Ҳаж ва нафс тарбияси

Ҳаж ва исломий робита-(алоқа)

 

Ҳажнинг нафс тарбияси борасидаги муборак ўринларидан бири, ҳожи Арафа куни гувоҳ бўладиган улкан йиғилиш ва катта тўпланишдир. Балки у энг улкан исломий йиғилиш. Ушбу катта исломий йиғилишда ва шунингдек, қолган (ҳаж) маросимларида ернинг машриқ ва мағрибидан (келган) мусулмонлар учрашадилар. Ўзаро танишиб, бир-бирларига насиҳат қиладилар. Ўзаро ҳолатлари билан танишиб чиқадилар. Натижада хурсандчилик ва шодликда бир-бирларига шерик бўладилар. Худди бир-бирларининг оғриқларига шерик бўлиб, уни бажариши лозим бўлган ишга йўллагани каби. Барчалари Аллоҳ субҳанаҳу амр қилганидек эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладилар.

Ушбу муборак кун бўлмиш Арафа кунида ҳожилар «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтишни кўпайтирадилар. У ана шу куни айтиладиган энг яхши сўздир. Балки у калималарнинг мутлақ яхшиси ва Аллоҳга энг севиклисидир. Дарҳақиқат, ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари собит бўлган: «Энг яхши дуо Арафа кунидаги дуо. Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган сўзларининг энг яхшиси:

لا إله إلاَّ الله وحده لا شريك له، له الملك وله الحمد وهو على كلِّ شيء قدير

Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул мулку валаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайъин қодир». (Маъноси: Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Бутун мулк ва мақтовлар Унга хос. Ва у барча нарсага Қодирдир).[1]

Бу ўринда мусулмонларнинг жамланиши Аллоҳни (ибодатда) яккалаш ва Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишлик асосидагина бўлишига улкан бир ишора бор. Зеро у иккиси сабабли ҳаво-(истак)лар эрийди ва буғзу адоват тарқалади-(кўтарилади). Ҳамда қалблар юзма-юз бўлади, бир ёқадан бош чиқарилиб, сафлар якдиллашади. Мусулмонларнинг ушбу калимани маҳкам тутишлари заифлашгани сайин жамланиш ва дўстликдан улушлари ҳам шу миқдоричалик заифлашади.

Сўнг (таналарининг) ранги турлича, (сўзлашадиган) тиллари бошқа-бошқа ва юртлари бир-биридан узоқ эканига қарамай ушбу катта сондаги оломон, дарҳақиқат, улар бир мақсад ва бир ғоя асосида йиғилдилар. У улар ҳайқираётган ва такрорлаётган ушбу калима ортидан аниқлашиб борадики, уларни жамлаган нарса Аллоҳни яккалаш ва Унга иймон келтиришликдир. Уларни бир-бирларига ошно қилган нарса Аллоҳга рағбат, қўрқув, умид, хавф, муҳаббат ва қаттиқ истак нуқтаи назаридан бўйинсуниш ва Унинг олдида ҳокисор бўлишликдир.

Тавҳид калимаси бўлмиш «Ла илаҳа иллаллоҳ» – дини ислом аҳли унинг асосида жамланадиган ҳақиқий робитадир. Шу асосда дўст ва душман бўладилар ҳамда шу боис яхши ва ёмон кўрадилар. У сабабли мусулмон жамияти бир жасад каби ва бир-бирини нишаб турадиган мустаҳкам бино сингаридир.

Шайх, аллома Муҳаммад ал-Амин аш-Шинқитий раҳимаҳуллоҳ «Адвоул Баён» китобида шундай деди: «Хулоса шуки, айрилганни жамлайдиган ва хилма-хил бўлганларни (бир-бирига) ошно қиладиган робита – «Ла илаҳа иллаллоҳ» робитасидир. Ахир ушбу робита исломий жамиятнинг барини бир жасад каби жамлагани ва уни бир-бирини нишаб турадиган бино каби қилиб қўйганини кўрмадингми? Аршни кўтариб турувчи ва унинг атрофидаги фаришталарнинг қалблари ер юзидаги Одам болаларига, ўрталаридаги фарққа қарамай, раҳм-шафқат тилайдилар. Аллоҳ таоло деди: «Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Роббиларига ҳамду-сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга иймон келтирурлар, ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин. Парвардигоро, уларни ҳам, уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ-мўмин бўлган кишиларни ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу жаннатларга доҳил қилгин. Албатта Сенинг Ўзинггина қудрат ва ҳикмат соҳибидирсан. Ўзинг уларни барча ёмонликлардан асрагин. Кимни ўша Кундаги (қиёматдаги) ёмонликлардан асрасанг, бас ҳақиқатан унга раҳм-шафқат қилибсан. Мана шу буюк бахтдир»» (Ғофир: 7-9). Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги фаришталар билан ер юзидаги Одам болалари ўртасини боғлаб турадиган робитага ишора қилди. Ҳатто улар Аллоҳга улар (Одам болалари) учун ушбу улкан, солиҳ дуони қиляптилар. Албата, у (робита) Аллоҳ жалла ва аълага иймон келтиришликдир». Раҳимаҳуллоҳ шу ўрингача айтдилар: «Қисқаси шуки, ер юзидагиларни бир-бирига боғлаб турадиган ҳамда ер ва само аҳлини бир-бирига боғлаб турадиган робита – «Ла илаҳа иллаллоҳ» робитаси эканида мусулмонлар ўртасида хилоф йўқдир. Демак, ундан ўзга робита билан нидо қилиш албатта жоиз эмас».[2] Сўзи тугади.

Ушбу улкан маънони қайд этиб, таъкидлаган ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни Минодаги хутбаларида шундай дедилар: «Эй инсонлар! Огоҳ бўлингизким, Раббингиз азза ва жалла бирдир. Огоҳ бўлингизким, отангиз бирдир. Огоҳ бўлингизким, арабни ажамдан ва қора (танли)ни қизил (танли)дан афзаллиги фақат тақво биландир. Етказдимми?». Улар: «Ҳа», дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳозир бўлган ғоиб бўлганга (бу ерда бўлмаганга) етказсин» – дедилар.[3] Имом Аҳмад «Муснад»ида саҳиҳ иснод билан ривоят қилди.

Ҳажнинг улкан манфаатларидан бири ушбу робитани кучайтириш ва ушбу риштани мустаҳкамлашдир. Зеро маъбуд бир, юзланадиган қибла бир, эргашиладиган пайғамбар бир, эҳром либоси, ҳаж маросимлари ва амаллари бир, мусулмонлар жамланадиган макон ва замон бир ҳамда бўйинсуниш, таслим бўлиш, итоат қилиш ва буйруқни бажариш нуқтаи назаридан барчанинг шиорни «Лаббайка Аллоҳумма Лаббайк»дир. Ушбу робитаданда мустаҳкам ва ушбу риштаданда улканроқ ришта борми?!

Мусулмонлар буни уқиб олсинлар ҳамда Раббиларига ушбу муборак қардошлик, улуғ аҳиллик ва биродарлик муҳаббати учун ҳамд айтсинлар. Улардан ҳар бирлари ушбу риштани кучайтирадиган ва уни чуқур илдиз оттирадиган барча нарсани рўёбга чиқаришда саъй-ҳаракат қилсин. Ҳамда уни заифлаштирадиган ва кучсизлаштирадиган ҳар қандай ишдан узоқ бўлсинлар. Саҳиҳ-собит дуолардан бири: «Эй Аллоҳ! Ўрталаримизни ислоҳ қил, қалбларимизни ошно қил, бизни саломатлик йўлларига бошла ва бизни зулуматлардан нурга олиб чиқ». Барча ирқий миллатчиликлар, уруғчилик шиорлари, жоҳилий тамойиллар ва тор гуруҳбозликларни ташласин.

Абу Довуд ва бошқалар саҳиҳ иснод билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганликларини ривоят қиладилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизлардан жоҳилият димоғдорлиги ва аждодлар билан фахрланишни кетказди. (Энди фақат) тақводор мўмин ёки бадбахт фожир (бор). Сизлар Одам болаларисиз. Одам эса тупроқдандир. Кишилар, жаҳаннам кўмирларидан бўлган бир кўмир ёки Аллоҳга бурни билан сассиқ (гўнг)ни титадиган қўнғизданда ҳорроқ бўладиган қавмлар билан фахрланишни ташлашсин».[4]

Имом Аҳмад «Муснад»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига шундай дедилар: «Қаранг! Батаҳқиқ, сиз на қизил ва на қора (танли)дан яхшисиз. Фақат ундан тақво ила афзал бўлишингиз мустасно».[5]

Сўнг кимда-ким ўзгага ҳақли равишда насаб ёки бошқа нарса билан такаббурона муомала қилса, дарҳақиқат, фахрланибди. Агар ўзгага ноҳақ равишда такаббурона муомала қилса, дарҳақиқат, зулм қилибди. Фахр ва зулмнинг иккиси ҳам ҳаром. Шунинг учун Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганликлари собит бўлган: «Менга бир-бирларингизга камтар бўлишингиз ваҳий қилинди. Ҳатто бирор киши бошқа кишига фахрланмасин. Ва бирор киши бошқа кишига зулм қилмасин».[6]

У субҳанаҳу Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий қилган амрида халқларга такаббурлик қилиш бўлган фахрланиш ва зулмнинг иккисидан ҳам қайтарди. Кимда-ким ҳақли равишда такаббурона муомала қилса фахрланибди. Ва кимда-ким ноҳақ равишда такаббурона муомала қилса, дарҳақиқат, зулм қилибди. Буниси ҳам, униси ҳам ҳалол эмас.

Аллоҳдан фахрланиш ва кибр ҳамда зулм ва тажовуздан паноҳ сўраймиз. Унга ҳар бир хато ва гуноҳдан сиғинамиз. У субҳанаҳудан мусулмонларни яхшилик ва тақво асосида жамлашини, ўрталарини ислоҳ қилишини, қалбларини бир-бирига ошно қилишини, уларни саломатлик йўлларига бошлашини, сафларини якдил ва сўзларини бир қилишини ҳамда душманларининг макрини ботилга чиқаришини сўраймиз. Албатта, У субҳанаҳу Эшитгувчи, (дуоларни) ижобат қилгувчидир.

 

_________________________________________________

 

[1] Термизий «Сунан» (3585), Аллома Албоний раҳимаҳуллоҳ «Силсила ас-Саҳийҳа» (4/7-8)да «Ҳасан» даражасида деди.

[2] «Адвоул Баён» (3/447-448).

[3] «Муснад» (23489).

[4] Абу Довуд «Сунан» (5116), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул Жомеъ» (1787)да «Ҳасан» даражасида деди.

[5] «Муснад» (21407).

[6] Муслим (2865).

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan