Увайс Қароний

Увайс Қароний

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Увайс Қороний Абу Амр, у киши Увайс ибн Омир ибн Жузъ ибн Молик ал-Қороний ал-Муродий ал-Яманий. Тобеъинларнинг забардастлари ҳамда солиҳ авлиёлардандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида яшаган, бироқ у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан учрашмаган. У кишини у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига сафар қилишдан онасига ғамхўрлик қилиш тўсиб қолган. Буни ҳофиз Абу Нуъайм «Ҳилятул Авлиё» (2/87)да Асбағ ибн Зайддан ҳикоя қилганидек. У киши саҳобий бўлмаган. Балки тобеъинлардандир.

Яманда туғилиб, ўсган.

У киши ҳақида имом Заҳабий «Сияр Аълам ан-Нубала» (4/19)да шундай деди: «Зоҳид пешво, ўз замонида тобеъинлар раҳнамоси. У киши Аллоҳнинг тақводор авлиёларидан ҳамда Унинг мухлис бандаларидан эди».

Ҳофиз Нававий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳ Соҳиҳ Муслим»да у кишининг фазилатлари ҳақида бир боб очди. Ҳамда ушбу боб остида имом Муслим раҳимаҳуллоҳ у кишининг фазилатлари ҳақида ривоят қилганларини келтирди.

 

Увайс ал-Қороний розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги боб

Усайр ибн Жобирдан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига Яман аҳлидан (ҳарбий ёрдамга келган) қисмлар келган вақт улардан: «Орангизда Увайс ибн Омир борми?» – дея сўрарди. Ҳатто Увайснинг олдига келиб: «Сен Увайс ибн Омирмисан?» – деди. У: «Ҳа», деди. У (Умар розияллоҳу анҳу): «Мурод (қабиласи)дан сўнг Қорон (уруғи)дан-а?», деди. У: «Ҳа», деди. У (Умар розияллоҳу анҳу): «Сенда мохов (касаллиги) бор эди. (Танангда) бир дирҳам(ча келадиган) ўриндан ташқари ундан тузалиб кетдинг-а?» – деди. У: «Ҳа», деди. У (Умар розияллоҳу анҳу): «Сени онанг бор-а?» – деди. У: «Ҳа», деди. У киши (Умар розияллоҳу анҳу): «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Ҳузурингизга Яман аҳли (ҳарбий) қисмлари билан Увайс ибн Омир келади. (У) Мурод (қабиласи)дан сўнг Қорон (уруғи)дан. Унда мохов (касаллиги) бўлиб, (танасида) бир дирҳам(ча келадиган) ўриндан ташқари ундан тузалиб кетган. Унинг онаси бўлиб, у унга ғамхўрдир. Агар Аллоҳ (номи) билан қасам ичса, албатта, У Зот уни оқлайди. Агар у сен учун истиғфор айтишига қодир бўлсанг, бас, шундай қил». Кел, мен учун истиғфор айт», деди. Шунда у унинг (Умар розияллоҳу анҳу) ҳаққига истиғфор айтди. Умар (розияллоҳу анҳу) унга: «Қаерга йўл олдинг?» – деди. У: «Кўфага», деди. У (Умар розияллоҳу анҳу): «Унинг ҳокимига сен учун (бирор фойдаси тегадиган) мактуб ёзиб берайми?», деди. У эса: «Чанг қоплаган-(ўткинчи, камбағал) одамлар ичида бўлишим менга севимлироқ», деди.

(Ровий) айтади: Кейинги йил бўлганда уларнинг (яманликларнинг) шарафлиларидан бир киши ҳажга келди. Ва Умар (розияллоҳу анҳу)га йўлиқди. Шунда у киши (Умар розияллоҳу анҳу) ундан Увайс ҳақида сўради. У: «Уни уйи эски, матоси оз ҳолда қўйиб келдим», деди.

У (Умар розияллоҳу анҳу) деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Ҳузурингизга Яман аҳли (ҳарбий) қисмлари билан Увайс ибн Омир келади. (У) Мурод (қабиласи)дан сўнг Қорон (уруғи)дан. Унда мохов (касаллиги) бўлиб, (танасида) бир дирҳам(ча келадиган) ўриндан ташқари ундан тузалиб кетган. Унинг онаси бўлиб, у унга ғамхўрдир. Агар Аллоҳ (номи) билан қасам ичса, албатта, У Зот уни оқлайди. Агар у сен учун истиғфор айтишига қодир бўлсанг, бас, шундай қил».

Шунда у Увайс ҳузурига келиб: «Мен учун истиғфор айт», деди. У (Увайс эса): «Ахир сен солиҳ бир сафардан (яъни, ҳаж сафаридан) яқинда келган бўлсанг. Бас, сен мени ҳаққимга истиғфор айт», деди. У: «Мени ҳаққимга истиғфор айт», деди. У (Увайс эса): «Ахир сен солиҳ бир сафардан (яъни, ҳаж сафаридан) яқинда келган бўлсанг. Бас, сен мени ҳаққимга истиғфор айт», деди. (Ва): «Умар билан учрашганмидинг?» – деди. У: «Ҳа», деди. Шунда у (Увайс) унинг ҳаққига истиғфор айтди. Одамлар уни(нг кимлигини) тушуниб етишди ва унинг ҳузурига жўнашди.

Усайр деди: Унга тўн кийгаздим. Ҳар сафар бирор инсон уни кўриб қолса: Увайсга ушбу тўн қаердан битибди? – дерди.

Манба: http://shrajhi.com/Books/ID/5482

Имом Ҳоким ҳам «Мустадрок» (3/455)да Увайс Қоронийнинг маноқиблари ҳақида алоҳида боб очди. У киши ҳақида шундай деди: «Увайс ушбу умматнинг роҳиб-(обид)и». Сўзи тугади.

Шояд у кишининг маноқиблари ҳақида ривоят қилинган ҳадисларнинг энг улкани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан кўплаб одамларни шафоат қиладиган бир киши ҳақида ворид бўлган ҳадислардир. Дарҳақиқат, бу ҳақда кўплаб ривоятлар келган. Энг саҳиҳи Абдуллоҳ ибн Абул Жадъанинг «Марфуъ» ҳадисидир: «Дарҳақиқат, умматимдан бир кишининг шафоати сабабли Тамим уруғиданда кўпроқ (одам) жаннатга киради». Термизий ривояти (2438-рақам): «Ҳасан саҳиҳ», деди ва Албоний саҳиҳ санади.

Дарҳақиқат, Ҳасан ал-Басрийдан, ушбу шафоат қилувчи киши Увайс ал-Қороний экани ҳақидаги сўзи саҳиҳ йўллар орқали нақл қилинган. Бу бошқа «Марфуъ» ҳадисларда ҳам ворид бўлган. Бироқ улар заифдир.

У кишининг фазилати ҳақида бошҳа заиф ҳадислар ҳам ривоят қилинган. Шулардан узун бир ҳадис бўлиб, унда шундай сўзлар нақл қилинган: «Батаҳқиқ, эртага сизлар билан жаннат аҳлидан бўлган бир киши намоз ўқийди… Бу Увайс ал-Қоронийдир…». Ва ушбу заиф ривоятда у киши билан Умар ибн Хаттоб ва Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумолар ўртасида бўлиб ўтган узун суҳбат бор.

Уни Абу Нуъайм «Ҳилятул Авлиё» (2/81)да ривоят қилиб, заиф эканига ишора қилган. Шайх Албоний «Силсила Заифа» (6276-рақам)да жуда «Мункар», деди.

Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳ «Мавзуъат» («Уйдирма ҳадислар») номли китобида Увайсни ёдга олиб бир боб очди: «Увайс ҳақидаги ҳадисда Умар билан кечган қисқа сўзлашувгина саҳиҳдир. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай хабар бериб айтдилар: «Ҳузурингизга Увайс келади. Агар сенинг ҳаққинга истиғфор айтишига қодир бўлсанг, бас, шундай қил». Қиссачилар эса Увайснинг ҳадисида (ҳозир) ёдга олиш билан узундан-узун бефойда сўзлар билан узайтириб юборишди». Қисқартириш билан сўзи тугди («Мавзуъат» (2/44)).

Дарҳақиқат, уламолар унинг таржимаи ҳолида, унинг салоҳияти ва зуҳдига далолат қиладиган айрим қиссаларни зикр қилдилар, раҳимаҳуллоҳ. Шуларни ривоят қилганларнинг энг машҳури ҳофиз Абу Нуъаймдир, ўзининг буюк китоби «Ҳилятул Авлиё»да. Ўзининг санади билан (2/79) Абу Назродан, у Усайр ибн Жобирдан қилган ривоятида айтади:

«Кўфада бизга ҳадис айтадиган бир муҳаддис бор эди. Ҳадисидан фориғ бўлгач: «Тарқалинглар», дерди. Бир жамоа қолиб, улар ичида шундай бир сўзлайдиган киши борки, унинг сўзлашига ўхшаб сўзлайдиган бирортасини эшитмаганман. Уни яхши кўриб қолдим. Ва уни йўқотиб қўйдим. Шунда шерикларимга: «Биз билан шундай-шундай суҳбатда бўлган кишини танийсизларми?» – дедим. Қавм ичидан бир киши: «Ҳа. Мен уни танийман. У Увайс ал-Қороний», деди. Мен: «Унинг манзилини биласизми?» – дедим. У: «Ҳа», деди. У билан жўнадим. Ҳатто унинг ҳужрасига келдим. Менинг олдимга чиқди. Мен: «Эй биродарим! Сизни биздан нима ушлаб қолди?» – дедим. У: «Яланғочлик (яъни, кийим етишмаслиги)», деди. (Ровий) айтади: Соҳиблари (қавмдошлари) уни масхара қилар ва озор беришарди. (Ровий) деди: Мен: «Ушбу тўнни олиб, уни кий», дедим. У (Увайс): «(Бундай) қилманг. Акс ҳолда улар менга озор берадилар, агар уни кўрсалар», деди. У: Уни мудом қистайвердим ҳатто уни кийди. Ва улар олдига чиқди, деди. Улар (қавмдошлари) эса: «Ушбу тўнга алданганни кўряпсизларми?», дейишди. Шунда (Увайс) келиб, уни қўйда ва: «Кўрдингизми?!» – деди.

У: мажлисга келиб: «Ушбу кишидан нима истайсизлар?! Дарҳақиқат, унга озор бердингиз. Ахир бир сафар яланғоч, бир сафар кийим киядиган киши бўлса», дедим. Айтадики: «Уларга қаттиқ сўзларни айтдим». Сўзи тугади.

Дарҳақиқат, Увайсдан ҳикмат ва мавъизага тўла кўплаб нурли сўзлар ривоят қилинган:

Суфён Саврийдан ривоят қилинади: «Увайс ал-Қоронийнинг бир ридоси бўларди. Агар ўтирса ерни ушлаб шундай дерди: «Эй Аллоҳ! Мен сенга ҳар бир оч қолган жигар ва яланғоч жасаддан узр айтаман. Менда фақатгина ана шу устимдаги ва қорнимдаги нарса бор холос»». Сўзи тугади (Ҳоким «Мустадрок» (3/458)).

У киши раҳимаҳуллоҳнинг Аллоҳдан қўрқиш ва доим Унинг кузатиб боришига тарғиб борасидаги сўзларидан яна: «Аллоҳнинг амри борасида гўёки одамларнинг барини қатл қилганинг каби бўл». Сўзи тугади (Ҳоким «Мустадрок» (3/458)).

Асбағ ибн Зайддан ривоят: «Увайс ал-Қороний кеч киргазса шундай дерди: «Бу рукуъ кечасидир» ва то тонг отгунча рукуъ қиларди. Ва агар кеч киргазса: «Бу сажда кечаси», дерди. Ҳамда то тонг отгунча сажда қиларди. Агар кеч киргазса уйидаги бор ортиқча таом ва кийимни садақа қиларди». Сўнг: «Эй Аллоҳ! Ким очликдан ўлган бўлса, у сабабли мени азоблама. Ким яланғоч ҳолда ўлган бўлса, у сабабли мени азоблама», дерди». Сўзи тугади.

Абу Нуъайм «Ҳилятул Авлиё» (2/87)да ушбу «Ва то тонг отгунча рукуъ қиларди… Ҳамда то тонг отгунча сажда қиларди» қавлини ривоят қилди. «Яъни, то тонг отгунча намозда узун рукуъ қиларди. Сўнг бошқа кеча то тонг отгунча намозда узун сажда қиларди».

Шаъбийдан ривоят қилинади: «Мурод (қабиласи)дан бир киши Увайснинг олдидан ўтиб: «Қандай тонг оттирдинг?» – деди. У (Увайс): «Аллоҳга ҳамд айтган ҳолда тонг оттирдим»,деди. У: «Замон сенга боқдими?» – деди. У (Увайс): «Тонг оттирса кеч киргазмасам керак, кеч киргазса тонг оттирмасам керак деб ўйлайдиган кишига замон қандай боқсин? У жаннат билан башорат берилганми ёки дўзах билан «башорат» берилганми (билмаса), эй Муродлик биродар! Ўлим ва уни эслаш мўминга бирор шодлик қолдирмади. Аллоҳнинг ҳақ-ҳуқуқларини билиши унга молидан бирор кумуш ва тилло қўймади. Ҳақни адо этиши эса унга бирор дўст қолдирмади», деди». Сўзи тугади («Ҳилятул Авлиё» (2/83), Ҳоким «Мустадрок» (3/458)).

Илм аҳлининг аксари унинг вафоти Сиффийн куни 37 ҳижрий йили бўлган. У Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан бирга жангга кириб, ўша ерда шаҳидларча қатл қилинган деган сўзни айтадилар. Ҳоким «Мустадрок» (3/460)да буни Шарик ибн Абдуллоҳ ва Абдурраҳмон ибн Абу Лайло ҳамда бошқаларга етадиган санад билан нақл қилган.

Бошқалар эса уни Азарбажонда ғазот қилиб, ўша ерда шаҳидларча ўлдирилган деган сўзни илгари суради. «Ҳилятул Авлиё» (2/83)га қаранг. Аввалги сўзни кўпчилик илгари сурган. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan