша намозни ўқидилар. Сўнг одамларга хутба билан мурожаат қилиб дедилар:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ ٱتَّقُواْ رَبَّكُمُ ٱلَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفۡسٖ وَٰحِدَةٖ وَخَلَقَ مِنۡهَا زَوۡجَهَا وَبَثَّ مِنۡهُمَا رِجَالٗا كَثِيرٗا وَنِسَآءٗۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ ٱلَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِۦ وَٱلۡأَرۡحَامَۚ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ عَلَيۡكُمۡ رَقِيبٗا ١
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Раббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1). Кейин у зот Ҳашр сурасининг охирги оятларидан яна бир оятни ўқидилар:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَلۡتَنظُرۡ نَفۡسٞ مَّا قَدَّمَتۡ لِغَدٖۖ ١٨
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин!» (Ҳашр: 18). Сўнг дедилар: «Инсон динорини, ёки дирҳамини, ёки кийимини, ёки соъ буғдойини, ёки соъ ҳурмосини», – мана бундай демагунларича (санаб ўтишни давом этдилар): «ёки ҳатто яримта ҳурмо бўлса ҳам садақа қилсин». Шундан сўнг ансорлардан бўлган бир одам қўлида зўрға кўтариб тура оладиган даражада оғир бўлган кумуши бор халтача олиб келди. Бошқа одамлар ҳам бирин-кетин унга эргашишди. Охир оқибат ерда икки уюм ҳосил бўлганини кўрдим. Бири егулик, иккинчиси эса кийим эди. Яна мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари худди зарҳаллангандек ёришиб кетганини кўрдим ва у зот дедилар: «Ким Исломда бир яхши суннатни (суннати ҳасанани) йўлга қўйган бўлса, ундан кейин ўшанга амал қилинса, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг ажрича ажр ёзилади, уларнинг ажридан ҳам бирон нарса камаймайди. Ким Исломда бир ёмон суннатни (суннати саййиа) йўлга қўйган бўлса, ундан кейин ўшанга амал қилинса, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг гуноҳича гуноҳ ёзилади, уларнинг гуноҳларидан ҳам бирон нарса камаймайди»» (Муслим 1017).
Ҳадисни тўлиқ ўқиб чиққан одамга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «суннати ҳасана»дан нимани назарда тутганлари аён бўлади. Бундан мурод кимдир Ислом жорий қилган солиҳ амаллардан бирини қилса, кейин шунда унга бошқалар эргашса, яъни кимки Суннатни тирилтирса дегани. Юқоридаги ҳадисда эса гап садақа ҳақида кетган. У Исломда жорий бўлган ва турли бидъатлар ўлароқ, шаръий асосга эга. Ахир ҳадисда айтилмоқдаки: «Шундан сўнг ансорлардан бўлган бир одам қўлида зўрға кўтариб тура оладиган даражада оғир бўлган кумуши бор халтача олиб келди. Бошқа одамлар ҳам бирин-кетин унга эргашишди». Яъни ўша ансорий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бечора мусулмонларга садақа қилишга қилган даъватларини англаган ва унга ижобат қилганларнинг аввалгиси бўлди. Шундан сўнг ундан бошқа мусулмонлар ибратланиб, унга эргашишди. Шунинг учун ҳам кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Ким Исломда бир яхши суннатни (суннати ҳасанани) йўлга қўйган бўлса, ундан кейин ўшанга амал қилинса, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг ажрича ажр ёзилади, уларнинг ажридан ҳам бирон нарса камаймайди».
Яна «суннати ҳасана»дан мурод Суннатга амал қилишлик эканини шунга ўхшаш бошқа ҳадисдан билсак бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кунларнинг бирида бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. У зот одамларни садақа қилишларига тарғиб қилдилар. Бири айтдики: «Менда фалон-фалон нарса бор» ва мажлисдаги одамлардан озми кўпми бўлсада, унга бирор нарсани садақа сифатида бермагани қолмади. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки бирор яхши нарсани бошласа, ўшанда унга бошқалар эргашса, ўша одам тўлиқ ажрни ва унга эргашганларнинг ажрини олади. Бу билан уларнинг ажри камаймайди. Кимки бирор ёмонлик қилса, ўшанда унга бошқалар эргашса, бунинг учун тўлиқ гуноҳни олади ва унга эргашганларнинг гуноҳини олади. Бу билан уларнинг гуноҳини камайтирмайди»» (Ибн Можа 204. Ҳофиз Бусайрий ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди).
Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам динда ҳеч қандай бидъати ҳасанага рухсат бермаганлари, шунингдек ушбу ҳадисда бунга далил йўқ экани маълум бўлмоқда.
Биринчидан, «ман санна сунна ҳасана» (Ким бир яхши суннатни йўлга қўйган бўлса) жумласидаги «суннат» сўзи луғавий маънони англатади, шаръий маънони эмас. Яъни мана шу ҳадисдаги «суннат» сўзидан мурод: «одат», «йўл», «амал»дир. Ҳадисдаги «суннат» сўзи шаръий маънога эга бўлган бўлиши мумкин эмас. Чунки бундан Исломда яна ёмон суннат ҳам бор экан деган маъно чиқиб қолади. Агар мана шундай деб тасаввур қилсак «ман санна сунна саййиа» (Ким бир ёмон суннатни йўлга қўйган бўлса) сўзлари Исломда ёмон суннат ҳам бор эканини англатган бўларди. Чунки ушбу сўзлар мана бундай тушунилган бўлиб қолинарди: «Ким бир ёмон суннатни йўлга қўйган бўлса…». Шунинг учун ҳам ушбу сўзларни энг тўғри маъноси: «яхши ибрат» ва «ёмон ибрат».
Иккинчидан, салафларнинг ва аввалги имомларнинг бирортаси ҳам ҳадисдаги «суннати ҳасана» сўзини бидъати ҳасана деб тушунганлиги ривоят қилинмаган.
Учинчидан, юқоридаги ҳадисдан келиб чиқиб бизга маълум бўлдики, ҳеч ким динда янги амални бажармади. Саҳоба садақа қилди, бошқалар эса унга эргашди. Шунинг учун ҳам кўпгина имомлар мана шу ҳадисни «Суннатни тирилтирган кимса савоби ҳақида» номли боб остида киритишган. Масалан, имом Лалакаий «Шарҳ усул ал-эътиқод» китобида шундай қилган.
Муҳокама қилинаётган ва шунга ўхшаш ҳадисларнинг маъносини бошқа бир шунга ўхшаш ҳадис гўзал суратда ёритиб беради: «Ким менинг суннатимдан бир суннатни тирилтирса, сўнг унга одамлар амал қилсалар, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг ажрича ажр бўлади, лекин бу уларнинг ажридан бирон нарсани камайтирмайди. Ким бир бидъатни пайдо қилса, у учун ўша бидъатга амал қилган кишилар гуноҳича гуноҳ бўлади, лекин бу уларнинг гуноҳидан бирон нарсани камайтирмайди» (Ибн Можа 209, Термизий 2677. Имом Абу Исо Термизий, имом Бағавий, имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ эканини тасдиқлади. Қаранг: «Сунан ат-Термизий» 3/128, «Шарҳ ас-Сунна» 1/198, «аз-Заважир» 1/98, «Саҳиҳ Сунан Ибн Можа»).
Шайх Сиддиқ Ҳасанхон ҳофиз Нававийнинг муҳокама қилаётган ҳадисимизга нисбатан бидъат беш турга бўлиниши (вожиб, мустаҳаб, ҳаром, макруҳ ва мубоҳ) ҳақидаги айтган сўзларидан кейин деди: «Ушбу ҳадисда бу каби тақсимлашга ҳеч қандай кўрсатма йўқ! Дарҳақиқат, ушбу ҳадисда одамлар ҳеч бир янгиликни қилишмади, улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ибратларига эргашишди. Шунингдек бидъат беш турга бўлинишига ҳеч қандай далил йўқ. Кимки бидъатнинг мана шундай бўлиниши ҳақидаги қавлга эргашган бўлса, бунга ҳеч қандай далил келтирмади!» (Қаранг: «ас-Сирож ал-ваҳҳаж» 3/565).
Шайх Сафийюрроҳман Муборакфурий «ман санна сунна ҳасана» жумласи борасида деди: «Яъни, кимки, ўша биринчи бўлиб кумушли халтачани олиб келган одамга ўхшаб, бошқалардан аввал солиҳ амални бошласа, яхшиликда бошқалар учун ибрат бўлса. Унинг амали яхши амал эканига келсак, бу динда маълум нарса. Ҳадиснинг маъноси динга, аввалда динда унинг яхшилик экани маълум бўлмаган бирорта яхшиликни киритиш ҳақида эмас. Чунки динда яхшилик экани маълум бўлмаган нарса, ҳеч қачон яхшилик бўлмайди! Бу баъзиларнинг бидъатни яхши ва ёмонга бўлишликка эргашгашишлари яроқсиз эканига далолат қилади. Дарҳақиқат, ҳар қандай бидъат – залолат! Бу ерда икки нарсадан бири: агар яхши амал бўлса, демак у бидъат бўла олмайди, агарда у бидъат бўлса, демак у яхшилик бўлмайди, ҳатто кимларгадир бу шундай кўринса ҳам. Масалан, намоз – ниҳоятда яхши нарса. Аммо фарз намозига жорий бўлгандан ортиқча ракаатларни қўшишлик – ниҳоятда ёмон нарса. Бу ишни қилган одам тавба қилиши керак бўлади. Худди шундай «Муҳаммад – Расулуллоҳ» сўзлари. Бу жуда яхши сўзлар. Аммо ушбу сўзларни азон охирига қўшишлик ёмон нарса. Бу ишни қилган одам тавба қилиши керак бўлади. Барча солиҳ амаллар ҳолати шундай. Чунки шариат кўрсатма берган нарса алмаштирилмайди, кўпайтирилмайди ва камайтирилмайди. Бирор нарсани «яхши» дейилмайди, илло агар у шариатга мувофиқ бўлса (яхши дейилади)» (Қаранг: «Миннатул мунъим фи шарҳ Саҳиҳ Муслим» 2/105).
Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ муҳокама қилинаётган ҳадис борасида дедилар: ««Ким Исломда бир яхши суннатни (суннати ҳасанани) йўлга қўйган бўлса» деган зот: «Барча бидъат – залолатдир» деб ҳам айтган. Бўлиши мумкин эмаски, ростгўй Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор нарса деган бўлсаю, у (сўз) бошқа сўзларига раддия бўлган бўлса. Худди шундай бўлиши мумкин эмаски, у зотнинг сўзларида хилофлик бўлса.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир суннати ҳасанани йўлга қўйган бўлса» дедилар, «ким бидъат киритса» демадилар. Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Исломда бир суннати ҳасанани йўлга қўйган бўлса» дедилар, бидъат эса Исломдан эмас. Яна у зот: «ҳасана (яхши)» дедилар, бидъатлар эса яхши эмас» (Қаранг: «ал-Ибдаъ фи камал аш-шар» 19-20).
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми