Ҳаж ва тақво
Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла ҳаж оятлари оз бўлишига қарамай, (уларда) тақвога кўп бора васият қилди. Чунки ҳажда, ундан ўзгасида ҳосил бўлмайдиган тақво сабаблари ҳосил бўлади. Бу эса ҳаж ҳақиқати ва унинг мағзини теран фаҳмлаш ила бўлади. Батаҳқиқ, Бақара сурасидаги ҳаж оятлари сиёқида Аллоҳдан тақво қилишга такрор-такрор васият қилинди.
Ушбу оятларнинг биринчисида Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳдан қўрқингиз! Ва билингки, Аллоҳ — азоби қаттиқ зотдир» (Бақара: 196). Ушбу оятлар асносида субҳанаҳу шундай деди: «Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!» (Бақара: 197). Ва У жалла ва аъла ҳаж оятларини мана бу қавли билан хатм қилди: «Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар шубҳасиз Унинг ҳузурида тўпланажаксиз» (Бақара: 203).
Тақво энг улкан васият ва қиёмат куни учун энг яхши озуқадир. У, Аллоҳнинг махлуқотларидан аввалгилару охиргиларига васияти. У субҳанаҳу айтганидек: «Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар, деб амр қилдик» (Нисо: 131). Ҳамда улуғ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз умматига васиятидир. Дарҳақиқат, у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор кичик гуруҳ-(қўшин)га амир сайласалар, уни хоссатан ўзи ҳақида Аллоҳдан тақво қилишга ҳамда ўзи билан бирга бўлган мусулмонларга яхшилик қилишга васият қилардилар. Хутбаларида ҳам бунга кўп бора васият қилардилар. Видолашув ҳажида қурбонлик куни одамларга хутба қилган онлари уларни Аллоҳдан тақво қилишга васият қилдилар. Салафлар ҳам мудом бир-бирларини унга васият қилардилар. Чунки у Аллоҳнинг ризвонига етишда энг яхши озуқа. Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга: «Аллоҳдан тақво қилинг», деди. Умар (розияллоҳу анҳу) унга шундай дея жавоб бердилар: «Агар шундай демасангиз сизларда яхшилик йўқ. Агар биз уни қабул қилмасак бизда яхшилик йўқ». Бу борада салафлардан нақл қилингани кўпдир.[1]
Тақвонинг ўз аҳлига дунёю охиратда улкан манфаатлари, улуғ самаралари ва мўл-кўл фойдалари бор. Фойдали илмнинг ҳосил бўлиши унинг самараларидан биридир. Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (ҳақ-ҳидоят йўлини) билдиради» (Бақара: 282). Аллоҳ таоло деди: «Агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур» (Анфол: 29). Фитналардан чиқиш, пок ризқнинг ҳосил қилиниши ва ишларни осонлашиши ҳам унинг самараларидан. Аллоҳ таоло деди: «Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2-3). Субҳанаҳу деди: «Ким Аллоҳдан қўрқса (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур» (Талоқ: 4). Яна унинг самараларидан: «Албатта, Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар» (Тавба: 4). Ҳамда: «Билингларки, Аллоҳ Ўзидан қўрқувчилар билан биргадир» (Бақара: 194). Нажотга эришиш ва мағфират қилиниш ила бахт қучиш ҳам унинг самараларидан. Аллоҳ таоло деди: «Ва Аллоҳдан қўрқинг! Шояд нажот топсангиз» (Бақара: 189). Аллоҳ таоло деди: «Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Анфол: 69). Дунё ва охиратда олий бўлиш ҳам унинг самараларидан. Аллоҳ таоло деди: «Ҳолбуки, қиёмат кунида тақводор кишилар улардан баланддир» (Бақара: 212). Гўзал оқибатнинг ҳосил бўлиши. Аллоҳ таоло деди: «Оқибат-натижа эса тақводорларники (Аллоҳдан қўрққанларники) бўлур» (Аъроф: 128). Аллоҳнинг жаннатига дохил бўлиш ва У Зотни кўришга мушарраф бўлиш унинг энг олий самараларидан. Аллоҳ таоло деди: «Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёлар (усти)да Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар» (Қамар: 54-55).
Тақвонинг самаралари чексиз ва фазилатлари саноқсиз. Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг энг мукаррами У субҳанаҳудан кўпроқ тақво қилувчиларидир. Аллоҳ таоло деди: «Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлирагингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот: 13).
Аллоҳ жалла ва аъладан тақво қилиш – банда Унинг ғазаби ва иқобидан иборат хавфсираётган ва қўрқаётганларидан ўзини сақлайдиган сақлов тутмоқғидир. Бу фақат буйруқларни бажариш ва қайтариқлардан четлашиш ила бўлади. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганидек: «Муттақинлар Аллоҳ уларга ҳаром қилган нарсалардан сақланадилар ҳамда уларга фарз қилинганларни адо этадилар». Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Аллоҳдан тақво қилиш кундузлари рўза ва кечалари қоим бўлиш билан булар орасида аралаштириб юборишлик-(гуноҳга қўл уришлик) эмас. Бироқ Аллоҳдан тақво қилиш Аллоҳ ҳаром қилганларини ташлаш ва Аллоҳ фарз қилганларини адо этмоқдир». Толқ ибн Ҳабиб раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Тақво – Аллоҳнинг тоатини Аллоҳ томонидан бўлган нур асосида Аллоҳнинг савобини умид қилган ҳолда қилишинг. Ҳамда Аллоҳга маъсият қилишни Аллоҳ томонидан бўлган нур асосида Аллоҳнинг жазосидан қўрққан ҳолда тарк этишингдир».[2]
Тақвонинг асоси, у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек қалбдир: «Тақво мана бу ерда, дея уч мартта муборак кўкракларига ишора қилдилар».[3] Қачонки банда қалбини ўнгласа, ана шунга тобе ўлароқ бутун жасади ўнгланади. Қачонки қалб Аллоҳнинг тоатига бўйинсунса аъзолар ҳам бўйинсунади. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Огоҳ бўлинг! Жасадда бир парча гўшт бор. Агар у ўнгланса бутун жасад ўнгланади. Агар у бузилса бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлин! У қалбдир».[4]
Аллоҳ жалла ва аъла сурат ва молларингизга боқмайди. Балки У қалб ва амалларингизга қарайди. Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта, Аллоҳ сурат ва молларингизга боқмайди, балки У қалб ва амалларингизга қарайди».[5]
Бандага тақвони рўёбга чиқариш ва унга аҳамият беришида ўлим, Аллоҳнинг ҳузурида туриш, жазо-мукофот, ҳисоб ҳамда жаннат ва дўзахни ёдга олиши кўмакчи вазифасини ўтайди. Дарҳақиқат, мана бу сўзлар қандай ҳам гўзал (маъноси):
Ажабки, жаннат ва дўзахни биламиз,
Бироқ ана унга (жаннатга) муштоқ ёки ана ундан (дўзахдан) ҳазир бўлмаймиз.
Агар на хавф, на иштиёқ ва на ҳаё бўлмаса,
Бизда ёдга оларли нима яхшилик қолди?!
На иссиқ ва на совуққа сабр қиламиз,
Эй қавм! Унда дўзахга қандай бардош берамиз?!
Сўқирларча шарафлини ҳақирга сотамиз,
Бизда на ақл ва чароғон фаҳм-фаросат бор.
Қаноат ва тақво ато этилган кишига шодлик бўлсин,
Вақтларини Аллоҳнинг тоати ила тўлдиради.
Батаҳқиқ, Аллоҳнинг ҳаж оятларида такрор-такрор тақвога васият қилиши ва субҳанаҳунинг аҳли донишни тақвога чорлаши шунга далолат қиладики, ақл ва фаросат эгаларига, дарҳақиқат, Аллоҳ уларни ҳаж ила мукаррам айлади, ушбу улкан маросимларда, улардан Аллоҳнинг тақвосини истифода қилишлари учун ақл ва фаросатларини ишга солишлари лозим бўлади. Ҳаж тақво учун улкан бир мактаб ҳамда унинг дарвозаларидан улуғ бир дарвозадир.
Аллоҳ уни ҳаж ила мукаррам айлаган кишига ҳажидан Аллоҳдан тақво қилишни истифода қилиши, ундаги муборак озуқасидан озуқаланиши, унинг чучук (таъмли) чашмасидан сипқириши, ҳажини жимо, фосиқлик ва мужодаладан сақлаш ила Аллоҳдан тақво қилиши, вақтни ҳар қандай тубанликдан сақлаш ҳамда уни Аллоҳнинг зикри ва фойдали сўз билан машғул қилиш ила Аллоҳдан қўрқиши, суннатга эргашиш ва бутун умматнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини лозим тутишга ҳарис бўлиш ҳамда бидъат ва (динда) янги чиққан нарсалардан ҳазир бўлиш билан Аллоҳдан тақво қилиши, бирор енгилтаклик ва лоқайдликка йўл қўймай рукн, вожиб ва мустаҳабдан иборат жамийки ҳаж амалларига риоя қилишда Аллоҳдан қўрқиши, динини теран тушуниб етиш ҳамда ибодатини онгли равишда адо этиш билан Аллоҳдан тақво қилиши, ҳожи ва улардан бошқа мусулмон биродарлари ҳаққида Аллоҳдан қўрқиши ҳамда уларга барча яхшиликда кўмакчи бўлиши, уларга очиқ чеҳра, соф қалб ва ширинсуханлик билан пешвоз чиқиши, каттани ҳурмат қилиш, кичикка раҳм қилиш, билимсизга таълим бериш, адашиб қолганга йўл-йўриқ кўрсатиш билан Аллоҳдан тақво қилиши, тилини сақлаш, кўзини қуйи солиш ва қўлини тийиш ила Аллоҳдан қўрқиши, фириб, ёлғон, ҳудбинлик, ҳақорат, оғзи шалоқлик ва бадгумондан четлашиш билан Аллоҳдан тақво қилиши вожибдир.
Ҳажида тақводан насиба ва улуши улкан бўлгани сари ажру савоб ва гуноҳлар мағфират қилинишидан насиба ва улуши улкан бўлиб бораверади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ким икки кунда шошилиб (зикрни тўхтатса) унга гуноҳ йўқ, ким кейинда (учинчи кунга ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўқдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир» (Бақара: 203). Яъни, Аллоҳ унинг гуноҳларини ўчиргани учун унга гуноҳ йўқ, агар ҳажида Аллоҳдан тақво қилган, Аллоҳ четлашишга буюрганларидан четлашган, Аллоҳ бажаришга буюрганларини бажарган ҳамда У Зот уни мукаллаф қилган ҳудудларни адо этиш билан Унга бўйинсунган бўлса.
Аллоҳ барчамизни муттақинлардан қилсин ҳамда Ўзининг тўғри йўлидан юришимизни таъминласин. Албатта, У Эшитгувчи, (дуоларни) ижобат қилгувчидир.
__________________________________________________
[1] Ибн Ражаб «Жомеъул Уълум вал Ҳикам» (150-151).
[2] Ибн Ражаб «Жомеъул Улум вал Ҳикам» (149).
[3] Муслим (2564).
[4] Бухорий (52), Муслим (1599).
[5] Муслим (2514).