Пировардида… Тўғри йўлдаги халифалик
Фазилатли шайх Муҳаммад ибн Умар Базмул ҳафизаҳуллоҳ
«Уммул Қуро» олийгоҳи қошидаги мударрислик ҳайъати аъзоси
بسم الله الرحمن الرحيم
Сизни «Тўғри йўлдаги халифалик» сўзи ёки «Тўғри йўлдаги халифаликни қуриш»га чақириқлар билан алдамасинлар!
Новда қийшиқ бўлса сояси тўғри бўлармиди?!
Ҳидоят, ҳақ ва ушбу динни барпо қилишликка, унга қарши курашиш ва унга хилоф чиқиш йўли билан эришиладими?!
Бир неча юз йиллардан бери тўғри йўлдаги халифалик мавжуд эмас. Мусулмонларнинг уламолари ичида тўғри йўлдаги давлатни қуриш ҳамда ўша вақтда мавжуд ҳукмдорлар бошқарувидан чиқишликка чорлайдиганлари бўлмаганмикин дея ўзингизга ҳеч савол берганмисиз?
Ахир ислом уммати залолат асосида жамланадими?
Агар ушбу иш ҳақ бўлганида, уни мусулмон ва уламолар билмай қолиб, ҳозирги замонда анави кимсалар билиб қолгани ҳеч ҳаёлингизга келганми?
Тўғри йўлдаги халифалик ҳукмдорга қарши бош кўтариб чиқиш ҳамда улар билан халқлари ўртасидаги аҳд-(қасамёд)ни бузиш билан рўёбга чиқадими? Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда шундай дейдилар: «Ким ҳукмдоридан кариҳ-(ёмон) кўрадиган бирор нарсани кўрса, бас, унга сабр қилсин. Батаҳқиқ, ким жамоатдан бир қарич ажралиб, ўлса албатта жоҳилият ўлимидек ўлим топибди» (Бухорий (7054), Муслим (1848)).
Нофеъдан ривоят: «Язид ибн Муовия замонида Ҳарра воқеасида юз берган ишлар рўй берган кезлари Абдуллоҳ ибн Умар Абдуллоҳ ибн Мутеъ ҳузурига келди. Шунда у: «Абу Абдурраҳмон (суянишлари учун) ёстиқ-(болиш) беринглар!» – деди. У киши эса: «Мен ҳузуринга ўтиргани келганим йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитганим бўлмиш бир ҳадисни айтгани келдим: «Ким итоатдан бўйин товласа қиёмат куни Аллоҳга ўзи учун бирор ҳужжатга эга бўлмаган ҳолда йўлиқади. Ким бўйнида байъати бўлмаган ҳолда ўлса, жоҳилият ўлимидек ўлим топибди»» (Муслим (1851)).
Тўғри йўлдаги халифалик ҳаром қилинган, маъсум қонларни ҳалол санаш, натижада аҳли ислом қатл қилиниб, аҳли ширк ва бутпарастларга хизмат қилиниш билан оёққа турадими? Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қилган ҳадисда шундай дейдилар: «Ўзини унга туширган киши учун чиқиш йўли йўқ бўлган оғир ишлардан (бири), ҳаром қонни ноҳақ тўкишликдир» (Бухорий (6863)).
Абдуллоҳдан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони уч ишнинг бири билангина ҳалол бўлади: турмуш қурган зинокор, жонга-жон (яъни, қасос), динини ташлаб жамоатдан ажралувчи» (Бухорий (6878), Муслим (1676), Муслимнинг лафзи).
Сен ушбу (шариатга) хилоф бўлган ишларга қўл уриш билан Аллоҳ жалла ва аъланинг душманларига ислом аҳлини машғул қилиш, уларни кучсизлантириш ва бирларини бирларига устун қилишдаги режа ва стратегияларига кўмак бераётганингни биласанми?! Натижада мусулмонлар олдинга силжимайдилар ва босиб ўтган улуғворлик-(шонли тарихлари)ни рўёбга чиқаролмайдилар.
Ахир пировардидаги тўғри халифалик суннат ва унинг аҳлига душман бўлган, улар хусусида на аҳд ва на бурчга боқадиган кимсанинг қўлида бўладими?!
Динни барпо қилиш ундан жоҳил қолган, уни билмайдиган нусханинг қўлида рўёбга чиқадими?! Ҳикмат эса: «Ўзида йўқ ўзгага ҳам беролмайди», дейди.
Огоҳ бўл. Оғир аҳволга тушиб қолма. Акс ҳолда надомат фойда бермайдиган соатда надомат чекиб қоласан!
Пировардида тўғри йўлдаги халифалик бор эканини аниқ ишонч ила бил. Бироқ унинг йўли – динга қайтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг саҳобалари йўлидан юришликдир.
Ушбу (аянчли) ҳолатни ўзгартиришлик йўли – нафсдаги нарса-(ўзимиз)ни ўзгартиришликдир. Аллоҳ жалла ва аъла деди: «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик — бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга валий йўқдир» (Раъд: 11).
Аллоҳ, Унинг якка Ўзига ибодат қилган, Унга бирор нарсани ширк келтирмаган ва солиҳ амалларни қилган зотларга ер юзида халифа қилиш, иқтидор ва омонликни ваъда қилди. Аллоҳ жалла ва аъла деди: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир» (Нур: 55).
Агар тўғри йўлдаги халифаликни хоҳласак, ана шуни рўёбга чиқарайлик. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.
http://www.bazmool.net/articles/الخلافة-الراشدة-قادمة
Манба: Тавҳид форуми