Ғофир сураси, 38-44 оятлар
Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ
38. Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим, сизлар менга эргашинглар, мен сизларни тўғри йўлга етаклайман.
39. Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матодир. Албатта охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир.
40. Ким бирон ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жазо берилиши аниқдир. Ва эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур.
41. Эй қавмим, нега мен сизларни нажотга — жаннатга чорласам, сизлар мени дўзахга чақирмоқдасизлар-а?
42. Сизлар мени Аллоҳга кофир бўлишга ва (ўзим илоҳ эканлигини) билмайдиган нарсаларни У зотга шерик қилишга чақирмоқдасизлар. Мен сизларни қудратли, бениҳоя мағфиратли зотга чорламоқдаман.
43. Шак-шубҳа йўқки, албатта сизлар мени (ибодат қилишга) чақираётган бутларингиз (жонсиз нарсалар бўлгани сабабли) на дунёда ва на охиратда (бирон кимсани ўзларига ибодат қилиш учун) даъват қила олмас. Ва албатта (барчаларимизнинг) Аллоҳга қайтишимиз бордир. Дарҳақиқат ҳаддан ошувчи кимсаларгина дўзах эгаларидир.
44. Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир».