Фурқон сураси, 61-77 оятлар
Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ
61. «Осмонда буржларни барпо қилган ва унда чироқ – қуёш ва ойни пайдо қилган Зот баракотли – буюкдир.
62. У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир.
63. Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам «Саломат бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир.
64. Улар кечаларни Роббиларига сажда қилиб ва (намозларида) тик туриб – (кечани) бедор ўтказадиган кишилардир.
65. Улар: «Роббимиз, Ўзинг бизлардан жаҳаннам азобини дафъ қилгин. Дарҳақиқат унинг азоби кетмас – мангу (азобдир).
66. Дарҳақиқат у энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон жойдир», дейдиган кишилардир.
67. Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар (балки эҳсонлари) ана ўша (хасислик билан исрофнинг) ўртасида – мўътадил бўлур.
68. Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур.
69. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур.
70. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик -гуноҳларини яхшилик – савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.
71. Ким тавба қилиб, яхши (амаллар) қилса, бас албатта у Аллоҳнинг (ризо-мағфиратига) қайтган бўлур.
72. Улар (яъни Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида, олижаноблик билан (яъни ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтурлар.
73. Уларга Роббиларининг оятлари эслатилган вақтида у (оятларга) гунг ва кўр ҳолларида ташланмайдилар, (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар).
74. Улар: «Роббимиз, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир.
75. Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар.
76. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ, энг гўзал манзилдир.
77. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Агар дуо-илтижо қилмас экансизлар, Парвардигорим сизларга парво қилмас. Бас, сизлар (пайғамбарни) ёлғончи қилдингиз. Энди албатта (азоб-уқубат) сизларга лозим бўлур»».
Jazakallahu Jannah!