Жаннат ва жаҳаннам аҳли қайси тилда сўзлашади?
بسم الله الرحمن الرحيم
Барча мақтовлар Аллоҳга хос. Унинг бандаси ва элчиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у кишининг аҳли оила ва барча саҳобаларига саловату саломлар бўлсин.
Сўнг:
Қуръон ёки саҳиҳ Суннатда, биз билишимиз бўйича, жаннат ёки дўзах аҳли сўзлашадиган тил баён қилингани ворид бўлмаган. Бу борада ворид бўлгани Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ бўлмаган ҳадис ва баъзи асарлар.
Дарҳақиқат, Табароний «Авсат»да, Ҳоким, Байҳақий «Шуъаб ал-Ийман»да ва бошқалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Арабларни уч нарса учун яхши кўринглар. Чунки мен арабман, Қуръон арабча ва жаннат аҳлининг каломи арабийдир», дедилар.
Ибнул Жавзий ушбу ҳадисни тўқима-(уйдирма) дея ҳукм қилди. Заҳабий деди: «Ҳадис уйдирма деб ўйлайман». Албоний «Силсила ад-Доъийфа» (160): «Тўқима», деди.
Табароний «Авсат»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен арабман, Қуръон арабча ва жаннат аҳлининг тили арабийдир», дедилар.
Албоний «Силсила ад-Доъийфа» (161)да: «Уйдирма», деди.
Хулоса шуки, жаннат ёки жаҳаннам аҳли сўзлашадиган тил баён қилинган бирор саҳиҳ далил ворид бўлмаган. Шунинг учун бу масалада сукут қилиш, у ҳақида гапга киришмаслик, унинг илмини Аллоҳ таолога ҳавола қилиш, ҳамда натижада ўша диёрда фойдаси тегадиган амал билан машғул бўлиш лозим бўлади.
Шайхул Ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга: Одамлар қиёмат куни нима билан хитоб қилинадилар? Аллоҳ таоло уларга араб тилида хитоб қиладими? Дўзах аҳлининг тили форсча ва жаннат аҳлининг тили арабча экани саҳиҳми? – дея савол берилди.
Шундай жавоб бердилар: «Барча мақтовлар оламларнинг Рабби Аллоҳга хос. Одамлар у кунда қайси тилда сўзлашишлари ва Раб жалла ва аъланинг хитобини қайси тилда эшитишлари маълум эмас. Чунки Аллоҳ таоло ва Расули алайҳиссалоту вассалам бизга бу борада бирор нарса хабар бермади. Жаҳаннамийларнинг тили форсча ва абадий жаннат аҳлининг тили арабча экани саҳиҳ эмас. Саҳобалар розияллоҳу анҳум ўрталарида бу борада бирор низо бор эканини билмаймиз. Балки барчалари бундан тийилишган. Чунки бунга ўхшашлар борасида сўз очиш ортиқча сўз жумласидандир… Бироқ кейингилар ўртасида бу борада ихтилоф юз берди. Одамлар: арабчада хитоб қилинадилар, деди. Бошқалар эса: дўзах аҳли мустасно. Улар форсчада жавоб берадилар. У уларнинг дўзахдаги тили, деди. Яна бошқалар: сирёнийча хитоб қилинадилар. Чунки у, Одамнинг тили ва (бошқа) тиллар ундан ажралиб чиққан, деди. Бошқалар эса: жаннат аҳли мустасно. Улар арабча сўзлашадилар, деди. Ушбу сўз эгаларининг бари на ақл ва на нақл жиҳатидан ҳужжатга эга эмас. Балки у далиллардан холи даъволардир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билувчироқ». Сўзи тугади («Мажмуъ Фатово» (4/299)).
Манба: Тавҳид форуми
Assalamu alaykum varohmatulloh! Birodar, mana shu maqolani rus tiliga o’grilgani bo`lsa jo’natvorsangiz, MP3 shaklida bo`lsa juda ham yaxshi bo’lardi. Jazakallohu xoyr!